Ўзбекистон яна 'Ёмонларнинг энг ёмони' рўйхатида

Ўзбекистон «Фридом Ҳаус» Америка нодавлат ташкилотининг матбуот эркинлигига бағишланган йиллик ҳисоботида яна «Ёмонларнинг энг ёмони» рўйхатидан ўрин олган.
«Ёмонларнинг энг ёмони» ўнлигига Ўзбекистондан ташқари Беларус, Бирма, Куба, Экваториал Гвинея, Эритрея, Эрон, Ливия, Шимолий Корея ва Туркманистон кирган.
Халқаро ташкилотга кўра, бу давлатларда мустақил матбуотнинг ўзи йўқ ёки зўрға фаолият олиб боради, матбуот воситалари ҳукумат айтган гапни такрорлашдан нарига ўтмайди, фуқароларнинг холис ахборотга имкониятлари ўта чекланган, ўзгача фикр эса, ҳибс, қийноқ ва қатағонларнинг бошқа шакллари воситасида янчиб ташланган.
АҚШ Давлат департаментининг сўнгги йиллик ҳисоботида ҳам Ўзбекистонда ўтган йил мобайнида журналистларга нисбатан таъқиблар давом этгани таъкидланган, ўзбек ҳукумати ўзи истамаган интернет сайтларига тўсиқ қўйишда давом этаётганлиги билдирилганди.
Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия эса, «Фридом Ҳаус»нинг янги ҳисоботида «Алоҳида хавотирга лойиқ» давлатлар сифатида тилга олинган.
Яхшилар рўйхатида кимлар бор?
«Фридом Ҳаус» ҳисоботида собиқ Шўро давлатларининг ҳаммасида ҳам матбуот эркинлиги билан боғлиқ аҳвол унча ёмон эмаслиги айтилади.
Дейлик, ўтган йил билан солиштирганда, Украина, Арманистон ва Молдовада вазият бирмунча яхшиланган.
Украинада журналистларга қарши ҳужумлар ва таҳдидлар камайган, оммавий-ахборот воситаларида кўпфикрлилик ортган.
Арманистон ва Молдовада, «Оммавий-ахборот воситаларини цензура қилиш ҳоллари камайган».
Оврўпо қитъаси мисолида эса, «Зўрларнинг зўри» деб бир қатор шимолий Оврўпо давлатлари топилган.
Уларнинг рўйхатини Финляндия, Исландия, Норвегия, Швеция ва Дания бошлаб беришган.
Умумий вазият қандай?
«Фридом Ҳаус»нинг билдиришича, дунёнинг деярли ҳар бир бурчагида матбуот эркинлигини чеклаш ҳоллари кучайиб бормоқда.
Халқаро ташкилотга кўра, бу каби ҳолат кетма-кет саккизинчи йилдирки кузатилмоқда ва жаҳон бўйлаб ҳар олти кишидан биттасигина матбуот эркин бўлган давлатда яшайди.
«Фридом Ҳаус» мустақил ташкилот бўлиб, ўз фаолияти давомида демократик ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди, жаҳон бўйлаб матбуот эркинлигининг аҳволини кузатиб боради, демократия ва инсон ҳуқуқларини тарғиб этиб келади.
Халқаро ташкилот матбуот эркинлигига оид йиллик ҳисоботини 1980 йилдан буён эълон этиб келади.

BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares