Адабиётнинг, шеъриятнинг вазифаси барча замонларда ҳам ўзгармай қолаверади. У ҳалқ қалбининг таржимони. Аммо ҳалқ қалбининг таржимони бўлиш учун, шеърият Ҳаққа ва халққа эътиқод қўйган истеъдодларга бой бўлиши керак. Истеъдодли ва эътиқодли шоирлар ҳамиша қаловини топиб қорни ёндиришади, эвини топиб, гоҳ тимсоллар, рамзлар, гоҳ оҳанглар воситасида ҳақ гапни айтишади…
Ўзбек улуси – катта улус, уларнинг орасида ҳамиша ҳам истеъдодли ҳатто эътиқодли бадиий зиёлилар оз бўлсада бўлган ва бўлади. Фақат шоирларнинг фарёдини англайдиган онглар, ҳис қиладиган кўнгилларга зарурат сезилган. Зукко одамларгина улар айтаётган гапларнинг маъносини тушиниб етган. Истеъдод эгалари эса, “одамлар мен айтаётган муҳим гапларни сезишармикан? Менинг кўнглимдан чиққан ҳислар бошқа дилларда чироқ ёқармикан?”, деган ички армон билан оламдан ўтишган. Чўлпон, Қодрий, Фитрат. Рауф Парфилар шундай армон билан кетишди… Муҳаммад Солиҳ, Юсуф Жума. Дадахон Ҳасан, Гулчеҳра Нур, Дилором Исҳоқ, Паҳлавон Содиқ, Хайрулло Файз… шу армон билан яшамоқда.
Ҳалқнинг онгли қисмигина истеъдод ва эътиқод эгаларини тушинган, оломон эса, англамаган. Ҳозир ҳам шундай, халқ ичида онг эгалари камроқ, оломон эса кўп. Бир хил каслар эса, ўзини атайлаб оломон орасига уради. Шоирлар орасида ҳам оломонга яқин юрадиганлар, ва халққа яқин юрадиганлар бор. Халққа яқин юрадиганларнинг айримларигина охиригача шоир ва курашчи бўлиб қола олади. Худди Машраб, Аваз, Чўлпон, Рауф Парфи, Юсуф Жума, Дадахон Ҳасан каби.
Аммо ҳамма шоирлар ҳам Машраб, Аваз, Чўлпон, Юсуф каби фикр–туйғуларини оммага тушинарли бир тарзда ифодалаган эмас. Ўз орзу-ўйларини минг хил истиҳолалар билан қўрқа-писа айтганлар, яширин ва ташбеҳлар воситасида акс эттирганлар қанчадан-қанча.
Бу ҳол уларнинг асарларига сирлиликни юқтиради, бир хиллари атайлаб, асарларини “сир”ларга буркаб ташлайди. Уларга ҳам Аллоҳ тўзим берсин. Бу хил шоирларнинг ёзганларини камдан – кам одамлар тушинган.
Шуни ҳам эътироф этиш керакки, ҳамма ҳам ҳалқ дарди билан Аваз Ўтар ёки Абдулҳамид Чўлпон, Юсуф Жума ёки ҳофиз Дадахон Ҳасан каби ёнган эмас. Кўп шоирбаччалар худди ҳозирги Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби, ўзини ҳалқнинг аҳволига куюнган, унинг дарди билан ёнган қилиб кўрсатишган ва кўрсатишмоқда. Зеро қама-қама, ўлдир-ўлдир каби қийинчиликлар бошланса, (бундай давр бошланганига ёзувчи Эмин Усмоннинг ертўлада терговсиз ва судсиз қатл этилиши гувоҳлик бериб турибди) Машрабдай дор остига боришини, Аваздай калтакланишини, Чўлпондай отилишини шоирлар билишади. Билгани учун ҳам бир қисми жим юради, иккинчи тоифаси ёзганларини асраб, кейин чоп этишни режа қилади, учинчи хиллари эса, оила боқиш, тирик қолишгина эмас, мазза қилиб, роҳат фароғатда умр ўтказиш учун виждонини сотиб, маддоҳлик кўчасига киради. Дорбонлар, даррабонлар, милтиқ ушлаганлар сафига ўтиб жим турадиганлар, уларга қўшилиб кетадиганлар, хатто зулмга хизмат қиладиганлар ҳам бор.
Албатта, виждони уйғоқ шоирлар гоҳ-гоҳ ҳиссиётлари портлаб, гоҳ у, гоҳ бу мисраларда, тўртликларда бўлсада, ҳақиқатни ифодалашга интилишади:
Қиличлар ўйнаган хор бошларида,
Гарчанд, бугун сен тахт, шонни кўрасан,
Синчиклаб қарасанг тож – тошларида
Силқиб оқаётган қонни кўрасан. –
дейди бир шоира (Ҳ.Худойбердиева) юраги ҳақиқатга лиммо-лим тепаётган дақиқаларда. Бундай дамларда у оламга теран назар билан қарайди, ҳаёт – ўзбек матбуоти тинимсиз ёзаётгандай, тинч-осуда кечмаётгани, одамлар турмуши фожиаларга ниҳоятда бой бўлаётганини ҳис килади, шу туфайли ҳам у тождан силқиб оқаётган қонни кўра олади. Аммо юраги ҳамиша ҳам ҳалқ дарди билан тепавермайди. Гоҳ-гоҳ, “дилларида ғам тўла бечоралар” (Чўлпон) борлигини эсдан чиқаради. Бошига ташвиш тушиб, яқин одами бошига оғир кун тушгандагина ҳаётга тийранроқ назар солиш кераклигини сезиб қолади. Ҳаётни сиртқи томонларинигина эмас, ички жиҳатларига ҳам аҳамият бера бошлайди.
Яхшиямки, (астаҳфируллоҳ) ҳаёт баъзан уларнинг кўзларини мошдай очиб қўяди. Илҳом дақиқаларида улар, агар яқинларидан бири оғир аҳволда, қамоқда ёки сургунда бўлса, ўзини алдай олмайди, ҳақиқатни ёзади:
Сенсиз ҳам дунёни дўстим, кўраман,
Фақат мағзин эмас, пўстин кўраман.-
деб тан олади, сўнг (Х. Худойбердиева) асосий муддаога ўтади: “Сенсиз бу дунёни кўрганим қурсин, Сенсиз уни остин-устин кўраман”, дейди. Агар нега дунёнинг остин-устун кўраман, деб ёзгансиз, деб зуғум қилишса, ости ва усти маъносида ёзганман, деб қутилишни ҳам кўнглига тугиб қўяди. Шунга ҳам шукур, шу хил усул, сўз ўйинлари ёрдамида “Мен” – “Сен”нинг руҳий тимсолини яратади. Ҳоҳланг “Сен”ни, “Мен”нинг яқин ҳамдами, деб билинг, хохланг уни ҳақиқат тимсоли деб хаёл килинг, ҳар икки ҳолда ҳам адашмайсиз. Яқин ҳамдам бўлмаса ҳам, ҳаётда адолат чироғи хира ёнса ҳам, киши дунёни остин-устин кўради. Ҳақиқат ахтарган пайтларда эса “Мен” қалтис, аммо жиддий хаёлларга ҳам ошно бўлади:
Дунёни ҳалол ёққа, бир қадам жилмоғига,
Ишонсанг, юз қурбон бер, юз малҳам бер доғига,
Инонсанг бир ҳамлада, қайта тирилмоғига,
Сира иккиланмасдан, Қурбон тарафга юргин.
Бошқа бир қатор шоиралар эса, замонани, зулмни аниқ кўрсатадиган тимсоллар топишмоқда:
Нураган деворлар, кесилган боғлар,
Тириклик ҳақида туш кўрар ўлим…
(Мусаллам Умирова)
Деворлар нураган, боғлар кесилган. Бу каби мисралар айрим тадқиқотчилар ва адиблар ҳозирда отиб ўлдирилганлиги учун ёлғондакам кўз ёши тўкаётган Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” шеърида ифодаланган туйғуларни эслатади. Чўлпон бу шеърни Фарғонада қизиллар ва армани дошноқлар халқни қириб ташлаганида ёзган эди. Бугунги Ўзбекистон қандай қайғули кунларни бошидан кечирдики, шоира шу қадар изтироб чекяпти?! Балки бу изтироблар ортида халқнинг афтода аҳволи ётгандир? Фарҳонада, Тошкентда, Паркентда дуч келинган ўлимнинг ранги йўқмикан, бу мисраларда:
Фурсат оёғимдан тортқила бошлар,
Бахтнинг йўлларида типирчилар жон.
Бойўғли ин қурган кўҳна оғочга,
Сиғинган қумурсқа кўтарар исён.
(Мусаллам Умирова)
Бойўғли ин қурган кўҳна оғоч ватан тимсолими!? Ундай бўлса, қумурсқанинг исёничи?! Балки бугунги инсоннинг ожизлигидир!? Шоир Рауф Парфи бир пайтлар “Чумолидай ожиздир инсон”, деб ёзганди. У пайт шўро даври эди. Ўша ожиз инсон ҳам ўз норозилигини ҳеч бўлмаса дўстига ёзган хатларида ифодаларди. Мустақиллик даврида ҳам бу тимсол ожизлигича қолган бўлса, аҳволимиз яхши эмас экан. Бошқа бир шоира ўз суратини шундай чизади:
Маюс нигоҳларим – кўнглим кўзгуси,
Армонларим – сўқир, орзуларим гунг.
Бахтим кошонасин унсиз бузгувси,
Умидсиз тонгларнинг кўксидаги мунг.
(Муҳтарама Туркой)
Мусаллам, Муҳтарама каби шоираларга шоирлар ҳам жўр бўладилар.Тоҳир Қаҳҳор Ўзбекнинг, Ўзбекистоннинг публицистикроқ суратини чизади:
Шунчалар бузилдинг, ҳеч қараб бўлмас,
На тузаб, на ювиб, на тараб бўлмас.
Эскидинг, эскидай отиб ҳам бўлмас,
Ўтмас, яроқсизсан, сотиб ҳам бўлмас.
Кўнглинг омочсиздир, қўлингда омоч,
Тинмай тиланурсан, муҳтож, тарқоқ, оч.
“Нафасми берайин, буғдойми берай”,
Сен ўчган бир ўтсан, қандай ёндирай?!
(Тоҳир Қаҳҳор)
Абдулҳамид Чўлпон, Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ туйғуларига оҳангдошлик бор, бу мисраларда. Ўзбекнинг суврати бу қадар ғариб бўлишига ҳисса қўшган, ўзининг соясини солиб, юртимиздаги ниҳолларни ўстирмаётганлар бор. Шоир кишиларга ўз кўланкасини туширадиган бу хил тошюрак кимсалар ҳақида (“Кўлка” шеърида) ёзади:
Сенда, эй ёмонлар яхшиси фикр эт,
Бошимдан кўлкангни олда, нари кет.
Не–не йиллар ўтгач, етгач Улуғ кун,
Тангримнинг кўлкаси етар мен учун.
“Ёмонлар яхшиси”да истеҳзо бор. Ўзини тангри билган кимсага истеҳзо кейинги мисраларда ҳам давом этади. Айрим кимсалар менинг кўланкам, одамларни иссиқдан, ёниб кетишдан сақлайди, деб ўйлашса керак. Аслида Қиёмат бошлангандаги иссиқ даҳшатлидир. Ўша пайтдаги “Тангрининг кўлкаси” менга етади, сен Худо эмассан, ўпкангни бос, демоқчи бўлади шоир. Бу мурожаатда, ўзини тангри санаган, куфрга ботган кимсаларга қарши исён бор.
Тийрак қалбли шоирлар куфрга ботганларга қулоқ тутавермайди, гоҳида ўзини қулоқ тутган, ишонган қилиб кўрсатса-да, Кўлканинг гапларига ишонмайди. Ўзининг холатини аниқ белгилаб олади:
Ташаккур, бу тонг ҳам яна уйғондим,
Ахир мумкин эди уйғонмаслик ҳам-
деб кўпчиликни ўз аҳволидан огоҳ этади. Чунки, ҳақиқат ахтарган, уни у ёки бу тарзда эътироф этган ҳар бир кишининг бош устида ўткир қилич осилгандай туюлади. Бу қилич қачон бошига тушиб уни яралашини ёки ўлдиришини фақат Аллоҳнинг ўзи билади. Ёмони шундаки, риёкор ва худбин одамлар, мен гуноҳ қиляпман, бир кун Аллоҳнинг олдига борганда қандай жавоб бераман, деб ўйлашмайди. Аксинча, мен бутун дунёнинг устуниман, мен бўлмаганимда дунё остин-устин бўлиб кетарди, (ёки уруш бўларди) деб оммани ишонтиришга интилади.
Виждонли шоирлардан бири, ўзини “ҳалқнинг доҳийси”, деб оммани ишонтирмоқчи бўлганларни чирилдоққа ўхшатади: “Тонгларни оттирган сен эмасссан-ку, Асалдан тоттирган сен эмассанку, мунча чиррилдайсан, сен эй, чирилдоқ“, деб унга дошном беришдан ўзини тўхтата олмайди. Ўзини ой ва қуёш, деб билмасликни, ойлар ва қуёшлар бошқа жойларда макон топишганини уқтиришни лозим топади:
Ой аҳли бедорга йўлдош жимгина,
Юлдузлар тўкади кўз ёш жимгина.
Оламни ёритар куёш жимгина,
Мунча чириллайсан, эй, сен чирилдоқ.
(Юсуф Жума)
Афсуски, чирилдоқ буни англамайди, ҳис этмайди, кўнгилламайди, аввал қандай яшаётган бўлса, шундай яшайверади, аввал ҳалққа қандай зулм қилаётган бўлса, шундай зулм қилаверади. Бу чирилдоқ ўзини мутлоқ ҳоким деб уйлайди. Бу оламдан Гитлердай урушпарастлар , сталиндай ваҳшийлар ўтганини билишмайди. Номлари саналганлар ҳам ўзларини доҳий деб эълон этишганини, тарих эса уларнинг шаънини ва маънавиятини энг тубан маънавият сифатида ахлат қутисига итқитиб ташлаганини билмагандай ўзининг чиркин кирдикорларини давом эттираверади. Шоир эса бу риёкорнинг кирдикорларидан огоҳ…
Истеъдодлар мунофиқликни, иблисона ўйинга тушишларни бошқалардан кўра тезроқ, чуқурроқ ҳис этишади. Ҳаётдаги ўйинларни кўришаркан, айбдорлардан нафратланишади, аммо уларни йўқотиш мумкин эмаслигини, улар чирмовуқдай ҳамма жабҳаларни қамраб олишганини тушиниб, фақат ёлғиз Аллоҳгина уларнинг додини бериши мумкин, деган хулосага келишади. “Мен” гумон, шубҳа орасида яшайди, эҳтиёткорлик туфайли бошини омон сақлайди. Аммо бу аҳволдан чиқиб кетиш йўлларини мусулмон фарзанди сифатида, яна Аллоҳдан ахтаради: “Оллоҳим, дардимни айтдим, ўзингга, Йўқдир, сендан бошқа, менинг сирдошим!”, деб тан олади:
Бу каттақон гуноҳ, меники, Оллоҳ,
Дарёдил сеники, сабру тоқат сен.
Шу қадар каттакон, мен қилган гунох,
Кечира олгайсан, уни фақат сен.
Инсоннинг тавбаси, айниқса, Аллоҳ олдидаги тавбаси, барибир гўзал. Бу ўзини гуноҳкор ҳис этиш, қалбининг туб-тубига боқишнинг натижасидир. Аммо бандаси гоҳ ўзи хоҳлаб, гоҳ беихтиёр гуноҳга ботади. Беихтиёр, билмасдан қилинган гуноҳларни, агар у ширк ва гуноҳи кабира бўлмаса, Аллоҳ кечиради, дейишади. Бир пайтлар демократларга ишонмай партакратларнинг ноғорасига ўйнаган шеър муаллифини ҳам Худонинг ўзи кечирсин, деймиз. Балки уни Аллоҳ кечирар ҳам, аммо Инсонни била туриб гуноҳга етаклаган, уни бу хил ишга мажбур қилганларни Аллоҳ кечирармикан?!
Ҳаётда муаммолар кўпайиб, иблислар қаҳрамонлар сифатида таърифланадиган замонларда Аллоҳга нола қиладиган шоирлар кўпайиб колади. Мана, улардан бири нима дейди:
Кай томон юз бурди, одамлар, ё, Раб,
Бу дунё бандангга панд берди, ё Раб,
Иблиснинг созига ўйинга тушган,
Бу дунё қай замон мағлубдир, ё Раб.
Юқоридаги сатрлар ортида бугунги ҳаётнинг шўриш-ғавғолари, иложсизлик туфайли азоб тортаётган кишининг изтироблари ётган бўлса, қуйидаги тўртликда қўштирноқ ичидаги “дўст” тимсоли намаён бўлади.
Наҳотки, шунчалар такаббурсан, дўст,
Мулойим тиржайиб, заҳарлисан, дўст.
Динга содиқман, деб лофлар урасан,
Аслида даҳшатли мунофиқсан, дўст.
(Ҳ. Худойбердиева?)
Бу мисралар қатор инсонларни кўз олдингизга келтиради, тасаввур қудратингизни воқеълик ҳамда шу хил риёкор одамлар томон йўналтиради. Мунофиқ ва риёкор, ёлғончи ва худбин одамлар жамиятда кичикрок мавқега эга бўлса, одамзодга озроқ зарар етказиши мумкин, аммо у юқори мавқеда бўлса, бундайлардан Худонинг ўзи асрасин: ҳаётда ёлғон урчий бошлайди, илдиз отиб тез кўпаяди, натижада баъзи яхши, аммо оми одамлар унга кўникиб колишади, моддий ва маънавий тараққиёт орқага қараб силжийди. Мунофиқ ва ёлғончилар ҳалол, адолатли одамларнинг кўринмас кушандаларига айланишади, инсон худди шу хил типлар туфайли изтироб чекади. Бу изтироблар эса, шоирлар қалбидан ўтиб қоғозга тўкилади. Тахминан мана шундай тарзда:
Рост сўзлар ёнимда қолмади,
Уларнинг зарбидан сиёҳман.
Ёлғонлар жонимни олмади,
Мен бугун энг хира чироқман.
Наҳотки, ёлғончи элчилар,
Бўлолса, ростликнинг кўприги?!
Дафъатан руҳимга санчилар,
Найзадек, гулларнинг киприги.
Инсон ўзини сиёҳга, хира чироққа ўхшатишни бошласа билингки, унинг аҳволи яхши эмас: ҳатто гулларнинг киприги ҳам найза бўлиб руҳингизга санчилса, яъни, энг чиройли нарсалар ҳам унга хуник бўлиб кўринса, бундан ёмони йўқ: “Сенинг ҳам аламинг ичингда, менинг ҳам аламим ичимда”, деб жим юраверасан. Ё бўлмаса қисматни қарғаб, изтиробли шеърлар битасан. Айтайлик, тахминан қуйидагича:
Қисмат – бу сочлари тундан-да қора.
Қорамтир ридога ўранган душман.
Тумшуғи қонталаш, вужуди пора,
Қанотлари синиқ ярадор қушман.
Замондошинг, ердошинг ўзини вужуди пора, ярадор қушдай ожиз сезса, гарчи хорижда тинчгина яшаётган бўлсангда, ўзингни маҳзун сезмаслик мумкин эмас. “Эй, риёкорлар, кўзингизни очинг, сизлар туфайли инсон қалби зардобга тўлиб, ўз қисматига омин айтмоқда”, деб ҳайқирасан! Бир тамондан динга эркинлик берилди, деб мачитларнинг руйхатга олинган бир кисмигина очиб қўйилган, бошқалари ёпилган бўлса, иккинчи тамондан номоз ўқийдиган ҳар бир кишига ўзлари ваҳобий ёки нурчи. деб от қўйиб, қонунни бузса-бузмаса қамашаётган бўлса, бундайларни риёкор демай бўладими?
Бошқа бир ёш шоира умид билан яшашга интилаётган замондошнинг тимсолини беради. “Гулдовдагул” деб бошланадиган шеърда кузда очиладиган, “кузакларда баҳорни кутган” гул ҳақида гап кетади. Бу гул олдинда қиш борлигига ҳам парво қилмайди. Бу гул: “Мангуликнинг ойдин соҳили” бўлган – куз фаслида кўз очган, У: “Ифорларнинг исёнида совуқларни, музни унутган.”
Бу фаслда туғилмоқлик рост,
Бу фаслда ўлмоқлик ёлғон. –
дейди у. Исёнкор ва мард йигит Шовруқ Рўзимуродовнинг юрти бўлмиш Яккабоғдан шу шеърги юборган М. Шаропова ҳам ҳозирги оғир кунлардан эсон – омон қутилишимизга умид билдиради.
Йиғлама, вақт келар бизни сўроқлаб,
Ҳазин нолаларга бағрингни тутма.
Бекамим, эндида, бизни сўроқлаб,
Меҳрлар келаётганини унутма.
Айрим шоирлар эса, умиднинг бошқача суратини чизишади. Улар ҳасрат билан иш битмайди, деб ўйлашади. Шоир атрофга алангламасдан, шеърини ёзавериши керак, чунки ҳеч бир замонда ҳам халққа енгил бўлмаган, деган ғояни илгари суради. “Келса – кетар” деган шеърда иложсизликнинг ва ундан қутилишнинг ўзгача талқини бор. Шоирнинг фикрича, замондан нолиш шарт эмас: “Ҳар не замон келса – кетар, ҳар не тўфон келса – кетар”. Бу ишончнинг сабабини у шундай изоҳлайди:
Тангри берур жазосини, золимининг, мазлумининг,
Бунча ёниб сурма қалам, ҳар не сурон келса – кетар.
Эски робот дебди буни, ваҳшатобод депти буни,
Боғлама кўп унга ўзинг, эл, эломон, келса – кетар.
(Тоҳир Қаҳҳор)
Қизиқ фалсафа, ўйлаб кўриш керак бўлган фалсафа. Золим ҳам, мазлум ҳам ўткинчи. Юртинг ваҳшатобод бўлса ҳам унга кўп эътибор берма, шеърингни ёзиб юравер… Аммо биз шоир дўстимизнинг бу фалсафасига қўшилмаймиз. Тоҳир Қаҳҳор яхши кўрадиган турк адабиётининг намоёндаси Нозим Ҳикматнинг: “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, биз ёнмасак, қандай чиқар қоронғуликлар ойдинлиқа” мисралари эса айни ҳақиқатдир.
Ёниб яшаш, истеъдодли ва эътиқодли шоирларнинг қисматидир. Келтирилган мисралардан ҳам маълум бўляптики, гарчи ўзбек шоирларининг аксарияти мардлик ва жасоратларини очиқ-ошкор намоён қилишмаётган бўлишса-да, уларнинг ичида мардлари ҳам бор. Биз аминмизки, улардан бир қисми ҳеч бўлмаса ўзлари учун ҳаётни ҳаққоний ифодаловчи шеърлар ёзишмоқда ва бир куни улар матбуот юзини кўради. Нима бўлса ҳам, шундай оғир, кўзга кўринмас цензура шароитида, ҳалқнинг дард ва изтиробларини бироз ноаниқроқ тарзда, мисралар қатида бўлса-да, ифодалаётган шоирлар бор эканлиги ўзбекнинг орзулари ўлмаганлигини билдиради. Юқорида келтирилган бирда маҳзун ва аламли, бирда исёнкор ва дардли шеърлар келажакда халқ ҳаётида яхши кунлар бошланишига умид уйғотади. Бундай кунлар тезроқ келиши учун эса ҳаққоний асарлар кўпроқ ёзилиши, халқда маънавий уйғониш бошланиши керак…
Ботир Норбой,
филология фанлари доктори, профессор



