
Эврил Турон
Оқ гул
(воқеий қисса)
“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.
(26-27-боблар)
– 26 –
Қизлар бизни очиқ юз билан қарши олдилар. Биринчи галда мени бу уйдаги озодалик ром этди. Оқгуллар хонадонида ҳам мен ана шундай тозалик, тартибни туйгандим. Ҳамма ёқ саришта. Бундан қалбим яйради.
Марвариднинг ота-она ва укалари Боғдонга, катта эналарини кўришга кетибдилар. Қизлар қайнатма шўрва тайёрлашибди. Бир-бир коса ичдик. Иссиқ тандир нон, эт едик. Сўнг имтиҳонга ҳозирлик кўришга ўтирдик.
Агарчи қизлар ўзларини қувноқ кўрсатишга уринсалар ҳам, мен уларнинг кўзларига яширинган ғам-ташвишни сездим. Демак, қизлар тунги воқеадан хабар топганлар.
Оқгул бир неча марта яширинча Бекка боқди. Ўта синчковлик билан боқди. Мен буни кўрсам ҳам, кўрмасликка олдим.
Уч-тўрт масала ечганимиздан кейин Марварид кутилмаганда Бекни нишонга олди:
– Кечаси ухламадингми, Чингизхон? – У “Чингизхон” атамасига урғу берди, – Кўзларинг қип-қизил, худди қумга тўлгандай.
Агарчи бундан хиёл кесатиқ бўлса ҳам, бу Бекка ёқди. “Чингизхон!..” Марварид биринчи марта уни бу донгли ном билан атаётган элди. Лекин Бек ичидаги фахр туйғусини ташига чиқармади. Атайлаб Марваридга қисқа ва мужмал жавоб қайтарди:
– Негадир уйқум келмади.
– “Негадир” миш”… Кешмири.. Бизнинг молхонамиз орқасида қора кийим, қора ниқобли икки “ўғри” билан ким олишди?
Сен!..
– Тўқима, Марварид. – Бек унинг ёлғонини ички туйғу билан сезди.
Марварид Бекнинг кўзларига қанча синчковлик билан тикилмасин, улапрда ҳеч қандоқ ёлғон, ҳаяжон, қўрқув ва ё нафрат изларини топмади.
Бектемирда бундай ноёб қобилият борлигини мен ҳам энди билдим. Тан олиб айтсам, табиатан соддадай, бироз дағал ва жаҳлдордай кўринувчи дўстимнинг “истеъдоди”дан ҳайрон қолдим. Менимча, бу қобилият Бекка туғма берилган, сўнг бу унинг кўп китоб ўқиши ва кўп кино кўриши оқибатида қайрилиб, тобланган. Тағин Бек буларга қўшимча равишда ўзича машқ қилган бўлиши ҳам мумкин.
Оқгул дам Бекка, дам менга қараб, ушбу сўзларни тиниқ меҳр билан айтди:
– Сени билмадиму Эврил, бу, Чингизхоннинг иши… Кўнглим шундай деяпти. Чунки у мен ўйлаганимдан ҳам ортиқ журъатли. Буни юрагим билан ҳис этаяпман. Яна унинг бир хислатини тан оламан: У ишончли дўст.
Марварид каби Оқгул ҳам илк бор уни: “Чингизхон” – деб тилга олди. “Чингизхон!..” Буни ва беғубор мақтовни Оқгулнинг оғзидан эшитиш Бек учун чинакам бахт. У ўз этига сиғмай севинди: “Чингизхон!..” Ундан буни эшитиш қанчалар завқли!”
Одатда Оқгулни ўқувчилар, ҳатто уни кўролмовчи қизлар ҳам эшитишни истардилар. Унинг сўзларидан ўзларича маъно ахтарардилар, таъсирланардилар. У ким билан мулоқотда бўлса ҳам, ўзига ишонтирар ва сеҳрлаб оларди. Менимча, унга бу фазилат Тангри томонидан берилганди. Ҳозир Бектемир Оқгулни инкор этишга ожиз қолди. Қизилчадек қизарди. Аммо: “мени ишим” дейишдан ўзини тийди.
Мен: “Оқгулда бир илоҳий куч бордай, – дедим ичимда, – уни таниган киши бежиз: “Ўзгача қиз…” деб айтмайди. Менимча, ҳаёт Оқгулга ўхшаш инсонлар билан гўзал. Улар қаторига Бекни ҳам қўшгим келади…”
Яна талай мисол, масалалар ечдик. “Ечдик” дейишим тўғри бўлмас. Ўзи аслида ҳамма мисол, масалаларни бизга Оқгул ечиб, тушунтириб берди. Содда, осон йўллар билан.
– Эртага ҳам қолдирайлик, – деди Оқгул ҳорғин ва маъюс оҳангда, – энди, бир пиёладан чой ичамиз, болалар.
Мен енгил тортдим. Менимча, Бек билан Марварид ҳам.
Марварид чой дамлаб келиш учун ошхонага чиқиб кетди. Оқгул бир ўрим сочини олдига ташлади. Седанадай холи бор яноғига кафтини босди ва очиқ деразадан ташқарига боқди. Шунда мен унинг кўзларидаги тубсиз ғамни кўрдим. У чуқур, жуда чуқур руҳий азобда эди. Мен юрак-юрагим билан ҳис қилдим. Унга ёрдам беролмаслигимни ўйлаб, ич-ичимдан эзилдим ва ожизлигимдан нафратландим. Шу онда Оқгулнинг борлиғи ларзага келаётган, ярим юмуқ киприклари ҳўл ўлароқ титраётган эди-ки, буни унинг ўзи ҳам сезмасди. Бундан менинг кўнглим вайрон бўлди. Оғир табиатли Бекнинг эса кўзларидан ёш оқди. Мунгга, аламга, нафратга ғарқ ёш!..
Оқгул вакил мактабда пайдо бўлгунча, ойдай тўлишиб борди. Кейин қайтаётган ойдай катила* бошлади. Жуда озиб кетди. Буни қўрқувдан десам, янглишарман. Мақсадга эришолмай… десам тўғри бўлар.
У мақсадсиз ҳаётни пуч ёнғоққа бенгзарди. Уни “ёлонсув”*дан айромас дерди. Айрим онларда ўзига-ўзи савол ҳам бериб қоларди:
“ – Миллиардлар мақсад билан яшайдиларми? Ё қоринлари учунми?” Оқгул бунга бир аниқ жавоб тополмасди. Қошларини чимириб қўярди.
“ – Менинг мақсадим бор… – дерди ичида, – шунинг учун ҳам мен бу ҳаётни ардоқлайман. Бўлмаса, у менга : ёлонсув…”
Тунги мудҳиш ҳодисадан сўнг Оқгул тамомила бўлмаса ҳам, қисман умидсизлик ўрами*га тушиб қолди.
———————————————————————————————-
* Катила – катилди – камайиб, камайди.
* ёлонсув – сароб.
* ўрам – гирдоб.
Агарчи мен уни метин иродали, ақлли қизлигига шубҳа қилмасам ҳам, “ўзига ишонч” деган нарса, яъни қудратда тенгсиз нарса ундан юз ўгираётганини илғагандек бўлдим. Ёхуд менга шундай туюлдими? Билмадим.
Мен ўз ўлимини олдиндан билиш даҳшатини – ер юзида юз берувчи даҳшатларнинг энг даҳшатлиси деб ўйлайман. У тоғдек одамни ҳам букиб, бир сиқим қилиб қўяди. У ўлимнинг ўзидан ҳам даҳшатлидир. Ўзини ёвузларча ўлдириб кетишини сезиш эса, ундан ҳам минг марта даҳшатли.
Бундай ўлимдан Тангрининг ўзи асрасин. Мен одамнинг юрагини сиқиб, қон этгувчи шу лаҳзада ич-ичимдан Тангри таолога илтижо қилдим.
“ – Омонгулга умр бер, Яратган Эгам!” Айни шу онда мен Бектемирни ҳам ичида қон йиғлаб, Тангрига ёлвораётганини ҳали одам уруғига номаълум, қандоқдир сирли бир куч воситасида эшитдим:
“ – Омонгулни ўз паноҳингда асрагин, Тангрим! Агар иложи бўлмаса, унинг ўрнига менинг жонимни ол! Сендан ўтиниб сўрайман, Яратган Эгам, Омонгулга бериладиган жаъзони менга бер!”
Руҳсиз ва толғин бир алфозда чой ичдик. Қизлар билан хайрлашарканмиз, Марварид қўрқувга қотилган паст товушда деди:
– Ниқобли кишиларни олиб кетишаётганини отам кўрган. У қўй сўйиш учун эрта уйғонган. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очманглар, болалар. Отам қаттиқ огоҳлантирилган…
– Ташвиш тортма, – дедим мен.
Бектемир индамади.
Оқгулнинг юзи қордек оппоқ эди. Бироқ кўзида ваҳм шарпаси кўринмасди.
“ – Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади, – кўнглимдан ўтказдим мен, – унинг бутун дарди ичида. Бундайда, бу қиз ўзини-ўзи еб қўяди. Унга руҳий мадад лозим. Шунга мен ўзимча қизларга далда бердим:
– Қизлар, бизлар доим Сизлар билан биргамиз!
Оқгул бу гап биринчи галда ўзига аталганини англади ва унинг сулув юзларига қизиллик югурди.
Мен йўлда Бектемирга юрак қони билан Тангрига қилган илтижосини айтдим. У ажабланди:
– Ҳа, шундай дедим. Сен менинг ичимда кечган бу сўзларни қандоқ эшитдинг?
– Буни тушунтиролмайман. Тубсиз дард билан, содда тил билан шундай деганингни аниқ эшитдим.
– Қизиқ!
– Бунга ўзим ҳам ҳайрон бўлдим.
– Ғалати.
– Дунёда одам боласи билмайдиган сирлар кўп, дўстим.
– Оқгул эшитмадимикан?
– Менимча, йўқ. Аммо у киши кўнглини кўра билади. Мен шундай деб ўйлайман. Яҳудий хонимнинг Оқгулга бежиз назари тушмаган.
– Тўхта-тўхта! – Бир кўза олтин топган кимсадек қичқирди Бек. Ногоҳоний ҳаяжон ёлқини унинг юзида лола тусида акс этди.
Мен чўчиб тушдим. Ўткинчилар бизга ажабланиб қарадилар. Мен Бекнинг енгидан силтаб тортдим:
– Ўпкангни бос!
– Нега шу пайтгача эсимга келмаган бу?
– Нима?
– Мен йўлини топдим, Эврил! Йўлини топдим!
– Нимани?
Йўлини топдим!
– Жинни-пинни бўлиб қолмадингми, Бек? – Мен унинг кўзига хавотир билан боқдим, – секин сўзла, ҳамма бизга қараяпти.
– Топдим, дўстим!
– Хит қилиб юбординг-ку, Бек, нимани ахир?
– Яҳудий хонимни!
Эсинг жойидами ўзи, Бек?
– Ундан кўмак сўраймиз!
– Энди, менга етди! – Қоронғи тунда хавф-хатарга лиқ ўрмонда адашиб қолган, сўнг кутилмаганда ўз йўлини топган касдек севиндим мен. – Ажойиб топилдиқ, Бек!
Шошиб изимизга қайтдик.
– Энди, буёғи Оқгулга боғлиқ, – дедим мен сал бўшашиб.
– Нимага?
Оқгул яҳудий хонимнинг телефон рақамларини бизга беришига унча ишонмайман.
Бектемир бўздек оқарди ва йиғламсираган оҳангда деди:
– Бу ёғини ўйламабман, дўстим.
Бизни қайтганимизга қизлар ажабландилар. Ҳам севиндилар. Мен Оқгулга мақсадимизни айтдим. У гап қаътида нима ётганини сезди ва тушкин бир алфозда деди:
– У киши ҳозир СССРдамас
– Қаердан биласан? – Сўради Бек соддадиллик билан.
Оқгул унга жавоб қайтармади. Бошини ерга эгиб, сукут сақлади. Мен ўзимча фаҳмладим:
“ – Қўнғироқлашиб турсалар керак”.
– Профессор Мария хоним СССР да бўлганда ҳам мен бундай қилмасдим, – деди Оқгул хиёл сукутдан сўнг, – чунки бунга ўзимни мажбур этолмасдим. Ақлим, юрагим, ғурурим йўл қўймайди. Қолаверса, бу телефон гапимас. Мени тўғри тушининглар болалар, ўзи бу масала… – У гапини тугатмади.
Мен ўзимча тугалланмаган бу сўзни тугатдим:
“ – Ўзи бу масала пишган… Ҳар нарсанинг вақт-соати бор…”
Биз Оқгулни тушундик.
У ўз номус-орини осмондан ҳам юқори қўярди. Мен буни тўғри деб билдим. Билки, Марварид ва Бектемир ҳам шундай фикрга келишгандир?
“ – Бу телефон гапимас” – деганда у ҳақ эди.
Биз бошимизни эгган бўйи тоғдек оғир сукут, денгиздек теран қайғу қуршовида уйга қайтдик.
Мева тугмас ўрис оғочлари ўсиб ётган “Маданият уйи” ёнидан ўтарканмиз, бизга кимдир тагдор гап отди:
– Бизнинг маҳаллага серқатнов бўлиб қолибдиларми?
Бошимизни кўтариб, товуш келган ёққа қарадик. Ва “Маданият уйи” мудири Бердибек аканинг қорачадан келган сепкилли юзини кўрдик.
– Вақт шуни талаб қилаяпти, – дедим мен истар-истамай, – имтиҳон…
– Вақт дегин… Бошқа нарсамасми ишқилиб?..
Бектемирнинг лаблари асабий титради, муштлари тугулди:
– Нима, Сизга ҳисоб берайликми?
– Тилинг узун кўринади, болакай.
Ўзи тўлиб турган Бек унинг кесатиғига ортиқ чидолмади, қўрс овозда сенсираб хириллади:
– Пичингларингни хотинингга қил!
Бердибек ака ундан бундай қўпол гап кутмаганди. Ҳар қалай Учқулоч олтин конида унинг ўз ўрни, обрўси бор:
Коммунист.
Мудир.
Бу она сути оғзидан аримаган гўдак бўлса, юзидан олаяпти, уят, андиша, ҳурмат деган нарсаларни билмай юзидан олаяпти. Қараб турса, қутирган итдек ташланади ҳам. У алам, ғазабдан титраб-қақшади:
– Сен билан кейин гаплашаман!..
– Айб ўзингизда, – дедим мен босиқ овозда, – биз жимгина уйимизга кетаётгандик, сиз ҳеч нарсадан – ҳеч нарса йўқ, йўлимизни тўсдингиз, тилингизга эрк бердингиз: “Бизни маҳалламиз…” деб айирмачилик қилдингиз. Тўғрими?
– Сен ҳам бетгачопар кўринасан!
– Мен доим ҳақ томонда тураман, – уни таҳликага солиш ва бизни сотмаслик учун атайлаб гапимга сиёсий тус беришда давом этдим. – Нима, сизнинг маҳаллангиз СССРдан айроми? Таъқиқ қўясиз. Ёки Коммунистга шундай ҳуқуқ берилганми? Гитлер ҳам бундай қилмасди. Исталган ерда гаплашамиз. Ҳатто Москвада ҳам. Устингиздан “Правда”га ёзаман. БМТга ҳам. Шунга мажбур этаяпсиз. Бундай ҳолда сизга ишонган тоғларингиз ҳам кўрмак бермайди. Беролмайди ҳам.
Берди ака ўз ишига жон-тани билан ёпишиб олган киши эди. Ишидан айрилишдан кўра, жонидан айрилишни авфзал кўрарди. Сўзларимга ишонди. Мен бир нимага аҳд қилсам, уни оҳирига етказардим ҳам. У ҳар нарсага қизиқувчан, кузатувчан, пишиқ одам сифатида менинг бу одатимни билган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, “Париж коммунаси”* газетасида чоп этилган мақола, ҳикояларини ҳам ўқиб борган. Бу ҳақда унинг ўзи менга айтган эди.
Берди аканинг юзи палағда тухумдек сарғайиб-кўкариб кетди.
“ – Бир ҳамлада ямламай ютаман!..” деганди… Бунинг акси бўлиб чиқди. У ичидан зил кетди.
“ – Жуда манмани болалар экан. Юзинг-кўзинг дейишмайди. Тарбиясиз!.. Мана буниси катта кишидек гап суқади. Ундан ҳар нарсани кутса бўлади. Ёзиши ҳам мумкин. Иккови ҳам бир гўр. Ҳеч балодан қайтмайди. Уларга бошқача йўл билан “сабоқ” бериш керак!..”
Мен Берди аканинг ичида нелар кечганини ўзимча фаҳмларканман:
“Уни ҳам ишга солибди-да…” деб ўйладим.
Бироқ у сиртига сув юқтирмасликка уринди. Ўлжасини ололмаган маймундек чийиллади:
– “Ишонган тоғларингиз…” дейсан…
– Сизни бизга қарши қайраётганлар… – дедим қатъият билан унинг гапини кесиб, – Ўзбекнинг мана бу гапи эсингиздан чиққан кўринади:
“Икки от тепишса, ўртада эшак ўлади”…
———————————————————————————————–
* “Париж комуннаси” – Фориш тумани газетаси.
– Ўзинг муштдек бўлсанг ҳам, тилинг заҳар. Ёшингга яраша гап қилмайсан. Осмондан келасан.
Бек ёвига отилган бургутдек унга таҳдид солди:
– Сенгамас Эврилга ақл ўргатиш. Унинг ўзида ақл ғиж-ғиж. Бизмас, сен “муштдек болалар” билан ўчакишяпсан. Сенинг ёшингга шу ярашадими? “Кейин гаплашаман…” дейсан. Кимга ишонаяпсан? Ўз калланг билан иш тут! Эркак бўлсанг пайсалга солма, ҳозир гаплаш, бирга-бир чиқ!..
Берди аканинг чўтирга мойил юзига қон тепди. Оғир зарбдан тупроққа тўзғиб қулаган маҳлуқдек бўғилиб хириллади:
– Сизлар билан айтишган одамнинг ўзи аҳмоқ! Йўқолинглар бу ердан! Иккинчи кўзимга кўринманглар!
Биз секин уйимизга йўналдик. Ўрис оғочлари кўланкалари остида турган дев келбатли уч йигит ер тагидан бизга қараб қолишди…
“Маданият уйи”дан хиёл узоқлашганимиздан кейин Бектемирга уқтирдим:
– Бугун уйдан-эшикка чиқмайсан, дўстим.
– Сталин бўл.
– Ҳазилнинг вақтимас, Бек. Изимизда исковичлар… Жуда хавфли.
– Оқгулни жаллодларга ташлаб қўямизми?
– Оқгул билан Марваридга ҳам кечалари ташқарига чиқмасликларини ўтиниб тайинладим. Бир амаллаб имтиҳондан ўтиб олсак, марра бизники. Сен дарҳол Қозоқистонга, опангникига* кетасан. Бир неча йилга. Бу ерда қолишинг ўлим билан тугайди… Сени топади… нишондасан…
– Қўрқитаяпсанми!
– Мутлақо!
– Ҳеч ёққа кетмайман!
– Қонимни қайнатма, Бек. Кетасан!
Оқгул ҳам кетади яҳудий хонимнинг олдига.
– Бу қўлингдан келадими?
– Келади.
– Лоф ур.
————————————————————————————————
* Қозоқистонга, опангникига – Уста Суннатнинг биринчи хотини (Бекнинг оансига уйланишидан олдинги хотини)дан бўлган қизи (исмини билмайман) қозоққа теккан ва Қозоқистонда яшарди.
– Менда ундоқ одат йўқ.
– Мақтанчоқ.
– Бас қил. Мазаҳнинг ўрнимас. Умуман бировларни таҳқирлаш ёмон одат. Йиғиштир!
– Қўлингдан келса айт, қандоқ?
– Режа бор.
– Мендан яширма.
– Онам кон бошлиғининг дафтарчасидан (телефон рақамлари ёзилган дафтарча) профессор Мария ҳонимнинг телефон рақамларини яширинча ёзиб олади…
– Ў – ў! – Қичқириб юборди Бек. – Зўр фикр! Ажойиб фикр!! Тирик бўлганда, сенинг ақл – идрокингга Ўғузхон* ҳам қойил қоларди.
– Оширварма.
– Юрак сўзим.
– Бу тун сен менинг айтганимдан чиқмайсан. Менга сўз бер.
– Бир айланиб келаман.
– Йўқ.
– Одамнинг эркини бўғма.
– Ҳеч ёққа чиқмайсан!
– Беш-ўн дақиқага, холос.
– Бир онга ҳам. Бу ўта қалтис. Тушун.
– Сал юмша, қон ичма.
– Вазиятни ҳисобга олмаяпсан, Бек. Тентаглик қилма.
– Бир гапни ҳадеб чайнайверма., Эврил. Мен ғалча эмасман, жоним ҳалқумимга келади.
– Яхши, бошқа эслатмайман, келишдик.
Бектемир бир сўз дейиш учун оғзини хиёл очди, бироқ демади. Мен унинг мўғулникига бенгзаброқ кетгувчи кўзидан норозилик ифодасини ўқидим. Ичимда: “Бу бола қутурган итлар билан ўйнашяпти…” деб оғриндим, – бунга йўл қўймайман!”
Онам бизга яҳудий хонимнинг манзили билан телефон рақамларини олиб беришга сўз берди.
– Фақат яширинчамас, – деди, – бу ёзуқ. Ёзуқ ишга Тангри қарши. Унга сабабини очиқ айтаман. У йўқ демайди.
Биз севиндик.
———————————————————————————————–
* Ўғузхон – милоддан олдин (III – II асрлар) улуғ давлат (Буюк империя) қурган бобомиз – Матэ Туман ўғли Ботир Тангриқут.
– 27 –
Очиқ ҳавода, супада чалқанча ётдик. Салқин сабода танамиз яйраяпти. Бу кўнглимизга ҳам аллақандоқ таскин беряпти, ҳузур бағишлаяпти. Тумонот-тумонот юлдузлар бошимизга шуъла сочмоқда. Ойни тун ютганми, у йўқ.
Бектемир болаларча соддадиллик билан мени саволга тутди:
– Биз ўлиб кетганимиздан кейин ҳам шу юлдузлар жимирлайверадими, Эврил?
– Э, гўдак, – дедим унга меҳрга лим мунгли овозда, – биздан ном-нишон қолмаганда ҳам жимирлайверади, миллиард йилдан кейин ҳам жимирлайверади.
– Қандоқ адолатсиз дунё!..
Мени уйқу элитди. Энди, дўстимнинг саси қулоғимга элас-элас чалинарди. Элас-элас.
– Ўлганимиздан кейин бу дунёга сира қайтиб келмаймиз-а, Эврил?
Сира – сира…
Сира – сира…
Сира – сира…
Мен уйқумда шу сўзни пичирлаб такрорлабман:
Сира – сира…
Сира – Сира…
Сира – сира…
(Давоми бор)



