
Эврил Турон
Оқ гул
(воқеий қисса)
“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.
(34-35-боблар)
– 34-
Оқгул қачон бу ечимга келди? Қора ниқобли “ўғрилар” воқеасидан кейинми? Ёхуд Бектемир фожеаси боисми? Ёки доимий босим туфайлими? Адашмасам: ҳаммаси сабабли… Ҳаммаси сабаблию, аммо Бек воқеаси унинг иккиланишига узил-кесил чек қўйди.
Менимча, Оқгул ўзи учун оқибати ҳалокат билан тугаяжак тўфон мисол кучли қуршовдан қутилиш йўлини кўп излади. Тинсиз излади. Бекни ўлимдан тасодифан қутилиб қолиши уни профессор Мария хонимникига кетишига туб туртки бўлди. Зотан Оқгулга бундан ўзга йўл йўқ ҳам эди.
Бироқ, энди, уни:
“ – Улгурармиканман?!..” деган савол даҳшат билан ич-этини емира бошлади.
Мени ҳам зўр ташвиш исканжага олди:
“ – Кечикиб қолмаса бўлгани!..”
Марварид ҳам шундай ўй қуршовида эзилмоқда эди:
“ – Ишқилиб Тангри қўлласин!..”
Орамизга чўккан анча сукутдан сўнг Оқгул бизга тубсиз меҳр билан термилиб деди:
– Тангри умр берса, азиз дўстларим, қаерда яшамай, ҳамиша хаёлан Сизлар билан бирга бўламан.
Ҳамиша!.. – Унинг кўзлари ёшга тўлди. Қайғули ёшга.
Гўё очунда ҳаёт тўхтаб қолгандай, сўрини ўлик сукут қуршади. Бу ҳол бир неча он давом этса ҳам, менга узоқ вақтдай туюлди.
– Сизлардан ҳеч ажрагим келмайди, Эврил, – Оқгул кўз ёшларини шафтоли гулли қўлрўмолчаси билан артди. Сўнг бир нима эсига тушдими, қалқди, уйига кириб “Сўна” романини олиб чиқди. Марварид билан мен таажжубландик. Оқгул ҳар ёққа кўз югуртирди. Тинч. У титроқ бармоқлари билан китоб орасидан бир варақ олиб, менга узатди:
– Яшир.
Мен шошиб уни ҳаво ранг дафтарим ичига бекитдим.. Оқгул биздаги таажжубга барҳам бериш учун паст ва титроқ овозда деди:
Профессор Мария хоним менга ўша китоблар (ўғирланган) билан бирга беш хил эски Турк Ёзувини ҳам берувдилар. Мен яширинча, мана шу ЎРХУН Алифбосини ўрганаётгандим:
ЎРХУН ЁЗУВИ:
V – Q – h1
Г – ℓ – h2
– Й –
» – OU –
NN – OÜ – h hỳ
– – hthd
– V2 1 –
S – 1 – 1
– 2 – 2
– 2 – O U
– 1 – 1
X – 2 – 2
– 1 – S1
– 2 – S2
– K2 – S
R – ÖKÜKKÖKÜ – t1
– Z2 hh – t2
M – Zt – Z
– m
Шу сабабли уни ўқиётганим: “Сўна”нинг орасига қўйгандим. Бўлмаса, бу ноёб Ёзувдан ҳам айрилиб қолардим.
Марвариднинг юз-кўзига зўр ачиниш белгилари тошди:
– Одам тополмайдиган ерга…
– Бундоқ бўлишини билганимда… Китобларим орасида турувдида…
Мен ҳам куйиндим:
– Эссиз!.. Ярамас “вакил!..”
– Тузм дегин! – Марварид мени тузатди. – “Вакил” бир қўғирчоқ – Роботда.
– Энди, афсусдан фойда йўқ. – Оқгулнинг овозида яна ўзига ишонч пайдо бўлди. – Бу ёзувни асра, Эврил. Ўз кўзингни асрагандек асра. Ўз юрагингни асрагандек асра. Кўпайтир, Марварид билан Бекка биттадан нусха бор. Бир замонлар келганда… Ҳур замонлар… – Оқгул гапини мавҳум қолдирди. Тин олди. Кейин давом этди:
– Бизнинг ЎЗ ЁЗУВИМИЗ бўлишини истайман. Бутун Турк элларига Бир ЁЗУВ бўлишини истайман. Шунда биз мислсиз кучга кирамиз.
Гуржининг ўз ёзуви бор. Мўғулнинг ўз ёзуви бор. Ҳатто арманининг ҳам. Нимага бизники йўқ? Ёвуз араб босқинчилари бизнинг Ёзувларимизни ёқиб юборишган. Ҳамма-ҳамма китобларимизни ҳам, не муқаддас нарсамиз бўлса, ҳамма-ҳаммасини. Орадан минг йил кечиб, Ўрис шовинистлари ҳам айни шу “Усул”ни қўллашди. Бизнинг Туркий сўз қурилишимизга арабчаси ҳам, кирилчаси ҳам мос келмайди. Биз ЎЗ ЁЗУВИМИЗНИ тиклашимиз лозим. Хор-зор бўлиб ётган ЎЗ Ёзувимизни, бизни асрлар бўйи кутиб ётган ЎЗ ЁЗУВИмизни!..
– Бутун Турк элларининг ЎЗ ЁЗУВлари йўқ, – куйинди Марварид. – Туркистонни қарам десак, Мустақил Туркиянинг ҳам!..
Бу кўргулик!..
Бу кўргулик!
– Кўргулик! – деб такрорлади Оқгул, – не қисмат бу, билмадим! – У ўйланиб қолди ва сўнг деди: – Бу буюк хатони тузатишимиз мумкин… Ҳозирча биз бу Алифбони тугал ўрганайлик. Хотирамизда сақлайлик. Хотирамиз “Қулф”ини ҳеч ким очолмабди.
КГБ ҳам!
Ер юзида унинг калити йўқ.
Марварид гўзал бошини эгиб – кўтароқ тасдиқлади.
– Тўғри, – дедим мен ҳам.
– Менинг фикримни англадинг, Эврил. Энди мен бундан хотиржамман. Ҳа, тағин бир сўзни айтай. Бу ҳам Мария хонимнинг ўгути:
“ – Ўзида юксак маданият намунасини акс эттирган Лотин Ёзуви билан Инглиз тилини ўрганиш лозим. Ҳатто Америкадек Давлат ҳам Лотин Ёзувида. Ва ҳам инглиз тилида сўзлайди. У жаҳон тили. У билан дунё “эшик”лари очилади”.
Мен бу ўгутлар таъсирида ўйга толдим. Ўзимча фикрладим ҳам:
“ – Яҳудий хоним биз билмайдиган нарсаларни билади. Бу билан бизнинг мудроқ кўзимизни очишга уринади. Тузм: “Қора” – деганни у: “Оқ” – дейди. Тузм: “Оқ” – деганни у: “қора” – дейди. Туб ҳақнинг илдизини очади. Бу билан бизни “ЎЗЛИК” – деган ҳақ курашга даъват этади; зимдан тайёрлайди. Ўзимча ҳис этаман: бу кураш оғир, қонли, узоқ давом этадиган кураш. Бу курашда Оқгул, Бек, Марваридлар билан бирга мен ёнма-ён туриб курашаман. Бизнинг умримиз шу билан мазмунли ҳам гўзал бўлади. Фитратларники каби…
Ҳозир бизнинг ичимизда Фитратлар борми? Ё ҳаммаси отилганми? Ёки қамоғу сургунларда шаҳид бўлганми? Менимча бизнинг ичимизда ҳам бор. Фитратдек, Чўлпондек, Мария хонимдек инсонлар. Тузм уларни ўлдириб тугатолмайди. Билъакс ўзи таназзулга учрайди. Билъакс ўзи узлатга кетади. Янги-янги авлодлардан янги-янги Фитратлар ўсиб чиқади. Чиқаверади. Бунга митти мисол:
Оқгул,
Марварид,
Бек…
Балки, яна биз билмайдиган ёшлар бордир:
Балки, юзлаб ёшлар,
Балки, минглаб ёшлар…
Мария хоним минглаб ўзбеклар қилмаган, қилолмаган ишларни қилаяпти. Юракдан. Холис. Миллати, дини бошқа бу хотин нима учун бизга жон куйдираяпти? Кўнглимдагини айтсам: Дунёда оз бўлса ҳам Мария хонимдай одамлар бор. Уларни “Ҳақиқат курашчилари” десам тўғри бўлар. Улар бутун инсониятни ўйлаб иш кўрадилар. Ҳа, у хотинда одамзотда камдан-кам учрайдиган шундай хислат, шундай туйғу бор. Мен бунга ишонаман. Қани биздан ҳам шундай буюк кишилар чиқса!”
– Етти ухлаб тушимизга кирмайдиган гаплар, – Марвариднинг овозидан ўйим бошимдан учди, – биз кўлмакни: “Кўл”, Тепани “тоғ” – деб юрган эканмиз.
Оқгул маюс жилмайди ва маюс сасда деди:
– Эврил, шу тобда сенинг бошингдан не кечганини юзингдан ўқидим. Худди бир ёзувни ўқигандай ўқидим. Марвариднинг кўзида ҳам шундай ифода ёлқинланиб турди. Менимча, профессор Мария хонимнинг таъсири атом таъсиридан кучлидай. Агар гапим ўринли бўлса: “Одамнинг одамга таъсири” дан буюкроқ таъсир, буюкроқ куч йўқ, буюкроқ “Қонун” ҳам йўқ. Дунё барча “қонунлар”дан кўра ҳам, “Одамни одамга таъсири Қонун”дан кўпроқ юксалиб боради.
– Менимча ҳам, – Марварид Оқгулни қувватлади.
– Энди, ўзимизнинг Чингизхонни кўриб келайлик – оҳиста қалқди Оқгул.
Биз ҳам қалқдик.
Кесишувгача бирга бордик. Сўнг қизлар мен билан меҳр аралаш назокат ила хайрлашдилар. Шунда, ногоҳ миямга:
“ – Бу сўнгги хайрлашув бўлса-чи?!.” – деган савол яшин янглиғ урилди. Мен умримда илк даъфа кўкрагимни чангаллаб қолдим. Сўқоқ четидаги қора тошга боҳол ўтирдим. Юрагим игнадек санчмоқда эди…
– 35-
Эрталаб сўнгги имтиҳонга ёндим. Мактаб остонасида мени тил, адабиёт ўқитувчиси совуқ қарши олди. У қовоғидан қор ёғилган ҳолда:
– Орқамдан юр! – дея мени Бўрон оға ўрнига тайинланган мактаб директори ҳузурига бошлаб кирди.
Ёш, назокатли, хушбичим рус хоним (унинг исми-шарифи алла замонлар эсимдан чиқиб кетган) менга ўтиришга жой (стул) кўрсатди ва синчковлик ила мулойим боқди. Мен унинг сарғиш юзларию зангор кўзларидан ачиниш ифодаларини ўқидим.
– Мен буни истамаган ҳолда сенга айтишга мажбурман… – деди рус хоним хийла сукунатдан кейин.- Сен мактабдан четлатилдинг… Марварид билан Бек ҳам… Мени тўғри тушунинглар…
Бу гап менга юрагимга санчилган игнадек таъсир этди: Менинг бошим айланди, кўз олдим қоронғулашди. Бироқ мен йиқилмадим. Ирода билан ўзимни тутдим. Директор хонимнинг (менга нисбатан) кин, оғудан холи, билъакс меҳрли кўзларига: “ – Нима сабабдан?..” деган маънода боқишга ўзимда куч топдим.
Директор мендаги кечинмани сезди. Тил, адабиёт ўқитувчисига қараб, ўйланиб, иккиланиб қолди. Афтидан унга ишонмаётгандай эди. Балки, мен шундай ўйлагандирман? Яна, ким билсин?
У қизарди. Лекин менга бир сўз демади. Ерга маъюс боқди. Тил, адабиёт ўқитувчиси заҳрини сочди:
– Яширинча учрашиб юргансизлар!..
Ҳамма бало шундан чиққан…
Бу гап тагида бир даҳшатли тўҳмат чаён мисол вишиллаб ётгандек эди. Шунгами, менинг юрагим бежо уриб, сиқа бошлади. Бироқ мен унга сир бермай, жавоб қайтардим:
– Яширинчамас, ортиқча… ўз уйларимизда…
– Сабаб?..
– Имтиҳонларга тайёргарлик кўрдик.
– Тоққа саёҳатга-чи?..
– Бу Совет қонунида таъқиқланганми?
– Йўқ, аммо тоғда нима ишлар қилдиларингиз?
– Лола, чугри, пидина, ялпизлар тердик.
– Фақат шуми?
– Ҳа.
– Интим ишлар-чи?..
– Сиздан бундай тўҳматни кутмагандим.
– Мен ўзимдан келиб чиқиб айтмаяпман.
– Тўҳматлигини ичингизда сезиб турибсиз-ку.
– Яна ортиқча гаплар-чи?.. – У буни давлатга қарши маъносида урғу билан айтди.
– Бу ҳам тўҳмат! – Мен унга ўйлаб – нетиб ўтирмай жавоб қайтардим. Бироқ шу он: “Овозимизни ёзиб олган бўлса-чи?” деган савол миямни пармалаб ўтди. Юрагим санча бошлади. Аммо шу зумнинг ўзида ғойибдан мадад саси ҳам келди: “Ёзиб олмаган” … Ўзимни дарҳол қўлга олдим. Лекин, энди, ичимда икки Эврил* бир-бири билан тортишишга тушди:
“ – Ёзиб олган!”
“ – Ёзиб олмаган!”…
Бундан тоқатим тоқ ўлароқ бошим гангиди. Кўз олдимни сийрак туман босди. Юрагим беомон ура бошлади. Тил, адабиёт ўқитувчисининг заҳарли овози тағин қулоғим тагида бомбадек портлади:
– Ораларингда бир нима ўтган!..
– Ҳеч нима ўтмаган, – дедим зўрға. Афтидан қон босимим ошди. Томоғим, танглайим, лабларим қақраб қолди. Бурним битди. Менга ҳаво етмасди.
– Бўлмаса, Омонгул нега ўзини-ўзи осиб қўйди?!.
– Нима?!!
Хона гир айланди.
Хонани зулмат босди.
Мен машъум қоронғуликка қуладим. Шунда рус хонимнинг товуши узоқ-узоқлардан келаётгандек қулоғимга элас-элас чалиниб қолди:
– Биз терговчи эмасмиз, педагогмиз, буни унутмайлик! Йўқолинг кўзимдан!
Мен ўзимга келганимда бошимда директор, Неъмат духтур, ўзбек, рус ўқитувчилари турардилар.Ула орасида тил, адабиёт ўқитувчиси йўқ эди.
Ҳолсиз қалқдим. Директор ачинишга қотилган меҳрибон овозда мени тўхтатишга уринди:
– Бироз ўзингга келгин, бироз тин олгин.
– Раҳмат, – ўпкам ёшга тўлди. Кўксидан ўқ еган йўлбарс боласидек судралиб, ўксиб йиғлаб, коридорга чиқдим. Сўнгги имтиҳонга келган ўқувчиларнинг шивир-кучирлари кўнглимни бутунлай вайрон қилди:
“ – Оқгул ўзини осиб қўйибди!..”
“ – Оқгул ўзини осиб қўйибди!..”
“ – Оқгул ўзини осиб қўйибди!..”
Йўлда онасидан айрилган бўтадай бўзлаб борарканман, ўткинчиларнинг гап-сўзлари юрак-бағримни тилка-пора этди:
“ – Дунёга сиғмади!..”
“ – Ҳур кетди!..”
“ – Тунги соат уч-тўртларда уни ўз хонасида бўғиб ўлдиришган. Сўнг олмаларига осиб кетишган…”
“ – Бундоқ қиз юз йилда бир туғилади!..”
Мен куйиб йиғлаб, ўша таниш тепага чиқдим. Оқгулларнинг уйи, теграси, йўллари одамларга тўлиб тошган.
Ҳамманинг боши эгик.
Ҳамманинг кўзида ёш.
Оқгулнинг кўк кийган, бели рўмол билан боғланган онаси (хотинлар орасида) ўзини юлиб бўзларди:
– Вой болам!!!
– Мени нега ташлаб кетдинг, вой болам!!!
– Сен ўлгунча, мен ўлсам бўлмасмиди, вой болам!!!
Худди шу аснода Оқгулнинг бизга:
“ – Мен мана бу сайёра бўйича олтмиш бир ярим ёшга чиқаман…” – дея қуёшга яқин планетани кўрсатганини эсладим. Демак: у ўзини ўлдириб кетишларини билган. Марварид билан мени аяб ёлғон сўзлаган.
Ё Тангрим, у қайси сайёра?
Қон йиғлаб ўйладим.
Қанча ўйламай тополмадим.
Топадиган ҳолда эмасдим. Шунда, ё Тангрим, ғойибий бир сас қулоғимга шивирлади:
“МЕРКУРИЙ”.
———————————————————————————————-
* Мулла – Эл уни : ГПУнинг қулоғи дерди.. “ГПУ” дерди. “ГПУни одами” дерди.
Эсладим: Меркурий саксон беш кунда Қуёш атрофида бир марта айланади. Бу: бир йил дегани. Демак, Ерда ўн бешга кирган қиз, Меркурий йили ҳисоби бўйича олтмиш бир ярим ёшга чиқади.
Тавба-тавба!..
Келажак тунда Оқгул мисли кўрилмаган даҳшатли воқеа юз беришини ва ундан қочиб қутила олмаслигини сезгандир? Бизни қўрқитиб юбормаслик учун Қуёш тизимини ўйлаб топган. “Эртага сўнгги имтиҳон” деганимизда ҳам, у: “Балки?..” деб бежиз айтмаган. Мактабдан ҳайдалишимизни ҳам, тўҳматга қолишимизни… ҳам олдиндан кўра билган.
(Давоми бор)



