Бахтини кутиб яшаган халқ бахтсиздир

xalq ichidaБу дунёда одам боласи борки тўкин, фаравон, бекаму-куст, хотиржам, қўйингчи, бир сўз билан айтганда, бахтиёр умргузорлик қилгиси келади.

Умр деганлари ўзи инсонга бир боргина берилади. Лекин ҳамма одам ҳам шу бир лаҳзалик оламда ўзи истагани каби бахтли яшай оладими?

Инсоннинг ўзини бахтиёр ҳис қилиши учун нима керак? Кишининг бахтли-тахтли бўлиши кимга, нимага боғлиқ?

Бахтли бўлмоқлик фиқат одамнинг ҳаракатига, ўзигагина боғлиқми? Ёхуд ўзга омилларга, ташқи таъсирларга ҳам вобастами?

Шу ўринда савол туғилади: бир умр бахтни қувиб ўтмаслик, унинг дийдорига илҳақ кетмаслик учун нима қилиш керак?

Назаримда, бахтни қувиб етмаслик қисматига гирифтор бўлмаслигимиз учун қандай фикрлашни  эмас, қандай  яшашни  урганишимиз  керакдек.

Аслида борига  қаноат, шукуру сабр  қилиб яшашни нопок йўллар билан давлат орттирганлар  ўйлаб топишган.  Чунки  улар йўқсиллар, муҳтожлар ҳам давлатманд бўлиб кетсалар қандай аҳволга  тушушларини  жуда  яхши  биладилар.

Шу маънода қаъноат, шукур, сабр сўзлари хусусида икки оғиз.

Сабрли, қаъноатли бўлиш яхшидир. Лекин керагидан ортиқ эмас. Ҳамма нарсанинг меъёрида бўлгани яхши эмасми? Бироқ, бизнинг ўзбегимиз ўта қаноъатли, ҳаддан зиёд сабрлики, худди ана шу нарса халқимизнинг оёғига тушов бўлаётгандек. Яъниким, худди ўша “ўта, ҳаддан зиёд, керагидан ортиқ” деган сифатлар қўшилган шукур, қаъноат, тоқат,  сабр каби сўзлар залвори миллатдошларимизга одамлардек бахтиёр бўлиб яшаш имконини бермаётгандек.

Ф. Бекон  шундай дейди:  “Биз  табиатимизга  мовофиқ  фикрлаймиз, қоидаларга   мувофиқ гапирамиз, одатларимизга мувофиқ ҳаракат  қиламиз”.

Худди ўша Бекон айтган – табиатига хос ўйлайдиган, қоидаларига хос сўйлайдиган, одатларига кўра харакатга келадиган халқ биз бўламиз.

Хўш,  шундай  экан шукур қилмоқликни шиор қилган, сабр деган сўзга содиқ бўлган, қаъноат қон-қонига сингиб кетган бизнингдек халқ вакиллари ким ўзи, кимлар ўзи?

Аждодларимиз ким? Кимларнинг зурриёди эдигу, бугунги кунда ким бўлдик?

Бошдан дўппимизни бир четга олиб қўйиб дунё халқлари орасидаги мавқеимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўрганмизми ҳеч?

Туриш-турмушимиз, дунёқарашимиз, яшаш тарзимиз, кундалик ҳаётимиз, тирикчилигимизни ўзга давлатларда умргузорлик қилаётган фуқаролар ҳаёти билан ҳам бир бора бўлсаям  солиштириб қўрганмизми?

Майли, ривожланган европа давлатларини қўя турайлик, лоақал кунчиқар мамлакатларида истиқомат қилаётган аҳоли турмуш тарзи билан тенглаша оламизмикин?

Таққослаб кўргудек бўлсак, уятдан вужудимизни совуқ тер босмасмикин?

Таққослагудек бўлсак, тилимиз танглайимизга ёпишиб қолмасмикин?

Ёпишади, ёпишиб қолади-иии, ишонаверинг….

Ҳорижий элларнинг турмуш тарзи, яшаш фаровонлиги билан икки дунёдаям тенглашаолмаймиз, бўйлаша олмаймиз ҳам.

Шу маънода Ўзбекистон билан ўзга давлат халқларининг ҳаётини қиёслаш ғоят мушкул иш.

Шундай экан, мен ўзимни ортиқ қийнаб ётмайу, яхшиси, ўз ҳаётим мисолида  оддий бир Ўзбекистон фуқаросининг бир кунини сизга таърифу-тавсифлаб бера қолай. Ана шунда хулоса чиқаришингиз янада осонроқ ва қулайроқ бўлади:

Ўзбекистон аҳолиси  30 миллионга етди деймиз, кериламиз. Лекин ана шу 30 миллиондан  8 миллиони  ҳорижда  мардикорлик қилаётганлиги хусусида чурқ ҳам этмаймиз.

Ўзбекистонда аҳолининг 86% қишлоқда истиқомат қилишади, жумладан мен ҳам.

Қишлоқда яшаш қандайин “роҳат”, агар билсангиз.

Масалан, мен, бола-чақа, хотин-халаж, қишлоқнинг қўйингчи барчаси   хўроз қичқирмасдан, соат саҳарги   5.00 дан туриб оламиз. Уйимизнинг шундоққина ёнидан ариқ оқиб ўтади.

Тоза ичимлик суви камёблиги сабаб ариқдаги лойқа сувга ҳам қаъноат қиламиз. Юз-қўлимизни ювиб оламиз.

Ювиниш учун тоза сувни ишлатаолмаймиз. Тоза сув йўқ эмас, бор. 15 кунда бир махсус машинада олиб келиб тоза ичимлик сувини сотиб кетишади. Эҳтиёжимизга, йўғ-э, чўнтагимиз кўтарганига қараб, гоҳида 40.000 сўмга, ҳамён чидаган пайтларида эса 60.000 сўмга ичар сувимизни ҳам харид қилиб қоламиз.

Фалон сумга сотиб олинган тоза ичимлик сувини юз-қўлимизни ювиш учун ишлатиб бўларканми?

Жўжа бирдек жон бўлсак. Нима кўп, юз, қўл кўп бўлса, тоза ичимлик суви чидарканми?

Май ойлари ипак қурти боқиш мавсуми бўлади. Оғилу, кундаланг уйимизга ўрнатилган сўриларда пиллага кирий-кирай деб қолган ипак қуртлар “барг, менга барг бер” деб “вишиллаб” ётибди.

Шу сабаб ширин уйқуда ётган болаларимни уйғотаман: “Турларинг. Тут уриб келиш керак, барг тахлайсанлар!”

Уйғотаману, шусиз ҳам ярим тунга қадар ипак қуртларига барг тозалаб, барг солишда онасига кўмаклашиб, кеч ётиб қолган гўдакларимга ачиниб кетаман.

Ўзимнинг-ку умрим саҳардан то тунгача чопа-чоп билан, елиб-югуриб, ит юриш-мирза туриш билан ўтиб кетди-ку. Кечагина эди, онам тонг саҳар тепамда туриб, “Тура қол болам, қуртлар қақшаб қолди, тут уриб келишинг керак” деб турткилаб маст уйқумдан уйғотганлари…. Саҳарги совуқда жунжикиб, болтани олиб, далага кетардим.

Энди ўша аччиқ қисмат болаларимга ҳам боққанмиди, деган ўйдан ўртанаман, уйқуга тўймай, эринибгина ўрнидан қўзғалаётган болаларимга қараб эзиламан. Лекин на чора. Яшаш керак. Яшаш учун  эса қимирлаш, қир ошиш даркор…

То болаларим бет-қўлларини ювгунларига қадар сигир боғланган қозиқ   томон йўл оламан. Биттагина молимга ҳашак соламан.

Сигирнинг тагини курайман – тозалайман. Молнинг тезагиям бизга тутиё. Қишда тапписи тандирга тутандириқ бўлади-да.

Шу боис сигирнинг тезагини ҳам ташлаб юбормайман. Кўмирнинг майда кукини билан қориб, таппи қилиб қўяман.

Бу пайтда ҳовлини супириб бўлган хотиним челагини кўтариб, сигир соққани келади.

Ўзим қишлоқ коллежида ўқитувчи бўлиб ишлайман.

Турмуш ўртоғим пахтада, ғаллада ишлайди. Йилда бир бор пилла етиштиради.

Хуллас, мен ҳар куни то дарс соати бошлангунга қадар уй юмушларига қарашаман. Соат 8.00 бўлишини мўлжаллаб коллеж томон йўл оламан.

Умр йўлдошим болаларим билан биргалашиб келтирган тут баргларини шохидан бутайди, теради-йиғади, ипак қуртларига беради, вақт бўлди дегунча томарқамизга туташиб кетган пахтазорга бир ровга бўлсаяқм чиқиб келади. Гўза ниҳолларини бегона ўтлардан тозалайди. Яна уйга қайтиб ипак қуртига қарайди, озуқа беради…

Мактабдан қайтган фарзандларим оналарига кўмакчи. Ипак қуртига барг солишда ёрдамлашишади, молга ўт юлишади, сув беришади, пахтазорга чиқиб, бегона ўтларни чопишда онасига қарашиб юборишади….

Қишлоқ кишисининг йил 12 ой умри шу алфозда меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат билан ўтади.

Саҳар тур, сигирга ҳашак сол, сут соғ, ҳовли супир, ипак қуртига қара, тут барги келтир, молларга ўт юл, ғўза ниҳолларини бегона ўтлардан тозала, тагини чопиқ қил, юмшат, суғор, чеканка қил, пахта тер, ғаллазорга пойлоқчилик қил, ғалла ўр, тер, йиғ….

Эй-ййй, нимасини айтасиз, қишлоқ кишиларининг танглайини меҳнат билан кўтарган экан-да Худо. Қаёққа қарасанг меҳнат, қачон қарасанг меҳнат. Итда тиним бор, қушда тиним бор, лекин ўзбекда тиним йўқ, қишлоқда тин олиш йўқ.

Меҳнат, меҳнат бўлгандаям қора меҳнат сочини оқартиради бечора қишлоқ кишиларининг….

Ёзда саратон, 50 даража иссиқ демайди, ғўза оралайди, кузда гаримсел демайди, полиз маҳсулотларини йиғади, ғалла экади. Қишда совуқ демай ерни шўрдан тозалайди, адоғсиз адалаларга сув ҳайдайди….

Ҳадису шарифда “Бешикдан қабиргача илим изла” дейилган. Билмадим, қайсидир мамлакат фуқаролари эҳтимол туғилганидан то кексариб қолганига қадар илим олар, лекин бу ҳадис ўзбек учун эмас.

Негаки, ўзбек шўрликнинг бешикда ётган гўдагиям меҳнат қилади:  жуда бўлмаганда юзидаги ғиж-ғиж пашшани қўрийди-ку!

“Ўзбек” дегани – “ИШ, “Меҳнат” сўзларининг синоними эмасмикин мабодо деб ўйланиб қоламан баъзида.  Ўзбек туғилганидан то гўрига қадар ишнинг, меҳнатнинг кетидан қувлагани қувлаган…..

Меҳнат бўлганида ҳам оғир ва ғоят машаққатли меҳнат бу. Унча-бунча ўзга эл фуқаролари дош бера олмайдиган қаро иш, кундалик турмуш, оғирдан-да оғир юмуш…..

Агарда ана шу оғир меҳнатларимиз қадрланганида, тўкаётган пешона-теримиз муносиб баҳоланиб, умримиз эъзоз кўрганида, жонимиз ҳузур топганида-ку, майли эди-я, “ғинг” демаган бўлардим….

Бироқ…

Халқимизда  “Эшакнинг меҳнати халол, гўшти харом” деган нақл бўларди. Худди ана шу айтган  биз бўламиз, ўзбек бўлади, агар билсангиз: МЕҲНАТИ ХАЛОЛУ, ГЎШТИ ХАРОМ.

Гапнинг пўсткалласини айтганда, бу дунёнинг дўзахини кўрмоқчимисиз? Ўзбекистонга келинг, жаҳаннамнинг ўзгинаси.

Ёзда, саратоннинг 50 даражали иссиғида ғўза оралаб юрган кезларингизда суякларингиздаги фасфорт ёниб, вужудингиздан  ҳовур ўрнига дут чиқса – жаҳаннам деганлари шудир-да!

Ўлган-қолганингга қарамай эшакдек ишласанг, меҳнат қилсангу, меҳнатинг муносиб баҳо топмаса – нима бу?

Кун бўйи ғўза суғориб, пахта эгатлари оралаб тупроқ, лой кечиб ярим тунда уйга ҳорғин келсангу, қоронғулик қаърига кирсанг, қаро тунга сингиб кетсанг, “йилт” этган шуъла бўлмаса – дўзах бўлмай нима бу?

Ўзинг ғўза етиштирсангу, бир қўмғон чой қайнатишга  ғўзапоянг бўлмаса! Қаронғу қишингда табиий газ тугул, кўмирнинг қахатлигидан музлаб чиқсанг, совуқдан қотиб қолган гўдагингни минг бир ҳасратда ерга берсанг – сизнингча нима бу?

Яшашми? Тирикликми? Яша деб атаб бўлармикин бундайин турмушни?

Тўғрисиям шу-да, қишлоғимизда 15 йилдан бери соатбай электр бериш урф бўлган.

Бир кунда бор-йўғи 1 соатгина электр беришади номардлар. Кунинг қолган 23 соатида электрни узиб қўйишади.

Тунлари ҳамма қатори бойўғлидек қаронғуда ўтирамиз. Шаҳам деганлари ҳам чидамай қолган ҳозир. Биттаси бир соатга етмаяпти.

Шундаям “Яхши бўп қолар” дейди халқимиз, чидайди, сабр қилади.

Қишлоқдаги қувирларга газ келмаганига ҳам 20 йил бўлиб қолди-ёв. Ҳозир 20 ёшга тўлган ўғлим ўша пайтларда бешикда ётган бола эди – газ йўқлигидан кечалари “каша”сини иситиб бераолмасдан қийналиб қолардик.

Мана, шу бешикдаги боламнинг ҳам бугун бўйи бўйим билан баробар бўлиб, 20 га қириб турибди-да.

Ўшандан буён табиий газ йўқ.

“Эйй, ота-бобом газ кўрганмиди? Ўтин билан кўмирдан қўймасин!” деб билак шимарай десанг, ўтиннинг ўзи қахат. Кўмирнинг баҳоси ҳам осмонга сакраб кетган.

Табиий газнинг йўқлиги сабаб 20 йилдан буён одамлар қишда тарашадек қотмаслик учун ипак қурти учун мўлжалланган тутларни каллаклаб кетишган.  Пилла етиштириш учун тут ҳам қолмаган ҳисоби…..

Шунда ҳам халқимиз қаноатли, тоқатли…. Шукур қилишни билади.

Тасаввур қилинг, ишдан ҳориб келасиз, электр йўқ. Ҳамён “ҳувиллаб” ётганлиги сабаб шаҳам билан кўмир харид қилишга қурбингиз етмайди.

Толиққан ҳолда қоп-қоронғу совуқдан-да совуқ кулбангизга кирасиз-да, оч қоринга тонг отишини кутиб, муздеккина кўрпангизга бурканиб оласиз….

Бунчалар сабирли, намунча қаъноатли, бунчалар тоқатли халқ бўлмаса бу ўзбек дегани?!

Нима бало, дунё пештахтасидаги жамики сабиру шукур, қаъноату тоқат деганларининг барчасини шу ўзбек халқи харид қилганми дейман!

Мана, масалан, мен Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги  қишлоқларидан бирида  яшайман.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: Қашқадарё газнинг бешиги эмами?

Ўзимиздан чиқаётган табиий газ бу ёғи Россия, у орқали Европага, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, боринг, ана, Чин мамлакатига экспорт қилинаётган бир пайтда қашқадарёликлар бир куб газга зориқиб ўтирса-я?

Адолатданмикин шу?

Ё тавба, бу ўзбекнинг манглайи бунчалар шўр бўлмаса-а?

Бир қисса, ҳар томонлама қисаверар экан-да-а?

Табиий газдан, электр энергиясидан қисишганлари каммиди?

Оғир меҳнатдан елкамизнинг яғир бўлгани озмидики, камига иш ҳақимизни ҳам   100 фоиз пластик карточкага ўтказиб юборишди.

Оқибатда, мана, 5 йилдирки  ўзбек сўмини кўрмаймиз. Яқинда сўмимизни ҳам танимай қоламиз-ов бу туришди….

Пластик карточкадаги пулимизни исталган пайтда нақд қилиб ололмаймиз. Банкда нуқул “Нақд пул йўқ” дейишади.

Оқибатда 20 фоиз “хизмат ҳақи” бериш эвазига пластикни “сўм қилиб” оламиз гоҳида….

Лекин пул дегани ҳар доим ҳам бўлавермайди.

Ана шунинг касрига болаларимга тухум бериб турган 14 та товуғимни тоза ичимлик суви сотиб олиш учун сотишга мажбур бўлдим.

Тўнғич ўғлим Тошкентда.  Олийгоҳда таҳсил олаяпти. “Контракт”га “илинган”. Йилига беш ярим миллон сўм “контракт” пули ҳам тўлашимиз керак ҳали.  Емай-ичмай ўғлимизга 5 ярим миллон сўм тўплаб беришимиз ҳам керак.

Умр йўлдошим далада – пахтада ишлайди. Пилла етиштирганларга, йил бўйи пахта, ғалла далаларида ишлаганларга ҳақ тўланмайди бизда. Шунинг учун хотинимнинг қўли пул кўрмайди.

Ҳа-я, ёлғон бўлмасин, пахтакорларга йилда бир бор, у ҳам бўлса, пахта териш мавсумидагина ҳақ беришади.

Терган пахтасининг килосига 150 сўмдан тўланади. 100 кило пахта терсангиз – 15 000 сўм.

Қўлларингизни, билагу куйлакларингизни чаноқлар тилиш эвазига 100 кило пахта териш қандайин азоб эканлигини биласизми?

Билмайсиз!

Буни бошидан ўтказган одамгина билади, холос.

Ана шундай меҳнат машаққатининг баҳоси бизда бор-йўғи 15 000 сўмгина туради, холос.

Ваҳоланки, ўзбек етишдирган пахта толасидан тайёрланган бир дона эркаклар куйлагининг нархи бозор пештахасида ўртача  60.000 – 65. 000 сўм турибди.

Ана, кўрдингизми, ўзбек  қишда ер шўрини ювиб, баҳорда чигит қадаб, гўза парваришлаб, чопиқ қилиб, бегона ўтдан тозалаб, кун ора гўза суғориб, пахта етиштириб, қуёшнинг қизиғида терган 100 клограмм пахтасини 15 000 сўм эвазига беради-ю, пешона-теридан келган ана шу 15 минг сўмнинг устига яна 45 минг сўм қўшиб ўзи етиштирган ҳосилни –  ҳалигина сув текинга берган пахтасини 60-65 минг сўмга – қиммат баҳода қайта сотиб олади: турмуш ўртоғига ёинки ўғлига куйлак шаклида, албатта.

Қани бу ерда адолат?!

Ана шундай         ин тенгсизлик, ҳақсизлик комида ҳам  қаъноат қилади, сабрни билади, шукур қилади ўзбек шўрлик!

20 йилдан бери коллежда дарс бераман. Ойлик маошим 450 000  сўм.

Мол, товуқ боқаман, экин-текин қиламан, гоҳо томорқамдан чиққан маҳсулотлардан бозорга сотгани ул-бул ҳам олиб чиқиб қоламан.

Хуллас, битта машина олишга орзумандаман. Темир “тойчоқ” минай деб 20 йилдан буён йиғиб-тераман. Қаники, пулим битта машина харид қилишга ета қолса эди, кошки….

Алам қиладигани шундаки, беш йиллар чамаси илгари бир ўқувчим дарсга келмасдан, Россияга ишлагани кетиб қолганди.

Ўзга мамлакатда кўча супирганми, қурувчилик қилганми, бу ёғи менга қоронғу, қолганини ўзи билади-ю, менинг билганим шу, ўқувчим Россияда ишлаб келиб ўзига битта матиз русумли оёқ улов олволибди.

У куни ишга кетаётсам, ўша ўқувчим ёнимга келиб тўхтади-да “Домла, яёв юришдан чарчамадингизми? Ишга пиёда бориб-келиш сизга ярашмайди.  Энди ўзингизга битта машина сотиб олмасангиз бўлмайди” дейди.

Унинг бу гаплари кўнглимга жудаям оғир ботди….

У ҳам майлику-я, биласизми, ўқувчим яна нима деди?: “Устоз, сиз таълим берган шогирдларингиз олийгоҳларни тамомлаб, Россияда кўча супириб юришибди-ку. Сиз домлалар биз, ўқувчиларингизга Россия кўчаларини тоза супириш борасида сабоқ берган экансизлар-да-а?  Ҳа, нима, устоз, президент Каримов ҳориждаги мардикорларни “дангасалар” деб ҳақорат қилганидек, сиз ҳам биздақалардан жирканасизми?” дейди. Ниҳоятда қаттиқ ўкиндим, рости, отам раҳматлик оламдан ўтганларида ҳам бу қадар қаттиқ ўксимаган эдим.

Ножоиз бўлса ҳам айтишга мажбурман, тоза ичимлик сувининг йўқлиги сабаб қишлоқ кишилари  ҳаммом нима эканлигини ҳам унитиб қўйишган. Натижада, далада чанг, лой, тупроқ кечиб ишлаган аёлларнинг ювиниб-тараниб, тозаликка риоя этиш имкониятлари йўқлиги боис хотин-қизларнинг 80 фоиздан ортиғи шамоллаган, касалликка чалинган.

Мана, масалан, менинг хонадонимда ҳаммом бору, табиий газнинг йўқлиги сабаб йилда бир бор ишлатишнинг имкони йўқ. Қолаверса, сув топилса ўтин топилмайди, ўтин топилганда сув анқонинг уруғи бўлади.

Ҳаммомни тезакнинг кучи билан қиздирай десангиз, тезакнинг шўрини қуритади: камида 25-30 дона тезак кетади-да ҳаммомни иситиб олиш учун.

Қишнинг қировли кунларида тезак билан уй қиздирасизми, ҳаммом иситасизми? Қай бирига етади тезак дегани? Сигиримиз бор йўғи битта бўлса? Бу дегани тезакнинг ҳам таги кўриниб қолиши мумкин-да.

Қийиндан-қийин қиш кунлари ёш келин-куёвларга қийин. Совуқ кунларда  совуқ сувга  ювинавериб  қанчадан-қанчаси шамоллаб кетган. Мана, энди болалик бўлаолмасдан, дўхтирма-дўхтир чопиб юришибди.

Шу ўринда Ўзбекистонликларга бир маслаҳат: Ўғил уйламоқчимисиз?

Келин-куёв бетоб бўлмасин десангиз, набирали бўлишни истасангиз, никоҳ маросимини асло қиш кунлари ўтказа кўрманг.

Яхшиси, май ойларига мўлжаллаганингиз маъқул… Қолганига табиатнинг ўзи кунларни қиздириб, қарашиб юборади….

Баъзида ўйлаб қоламан, мустақил  бўлганимизга  салкам 24 йил бўлмоқда.

Сал кам чорак аср давомида янги бир авлод вояга етди.

Бу дегани – сизу бизнинг кечаги қаро қисматимиз болаларимизнинг ҳам бошига тушди демакдир.

Хўш, қачонгача одамдек яшашни орзу қилибгина яшайверамиз? Қачонгача бошимизга бахт қуши ўзи келиб қўнишини кутиб умргузорлик қиламиз? Қачонгача сабр этамиз, токайгача шукур қиламиз? Қаноат қилишлар қачонгача?

Ўзбекистон кўчаларини кезгудек бўлган киши қаёққа қараса Каримовнинг “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган шиорига кўзи тушади.

Ростанам шундайми? Сиз шунга ишонасизми?

Менга қолса, “Ўзбекистон – келажаги куюк давлат!” деган бўлардим….

       ( давоми  бор)

Сардор Комил

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares