Эврил Турон: Оқ гул

Мамадали Маҳмудов - Эврил Турон
Мамадали Маҳмудов – Эврил Турон

Эврил Турон

Оқ гул

(воқеий қисса)                                                                                          

“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.

(20-21-22–боб)

– 20-

Йўлни кесиб, сўлга югурдик. Қовжироқ ўтлар босган тепага эса сездириб қўймаслик учун деярли ўрмалаб чиқдик ва тошлар панасига ўрнашдик.

Бу ердан бутун атроф яққол кўринмоқда. Қизларнинг уйлари ҳам. Шимолда, Учқулочга кираверишда, бир-бирларининг устиларига қат-қат ўлароқ тахланган узун-узун оғоч қутилар ҳам.  Уларнинг ичларига бурғу цехларидан чиққан (бодринг узунлиги ва йўғонлигидаги) силлиқ, кўкиш, товланувчи тошлар терилган. Бу қимматбаҳо қутилар бир гектардан ўнжа* ерни ишғол этади. Уларни ерлилар эмас, ўрислар қўриқлайдилар.

Бояги икки йигитдан бири, бўйи узунроғи гўё шунчаки бир лоқайд қиёфада теграга кўз югупртирди. Иккинчиси қутилар орасидан “Иж” мотоциклини олиб чиқди. Улар қўриқчига бир сўз ё раҳмат айтмай пастак тоғлар этагидаги чағир тошли сўқмоқдан “Хонбанди” томонга учишди. Ортларидан тутун аралаш чанг-тўзон кўтарилди.

———————————————————————————————-

* Ўнжа – ортиқ, кўк, ошиқча.

     Бектемирнинг юзи бўз тусига кирди. Томоғига без қалқди ва у асабий ўйнай бошлади.

     – Эсингдами, Эврил, қудуқ бошида сенга тушумни айтганим.

     – Нимайди?

     – Шундан қўрқаяпман.

     – У туш…кўп ўйлаш оқибати… – Мен Бектемирга таскин бердим.

     Аммо ўз гапимга ўзим ишонмадим. Шунда, бехос, бошимда ушбу сўз тентак қўй бир ерда айлангани каби айлана бошлади:

     “Туш… Икки кас…”

     “Туш… Икки кас…”

     “Туш… Икки кас..”

     Ўзимни қўлга олишга ҳар чанд уринмай, оломадим.

    “Туш… икки кас…”

     Туш сўзи миямни мажақлаб кечаркан, аллақандоқ мавҳум, мудҳиш хавфни аждар мисол писиб, ўрмалаб келаётганини хаёл кўзи билан кўрдим. Йўқ, кўргандек бўлдим. Бундан жунбушга келдим.

     – Сен менга тасалли беряпсан-у, бироқ ўзинг ҳам қўрқаяпсан.

     – Сенга шундай туюлаяпти.

     – Мени аяш учун ёлғон сўзлама.

     – Чин.

     – Одамнинг ичидаги юз-кўзига чиқади.

     – Мен ўйлаяпман.

     – Нимани?

     – Одамни қийнама.

     – Ичингдагини айт, билишни истайман, жуда истайман.

     – Бўрон оғанинг сўнгги ўтинчи ҳақида… – дедим мен уни Туш ва икки касдан чалғитиш учун ноилож, – дўстим, мабодо, бизни кузатаётган бўлса, бу унча хавфлимас.

     – Бўлмаса, сен нега қўрқаяпсан?

     – Онам айтгандек: мен ҳам ожиз бандаман, ҳар нарса хаёлимга келади. Энди, Бек, одамни кўп эзма. Худо хоҳласа, бари ўз изига тушади. Менимча, бизни “жим юрсин” деб қўрқитиб қўймоқчи. Бошқа мақсади бўлганда, чўзиб ўтирмасди…

     – Ишқилиб шундай бўлсин-да, Эврил, лекин, мен бунга унча ишонмайман. Оқгулнинг ўзи ҳам қўрқувда. Уйқусида ҳам ҳаловат йўқдай. Озиб кетди. Аммо сир бергиси келмайди. Дарди ичида.

     – Иродали қиз, – дедим мен ва уни чалғитиш умидида гапни ўзга мавзуга бурдим, – имтиҳонларни тугатишга ҳам саноқли кунлар қолди, Бек. Бир тузук тайёргарлик ҳам кўрмаяпмиз.

     – Ҳозир кўнгилга имтиҳон сиғадими, Эврил? “3”га жавоб берсам, бас, ортиғи керакмас.

     – Тушкунликка тушаверма, дўстим, кетдик.

     – Сен боравер, мен кейин…

     – Юр.

     – Бир ишим бор… кейин…

     – Мейли… Кечки емоққа барак* билан қатиқ дегандек… кутаман…

     – Мейли, Эврил.

     Мен тепадан оғир ўйлар қуршовида энарканман, нечундир, кутулмаганда, менинг бошимда ушбу сўзлар бонг урди:

     “ – Бир муаммо чиқармаса бўлгани”.

    – 21-

     Бектемир ўзича миясида “пиширган иш”ни амалга ошириш учун уйига* борди. “Правда” газетасига ўқловидек узун, йўғон темирни ўради. Уни кандир ип билан айлантириб боғлади. Лимонанд шишасига тўлдириб туз солди. Егулик, ичгулик олди ва тепага қайтди.

     Бу онда қуёш қонталаш уфққа сингиб борарди. У одамга бевақт, ёвузона узилган, сўнг кераксиз нарсадай улоқтирилган, бунинг оқибатида қизғиш-сарғиш рангли гуллари тўзғиб, тўкилароқ юмалаётган кунгабоқарни эслатарди. Қизилқум ва тоғ тошлари бир-бирига қотилароқ  Учқулочга сўнгги “ўт”ларини пуркарди. Ҳаво бўғиқ, дим. “Маданият уйи” қаршисида – рақс (танца) майдони теварагида соқчилардек ҳиссиз турган “ Ўрисоғоч  ” *ларнинг барглари “қилт” этмасди.

 – 22-

  Тун оғди ҳамки, икки кас қайтмади. Энди Қизилқум билан тоғ-тошлари совуган, қаронғилик остида мудраётган ер узра салқин эпкин эсаяпти. Бектемир барак, қатиқдан ўзини-ўзи қийганига ўкинди. Нон еб, сув ичди.

———————————————————————————————-

* Барак – чучвара.

* Бектемир Учқулочда қариндошининг уйида яшарди. Лекин кўп вақтини бизникида ўтказарди.

* “Ўрисоғоч” – Ўрусиядан келтирилиб экилган, нина баргли дарахтни ерли аҳоли шундай атарди. У замонда Учқулочда бошқа оғочлар йўқ эди. Айрим ҳовлилардаги бир – икки туп оғочлар бундан мустасно.

Бироқ кўзини чироқлар (цвет) нурида ғира-шира кўринаётган Оқгуллар уйи билан “Олтинтош  омбори”* дан узмади.

     Учқулочда одам уруғи кўринмайди. Ҳатто бир ит ё бир мушук ҳам. Гўё ҳаёт йўқдек. Ойсиз осмондан юлдузлар тўкилмоқда. Бектемир умид ва умидсизлик “қозон”ида қоврилди:

     “- Ҳозир келишади… ҳозир… Йўқ, келишмайди. Балки, улар “Олтин тош” омборига ўз юмушлари билан келишгандир? Шу баҳонада Учқулочни айланишгандир? Йўқ, қизлар билан изма-из юрдилар. Буни мен ўз кўзим билан кўрдим. Саодат энам ҳам: “Икки йигит қизларга суйкалаётгандек бўлди” – дедиларку. Дедилару, аммо кўзга яқин қизларга ким ҳам суйкалмайди? Лекин… лекин уларнинг кўзлари совуқ эди..! Менинг сезгим алдамаса, улар қизларни таъқиб этдилар. Таъқиб!.. Улар исковичлар. Ҳа, исковичлар. Буни юрагим сезаяпти. Ҳозир келишади, ҳозир…”

     Ниҳоят, соат иккидан ошганда узоқдан мотоцикл чироғи(фараси) кўринди. Сўнг овози эшитилди Бекнинг юраги гурс – гурс ура бошлади. Тиззалари қалтиради.

     Мотоцикл теграси тиконли симлар билан ўралган “олтинтош” омбори қопи*си ёнига келиб тўхтади. Ундан бошдан – оёқ қора кийинган икки кас тушди. Бек хира ёғдуда уларнинг башараларини аниқ кўролмади. Миллатларини ҳам аниқлолмади. “Ўшалар бўлса керак?” – деб ўйлади.

     Улар негадир “ИЖ”ни кундузгидек қутилар орасига бекитмадилар. Бектемир: “ – Чуқур, кимсасиз тун учун … – деди ўзича, – ҳамда қочиб кетишларига қулай бўлиши учун…”

     Иккови қопига ўрнатилган эшикдан “Олтинтош” омборига киришди. Ажабланарлиси шуки: ҳеч ёққа қарашмади. Қарашганда ҳам сим чироқларнинг хира ёғдусидан қоронғиликдаги нарсаларни кўришлари қийин эди.

     Бектемир ўзи тузган режа бўйича ҳаракатга тушди. Темир таёқ билан шишани қўлга олди ва “ИЖ” турган ерга каламушни кўрган ёввойи мушукдек сездирмай энди. Қўлромолчаси билан бензин баки қапқоғини бураб очди. Унинг ичига шишадаги тузни ағдарди. Қопқоқни ёпди. Ва ўлжасини пойлаб бораётган  қоплондек Оқгулларнинг уйи томон писиб йўналди. Шишани шувоқзорга отди. Унинг юраги қинидан чиқиб кетгудек бўлиб, қаттиқ, тез, гупулаб урар ва буни ўзи ҳам эшитиб борарди.

———————————————————————————————–

* Олтинтош  омбори – Эл шундай атарди.

* Қопи – дарвоза

     Бир пасда Марваридларнинг молхонасига етди. Нафасини ростлади. Молхонанинг орқа томони пастак тоққа тақалганига деворсиз эди. Иккита йирик тош олиб томга чиқди.

     Эл қуйиқ уйқуда. Ҳатто итлар ҳам. Ер ҳам “Қора чойшаб” остида тош қотган.

     Молхонанинг сўл биқинида “Бузоқбоши”ларнинг, ўнг ёқида Оқгулларнинг номига оҳакланган уйлари жойлашган. Олчоқлар молхона ёнидаги йўлакдан ўтадилар. У замонларда Учқулочда ҳовлилар деворлар билан тўсилмаган бўлса ҳам, уйлар зич жойлашгани учун ўтишга бошқа сўқоқ йўқ эди.

     Бектемир хафсиз ва кўз илғамас “макон”далиги сабабли ўзини босиб олди. “Правда” газетасига ўралган темир билан тошларни олдига қўйди. Олчоқларни кутди.

     “ – Отмасалар мени ололмайдилар, – деди Бек ишонч билан ўзига – ўзи, – отишга қўрқадилар. “Эл уйғониб кетади” – деб қўрқадилар. Яна ким билади? Йўқ , отишмайди. Қайси айбим учун отишади? Одамни ўлдириш – пашшани ўлдиришмас. Отишга қўрқадилар. Отиш учун сабаб ҳам керак. Отишга лойиқ сабаб. Уларда бу нарса йўқ. Ўзларининг орқалари кир… Оқгулнинг олишга келган сирлари очилиб кетса, ўзларини тирик қўйишмайди… Улар мени тўппонча билан қўрқитадилар, халос. Лекин ушлаб олсалар майиб қилишади. Йўқ, мени тириклай ушлолмайдилар. Ҳозир мен уларни бошларини қовоқдек пачақлайман!”

     Бек ўзининг гапидан ўзи руҳланди.

     Ўн дақиқа кечмай, қора ниқоб кийган каслар бир шарпасиз кўринди.

     “ – Бу тўнғизлар юришни ҳам машқ қилишган.  – Бектемир ўнг қўлига тош олди. – Худди илондек сездирмай келишяпти. Узуни бақувватдек. Аввал уни мажақлайман! Сўнг калтани! – у ўз сўзига ишонди. Ишонса ҳам юрагининг бир четида ваҳм ҳам бордек эди. Ана шунинг натижаси ўлароқ кўнглида ушбу сўзлар барг ёзди:

     “ – Яратган Эгам! Менга қўрқмас руҳ бер, ирода, куч бер! Оқгул учун ўлсам майли. Фақат олчоқларни мажрух қилиб ўлай. Кўмак бер Тангрим!” – Бек ўзи билмаган ҳолда такрорлади:

     Кўмак бер, Тангрим!

     Кўмак бер, Тангрим!!

     Кўмак бер, Тангрим!!!”

     Олчоқлар молхона ёнига келишди. “Манзил”га бир неча қадам қолганигами, тўхташди. Қаронғида ҳеч нарса кўринмаса ҳам, ҳар ёнга қарашди, қулоқ тутишди. Ҳаммаёқ теран сукунатда.

     – Тишина, – пичирлади Калта.

     – Мёртвий тишина, – уни тасдиқлади эшитилар – эшитилмас сасда узун.

     – Убрём!..

     – Безиследно!..

     Уларнинг орқаларида қудратли тузм турганлиги овозиларидан ҳам сезилиб турарди. Шу билан бирга икковининг ҳам ўз кучу тўппончаларига ишончлари зўр эди. Буни Бек ички бир туйғу билан ҳис этди.

     Ўзига, ўзларига… ҳаддан ортиқ ишониш ҳам, ҳар вақт фойда беравермайди. Шунгами, шу лаҳзада ўзларига ҳужм бўлишини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Бунинг устига улар ерли элдан “ўт” чиқишига ишонмасдилар.

     Оқгулнинг уйлари томонга оёқ учларида йўналдилар. Буни қўрқувдан эмас, эҳтиёткорлик юзасидан, яъни бирон касни уйғотиб юбормаслик учун шундай юрдилар, Худди шу пайт Бек тошни куч билан силтаб, Узуннинг бошига ташлади.

     – Оҳ!!! – Узун гандираклаб кетди. Унинг кўз олдида еру кўк остин – устун бўлиб айланди. Қўлидаги тўппонча қаергадир учиб кетди. Бошига болта билан урилга тўнғиздек тўзғиб қулади.

     Калта кутилмаган бу ҳолдан гангиб қолди. Айни  шу сония Бектемир ўта эпчиллик ва аниқлик билан унинг бошига иккинчи тошни отди.

     – Мама!!! – У ҳам ер тишлади. Қўлидаги тўппончаси сирғалиб тушди.

     Эски – эски замонлардан бери ер юзида: “Омад” деган сўз яшаб келади. Агар унинг қаътида зиғирча ҳақиқат бўлмаганда, одам боласи уни алла қачонлар унитиб юборарди.

     Омад!..

     Ўн беш ёшли болага бу чинакам омад эди.

     Йиртқичга айланган Бек йўлбарсдек шиддат билан томдан узуннинг устига сакради. Уни ўлдириб қўймаслик учун калласига қайта урмади. Бекнинг бу муруввати Узунга раҳм келганидан эмас, аксинча ғазаб – нафрати ошганидан эди. У Узунни ҳам, Калтани ҳам умрбод юролмасликларини, ҳаётларини ит азобида ўтказишларини таъминламоқчи эди. Шу сабабли Бек “Правда” газетасига ўралган темир билан унинг тиззаларига бор кучи билан кетма – кет урди. Сўнг умртқасига ҳам… У қонга ботди. Бек унинг кўкрак чўнтагидан кимли*гини олди ва ўзининг кўйлак чўнтагига солиб қўйди. Бироқ Узуннинг башарасидаги қора ниқобни ечмади.

———————————————————————————————–

* Кимлик – кимсанинг ким бўлиб ишлашини билдирувчи ҳужжат.

     Бектемирнинг қўрқувдан, раҳм – шафқатдан асар йўқ юз – кўзу, азойи бадани ёнмоқда. Юраги деярли бир маромда урарди, фақат у: “ – Бирон киши таниб, сезиб қолмаса…” – деб чўчирди.

     Бек “Правда”га ўралган темир билан Калтани ҳам умртқа ва тиззаларини мажақлади. У ҳам шеригидек қонга қорилди. Бек тез ҳамда совуқ қонлик билан унинг  ҳам кўкрак чўнтагидан кимлигини суғурди ва ўз шими чўнтагига тиқди. Аммо ниқобига тегмади. Унинг юз – кўзида заррача ҳам ачиниш белгиси кўринмади. Қайтага у роҳат қилди. Яшариб, яшнаб кетди. Ўзини арслондек қудратли ҳис этди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares