Жадаллик билан бошланган суд нега таққа тўхтаб қолдийкин?

Noroy Momo Arizasi“Бирдамлик”  Халқ Демократик Ҳаракати етакчисининг отаси 71 ёшли Ҳасан Чориев шу йилнинг 17 июн кунидан буён эҳтиёт чораси сифатида хибисда қолмоқда.

Қашқадарё вилоят прокуратурасига кўра Ҳасан Чориев ЎзЖКнинг 118-моддаси, 1- қисми (номусга тегиш)  билан айбланмоқда.

Отахонга нисбатан очилган жиноят ишига оид терговни ёпиқ-яширин тарзда олиб борган  Қашқадарё вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Рустам Новчаев 24 июн куни “айблов хулосаси”ни “ижод” қилиб, ишни судга “оширганди”.

Қизиқ томони, Рустам Новчаев 35 кунлик тергов жараёнида Ҳасан Чориевнинг оила аъзоларига “Отангиз содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси катта бўлганлиги сабабли,  кўришишга рухсат бера олмайман. Тергов тугагач, иш ҳужжатлари судга юборилиш олдидан оиладан уч кишига улар билан учрашишга изин берилади, иш ҳужжатлари билан таништирилади” дея қоп-қоп ваъда қилганди.

Лекин негадир катта терговчи Рустам Новчаев Ҳасан Чориев билан оила аъзоларининг учрашувини  бизга номаълум сабаблар билан нася қилди.

Натижада, Шаҳрисабздаги Чориевлар оиласи на оталари билан учраша олди ва на отасига оид иш ҳужжатлари билан таниши имкониятига эга бўлишди.  Ҳатто “айблов хулосаси” ҳам отанинг туғишганларидан сир тутилди.

Рустам Новчаев Чориевлар оиласидан пинҳона тарзда Ҳасан Чориевнинг иш ҳужжатларини 24  июнь куни  суд ихтиёрига ҳавола қилиб қўя қолди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси О. Элмуродов ҳам негадир шошиб қолди чоғи, кўп куттирмай, Ҳасан Чориевга оид “жиноят иши” юзасидан маҳкама жараёнларини жадаллаштириб юборди.

Тезкор судья  “жиноят иши” хусусида ёзилган “асар”ни бир кун ичида “паққос тушириб”, дастлабки суд мажлисини 26 июль кунига  тайинлади.

Мабодо Ҳасан Чориевнинг жамоат ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов айнан ўша куни раис Элмуродовнинг қабулига кириш мақсадида суд биноси ёнига бормаганида эди, оила аъзолари оталари устидан илк маҳкама жараёни бошлаб юборилганлигидан ҳам бехабар қолишган бўларди.

Бироқ, белгиланган кун суднинг илк мажлиси қолдирилди. Сабаб, биздаги маълумотларга қараганда, даъвогар Матлуба Абдураимова бизга мавҳум сабабларга кўра суд мажлисида ҳозир бўла олмаган.

Июль ҳам ортда қолиб, ёзнинг охирги ойи ҳам бошланиб кетди.

Орадан 7 кун ўтган бўлишига қарамасдан, негадир Ҳасан Чориевга оид маҳкама жараёнлари тақа-тақ тўхтатиб қўйилди.

Судда раислик этувчи Элмуродов негадир кейинги суд кунини тайинлашга шошилмаётир.

Кейинги кунлар тафсилоти хусусида Зулайҳо Чориева шундай ҳикоя қилади:

– Биз 7 кундан бери Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биноси ёнида 60 даражали ёзнинг иссиғида қаровуллик қилиб ўтирибмиз. Суд   бўлмаяпти.

Негадир судья биздан суд мажлислари тайинланган кун ва соатини пинҳон тутмоқда.

Шу сабаб ҳам мен Элмуродовнинг  Нодир исмли котибига эшик ёнида ўтирадиган милиция ходимлари  ёнидан қўнғироқ қилиб “Ҳасан Чориевга оид жиноят ишининг навбатдаги йиғилиши қайси кунга қўйилган?”  деб сўрагандим, котиб “Қачон бўлиши номаълум. Адвокатларингиз билан боғланиб турсаларингиз, уларнинг ўзлари сизларга хабар берадилар” деди мужмал қилиб.

Биз адвокат ёллагандик. Қўлидан иш келмаганлиги сабабли у киши билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида Адвокталар палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғииғига, хуллас, жамики юқори турувчи идора раҳбарларига шикоят билан мурожаат этганмиз.

Айни дамда адвокатимиз йўқ. Шу сабаб илгариги суд жараёнларида  азалдан отамизни жамоат ҳимоячиси сифатида ҳимоя қилиб келаётган Шуҳрат Рустамовга Ҳасан Чориевга оид маҳкама жараёнларида иштирок этишларига рухсат беришларингни сўраймиз.

Энг ёмони биз отамиз устидан маҳкама бошланганидан ҳам бехабар эдик. Ҳозирда биз рад этган адвокат Мели Ҳолмирзаев ўзбошимчалик билан, қонунни менсимасдан туриб, атай негадир яна Ҳасан Чориевга оид жиноят ишининг маҳкама жараёнларида иштирок этмоқда экан.

Бироқ, Мели адвокатга нисбатан бизнинг ишончимиз ўлиб бўлган. Қайтиб у адвокатнинг хизматларига мурожаат эта олмаймиз. Айни дамда ўзга адвокат ололган эмасмиз. Шундай экан, отамизга оид навбатдаги суд куни қайси куни, қай паллага белгиланганлиги ҳақида бизга шахсан ўзларингиз хабар берсангизлар, деб шахсан ўзим суд котибидан қайта-қайта илтимос қилганман, – дейди умидсизликка тушган З. Чориева.

– Мен бошқасини билмадим. Билганим шуки, суд иши ҳужжатлари орасида адвокатлик ордери турибди. Ана ўша адвокатларингизга учрашингизлар, – деди суд котиби бепарволик билан.

– Биз, айниқса, онам отамизнинг тақдиридан минг бир ташвишда. Саломатлиги  яхши эмас эди отамнинг, – деди Ҳасан Чориевнинг қизи минг бир хавотир билан.

– Шу бугун чолимнинг қамаб қўйишганларига 45 кун бўлибди, – дейди Норой момо Чориева, – Ортиқ кутиб туролмайман. Шу бугун, 31 июль куни “Чолим билан учрашишга рухсат беришларингизни сўрайман” деб судья Элмуродовнинг номига арз ҳам топшлириб қўйдим, – дейди Ҳасан Чориевнинг турмуш ўртоқлари Норой момо Чориева.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг раиси О. Элмуродов ёши 70 га яқинлашиб қолган Норой момонинг арзини қаноатлантирадими, йўқми?  Кекса кампирга умр йўлдоши билан “свидания”  беришадими, ёки йўқ. Буни энди вақт кўрсатади…..

«Бирдамлик» Халқ Демокартик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот хизмати 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares