
Сиёсий қарашлари, Каримовнинг ноинсоний бошқарувига қарши ҳаракатлари туфайли ўз ватанидан қувғин бўлиб, айни кунда АҚШ давлатидан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган 7 ака-ука Чориевларнинг Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи 71 ёшли отаси Ҳасан Чориевнинг бошига амалдаги ҳукумат кўз қўриб, қулоқ эшитмаган савдоларни солишмоқда.
“Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф Ҳаракати етакчиси бўлган тўнғич ўғли Баҳодир Чориевнинг Россия интернет сайтларида эълон қилинган “На грузовике против Каримова”, “Американский дальнобойщик –будущий президент Узбекистана” мақолалари орқали қилган кескин чиқишлари кекса Каримовнинг кекирдагига келган чоғи, бор аламини мухолифат етакчисининг отаси Ҳасан Чориевдан олмоқда.
Каримовнинг қахрига учраган Ҳасан Чориев мана бир ойдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистоннинг амадаги ҳукумати қўлида гаровда қолмоқда.
Шу йилнинг 17 июнь куни Ҳасан Чориевга нисбатан провокация йўли билан ЎзРесЖКнинг 118-моддаси, 1- қисми билан асоссиз равишда жиноят иши қўзғатилди ва гаровдаги қария эҳтиёт чораси сифатида хибсга олинди.
Бир сўз билан айтганда, устасифаранг Каримов кекса Чориевнинг юзига қонун идоралари вакилларининг қўли билан боплаб тарсаки туширди.
Қўзғатилган сохта жиноят ишининг миси чиқиб қолишидан қўрққан Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва вилоят прокуратураси раҳбарлари бир ойдирки хибсдаги Ҳасан Чориевни қонунда кўрсатилган ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этиб, кекса отахонга ҳатто ўз қонуний адвокати билан ҳам учрашишга ҳам изин бермаётир.
– Мен, – дейди Ҳасан Чориевнинг айни дамда собиқ адвокати Мели Ҳолмирзаев, – Куни кеча вилоят прокурорининг тергов масалалари бўйича ўринбосари билан учрашдим. У мендан “Чориевларга айтинг, беҳудага вилоят прокуратураси биноси олдида намойиш қиламиз дея тўпланишмасин. Ҳасан Чориевнинг жиноят иши тепасида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари туришибди. Уларнинг қаршисида биз ҳам ожизмиз” деган омонат гапни сизларга етказишимни сўради. Шу сабаб ҳам айб менда эмас, терговчи МХХ идораси раҳбарларининг юзидан ўта олмасдан менга ўз ҳимоямдаги Ҳасан ота билан кўришишимга монеълик қилмоқда. Бундай қалтис вазиятда мен нима ҳам қила олардим?, – бу адвокат Ҳолмирзаевнинг “оҳ-воҳ”лари эди.
Бир сўз билан айтганда, воқеалар ривожи 71 ёшли Ҳасан Чориев мухолифатчи фарзанди Баҳодир Чориевнинг фаолияти сабаб Каримов режимига товон тўлаётганлигини кўрсатмоқда.
Ҳасан Чориевнинг Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари декларацияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси ва амалдаги қонунлар билан қўриқланаётган ҳақ-ҳуқуқлари айнан қонун идоралари ходимлари томонидан паймол этилиши дунё ҳамжамиятини, демократияга асосланган ривожланган давлатларни, Ўзбекистондаги элчихона ва ваколатхона расмий вакилларини ҳам бефарқ қолдирмади.
Айни дамда мухолифат етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориевнинг ўз ҳимоя ҳуқуқларидан батамом маҳрум этилиши ҳолати дунё нигоҳида.
Элсевар, эрксевар миллат, мамлакат борки, барчаси бугунги кунда Ҳасан Чориев тақдиридан ташвишда.
Хибсда қолаётган 71 ёшли айбланувчи отахоннинг ҳақсизликлар гирдобида қолиши, жумладан, АҚШ давлати расмийларини ҳам бефарқ қолдирмади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2-котиби Антон Купер ва сиёсий бўлим ёрдамчиси Мамед Аскеров шу йилнинг 23 июль куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган Ҳасан Чориевнинг ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши масалаларига ойдинлик киритиш ва урганиш мақсадида Шаxрисабзга – Чориевлар хонадонига ташриф буюришди.
АҚШ элчихонаси мулозимлари Чориевлар оиласи вакиллари билан учрашиб, оила аъзоларидан Ҳасан Чориев ишига оид ҳақиқий ҳолат ҳақидаги ҳикояларни диққат билан тингладилар.
Суҳбат жараёнида жаноб Антон Купер ўзини қизиқтирган саволларга Ҳасан Чориевнинг мустақил ҳимоясиси Шуҳрат Рустамовдан батафсил жавоб олди.
Айниқса, хибсдаги Ҳасан Чориев билан учрашиш учун вилоят прокуратураси томонидан унинг қонуний адвокати (айни дамда собиқ) Мели Ҳолмирзаевга бир ойдирки рухсат берилмаётганлиги масаласи АҚШ элчихонаси расмий вакилларини ниҳоятда таажжубга солди.
– Биз Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қиламиз. Ва қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда Ҳасан Чориев ишини диққат билан кузатамиз. Отахоннинг тақдиридан биз ҳам сиз каби ташвишдамиз. Хибсдаги Ҳасан Чориевнинг ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этилаётганлиги ташвишланарли ҳолдир, – дейди суҳбат жараёнида АҚШ элчихонаси 2- котиби Антон Купер.
Маълумот тариқасида шуни ҳам таъкидлаш керакки, АҚШ элчихоналари расмийлари Шаҳрисабздаги Чориевлар оиласи вакиллари билан учрашув жараёнида “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суяров 4-5 нафар нотаниш хотинлар ва ўзини “Дўстлик” маҳалласи маслаҳатчиси деб таништирган аёл қуршовида кутилмаганда Чориевлар хонадони дарвозаси олдида ҳозир бўлдилар.
– Мен шу маҳалла бошиман. Маҳалламга келиб-кетаётган ҳар қандай бегона шахс хусусида билишим, маълумот олишим шарт. Шу сабаб биз ҳам хонадонингизга келган бегона шахслар суҳбатида иштирок этишимиз шарт. Бизни уйингизга қўйинг. Акс ҳолда жуда катта куч билан келиб, хонадонингизни ишғол қиламиз. Ўртада кўнгилсизлик келиб чиқишини истамасангиз, бизга мулозамат кўрсатинг, – дея талаб қилди “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суяров.
“Тутзор” маҳалла оқсоқоли Суяровнинг талаби ва унинг ҳамроҳлигида Чориевлар хонадонига чақирилмаган меҳмон сифатида келган 4-5 нафар аёллар шахси АҚШ элчихонаси расмий вакилларини қизиқтириб қўйди.
Жаноб Антон Купер сиёсий бўлим ёрдамчиси Мамет Аскеров ҳамроҳлигида “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг бошчилигида Чориевлар хонадонида кутилмаган меҳмон бўлиш истагида ташриф буюрган 4-5 нафар аёллар ҳузурига – уй дарвозаси ёнига чиқишди.
– Мен мана шу маҳалланинг каттасиман. Маҳаллага ким келаяпти, ким кетаяпти, ҳисобини олиш, келган одамларнинг қай мақсадда ташрифига аниқлик киритиш менинг бурчим. Маҳалла бедарвоза эмас. Сизлар ўзи кимсизлар? Бу ерга нима учун келдинглар? Мақсадларинг нима?, – дея Суяров меҳмонларни саволларга кўмиб ташлади.
– Бугун Чориевлар хонадонига қандайдир бегона шахслар келганлигидан хабар топган ҳокимият мени Шаҳрисабз шаҳар ҳокимияти номидан бу ерга вакил қилиб юборишди. Мен “Дўстлик” маҳалласи маслаҳатчисиман. Ниятим, сизларнинг шахсларингиз ва мақсадларингизга аниқлик киритишдан иборат, – деди ўзини ҳокимият вакили сифатида таништирган аёллардан бири.
АҚШ элчихонаси мулозими жаноб Антон Купер “Тутзор” маҳалла фаолияти билан, маҳалла раиси Суяровнинг дунёқараши, фикр-ўйлари, амалга ошираётган ишлари билан қизиқди.
Шунингдек, элчихона расмий вакили “Сиз шу маҳалланинг отаси бўлсангиз, ўз маҳаллангизда яшовчи бир ойдирки хибсда қолаётган Ҳасан Чориев тақдирига аниқлик киритиш мақсадида қандай уринишларни амалга оширдингиз?” деган саволга жавоб олишга қизиқди.
– Мен Ҳасан Чориевнинг қаерда эканлигига аниқлик киритиш мақсадида шаҳар прокуратурасига, шаҳар ички ишлар бўлимига, шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилдим, отахонни кўп суриштирдим, – деди Суяров.
– Ўша мурожаатларингиз мазмуни билан танишсак бўладими? Бизга мурожаатингиз нусхасини кўрсата оласизми?, – илтимос қилди А. Купер.
– Йўқ, афсуски, кўрсата олмайман. Негаки, мен юқорида номларини санаб ўтган идораларга ёзма эмас, фақат оғзаки мурожаат этганман холос, – ҳозиржавоблик қилди “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суяров.
– Мазкур оғзаки суриштирувларингиз натижасида нималарга аниқлик киритдингиз? – маҳалла оқсоқолини яна суҳбатга тортди расмий вакил.
– Аниқлаган маълумотим шу бўлдики, Ҳасан Чориев бир қизнинг номусига тегиш жинояти билан 12 июнь куни қамоққа олинган экан. Чориевнинг қамоққа олинганлиги ҳақидаги бу хабарни мен 15 июнь куни эшитдим. Шу нарсага аниқлик кирита олдим, холос, – деди Суяров.
– Отам 17 июнь куни қамоққа олинган бўлса, сиз уларнинг қамоққа олинганлигидан қандай қилиб икки кун олдин – 15 июнь куни хабар топа қолдингиз? Ёлғонни эпласангиз гапиринг? – эътироз билдирди Ҳасан отанинг тўнғич қизи Зулайҳо Чориева.
Ўйлаймизки, бўлиб ўтган ушбу қисқа суҳбатнинг ўзиёқ Ўзбекистондаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз маҳалладошлари тақдирига не чоғлик “ғамхўр” эканлигидан далолат беради.
Ва назаримизда, АҚШ элчихонаси расмий мулозими жаноб Антон Купер дипломат сифатида ўз салоҳиятини намоён қила олди, яъниким, “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суяров билан бўлган мулоқот кўмагида ўз-ўзини бошқариш мақомига эга бўлган маҳалла тизимининг ҳақиқий башарасини ошкор қила олди.
Бир сўз билан айтганда, АҚШ элчихонаси вакилларининг Чориевлар хонадонига ташрифи ҳар томонлама самарали бўлди.
– АҚШ элчихонаси вакилларининг отамнинг қисматига қизиқиш билдириб келишлари, айниқса, кейинги пайтларда ташвишлар чўктириб қўйган онамнинг кўнглини кўтарди, уларга анча таскин берди. Онам турмуш ўртоғи – отамиз Ҳасан Чориевнинг тақдири билан қизиқувчи одамлар ҳам борлигидан жудаям кўнгли тоғдай кўтарилиб кетди.
Жаноб Антон Купернинг хонадонимизга ташрифи барча оила аъзоларимизнинг руҳиятини кўтарди, бизга руҳий ва маънавий қувват бўлди. Бунинг учун Ўзбекистондаги инсонлар ҳаёти ҳақида ҳамиша қайғурадиган АҚШ давлатига, АҚШ элчихонаси вакилларига ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз, – дейди Зулайҳо Чориева.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати