Бугун, 2013 йилнинг 17 июль куни тахминан соат 17.00 ларда туҳмат уюштириш орқали ҳамон хибсда сақланаётган 71 ёшли Ҳасан ота Чориевнинг Шаҳрисабздаги хонадони “жабирдийда” Матлуба Абдураимованинг “қардошлари” ниқобидаги шантажчи аёллар қуршовида қолди.
– 3-4 нафар шантажчи аёлларни уйимизга бу гал ўзимизнинг “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суяров ва уларнинг ёрдамчилари Кўпайсин ака деган одам бошлаб келди, – дейди Чориевларнинг кенжа келини Шоҳиста Маллаева, – Қизиғи, ўзларини Қарши шаҳридан келганликларини даъво қилишаётган аёлларнинг барчаси Шаҳрисабз шаҳрида яшашади. Ҳатто улардан бирини қўшни аёл таниб ҳам қолди. Шантажчиларнинг сафдошларидан бири Шаҳрисабз шаҳридаги “Қўшхона” маҳалла котиби Қурбоной опа экан.
Аввалига Қурбоной опа бошлиқ хотинлар ҳовлини бошига кўтариб ҳақоратни бошлаб юборишганди. “Қўшхона” маҳалласининг Қурбоной исмли котибини қўшнимиз таниб қолганлиги сабабли у хотин шерикларини олиб тезгина қочиб қолди.
Бу гал уйимизга Шаҳрисабздаги фоҳишахонанинг хотинлари томонидан ҳужум қилишни режалаштиришган экан. Дарвоза очиқлигидан фойдаланиб, уйимизга бостириб кирган шантажчи хотинлар қайнонамни ҳақорат қила кетишди.
“Эринг ёшгина жиянимизнинг номусини барбод қилди. Энди жиянимизни уй-жой билан таъминлайсанлар! Бир-икки хонали уй олиб берасанлар! Акс ҳолда жиянимизни мана шу ҳовлига ташлаб кетамиз. Унинг ҳам бу уй-жойларда ҳаққи бор! Ишни босди-босди қилиш учун бекорга шов-шув кўтармасдан муроса қилишга, номуси топталган жиянимзини уй-жой билан таъминлашга мажбурсанлар!” дея аёллар бирваракайига қайнонамга ёпиша кетишди.
Қайнонам рўза оғиз эди. Саратонда, ёзнинг узоқ кунида рўза тутиб, кечга бориб бутунлай ҳолдан тойиб қолгандилар. Шу сабаб уларнинг шантажчи аёлларга жавоб қилишга ҳам мажоллари йўқ эди.
Шу сабаб шантажчи аёллар билан мулоқот қилиш менинг гарданимга тушди, – оила келини Шоҳиста суҳбатни телефон орқали давом эттирди, – Энг қизиғи, уйимизга ўзларини шаъни топталган қизнинг қариндошлари эканлигини рўкач қилиб келганлар ҳатто ўша қизнинг исмини ҳам, яшаш жойини ҳам билишмаскан. “Жиянларингиз қаерда туғилиб ўсган?” деб сўраснагиз, “Қаршида” дейишади кўзларини лўқ қилишиб. “Номуси топталган қизларингизнинг исми нима?” деб сўраснагиз, “Ўша… им… ҳалиги…” деб тиллари калимага келмай қолишади. Уларнинг каловланиб қолишидан билдимки, улар Матлуба деган қизга мутлақо қариндош бўлишмайди, танишмайдиям ҳам.
Қолаверса, уйимизга келган босқинчиларга “Шундай қутлуғ Рамазон ойида бировга туҳмат қилишга Худодан қўрқмайсизларми? Мен келинлариман. Ўша куни ҳам туни билан қайнотамга укол қилиб чиққанман. Қайнотам сизларнинг оталарингиз қатори, ҳатто улардан ҳам ёши улуғроқдир. Ўрнидан қўзғалишга мадори йўқ касалманд кекса қария қандай қилиб ёшгина қизнинг номусини топташи мумкин? Бунга бизни ишонади деб ўйлайсизларми? Эртакларингизни бошқа жойга бориб айтинг? Рўзадор қайнонамни ортиқ қийнаманг” дедим….
Уларнинг важоҳати жудаям чатоқ эди. Афтидан ҳали бери кетадиганга, тинчгина кетадиганга ўхшамасди. Ҳали айтганимдек, яхшиямки уларнинг вағур-вуғири, дод-войини эшитиб эшикдан мўралаган қўшнимиз шантажчи аёллардан бирини таниб қолди. Шаҳрисабздаги “Қўшхона” маҳалласи котиби Қурбоной исмли аёлни таниб қолганди…. Ўша хотин қўшнимиздан уялганидан тезгина шерикларини олдига солиб, изига қайтиб кетди. Шантажчи аёллар бу гал биздан мол-мулк ундиришга келишганлиги маълум бўлди, – дея суҳбатга якун ясади келин.
– Аслида нима бўлганлигини ҳали ҳеч ким билмайди. “Ҳасан Чориев номусга тегиш жиноятини содир этди” дейилаётган ўша куни эрталаб милиция фомрасидаги икки ходим томонидан ўз уйимзидан алдаб олиб чиқиб кетилган отамиз тақдири ҳамон бизга қоронғу. Ўша куни аслида нима бўлган, буни фақат орган ходимларигина билишади, холос.
Отам айбдорми-йўқми, бу ҳам қоронғу. Аниқроғи, отамга қай усулда туҳмат уюштиришганлари бизга номаълум.
Ҳали ҳеч нарса аниқ бўлмасдан туриб “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси кўмагида уйимизга фоҳиша аёлллардан иборат “даллол”лар гуруҳининг ташланиши, инсон тақдири ҳақида савдолаша кетиши биз учун ҳайратли ҳолат, албатта, – дейди Ҳасан Чориевнинг тўнғич қизи Зулайҳо Чориева, – Ҳали отамнинг айби тўлиқ ўз исботини топмасдан туриб қандайдир кўча аёллари уйимизга мол-мулк талаб қилиб келишга қандай журъат қилишди?
Ким ўзи улар? Нима билганлари бор? Агар улар номуссиз аёл бўлмаганларида қиз боланинг шаъни ҳеч бир мол-дунё билан баҳоланмаслигини билишган бўлишарди. Бугунги ҳолатдан шундай хулосага келиш мумкники, демак, Матлуба масаласи турган битгани бўҳтон ва ёлғондан иборат.
Назаримда, Қаршидаги қайсидир фоҳишахонадан қўним топган қиз ҳаётидан зерикиб қолган. Ўзгача ҳаётни қумсаб қолган. Ёшроқ битта-яримтасига “осилиб” олай деса, биласиз, Ўзбекистонда ҳамма ночор. Ёш-ялангларнинг бировга, яна кимга, иславодхонадаги бир фоҳишага тавон тўлашга, енгилтабиат қизни уй-жойли қилишга қурби етмайди. Нима қилса экан? Шундай ўйдан боши қотиб турганда унинг кўнглидагиларини кўзгудагидек уқиб ўтирган Қашқадарёдаги орган ходимлари кўмакка келишган. Эҳтимол, қизни “ўқитишган”: “Шаҳрисабзда содда, осонгина тузоққа туширса бўладиган бир қария бор. Бир эмас, етти ўғли АҚШда. Макр тўрига туширсак бўлгани!” деб калласига сингдиришган.
Афтидан, ҳуқуқ идоралари ходимлари отамни “бели бақувват, АҚШдан оқиб келаётган пули кўп. Шунинг учун қарияни қўрқитиб қўйиш, истаганча шилиш мумкин” деб ўйлашган кўринади.
Отамдан моддий манфаатдор бўлиш масқсадида уюштирилган, адашмасам “номусга тегиш” билан боғлиқ бу чўпчакларнинг бари….
Маҳаллий ҳуқуқ идоралари Ҳасан Чориевга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан бу қадар катта шов-шув бўлиб кетишини кўнгилларининг кўчасига ҳам келтиришмаган. Шунчаки Матлубани топишган, мақсадлари йўлида қурол сифатида танлашгану, туҳмат уюштиришган.
Эҳтимол, орган одамлари “Бизнинг гапимизга кўнсанг, Ҳасан Чориевга чиройли бир туҳмат қилиб берсанг, кейин биз бобойдан келажагингни таъминлашга лойиқ маблағ, уй-жой ундириб берамиз” деб ёш Матлубанинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришгандир ҳам? – дея ўз тахминлари билан ўртоқлашади суҳбатдошимиз.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Ўзбекистонда 71 ёшли қария ҳамон орган ходимлари қўлида тутқунликда қолаётгани тахмин эмас, ҳақиқат.
Ва ўша кекса киши “номусга тегиш” жинояти содир этилди дейилган кун ва соатда айнан орган ходимлари томонидан ўз уйидан олиб чиқиб кетилганлиги ҳам бор гап.
Ва мана, бир ойдирки, хибсдаги Ҳасан Чориевнинг қонун билан қўрқиқланадиган ҳуқуқлари айнан Қашқадарё вилоят прокуратураси, Ички ишлар холимлари томонидан топталаётганлиги ҳам рост.
Ва яна энг муҳими, провокация йўли билан қамоққа олинган ва жиноят иши очилган Ҳасан Чориев “Бирдамлик” Халқ Демократик Мухолиф Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси эканлиги ҳам ёлғон эмас.
Провардида, айни дамда мухолиф сифатида диктатор Каримовни қақшаётганлиги учун ҳам Ҳасан ота ўғли Баҳодир учун Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматига тавон тўлаётганлиги ҳам айни ҳақиқат.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот хизмати



