ҲАМОН ХИБСДА ҚОЛАЁТГАН ҲАСАН ЧОРИЕВГА ЖИСМОНИЙ ВА РУҲИЙ ҚИЙНОҚ ҚЎЛЛАНИЛГАН…МИ?

 

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси О. Элмуродовнинг “Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлаш тўғрисида”ги шу йилнинг 18 июн кунги ажримига кўра 24 кундирки Қарши шаҳридаги 5-сонли тергов хибсхонасида сақланаётган Шаҳрисабзлик 71 ёшли Ҳасан Чориевга жисмоний ва руҳий қайноқ қўлланилган бўлиши мумкин.

 

АҚШдан сиёсий бошпана топган ўғли, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти туфайли провокация усули билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги айтилаётган Ҳасан Чориев айнан Қашқадарё вилоят прокуратураси ташаббуси билан хибсхонада ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинаётганлиги юқоридаги каби фараз ва тахминларга сабаб бўлмоқда.

 

Гап шундаки, 71 ёшли қариянинг ҳимояси учун ёлланган  “Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати адвокати Мели Холмирзаевга то шу чоққача мижози Ҳ. Чориев билан учрашишга рухсат берилмаётир.

 

Бу – Ҳасан Чориев адвокат иштирокисиз сўроққа тортилмоқда демакдир.

 

Куни кеча 10 июль куни ордерини қўлтиқлаганча мижози Ҳасан Чориев билан учрашиш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш истагида махсус рухсатнома олиш учун  такрор  вилоят прокуратурасига қадам ранжида қилган адвокат М. Холмирзаевнинг ҳафсаласи яна пир бўлди.

 

Шу пайтгача “Ҳасан Чориевнинг жиноят иши бўйича масъул терговчи Рустам Новчаев Тошкентда -15 кунлик сафарда” деган баҳоналар билан 71 ёшли қариянинг адвокати олган ордер қасддан расмийлаштирилмай келинаётган эди.

 

10 июль “Хизмат сафаридан” қайтган Қашқадарё вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Рустам Новчаев билан адвокат М. Холмирзаевнинг юзлашуви ҳам иш бермади.

 

Шу бугун катта терговчи Рустам Новчаев “Ҳали Ҳасан Чориев билан кўришишингизга эрта. Мижозингиз билан учрашишингизга яна 4-5 кун вақт бор. Шу сабаб Ҳ. Чориевни ҳимоялашингиз учун сизга қария билан учрашувга вақтинчалик изин бера олмайман” дея  адвокат Мели Холмирзаевга узул-кесил рад жавобини берди.

 

Умидлари пучга чиққан адвокат ноилож ортга қайтишга мажбур бўлди.

 

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, 18 июндан буён хибсда сайланаётган Ҳасан Чориевнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари айнан орган ходимлари томонидан тўхтовсиз бузилмоқда, оёқ ости этилмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, ҳамон хибсда қолаётган Ҳасан Чориевнинг мустақил ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов шу йилнинг 21-, 24- июнь кунлари  71 ёшли қарияга нисбатан кўзғатилган жиноят ишига оид процессуал ҳужжатларни – Ҳасан Чориевга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси ва номуси топталганлиги айтилаётган даъвогар Матлуба Абдураимованинг даъво аризаси нусхасини беришларини сўраб Қашқадарё вилоят прокуратурасига такрор-такрор  ёзма равишда мурожаат қилганди.

 

Бироқ, таассуфки, Ҳасан Чориевга нисбатан жиноят иши очиш тўғрисидаги қарор нусхаси ҳам, жабрдийда эканлиги иддао қилинаётган М. Абдураимованинг даъво аризаси нусхаси ҳам мана, 24 кундирки на мустақил ҳимоячи Ш. Рустамовга, на адвокат Мели Холмирзаевга ва на гумондорнинг оила аъзоларига тақдим этилмади.

 

Ҳамон хибсда қолаётган 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланмаётганлиги ва жиноят содир этганликда айбланаётган гумондор ҳуқуқининг айнан орган идоралари ходимлари томонидан қупол равишда бузилаётганлиги каби ушбу ғайриқонуний ҳолатлар кекса Ҳасан ота ўз ўғли Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти туфайли туҳмат таъмини тотаётганидан далолатдир.

 

Хўш, куни кеча, 10 июнь куни Қашқадарё вилоят прокуратураси катта терговчиси Рустам Новчаев хибсдаги Ҳ. Чориевнинг адвокати М. Холмирзаевга “Ҳали мижозингиз Ҳасан Чориев билан кўришишингизга эрта. Учрашишингизга яна 4-5 кун муддат бор. Сабр қилинг” деган мазмунда гап қилиб, ноқонуний иш тутишга, адвокат билан мижознинг кўришувига қонун талабларини била туриб, қасддан монелик қилишга қандай журъат этдийкин?

 

Истаймизми йўқми, бу ҳолат оқибатида юзага келаётган “Нима сабабдан? Боиси не?” деган каби саволларга жавоб ахтаришга мажбурмиз.

 

Шу ўринда адвокатнинг ўз мижози билан қонуний учрашувига рухсат берилмаслиги ортида хибсда қолаётган Ҳасан Чориевга жисмоний ва руҳий қийноқ қўлланилган бўлиши мумкин деган тахминга боришга минг карра ҳақлимиз.

 

Айни дамда Ҳасан Чориевга куч ишлатилган бўлиши, у оғир тан жароҳати олган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

 

Прокуратура ходимлари эса худди ана шу жиноятларини ҳаспўшлаш мақсадида адвокат билан учрашув уюштиришга шошилмаётганлиги, маҳбусдаги жароҳат изларининг йўқолишини кутаётган бўлиши ҳам мумкин.

 

18 куни суд ажримияга кўра эҳтиёт чораси сифтаида хибсга олинган Ҳасан Чориевнинг бугунги кундаги ҳолати, саломатлиги адвокати ва яқин қариндошларига ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

 

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот Хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares