ҲАМОН ХИБСДА ҚОЛАЁТГАН 71 ЁШЛИ ҲАСАН ЧОРИЕВНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ БУЗИЛМОҚДА

 

Шу йилнинг 12 июнь куни эрталаб тахминан соат 8.00 ларда ички ишлар формасидаги икки нафар ходим томонидан “Отахон, сизни вилоят прокурорининг ўринбосари президентга ёзган шикоятларингиз хусусида суҳбатга чақирмоқда. Биз билан бирга боришингиз керак” дея Шаҳрисабздаги ўз уйидан алдов йўли билан олиб кетилган 71 ёшли кекса касалманд Ҳасан Чориев Қаршигача бўлган икки соатлик масофани босиб ўтгач, аниқроғи, айнан ўша куни бир амаллаб Қарши шаҳрига етиб боргач, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судьяси О. Элмуродов ўзининг “Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлаш тўғрисида”ги ажримида “…Ҳасан Чориев…. 12 июнь куни соат 11.00 ларда Абдураимова Матлуба вақтинча яшайдиган Қарши шаҳар, Пахтазор митти тумани , 26- уй, 3- хонага келиб, … унинг қаршилик кўрсатишига қарамасдан … номусига теккан”лигини иддао қилмоқда.

 

Айнан ўша судьянинг ўша иддаосида илгари сурилаётган  сабабга асосан  шу йилнинг 17 июнь куни икки нафар ички ишлар ходимларининг “Вилоят прокурори ўринбосарининг қабулига, призидентга ёзган аризаларингиз борасида бўладиган суҳбатнинг давомига” дея  алдов йўли билан ўз уйидан такрорий равишда олиб чиқиб кетилган 71 ёшли Ҳ. Чориев ҳамон хибсда қолмоқда.

 

71 ёшли қариянинг Қарши шаҳридаги 5- сонли тергов хибсхонасини “зиёрат” қилишига эса Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси О. Элмуродовнинг 2013 йилнинг 18 июнь кеч соат 21.45даги “Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида”ги ажрими сабаб бўлган.

 

Прокурор ва терговчилардан чиққан тажрибали адвокатларнинг таъкидича, “Номусга тажжоввуз қилиш жинояти билан айбланаётган 71 ёшли қариянинг эҳтиёт чораси сифатида хибсга олиниши, бу – Ўзбекистон қонун тизимида учраган илк ҳолат. Улар илгари бирор мартаям бунингдек ғайритабиий, тушунарсиз воқеага дуч келишмаган. Гувоҳи бўлишмаган. Ҳали айби тўлиқ ўз исботини топмаган 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг эҳтиёт чораси сифатида хибсга олиниши ҳуқуқ-тартибод идораларининг ахмоқлигидан далолат ва бу ўта кулгили ҳолатдир”.

 

Бугун биз Ҳасан Чориевнинг исботланмаган жинояти учун хисбга олиниши адолатданми, йўқми, бу масалани муҳокама қилмоқчи эмасмиз.

 

Зотан бир неча кун давомида қаерда эканлиги оила азоларидан сир сақланган Ҳасан Чориевнинг қонунийми, ғайриқонунийми хибсга олинишидан ҳам ўзга муҳимроқ ва оламшумул воқеалар, инсон ҳуқуқларининг топталишига алоқадор жараёнлар борки, буни гапирмаслик, айнан ана шу жиҳатга урғу бермаслик мутлақо мумкин эмас.

 

Эҳтимол, 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг суд ажримига кўра эҳтиёт чораси сифатида хибсга олиниши билан келишиш, буни ҳазм қилиш мумкиндир.

 

Бироқ, 23 кундирки Қарши шаҳар 5-сон тергов  хибсхонасида сақланаётган 71 ёшли қариянинг ҳимояланиш ҳуқуқи айнан қонун идоралари ходимлари томонидан топталаётганлиги ҳолати билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади” дея алоҳида белгилаб қўйилган.

 

Қашқадарёлик ҳуқуқ-тартибод идоралари ходимлари эса Конститутциянинг 26-моддаси талабларини ўта қўпол равишда бузган ҳолда, сал кам бир ой давомида хибсда қолаётган Ҳасан Чориевни ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишган.

 

Хўш, қамоқда қолаётган фуқаронинг ҳимояланиш ҳуқуқи нима ёки нималардан иборат ўзи?

 

Жиноят содир этишда айбланаётган шахс то суд ҳукми билан айбдор деб топилмас экан, айбсиз ҳисоблар экан,  демак, кишининг қамоққа олиниши унинг айдбор эканлигини исботламайди.

 

Ва умуман, инсон ким бўлишидан қатъий назар: жиноятчими, айбдорми, йўқми, гумондорми – барча инсонлар  ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши шарт.

 

Хибсда махкумга, айбланувчига нисбатан жисмоний ва руҳий тайзиқлар ўтказилишининг олдини олиш учун ҳам у  ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан таъминланмоғи лозим.

 

Адвокат ёллаш ва адвокат хизматидан баҳраманд бўлиш, адвокат ҳимоясидан фойдаланиш имкониятининг яратилиши бу – ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан таъминланишнинг энг асосий ва олий омилидир.

 

Инсон ҳуқуқларига оид ушбу масалани хибсда сақланаётган Ҳасан Чориев мисолида кўрадиган бўлсак, биринчидан, Ҳасан Чориев 17 июнь куни эрталаб соат 8.00 ларда ички ишлар формасдиаги икки нафар ходим томонидан ўз уйидан алдов йўли билан олиб чиқиб кетилгач, қайтмади. Демак, орган ходимлари 72 соатдан сўнг 71 ёшли қариянинг қаерда эканлиги ҳақида оила аъзоларини хабардор қилишлари лозим эди.

 

Инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига оид ушбу оддийгина талаб ҳам  на прокуратура идоралари вакиллари томонидан ва на давлат томонидан Ҳ. Чориевнинг ҳимояси учун мажбурий тарзда номигагина тайинланган “макет” адвокат Убайдулла Жумаев томонидан амалга оширилмади.

 

Ваҳоланки, Ҳасан Чориев маҳкамага тортилганида ўзга адвокатга ишонмаслигини, ўз ҳимояси учун Тошкентдан ҳуқуқ фаоли, ўз мустақил ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов иштирокини таъминлашларини судья ва прокуратура идоралари вакилларидан бир эмас, ўн бора такрор-такрор талаб қилганди. Бироқ, гумондорнинг ушбу талаби ҳам қондирилмади.

 

Аксинча, “макет” – адвокат кўмагида Ҳасан Чориев банди этилди. Ва энг қизиғи, нима учундир номусга тегиш жиноятини содир этганликда айбланаётган 71 ёшли қариянинг қаерда эканлиги ҳаммадан, ҳатто оила аъзоларидан ҳам ниҳоятда сир тутилди.

 

Бунинг натижасида, Қашқадарё вилоятидаги барч аҳуқуқ идоралари остонасига бош ура-ура оталарининг дарагина топа олишмаган Чориевлар оиласи вакиллари Ҳасан Чориевни ИИБга қидирувга беришга мажбур ҳам бўлишди.

 

Полиздаги қўриқчиликдан ўзгасига ярамайдиган “макет” адвокат мабодо молияга муҳтож бўлиб қолмаганида эди, ким билсин, Ҳасан Чориевнинг хибсда эканлиги ҳамон сирлигича қолган бўлармиди?…

 

Хуллас, Ҳасан ота бедарак кетган куннинг 5 куни – 21 июнь куни тахминан соат 21.40 ларда давлат томонидан гумонланувчига мажбурий тарзда тиқиштирилган адвокат

У. Жумаев Чориевларнинг Шаҳрисабздаги хонадон телефонига сим қоқиб, адвокатлик ордери учун 200 000 сўм ундиришнинг пайида бўлди.

 

Адвокатнинг масъулиятсизлигидан фиғонлари фалакка чиққан Чориевлар оиласи вакиллари бунингдек “макет”нинг хизматидан бира тўла воз кечиб қўя қолишди.

 

Чориевлар хонадони аъзолари  яхшигина хақ эвазига янги, илимли адвокат ёлласак омадимиз кулади, отамизни ҳимоя қилади деган орзудан энтикишганди.

 

Бироқ уларнинг бу каби истаклариям иш бермади. Орзулари ҳечам амалга ошай демади.

 

Гап шундаки, Чориевлар оиласи вакиллари қидира-қидира Қаршида иккита бўлса биттаси, битта бўлсаям ўша якка-ю-ягонаси ўзи бўлган, довруғи кетган, кўп йиллик терговчилик стажига эга бўлган  адвокат Мели ака Холмирзаевни 25 июнь куни оталарига адвокатликка ёллашди.

 

“Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳаъати адвокати Х. Холмирзаевга не-не умидлар билан ордер олинганига ҳам бугун роппа-роса 15 кун бўлди.

 

Бироқ анча-бунча орган ходимларини  “ўтқазиб-турғазадиган” Мели ака ҳам мана, 15 кундирки хибсда сақланаётган Ҳасан Чориев билан учрашиш бахтини қўлга кирита олмади.

 

Айтишларича, Ҳасан Чориевга оид жиноят ишини олиб бораётган терговчи Рустам Новчаев бўлмаса, адвокатнинг ордерини оддий қоғоздан фарқи бўлмаскан. Қачонки, Новчаев жаноблари ордерга муборак имзоларини қўйиб, муҳир боссагина, тасдиқлаб берсагина ОРДЕР деганларига оёғу оғиз бунёд бўларкан, бир сўз билан айтганда жон битаракану, ана шунда Қарши шаҳридаги 5- сон тергов хибсхонасига киришга курби етаракан.

 

Лекин, 20 кундирки Ҳасан Чориевга нисбатан очилган жиноят иши терговига масъул бўлган терговчи Рустамжон йўқ.

 

Кимсан, шахсан вилоят прокурори Турдибоевнинг “фатвоси” билан Тошкентга, хизмат сафарига “бадарға” этилган.

 

– Мабодо терговчи Рустам Новчаев хизмат сафарида бўлса, вилоят прокуратураси тергов бўлимининг бошлиғи ордерингизнинг жонига аро кира олмайдими?, – сўрайди Чориевлар адвокат Мели Холмирзаевдан умид билан.

 

– Йўқ-да. Терговчининг қайтишини кутишга мажбурмиз, – дейди адвокат бўшашиб.

 

Бу дегани, ҳали иши судда қонуний тартибда  кўриб чиқилиб,  айби аниқланмаган, айбдорлиги ҳали ўз исботини топмаган, номусга тегиш  жиноятини содир этганликда айбланиб 23 кундирки хисбда сақланаётган Ҳасан ота Чориевга ҳамон  ўзини ҳимоя қилиш учун бирор бир  имконият яратиб  берилган эмас деган гап!

 

Ҳатто 71 ёшли қария адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқдидан ҳам маҳрумлигича қолмоқда.

 

Қонуний адвокатга ҳамон хибсдаги Ҳасан Чориев билан учрашиш учун руҳсат тегмаётир.

 

Айнан мана шу ҳолат Чориевлар оиласи вакилларини кундан-кун ташвишга солиб қўймоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг худди ўша 26-моддасида “… Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шавфқатсиз ёки инсон қадр-қимматининг камситилиши ва бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас” дейилган.

 

– 23 кундирки хибсдаги отамиз билан бизга –ку, учрашишга рухсат йўқ. Ҳатто ордер олиб берган адвокатимиз ҳам терговчини пойлаб прокуратура эшигида сарғайиб ўтирибди. 15 кундан бери терговчидан отам билан кўришиш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш учун уларнинг олдига адвокатимиз ҳам кира олмаяптилар.

 

Демак, биз отамизнинг ҳозирги аҳволидан, саломатлигидан мутлақо бехабармиз. Отамизга нисбатан таҳдид, босим, руҳий ва жисмоний қиноқлар қўлланилдими йўқми, бу ҳам то ҳозиргача сўроқ остида қолмоқда, – дейди хисбда қолаётган 71 ёшли қариянинг қизи Зулайҳо Чориева.

 

Дарвоқе, шу ўринда яна бир муҳим факт: адвокат Мели Холмирзаев шу йилнинг 25 июнь куни Қашқадарё вилоят прокурори Турдибоев номига номусга тегиш жиноятида айбланаётган Ҳасан Чориевнинг ёшини, бир марта инфаркт, бир марта инсулт, бир марта урологик жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказганлигини, саломатлигини инобатга олиб, мижози Ҳ. Чориевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бошқа бир эҳтиёт чораси турига алмаштиришларини сўраб илтимоснома киритган ҳам эди.

 

15 кундирки вилоят прокурори адвокат Мели Холмирзевнинг илтимосномасини қондириш ёки қондирмаслик ҳақида бир тўхтамга келолмай боши қотган кўринади, жавоб йўқ.

 

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 11- модда, 1-қисмида  ҳам жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир инсон токи унинг айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда очиқ суд жараёниларининг муҳокамаси орқали  тасдиқланмагунга қадар айбсиз деб ҳисобланиш ҳуқуқига эга.  Ва бунингдек жараёнларда  инсонга ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар яратилиб берилиши лозимлиги ҳақида сўз боради.

 

Хўш, ана энди ўзингиз айтингчи, Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқларига оид Умумжаҳон Декларацияси талаблари бажарилаяптими?

 

23 кундирки Қашқадарё шаҳар  5– сонли тергов хибсхонасида сақланаётган 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг ҳимоя қилиш ҳуқуқи таъминланганми?

 

Бизнингча эса йўқ. Айнан Қашқадарё вилоят прокуратураси мутасаддиларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари туфайли ҳамон хисбда қолаётган 71 ёшли Ҳасан Чориевни ҳимоя қилиш ҳуқуқи бузилмоқда.

 

«Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares