Қаршида калтакланган фаолларнинг ўзи ҳуқуқбузарга чиқарилди

 

Елена Урлаева соғлиги ёмонлиги боис маҳкамада қатнаша олмаган.
Елена Урлаева соғлиги ёмонлиги боис маҳкамада қатнаша олмаган.

Мустақил журналист ва «Бирдамлик»ҳаракатининг Ўзбекистондаги етакчиси Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, маҳкамада намойиш ўтказишга борганларни калтаклаган аёллар бир четда қолиб, ҳуқуқ фаолларинининг ўзи жиноятчига чиқарилган.

Бундан аввал, 3 июл куни Қаршида ҳуқуқ фаоли 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинганига қарши Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида норозилик акцияси ўтказишни режалаштирган 15 киши номаълум аёллар томонидан калтаклангани хабар қилинганди.

Қаршидаги маҳкамада Елена Урлаева соғлиги ёмонлиги боис қатнаша олмаган. Малоҳат Эшонқулова ҳам калтаклардан сўнг ўзининг зарур тиббий муолижага муҳтожлиги, бироқ маҳкамада қатнашишга мажбурлиги сабабли борганини айтади.

Эшонқуловага кўра, Шахрисабздаги шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш касалхонасидан маҳалла оқсоқоли ва нозирининг шифокорларни кўндириши билан мажбурий тарзда Қарши ИИБга олиб борилган фаоллар ва Чориевнинг қизи 4 июл куни «жабрдийда»сифатида ариза ва тушунтириш хати ёзишган. Тергов бўлимида ҳам уларни жабрдийда, деб тан олиш борасида қарор берилган.

Бугун 6 июл соат 10 да Қарши шаҳар маҳкамасида ҳуқуқ фаоллари Малоҳат Эшонқулова, Елена Урлаева ва Ҳасан Чориевнинг оила аъзолари устидан маҳкама бўлиб ўтган.Маҳкама уларни «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ўтказишга доир тартибларни бузишга оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик»да айбдор деб топиб, энг кам иш ҳақининг 75 баробарида жаримага тортган. Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 75 мингга яқин бўлиб, бу 6 миллион сўмдан ортиқ деганидир.

«Қизиғи шундаки, маҳкамада биз ҳуқуқбузар сифатида қатнашаётганимиз маълум бўлди. Мен намойишга қатнашиш учун эмас, журналист сифатида ёритишга борганман аслида. Бизни калтаклаган 20 аёлнинг бирортаси ҳам маҳкама залида йўқ эди. Мен уларнинг қаердалигини ҳакамдан сўраганимда, ҳакам Мустафоев ҳуқуқбузарлик ишларингга, қўл кўтариб калтаклаган аёлларнинг ҳуқуқбузарлигини аниқлаштирманг, деб айтди. Ўша аёллар қидирилмоқда, шахси аниқланмоқда, уларнинг иши алоҳида кўриб чиқилади, деди у. Ҳуқуқ идоралари томонидан ёлланган жангари аёлларнинг қочишига имкон берилди, бизни эса эртаси куни тез ёрдамга олиб борамиз, деб Қарши шаҳар ИИБтергов бўлимига олиб кетишди. Эрталаб 11дан кеч 22гача ушлаб ўтиришди. Маҳкама қароридан сўнг, мен 200 бетлик тергов ҳужжатларини ўқишга рухсат сўрадим. Ҳатто тергов ҳужжатларининг бирор жойида намойишга чиққанлар калтакланди, уларга тан жароҳати етказилди ва тиббий экспертизадан ўтказилди, дея келтирилмаган. Бизни сумкаларимизни, буюмларимизни тортиб олишди, кийимларимизни йиртишди, техник воситаларимизни синдиришди. Бу ҳақда эса умуман гап йўқ,- дейди Эшонқулова.

«Бу- ҳуқуқ тартибот органлари, прокуратура-суд фақат адолатни ҳимоя қилишдан кўра, «юқори»дан бериладиган топшириқни бажаришга мажбурлигини англатади», деб айтади ҳуқуқ фаоли.

Маҳкамада шунингдек, намойиш иштирокчилари белгиланган тарзда маҳаллий ҳокимиятдан рухсат олмасдан намойиш ўтказиш тартибини бузди, деган айб қўйилган.

Малоҳат Эшонқулова Чориевлар оиласи маҳаллий ҳокимиятларга намойиш ҳақида ёзма мурожаат қилгани, лекин вакилларнинг ўз касбига совуққонлиги, ҳаракатсизлиги туфайли улардан жавоб берилмаганини билдиради.

«Бирдамлик» ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев отаси 71 ёшли Ҳасан ота Чориевнинг Қашқадарё вилоятида ҳибсга олиниши ўзининг сиёсий фаолияти туфайли эканини айтади.

Вашингтонда яшайдиган Баҳодир Чориев ўтган ҳафтада Ўзбекистон элчилиги биноси олдида ҳукумат сиёсатига нисбатан норозилик акциясини ташкил қилган эди.

Баҳодир Чориевга кўра, ўзининг сиёсий фаолияти туфайли Ўзбек расмийлари кекса отасини жинсий тажовузда айбламоқдалар.

BBC

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares