Ўзбекистон: ота фарзанди учун жавобгар!

Ўзбекистонимизда нималар бўлмайди дейсиз. Мамлакат ўз мустақиллигини қўлга киритибдики, унда фақат жиноятчилар, халқ душманлари, террорчилар ва ҳакозо, ҳакозо, мустақиллигимизни, жаҳоншумул ютуқларимизни кўра олмайдиган қора ниятли кишилар зимдан фаолият олиб боради. Шўрлик ҳукумат, шўрлик президент…. Боши ташвишдан чиқмай қолди уларнинг.
Масалан, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Ғайбулла Жалилов исмлик бир “террорчи” пайдо бўлиб шаҳар аэропортини, Хонободдаги ҳарбий аэродромни, Қашқадарё вилят ҳокимлиги биносини ва Ўзбекистон МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати) Қашқадарё вилоят бошқармаси биноларини портлатмоқчи бўлди. Белига бомбадан белбоғ боғлаб!  Бу “террорчини” ҳуқуқ посбонлари вақтида қўлга олишди ва юқорида баён этганимиз каби жиноят иши ҳам очишганди. Лекин тезда каллалари жойига келиб, қарашдики, бу “террорчи” ўзини ўзи тўрт марта портлата олмас экан. Чунки у дастлабки террор ҳужумидаёқ  ўлади. Хатоларини кўриб, кўзлари мошдек очилган терговчилар уни бутунлай бошқа жиноятларда айблашга ўтиб олишди. Хуллас, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг фаол аъзоларидан бири бўлган Ғайбулла Жалилов 2009 йилдан бери Ўзбекистон колонияларида “одил суд” тайинлаган 13 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Бу сингари масқарабозликлар Ўзбекистон суд-тергов системасида тез-тез учраб туради.
“Қилни қирқ ёрадиган” ўзбек терговчилари аслида оддий ўғирлик жиноятларини ҳам оча олишмайди, балки одамларга туҳмат қилишда, ёш-ёш йигитларнинг, қизларнинг умрини хазон қилишда жонбозлик кўрсатишади холос. Улар халқнинг посбони эмас, балки ҳукуматни халқдан асраб келаётган посбонлардирлар. Бошқача қилиб айтгганда, улар жиноятчи ҳукуматнинг дастёрларига айланишган. Масалан, мамлакат ўз мустақиллигини қўлга киритибдики, Каримов ҳукумати ҳали давлат бошқарувида бирор янгилик яратмади. Ўша-ўша, эски зўравонлик, одамларни қатағон қилиш билан қўрқитиш, уларни хонавайрон қилиш билан ўз бирининг манфаатларини кўзлаган ҳолда сиёсат юрғизиш. Албатта буни сиёсат деб аташ ҳам ноўриндир, лекин бизда сиёсат айни мана шундай бўлиши керак деб тушунилади. Чунки бу авторитар режимдир!
Яқинда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яна бир ғаройиб жиноят иши очилди. Бу сафар 71 ёшдан ўтган оқсоқол Ҳасан Чориев 20 яшар Матлуба исмлик қизни зўрлаган, ёки зўрламоқчи бўлган. Жиноят ишидаги бу жумлаларни аниқ келтира олмаймиз албатта, чунки бу жумлалар қанчалик тез тарқалган бўлса, шунчалик тез йўқ бўлиб кетди. Отахон кимнидир зўрламоқчи бўлганлиги ҳақидаги маълумот Озодлик радиоси ўзбек бўлими сайтида ҳам пайдо бўлганди, лекин айни дамда у йўқ. Биз бу маълумотни ҳозирча фақат “Замондош” ва “Бирлик” сайтларида кўришимиз мумкин. “Қашқадарёда “Эзгулик” фаоли Ҳасан Чори ҳибсга олинди” деб хабар тарқатади “Бирлик” ўзининг “Ҳаракат” агентлиги сайтида (http://www.harakat.net/news/?id=14092).
“Бу ҳақда “Ҳаракат” мухбирига Ҳасан Чорининг қизи Зулайҳо маълум қилди. Зулайҳонинг сўзларига кўра, Ҳасан Чориев бугун Қашқдарё вилояти прокуратурасига суҳбатга чақирилган ва кечга яқин вилоят ИИБ томонидан ҳибсга олинган. Сўнгги марта қизи билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган 71 яшар Ҳасан Чориев ўзининг жинсий тажовузда айбланиб, ҳибсга олинганини таъкидлаган.

Лекин тахмин қилиш мумкинки, Ҳасан Чорининг қамоққа олиниши унинг АҚШда яшайдиган ўғли Баҳодир билан боғлиқ. Баҳодир Чори ҳозир кучли яширин ташкилот тузиб, Ўзбекистонда ҳокимиятни истаган вақтида қўлга олиш қудратига эгадир. Ўзбекистон режими Ҳасан акани гаровга олиб, Баҳодир Чори кучларининг Ўзбекистонга бостириб киришини олдини олмоқчи”. – деб ёзади Ҳаракат “агентлиги”.

Айни ҳукуматимизнинг  кўз қараши. Яъни Ўзбекистонга “Бирдамлик” халқ ҳаракати томонидан қандайдир катта хавф бор демоқчи бирликчилар:“…бостириб киришиши олдини олмоқчи”.
Айни мавзудаги лавҳаларни “Замондош” сайти саҳифаларида ҳам кўриш мумкин. Замондошчилар эса ўз хабарларини рус ва ўзбек тилларида беришган. Рус тилидаги Замондош лавҳасида 71 яшар оқсоқол бир аёлга нисбатан жинсий тажовуз қилгани ҳолатини тасдиқлашга уринилган бўлса (http://zamondosh.blogspot.se/2013/06/blog-post_20.html),  ўзбек тилидаги хабарда бу ҳолат инкор қилинади (http://zamondosh.blogspot.se/2013/06/blog-post_136.html).
Аслида 71 яшар қария Ҳасан Чориевнинг қамоққа олинишининг сабабини эса бутунлай бошқа жойдан излаш керак. Отахон набираси тенги Матлуба исмлик қизга тегажоқлик қила олмаслигини эса бизнинг ўзбек минталитетимиздан хабардор ҳар қандай одам тасдиқлай олади. Бу каби юзсизликни диний мутаасибликка юзтубан кетган араб ўлкаларидан изланса дурустроқ бўларди. Шунда ҳам арабларда ёш, ёш қизларни худди молдек сотиб олишади, зўрлашга эса уринишмайди.  Қашқадарёлик терговчиларнинг эс-ҳуши жойига келди шекиллик, тезда қария бировнинг қизини зўрлашга интилганлиги каби моддаларни олиб ташлашгандеек ва шу сабаб ҳам, кейинги вақтларда масаланинг бу томонига кам эътибор қаратилмоқда. Табийки, Ҳасан Чориев ё ўз уйига қайтиб келиши, ёки унга қўйилаётган айб аниқлаштирилиши ҳам керак эди. Аммо на униси ва на буниси бўлмади.
18 ва 19 июнь кунларида “Бирдамлик” халқ ҳаракати фаоллари Малоҳат Эшонқулова ва Шуҳрат Рустамовлар Қарши шаҳрига ташриф буюришди. Уларнинг кўзлаган асосий мақсади, жилла қурса кекса отахон Ҳасан Чориевнинг қаерда эканлигини аниқлашдан иборат эди. Озодлик радиоси ўзбек бўлимига суҳбат берган Малоҳат Эшонқулова Ҳасан Чориевнинг қаерда сақланаётганлигини аниқлаштира олмаганлигини таъкидлади (http://www.ozodlik.org/content/article/25020865.html).
Малоҳат Эшонқулованинг Озодлик радиосига берган интервьюсида таъкидлаганига кўра, 17 июнь кунида Ҳасан Чориев Қашқадарё вилоят ИИБ га унинг ёзган шикоят аризаларига кўра таклиф этилиб, ўша ерда ҳисбга олинган ва шу кунгача унинг қаерда сақлнаётганлиги номаълум қолмоқда. Маълумотларга кўра, Ҳасан Чориев билан Қашқадарё вилоят прокурорининг муовини суҳбатлашиши ҳам айтилган экан. Бу ўзбек ҳуқуқ посбонлари учун одатий ҳол. Бировга нима учун милицияга чақирилаётганлигини ҳам билдирмай таклиф этилади ва у ўша жойнинг ўзида, томдан тараша тушгандай бутунлай бошқа бир жиноятда айбланаётганлиги ҳам эълон қилинади. Оқибатда, бир инсон ҳуқуқлари поймол қилинган ҳолда тергов изольяторига ташланади.
“Бирдамлик” фаоллари олиб борган изланишлар бирор самара бермаганлигини айтади Малоҳат Эшонқулова.
“Вилоят прокуратурасида Ҳасан Чориев исмлик фуқаро келтирилмаганлигини ва у ҳеч кимнинг қабулида бўлмаганлигини, тергов ҳам қилинмаганлигини айтишди Қашқадарё вилоят прокуратураси ходимлари. Биз қарши шаҳар ИИБ борганимизда у ерда ҳам 17 июнь кунида ҳеч қанақа Ҳасан Чориев исмлик одам Қарши шаҳар ИИБ олиб келинмаганлигини ва ҳибсхонада сақланмаётганлиги ҳақида оғзаки жавоб олдик. Улар шикоят аризаларимизни олишдан ҳам қатъий бош тортдилар.” – дейди Малоҳат Эшонқулова.
71 ёшдаги отахоннинг тақдири ҳозиргача номаълум қолаётганлиги айтилсада, уни аслида судга олиб борганлари ва “милицияга бўйисунмади” деган баҳона билан ўн, ёки ўн беш сутка қамоққа ҳукм қилган бўлишлари ҳам мумкин. Чунончи, мақоламиз бошида келтирганимиз, қаршилик ҳуқуқбон Ғайбулла Жалилов ҳам аввалида милиция томонидан ушланиб олиб кетилган, кейинчалик унинг 15 суткалик жазога тортилганлиги аниқ бўлганди. Айни жазонинг кетидан 13 ймиллик қамоқ ҳукми ҳам уланиб кетганди ўшанда  Демак, Ҳасан Чориев ҳам шунақа тартибда қамоққа олинганлигини тахмин қилишимиз учун етарлик асослик бор экан.
Албатта бир савол туғилади. Нега 71 яшар қария милиция органларини қизиқтириб қолди? Умуман, ҳукумат нега унга ташланиб қолди экан?
Маълумки, Ҳасан Чориев атрофидаги ташвишлик ҳолат бир неча йилдан бери давом этиб келаётганди. Унинг фермерлик хўжалигининг талон-тарож қилиниши, бунинг ортидан унинг ўзига йирик миқдорда жарима солиниши каби ҳолатлар. Аммо буларнинг ҳаммаси ўтган йилда Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган умумий авф сабаб, ўз кучини йўқотди ҳам. Аммо нега тағин ҳибсга олинди? Жавобни эса Россиянинг  “Росбалт” сайтида журналист Игорь Ротарнинг “Юк машинасида Каримовга қарши” деб сарлавҳаланган мақоладан излаш керакка ўхшайди (http://www.rosbalt.ru/exussr/2013/06/04/1136995.html).
Мақолада Ҳасан Чориевнинг АҚШ ларида яшайдиган ўғли, “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари

бўлган Боҳодир Чориевнинг Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ҳаракатлари акс эттирилган.

Игорь Ротарь ўз мақоласида “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари Боҳодир Чориевнинг АҚШ да яшаб Ўзбекистон ҳукуматига қарши сиёсий мухолиф фаолиятини давом эттрраётганлигини ёзган. Муаллифнинг келтирганига кўра, юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган Баҳодир Чориев ўзи бошқараётган автомобиль кабинасини ҳам Каримов режимига қарши мобиль агитация марказига айлантирган.
Мақоладан иқтибос келтирамиз: “Лекин Боҳодир маъюс эмас. АҚШ да 25 минг атрофида ўзбеклар яшайди. Бундан ташқари Европада ҳам бир неча минг ўзбек бор. Афғонистонга қочган ҳамватанларимдан фарқлик, бизнинг кўпчилигимиз исломий мутаасиблар эмасмиз, балки дунёвий демократик давлат тарафдорларидирмиз. Биз дунёни кўрдик, ўзбекона қиёс билан айтганда каттагина капитал соҳибларига ҳам айландик. Агар биз бошларимизни қовуштира олсак, йирик сиёсий кучга айлана оламиз!”.
Айни мана шу мақолада ҳаракатнинг Ўзбекистон ичкарисида тинч йўллар билан инқилобий ўзгаришлар тайёрлаётганлиги, бунинг учун маблағ сарфланаётгани, ҳамда Боҳодир Чориевнинг ўзи бир неча Америка мутахасислари билан учрашганлиги ҳам баён этилган.  Хусусан, рангли инқилоблар мутухасиси бўлган, АҚШ армияси жосуслик хизматининг собиқ полковниги Роберт Хелви билан.
Мақола бошидаёқ  Боҳодир Чорив ўзининг келажакда Ўзбекистон президенти лавозимига келишига ишониши битилган бўлиб, бунда у мутлоқ илмий асосларга таянган ҳолда рангли инқилобни амалга оширишга интилаётгани билдирилади.
Мақоладан иқтибос:  “Мен рангли инқилоблар бўйича барча адабиётларни ўрганиб чиқдим,  бу назариянинг асосчиси бўлган Гарвард университети профессори Джин Шарп билан, яна АҚШ армиясининг жосуслик бўлими собиқ полковниги, Вьетнам уруши фахрийси бўлган Роберт Хелвилар билан шахсан учрашдим. Менинг маблағларим эвазига Гарвард университети профессорининг турли режимларни ағдаришда қўлланма бўла оладиган “Диктатурадан – демократияга” асари ўзбек тилига ўгирилди”.
Кўриниб турганидек, айни мана шу жумлалар ва Росбалт сайтидаги мақолага киритилган бир неча суратлар “Бирдамлик” раҳбарига нисбатан чора қўлланилишига сабаб бўлган. Албатта режимнинг АҚШ даги Боҳодир Чориевга  қўли етмайди, демак бошқа йўлларни излаш керак экан. Ўзбекистон қонунлар амал қилмайдиган мамлакат эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Боҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев қасос учун яққол мақбул келадиган номзад. Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтмоқ лозимки, журналист Игорь Ротарнинг мақоласи эълон қилиниши ортидан, 71 ёшлик Ҳасан Чориев жинсий тажовуз қилганликда айблана бошланганди.
Бироқ, Ўзбекистон шунчалар хафлик мамлакатмикин? Албатта ҳар кимда ҳар хил фикр ва мулоҳаза бўлиши мумкин. Мустақиллик йилларида Ватанимиз бўлган Ўзбекистон қийноқлар билан, порахўрлик ва коррупция билан анча танилди. Аҳвол яхши томонга қараб ўзгараяптими? Яқинда, аниқроғи шу йилнинг 18 июнь кунида Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати партиясининг сайтида ажиб бир хабар эълон қилинди (http://www.harakat.net/news/?id=14097).
Хабарда айтилишича,  «Бирлик» Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охунов Швеция парламенти Риксдагнинг ташқи ишлар қўмитаси раис ўринбосари, парламентда энг кўп овозга эга бўлган Социал-демократлар партиясининг вакили Урбан Аҳлин (Urban Ahlin) билан учрашув ўтказибди.
Хабардан иқтибос: “Учрашувни бошланишида Пўлат Охун яқинда март ойида Ўзбекистонга касал онасини кўриш учун 72 соатга киритилгани ҳақида гапириб берди ва ҳукуматнининг бу қадамини ижобий қадам ва айни замонда демократик мухолифат вакилларига ҳукуматнинг позицияси ўзгараётганининг белгиси деб баҳолади. У «Ўзбекистонга киритилганим демократик мухолифатни ватанга кайтиши учун олиб бораётган ҳаракатларни амалга ошириш йўлидаги кадамлардан бири» эканлигини билдирди”.
Ажойиб! Албатта Пўлат Охун мана шу учрашувидан бир кун илгари, яъни 17 июнь кунида АҚШ да яшаётган бир мухолифатчининг отаси ҳибсга олинганини билмай қолган, ёки билсада уни инкор этган. Бироқ, уннинг даъво қилганига кўра,  Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бор экан(?). Қизиқ, агарда Боҳодир Чориев Пўлат Охуновнинг гапига ишониб Ўзбекистонга кириб борса ҳоли нима кечаркин? Ахир ундан қасос олиш учун отасини қамаб ўтирибдилар-ку.
Афсуски, бизда “Бирлик” бор, “Бирдамлик” бор, турли халқ ҳаракатлари  бор, аммо том маънодаги ўша бирлик, ўша бирдамлик ва халқнинг ҳаракати йўқ. Бизнинг мана шу бўлинишларимиз, аниқроғи бир мақсадда бош бириктира олмаслигимиз боисидан ҳам ватанимизда диктатура режими гуллаб яшнаяпти. Керак бўлганида ўзимиз тугул, ака-укаларимизни, ота – оналаримизни, борингки дўстларимизни ҳам қамоққа ташлашмоқда. Зотан, қонуний ҳукумат бундай қилишга ҳақли эмас!
Ўзбекистонда кечаётган бу каби жараёнларга халқаро ташкилотлар ва тараққий этган мамлакатларнинг дипломатик миссиялари бефарқ бўлмасликлари керак!  Улар нафақат Ҳасан Чориев, балки бошқа туҳматга учраб турмаларда азобланиб ётган одамлар қисматига ҳам эътибор қаратсалар дуруст бўларди. Ваҳоланки, айни мана шу ҳукуматимиз бугун АҚШ ва Европадаги аксар мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланишини нима билан изҳор этиш мумкин? Албатта улар ўзларича асос ҳам топиб олишган. Эмишки, Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар содир бўлса исломийлар ҳукумати вужудга келаркан. Демак, шунинг учун ҳам диктатура режимини қўллаб туришлик маъқул эканда(?).
Шундай бир латифа бор. Афандидан сўраган эканлар. “Мулло Насриддин, сиз ҳам ҳеч ёлғон сўзлайсизми?”. Шунда Афанди жавоб берибди: “Ҳа, ёлғончилар орасида рост сўз топа олмай қолганимда, ёлғон сўзлайман”.
Бизнинг бошимизда турган режим ҳам ёлғончилар орасида рост сўз топа олмай қолаяптими, ёки бошқа сабабми, ишқилиб ёлғонлар билан яшаяпти. Туҳматлар авж олган ва ҳақиқатнинг юзига этак тортилган.  Юртнинг келажаги нима бўларкин, буни энди Худо билади. Бандаси эса, айниқса ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳар қаерда бўлсин ожизу ночор қолиб келмоқда.
Тўлқин Қораев
Швеция.
Муаллиф: сана: 6/20/2013

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares