Ҳасан ЧОРИЕВ ҚАЕРДА?

 

Шу йилнинг 17 июнь куни эрталабдан буён Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Носир Бердиев кўчаси 10- уйда истиқомат қилувчи хонадон соҳибларининг қалбини худди ана шу савол тимдалайди: “Ҳасан Чориев қаерда?”.

 

Илгари хабар берганимиздек, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси  Ҳасан бобо Чориевни 17 июнь куни эрталаб ички ишлар формасидаги икки ходим “Ёзган аризаларингиз бўйича вилоят прокурорининг ўринбосари суҳбатга чақирмоқда, юринг” дея олдиларига солиб кетишган эди. Шу-шу отахондан дарак йўқ.

 

17 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 21.30 ларда хонадони телефонига нотаниш рақамдан сим қоққан Ҳасан Чориев “Мени қамоққа олишди” деган хабарни беришга улгурган холос.

 

“Хибсда сақланаётган” Ҳасан Чориевга уст-боши ва егулик олиб Қашқадарё вилоят ИИБ сига борган “маҳбус”нинг оила аъзолари, афсуски, 18 июнь  куни отахоннинг дарагини топишга муваффақ бўла олишмади.  Вилоят ИИБ ходимларининг мутасаддиларига кўра: “Ҳасан Чориев исмли фуқаро ИИБ идорасига келтирилмаган. Сўроқ-саволга тутилмаган.”

 

Шундан кейин Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасига мурожот қилган Ҳасан отанинг яқинлари мазкур даргоҳ ва хибсхонадан ҳам оила бошлиғининг “иссиқ изини” топишга муваффақ бўлишмади.

 

Қарши шаҳар ИИБсидан “Биздаги рўйхатда бунингдек одамнинг исм-шарифи қайд этилмаган. Манзилда адашган кўринасиз. Отахонни вилоят прокуратурасидан суриштиринг” деган жавоб бўлди.

 

Кўп афсуски, вилоят прокуратураси ҳам Ҳасан Чориевнинг тақдири ҳақида унинг яқинларига аниқ бир маълумот айтишга ожизлик қилди.

 

Шундан сўнг вилоят ИИБ ходимларининг маслаҳатига кўра Ҳасан Чориев Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлими ва туман прокуратурасидан ва ҳатто Чироқчи туман ИИБсининг маҳбусларни вақтинча сақлаш хибсхонасидан ҳам керагича суришгтирилди:

Не ажабки барча қонун идоралари ходимлари жим, барчаси гунг: Уларнинг ҳеч бири Ҳасан Чориевни танимайди ва кўрмаган.

 

Шаҳрисабз туман Миллий хавфсизлик идораси ва Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик ташкилоти ҳам  отахоннинг яқинлари эътиборидан четда қолган эмас.

Уч каунлик суриштирув бир инсоннинг – мухолиф ташкилот етакчиси Баҳодир Чориевнинг падари Ҳасан Чориевнинг тақдирига, айни дамда қаерда қай ҳолатда эканлигига  аниқлик кирита олмади.

 

Қашқадарё вилоятининг таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари Нодир Аҳатов ва Гулшан Қораеваларни  ҳам  Ҳасан Чориевнинг тақдири бефарқ қолдирган эмас.

 

Ниҳоят, суриштирув ва қидирувнинг учунчи кунида Н. Аҳатов ва Г. Қораевалар ҳам отахон тақдирига аниқлик киритиш масаласида унинг оила аъзоларига кўмакка келишди.

 

– Менинг фикримча, Ҳасан Чориев ўғли Баҳодир Чориевнинг мухолифат йўлидаги уринишлари учун Ўзбекистон Ҳукуматининг куч ишлатар тизимлари томонидан гаровга олинган. Бундай пайтда ҳар қандай ҳолатга, қақшатгич зарбага тайёр туриш керак бўлади. Аслида, сиз ҳам, биз ҳам, умуман, Ўзбекистоннинг 30 миллон аҳолиси  Каримов қўлидаги гаровлармиз, – деди ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов.

 

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг тавсиясига кўра, аввалига Ҳасан ота Чориевнинг дарагини топиш мақсадида  вилоят шифохоналари кўздан кечирилди: Гулшан Қораева ва Нодир Аҳатов ҳамроҳлигида отахоннинг оила аъзолари аввалига вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказида бўлдилар.

 

Мазкур шифохона муассасасининг қабул бўлимида Ҳасан Чориев номи қайд этилмаганлигидан хабар топган фарзандлари,  ҳуқуқ фаоллари, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати вакиллари ноилож вилоят ўликхонаси (морг)га довур мурожаат этишга мажбур бўлишди.

 

– Биз отамиз Ҳасан Чориевни қидирмоқдамиз. Отамизни 17 июнь куни эрталаб икки нафар ички ишлар формасидаги ходамлар “вилоят прокуратурасига суҳбатга” дея олиб кетишганларича уйга қайтмади, – дея гап бошлади Зулайҳо Чориева морг ходимларига.

 

Бир зумда ўликхонанинг ўзига хос таърифлаб бўлмас бўйи  “меҳмонлар”нинг димоғига “ўтириб”  қолди.

 

– Яхши келибсизлар. Марҳамат, бизда бор йўғи битта мурда бор холос, кириб кўришларинг мумкин, – изин берди морг ходими.

 

– Ўша мурданинг шахси аниқланганми, йўқми? Биздан ҳам бошқа бирор бир инсон йўқолиб қолган қариндошини қидириб келганмиди, сизларга мурожаат қилганмиди? Марҳум неча ёшларда?  – морг ходимини саволларга кўмди Гулшан Қораева.

 

– Йўқ, шу пайтгача мурдани таниб олиш учун ҳали  сизлардан бошқа ҳеч ким  келган эмас. Марҳум 70 ёшлар атрофидаги отахон. Кириб, кўриб, белгиларини таниб олишларингиз мумкин, – деди ўликхона хизматчиси.

 

– Эй, Худо, билмайсизми, қаерлик, қай бир тумандан экан?, – юрагини чангаллади Зулайҳо Чориева.

 

– Марҳум 70 дан ошган қариями? Наҳотки биз қидираётган кимса бўлса? – хитоб қилди яна кимдир.

 

Шаҳрисабзлик Ҳасан Чориевнинг изини қидириб келган оила аъзолари ва дўстлари бир-бирларига ваҳима аралаш саволомуз қараганларича бир зум сўзсиз ҳайкалдек қотиб қолишди….

 

( давоми бор)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares