“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг БАЁНОТИ

 

Дилдора Боймуродова

«Американский дальнобойщик – будущий президент Узбекистана?» мақоласи учун “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаоллари тавон тўлайди… ми?

 

Сўнги кунларда иқтидорли журналист Игорь Ротарьнинг “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг Каримов режимининг ноинсоний бошқарувига нисбатан мухолиф фикрлари ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалари Росссия матбуотида бўй кўрсатгач Ўзбекистон ҳукуматинининг пойтавасига қўрт тушиб қолган кўринади.

Ёш мухолифатчи Баҳодир Чориевнинг дадиллигидан дарғазаб бўлган Ўзбекистонни амалдаги ҳукуматининг “қўли узун”  қонун идоралари вакиллари аввалига 17 июнь куни “Бирдамлик” етакчисининг Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи 71 ёшли отаси Ҳасан Чориевни “ўғирлаб” кетишганди.  Натижада, мана, икки кундирки Ҳ. Чориев еру кўкда йўқ, унинг тақдири ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

Бироқ Каримов ҳукумати шу билан ҳуружларга ҳотима ясаса кошки эди.

Аксинча, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати деб аталувчи мухолиф ташкилотнинг Ўзбекистон бўлимини янчиб ташлашга астойдил бел боғлаган.

Каримов ҳукуматининг айни ғараз мақсаддаги навбатдаги қутқуси Ҳаракатнинг Навоий вилоят бўйича етакчиси Дилдора Боймуродовага қаратилди.

Шу йилнинг 18 июн куни  эрталаб йўлга отланган “Бирдамлик” ҲДҲ етакчиси Дилдора Боймуродова ўзини таништирмаган ИИБ формасидаги “қароқчилар” томонидан кутилмаганда қўршовга олинди.

Ўзларини таништиришни эп кўрмаган икки нафар ИИБ ходими Д. Боймуродованинг  қўлидаги ноутбук  ва ҳужжатлари солинган сумкага чанг солишди. Бирдамлик етакчисининг ўзи эса куч ишлатиш йўли билан ҳеч бир тушунтириш ва изоҳсиз Кармана туман Ички ишлар бўлимига судиргилаб келинди.

“ У ердаги милиция ходимларининг ўзаро суҳбатларидан англаганим шу бўлдики: улардан бири Кармана туман ИИБ ходими Дилмурод Ҳамроев экан. Улар томонидан қўлимдан юлқиб олинган сўмкамда орг.техникаларим, суд қарорлари ва шу каби ҳужжатларим бор эди. Улар мени ҳеч бир асоссиз маҳаллий вақт билан соат 15.30 га қадар олиб ўтиришди” дейди Ҳаракат етакчиси Дилдора Боймуродова.

 

Узоқ мазмунсиз савол-жавоблардан кейин Кармана туман Ички ишлар бўлимининг “қароқчилари” Д. Боймуродованинг  сумкасини олиб қолишиб, қўлига фақат ён дафтарчани тутқазишганча, жавоб бериб юборишди. Натижада, тушлик қилмагани учун тинкаси қуриган “Бирдамлик” етакчиси хушини йўқотиш даражасига бориб  етди. У кўзини очганида ўзини шошилинч тез тиббий ёрдам биносида кўрди.

 

“Телефоним ва оргтехникаларимни олиб қўйишди.  Ҳужжатларимни ҳам” дейди саросимага тушиб қолган Дилдора Боймуродова.

 

Бир сўз билан айтганда Кармана туман Ички ишлар бўлими ходимлари мухолифатчини орг.техникадан – иш қуролидан мосуво қилшга муваффақ бўлишди.

 

Ҳали бу ҳаммаси эмас:  “Айни дамда уйимдаман. Кўнглим айниб тўхтовсиз қайт қилмоқдаман. Бехуш ётганимда шошилинч тез тиббий ёрдамда менга қанақанги  укол қилишганларидан ҳам бехабарман.   Ҳозир  бугун кун бўйи бўлиб ўтган воқеаларнинг барча тафсилотларини  ҳарчанд уринмай, негадир  эслай олмаяпман. Эслашга қийналаяпман. Хотирамдан ўчириб ташлангандек. Гуё узоқ туш кўргандекман.  Ҳамма хавотирим ана шундан” дея ташвишли хабар беради  “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Навоий вилоят бўлими етакчиси.

 

“Бирдамлик” ХДҲ Дилдора Боймуродованинг ушбу мазмундаги билдиргисидан кейин  “Куч ишлатар тизимлари навбатдаги Ҳаракатимиз етакчисига психатроп – руҳий таъсир кўрсатувчи муолижа қилишга қўл урмадимикин деган хавотирда. Ёш мухолифатчининг кейинги тақдири, саоғлиғидан қаттиқ ташвишда.

 

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ходимлари томонидан Дилдора Боймуродовага нисбатан қўлланилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар, қўрқинчли қутқулардан келиб чиқиб “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати баёнот беради:

 

Айни дамда Ўзбекистон ичкарисида фаолият олиб бораётган “Бирдамлик” фаолларининг, мухолифат вакилларининг тақдири хавф остида. Уларнинг ҳаётига айнан ҳукуматнинг ўзи хатар солмоқда.

 

Ташвишли ва хатарли ҳолатдан келиб чиққан ҳолда “Бирдамлик” ХДҲ барча мухолиф кучларни, дунё ҳамжамиятини, умумжаҳон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти жонкуярларини Ҳаракат етакчиси Дилдора Боймуродова ва унинг сафдошлари тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиради.

 

Ва Ўзбекистон ҳукуматидан, Навоий вилоят қонун идоралари ходимларидан  мухолифат фаолига нисбатан қўлланилаётган босим ва руҳий қийноқ каби айни воқеаликлар юзасидан тушунтириш беришларини талаб қилади.

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares