Обама суриялик исёнчиларга қурол етказиб беришни маъқуллади

АҚШ президенти Барак Обама суриялик исёнчиларга бир қатор қуролларни етказиб беришга рухсат берди. Бу ҳақда, вазият билан таниш манбага асосланиб, 13 июнь куни Reuters ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Қуроллантириш Сурия мухолифатига кўрсатиладиган ҳарбий ёрдам пакетининг бир қисми бўлади. Суриялик исёнчиларга айнан қайси қуроллар ва қачон етказиб берилиши ҳақида агентлик манбаси маълумот бермаган.

Сурия мухолифатига тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатилиши ҳақида Оқ уйда 13 июнь куни, тонгда ҳам айтилган эди. Ушбу ёрдам қандай кўринишда бўлиши, у ўзи ичига учувчи қурилмаларни ҳам оладими-йўқми – бу ҳақда расмий даражада ҳеч қандай маълумот берилмаган эди. Вашингтон бир неча ойдан бери Сурия мухолифатига ножанговар ҳарбий захиралар, шунингдек, озиқ-овқат ва дори воситаларини етказиб бермоқда, бироқ исёнчиларнинг тўғридан-тўғри қурол етказиб бериш ҳақидаги илтимослари мунтазам рад этиб келинаётган эди.

Сурия мухолифатига ҳарбий ёрдамни кенгайтириш тўғрисидаги қарор АҚШ Сурия президенти Башар Асад кучлари исёнчиларга қарши курашда кимёвий қуроллардан фойдаланганини тасдиқловчи маълумотларга эга эканлиги ҳақидаги баёнот билан бир вақтда янгради.Америка ҳукумати маълумотларига кўра, кимёвий қурол, жумладан, асаб тизимини ишдан чиқарувчи зарин газидан Сурия ҳукумати «чекланган миқёсда» сўнгги ойларда бир неча бор фойдаланган ва бу 100 нафардан 150 нафаргача кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.

АҚШ президенти Барак Обама 2012 йилнинг ёзидаёқ Сурия ҳукумат қўшинлари томонидан кимёвий қуроллардан фойдаланиш «қизил чизиқ»ни босиб ўтишга тенг бўлишини ва бу Сурия низосига хорижий кучларнинг аралашуви учун йўл очишини айтиб ўтганди.

http://kun.uz

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares