«Бирдамлик» Бухоролик Бобомуродавга нисбатан бўлаётган босимларга барҳам берилишини талаб қилади

«Бирдамлик» Бухоролик Бобомуродавга нисбатан бўлаётган босимларга
барҳам берилишини талаб қилади

Ҳозиргина “Эзгулик” жамиятининг баёнотидан жамиятнинг Бухоро вилояти
бўлими раиси Бобомурод Раззоқовнинг қонунга хилоф равишда вилоят
ИИБсига олиб кетилганидан хабар топдик.

“Милиция бошлиғига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов хорижий
радиолар ва оммавий ахборот воситалари орқали вилоят шаънини
булғамоқда, обрўсини тўкмоқда” дея хабар берилади баёнотда.

Бу каби кўргуликлар нафақат Бобомуродовнинг балки Ўзбекистонда фаолият
олиб бораётган ҳар бир ҳуқуқбоннинг бошида бор савдо.

Ачиниш билан айтишимиз мумкинки, айни дамда мамлакатда минглаб
Бобомуродовлар маҳаллий ҳокимиятнинг, қонун идораларининг тўраларча
муносабати туфайли режимнинг қурбонига айланганлар ва
алантирилмоқдалар.Энг аянчлиси, Бобомуродов каби адолат курашчилари айнан инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, қонунни муҳофаза этишга масъул
ҳуқуқ-тартибод идоралари ходимлари томонидан ноҳақлик тўрига, туҳмат
қопқонига туширилмоқдалар. Айбсиз айбдор сифатида минг бир балога
гирифтор этилмоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячисини сўроқққа тутган ва “ Бобомурод Раззоқов хорижий
радиолар ва оммавий ахборот воситалари орқали вилоят шаънини
булғамоқда” дея иддао қилаётган  вилоят ИИБ Жиноят қидирув ва
терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев афтидан
Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари  ва эркинлиги”
тўғрисидаги қонун моддаларини синчиклаб кўздан кечирмаган кўринади.

Ваҳоланки, мазкур Қонуннинг 3- моддасида “Ҳар кимнинг ахборотни излаш,
тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя
қилинади” деб белгилаб қўйилган.

Шу маънода, Бобомурод Раззоқовнинг вилоятда рўй бераётган ворқеа
ҳодисаларга оид ахборотларни тўплаши ва тарқатиши қонунан
таъқиқланмаган. Шундай экан ИИБ терговчиси А. Андаев ҳуқуқ фаолининг
воқелик хусусида хабар тарқатиш ҳолатида жиноят аломатлари ёхуд
ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар зоҳир эмаслигини яхши англаган бўлиши лозим
эди.

Фикру ожизимизча, Бухоро вилоят ИИБ ходимларининг ўзи ҳали мамлакат
қонунларини чуқурроқ ўқиб ўрганишга, ўзлаштиришга муҳтож.

ИИБ ходамларидаги ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, “Бирдамлик”
Халқ Демократик Ҳаракати фаоллари Бухоро вилоят Жиноят қидирув ва
терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаевни ўз устида
жиддий ишлаши ва қонунлар моҳиятинини англаб етиши, ўзлаштира олишлари
учун ўз малакасини ошириши лозим ва шарт деб ҳисоблайди.

Биз “Бирдамлик”чилар Ички ишлар Вазирлигидан Алишер Аннаевни зудлик
билан малака ошириш машғулотларига жалб этилишини талаб қиламиз.

Акс ҳолда Аннаев каби ИИБнинг чаламўллалари  юзлаб
ўзбекистонликларнинг уйини куйдириши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Шунингдек, биз, Ҳаракат фаоллари Ўзбекистон ҳукумати ва Ички ишлар
Вазирлигини бирор бир айбни туфлаб ёпиштириш мақсадида “объект”
сифатида сараланган бухоролик ҳуқуқ фаоли  Бобомурод Раззоқов
ҳуқуқларини топтамасликка, фидоий бир фуқарони ўз ҳолига тинч қўйишга,
айбсиз айбдор қилмасликка чақирамиз.

Шу ўринда Б. Раззоқовнинг ортида бутун бошли халқ турганини ҳам
эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Модомики, Ўзбекистон расмийлари ҳукумат ва халқ орасида жиддий низолар
чиқмаслигига умид қилар экан, инсон ҳуқуқларига даҳл қилмасликка,
ноҳақлик, жабру зулум яловини баланд кўтармасликка мажбур.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares