Эрдўған ижтимоий тармоқларни «жамият учун энг даҳшатли таҳдид» деб таърифлади

Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг маълум қилишича, мамлакатда бир неча кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари ортида хорижий кучлар турган бўлиши мумкин. Hurriyet газетасининг бош вазир сўзларидан иқтибос келтиришича, Туркия разведкаси хориждаги ғаламисларни излаш бўйича ишларни бошлаб юборган.

«Ҳозирча биз уларнинг (ғаламисларнинг) исмларини айта олмаймиз, – деди Эрдўған. – Бироқ уларнинг етакчилари биз билан учрашишга мажбур бўлишади». У, шунингдек, хорижий ҳамжамиятнинг Туркиядаги тартибсизликларга муносабатини ҳам танқид қилиб чиқди. Бош вазир сўзларига кўра, «бизга тийилишни маслаҳат бераётганларнинг ўзлари аввало ўзлари тийилишни ўрганиб олишлари керак».

Бундан ташқари, BBC News’нинг ёзишича, Эрдўған мамлакатдаги тартибсизликлар учун жавобгарликни ақидапарастлар ва мухолифат елкасига қўйган. Хусусан, бош вазир Туркиядаги энг катта мухолиф куч саналган Республика халқ партияси (CHP)ни иғвогарона хатти-ҳаракатларда айблаб чиққан.Бош вазирнинг фикрича, оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарган омиллардан яна бири – намойишчилар томонидан Twitter микроблоглар хизмати ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланилиши бўлмоқда. «Твиттер номли бир таҳдид бор, – деган Эрдўғаннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқдаThe Guardian. – У ерда ўзига хос, такрорланмас ёлғон намуналарини топиш мумкин. Менимча, ижтимоий тармоқлар – жамият учун энг даҳшатли таҳдиддир».

3 июнь, душанба куни Туркиядаги норозилик намойишлари давом этди. Исроилнинг Haaretz нашри маълумотларига кўра, намойишчилар яна Истанбул марказидаги Таксим майдонида йиғилишни бошлашган. Айни вақтда, Reuters ахборот агентлигихабарига кўра, полиция марказий Кизилай майдонига киришга ҳаракат қилган минг кишилик намойишчилар оломонига қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Сўнгги бир неча кун давомида оммавий тартибсизликлар 60дан ортиқ шаҳарга ёйилди. Сув отувчи машиналар ва ёш оқизувчи газлардан фаол фойдаланаётган полицияга қарши тўқнашувлар натижастда 1,7 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. Шифокорларнинг маълумотларига кўра, биргина Истанбулнинг ўзида 31 май, жума куни тахминан минг киши жабрланган. Haaretz газетасининг Amnesty International’га асосланиб хабар беришича, икки киши ҳалок бўлган, бироқ ушбу маълумот ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

Туркиядаги норозилик намойишлари 31 май куни бошланган ва кейинчалик оммавий кўриниш олган эди. Дастлаб Истанбулда йиғилгана намойишчилар яқин орадаги Ғозий хиёбони дарахтларини кесиб ташланишини кўзда тутувчи Таксим майдонидаги реконструкцияларга қарши чиққан эди. Кейинчалик эса намойишчиларнинг шиорлари сиёсий кўриниш ола бошлади. Хусусан, улар Эрдўғаннинг истеъфосини талаб қила бошлашди.

kun.uz

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares