Ўзбекистон Ахборот агентлигининг шу йил 16 май кунги тарқатган хабарига кўра, Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги (янги таҳрирда) қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган минтақавий илмий-амалий анжуман ўтказилган.
Хабарда урғуланишича, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг казо-казолари ушбу янги таҳрирдаги қонуннинг аҳамияти хусусида кўп ва хўўўп маърузахонлик қилишган.
Шунингдек, “Анжуманда қонун нормаларини амалиётда бир хилда қўллаш ва татбиқ этиш бўйича” ҳам куйиб-пишишган.
Умуман олганда, Ўзбекистонда кечаётган қонун ижодкорлигининг мукаммалашувига-ку гап йўғу бироқ ижодкорлик маҳсули бўлган қонунлар ижросига келганда ижро ҳокимияти органлари иккиланиб қолишганлари ёмонда.
Қонунларни қалаштиргунча борини бажариб олинглар, барака топгурлар, дейдиган валломатнинг ўзи йўқ.
Ҳа-я, дарвоқе, Ахборот агентлигининг иддаосига кўра Ўзбекистонда “Қонун ижодкорлиги такомиллашмоқда” эмиш?
Эндими?
Айтдим-а, нима учун Каримов то шу кунга қадар – 23 йилдирки, Ўзбекистон Конституциясида зикир қилинган “президент сайловлари ва ваколатлари” тўғрисидаги бандларнинг бирортасига амал қилмай қилмоқда десам, гап бу ёқда денг?Демак, шу довурга қадар Ўзбекистон қонунлари мукаммал бўлмаганлиги учун ҳам мамлакат раҳбари ижодкорлиги номукаммал, бўш қонунларга бўйсунгиси келмаётган экан-да-а?
Модомики, Ахборот Агентлигидек нуфузли ташкилот шу кеча-кундузга келиб “қонунлар ижодкорлиги такомиллашаётган”лигини башорат қилар экан, зора энди Президент жаноблари ҳам ижодий жиҳатдан мукаммаллашган қонунларга амал қилса, қила қолсайди…
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



