Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул тўғрисида” қарор қабул қилди.
Бир қарорки, у ёқ-бу ёғи йўқ.
Мазкур қарор моҳиятини мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, гуёки Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги умумталим мактабларидаги 9-синф битирувчиларининг келажаги ҳақида қайғурган киши қиёфасига кирган.
Қарорда мамлакатдаги баҳорги қўзиқориндек болалаб кетган коллеж ва лицейларда талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича керакли кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлаш ишларига фатво берилган.
Шунингдек, мазкур қарорда янги ўқув йили учун кечадиган қабул жараёнларининг мезони белгилаб қўйилган десакмикин, механизми ишлаб чиқилган десакмикин… Хуллас, шунга яқинроқ-да. Бироқ, ҳозир гап қарорнинг афзаллиги хусусида эмас, асло….Ҳар йили шу ҳол такрор: соққаси борлар боласини бир амаллаб Академик лицейларга “илинтиради”, қишлоқдаги кишиларнинг дилбанди эса қишлоқ хўжалиги-ю касб-ҳунар коллежларига мажбуран тиқиштирилади.
Мамлакатда ёшлар ёппасига ўқияптими, ўқияпти, ҳунарли бўлаяптими, бўлаяпти! Муҳмими бу борада рақамлар кўп бўлса, режалар бут бўлса бўлгани.
“Бу болаларнинг эртаси нима бўлади?” деган ўй бирор бир бандаи мўминнинг кўнглини кўчасигаям келмайди.
Коллежларнинг бир неча йиллик фаолиятидан маълумки, минглаб битирувчилар айни кунда ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаша олмай, кўчада қолмоқда. Иложсизликдан ўзларини ё Қазоққа ё Россияга урмоқда.
Минг афсуски, мамлакатда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш механизими ишлаб чиқилмаган.
Шу сабаб коллеж директорлари битирувчиларни иш билан таъминлаш масъулиятини айна дамда ота-оналарга юклаб қўйишмоқда.
Ҳозирги кунда ўғл-қизи коллежни тамомлаётган ҳар бир ота-онанинг қўлига “Коллеж битирувчисини ишга жойлаштириш тўғрисида”ги шартнома тутқазилган.
Тўғри, ушбу тоифадаги шартноманинг ҳоли бланкалари аслида касб-ҳунар коллежи директори ва иш берувчи ўртасида тузиладиган шаклда акс этган.
Бироқ, шунга қарамасдан, коллеж директори ва иш берувчи ўртасидаги мазкур шартномани “тузиш”, иш берувчи топиб, имзолатиш, муҳрлаш масъулияти шўринг қургур ота-оналарнинг зиммасига юклатилган.
Мазкур шартноманинг ҳоли бланкалари май ойининг бошида ота-оналарга етказилган. Ўқув йилининг охирига қадар, имтиҳонлар якунигача ота-оналар ўз фарзандларига иш ўринлари топишлари ва “иш берувчи”га мазкур “шартнома”ни имзолатишлари шарт.
Иложсиз қолган ота-оналар коллеж ва Академик лицей директорлари томонидан гарданларига қўйилган мана шу каби имконсиз шартларни ҳам бажаришга рози. Муҳими, болалари ўқув даргоҳининг “диплом”ини қўлга киритишса бўлгани.
Бўш иш ўрнини, иш берувчини қаердан ва қандай топади, бу энди –ота-оналарнинг муаммоси. Хуллас, бу ёғига – ўзинг учун ўл етим!
Ҳукумат арбоблари бу машмашалардан бехабар бўлса кошки. Ҳаммасини билишади, билиб туриб кўз юмишади.
Мана сизга элнинг эртаси бўлган ёшлар келажагига қайғураётган Ўзбекистон ҳукуматининг ҳақийий қиёфаси! Бунисига нима дейсиз?!
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими еаткчиси



