Ўзбекистон ҳукумати ногирон бир бевани шиладими?
2012 йилнинг 8 декабрь кунида менга, 16 ёшли ўқувчи қизимга ва касалманд ва бева жиянимга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан қастдан уюштирилиб, ёлланган жиноятчилар томонидан калтаклантирилганлигимиз ва соҳта адолатсиз суд ўтказилиб, ноҳақ ҳукм чиқарилганлиги ҳақида илгари сайтимизда ва Озодлик радиоси орқали хабарлар бериб ўтган эдим.
Ушбу ҳолат юзасидан адолат талаб қилиб, республикада юқори турувчи идораларига ҳам бир неча бор шикоят аризалар билан мурожаат қилишда давом этиб келмоқдаману, лекин негадир ўзгаришсиз қолмоқда.
Ҳаттоки охирги шикоятимга жавоб хати ҳам олиб улгурмасимдан менинг 2-гуруҳ ногирони сифатидаги нафақа пулимдан бир ярим миллион сўм ушлаб қолиниши ҳақида Навоий шаҳар пенсия жамғармасига буйруқ берилган эмиш.
Шунга кўра менинг май ойи нафақа пулим ҳисобидан 300 минг сўм миқдорида ушлаб қолишибди.
Ваҳоланки, мен 9 йилдан буён 2 гуруҳ ногирони сифатида 2 нафар фарзандимни ёлғиз тарбиялаб келаман.
Айни пайтда фарзандларимни бири коллежнинг 1-босқичини тамомламоқда. Ўғлим эса, ўрта мактабни битириш арафасида.
Вилоят ҳокими томонидан менга вилоят матбуот тизимларидан иш берилмай қўйилганидан сўнг Бирдамлик ХДҲ да иш бошладим.Чунки, жисмоний меҳнатга ярамайдиган ногиронни қўлидан мақола ёзишдан бўлак иш келмайди.
Вилоятда журналистлар учун қалам ҳақи деган нарса йўқолиб кетганига анча бўлган.
Ногирон, бева бир журналистни бола боқиш йўли ҳар ҳолда фоҳишалик ва ёки ўғрилик бўлмаслиги керак.
Чунки, кўпчилик маънавиятсиз аёллар мажбурликдан шу йўлларга ҳам кириб кетиши кўплаб кузатилмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Мен бугун шу саволлар билан барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқдаман: Ногирон бир журналистни мажбурий тартибда ўсмир қизи ва бева жияни билан бир сутка ушлаб қолиб, жиноятчиларни ёллаб калтаклаттириб, тағин ноҳақ жарима босишидан кимга кўпроқ зулм етади?
Отасиз етим болаларни қайси адолатсиз жамият ягона боқувчисини ҳам шилиб олишга виждони чидайди?
Ўзбекистонда инсонлар, болалар бесабаб, ноҳақ хўрланаётган экан, нега дунё ҳамжамияти томошабин бўлиб туриши керак?
Инсонларнинг дунёга кераги йўқмикан? Ер сайёрасининг эгаси ким?
Наҳот унинг қонун-қоидалари йўқ?
Қачонгача бегуноҳ болалар оч қолиши керак?
Фарзандларим истеъдодли бўла туриб, бугун йўл ҳақи топиб беролмаганлигим сабаб ўқишдан қолиб кетсаю, жамият томошабин бўлса!
Жиноятчилик қаердан келиб чиқади? Беҳуда зулм ва адолатсизликлар ортидан, албатта.
Мени ҳуқуқий ёрдамни кимдан ва қаердан сўрай?
Шусиз ҳам Ўзбекистоннинг учдан бир фоиз аҳолиси чет элларда хор.
Наҳот ўшалар сафини янада оширишимиз керак? Ўзбекистон шу қадар ночор бўлиб қолдимикан бир ногиронга туҳмат қилиб, нафақасини шилиб олса?
Ногиронни болаларини оч қўйиш эвазига давлатимиз кимни қорнини тўйғазмоқчи?
Қани қонун устуворлигию, сиёсатнинг ғамхўрлиги? Ноҳақ зулм ва адолатсизликларга қачон чек қўйилади?
Мен халқаро ташкилотлардан мадад сўрайман бир ногирон бева журналист аёл сифатида.
Дилдора БОЙМУРОДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Навоий вилоят бўлими етакчиси



