Ҳассос адиб Абдулла Қаҳҳор “Адабиёт – атомдан кучли” деганида минг бор ҳақ эди.
Истеъдодли ёзувчимиз адабиёт деганда сўзнинг қудратига шаъма қилганига шубҳа йўқ.
Зеро, халқ тили билан айтганда “Суйдиргувчиям тил, ўлдиргувчиям тил” – яъни сўз.
Сўз шундай сирли ва қудратли тилсимки, ҳали унинг моҳиятини ҳеч бир донишманд тўлалигича ифодалаб бера олган эмас. Сўзнинг серқирра жилосини борича очишга ҳеч кимнинг қурби етган эмас ҳали…
Наинки сўз, ҳато имло – ёзувдаги нотўғри ва ноўрин қўлланилган тиниш белгилари ҳам инсон тақдирини ўзгартириб юборишга қодир эканлигига ўтмишда мисоллар бисёр….
Хотирангизга солишим мумкин, тарихда биргина хато қўлланилган “вергуль” – тиниш белгиси инсон ҳаётига нуқта қўйиши ҳақида бугунги кунда афсонага айланиб кетган ҳақиқатлар бор….
Узоқ ўтмишда шоҳлар, қироллар, императорларнинг амрига алоқадор “Казнить нельзя помиловать”, “Помиловать нельзя сослать в Сибирь” ёхуд “Простить невозможно исполнить его приговор” каби ибораларни бир эслаб кўринг-а?
Назардимда, ушбу гапларнинг қаерига “вергуль” қўйилса одам омон қолиши-ю, тиниш белгисини бир сўз у ёқ – бу ёққа суриш орқали инсон умрига зомин бўлиш мумкинлиги ҳақидаги афсоналардан барчамиз воқифмиз.
Модомики, ёзувдаги бизга аҳамиятсиз ва оддийгина бўлиб кўринган тиниш белгиларининг нотўғри қўлланилиши киши ҳаётини қайсидир манода ўзгартириб юборишга қодир экан, демакки, сўзнинг, айниқса, ўринсиз каломнинг инсон тақдирига бўлган таъсир қудрати ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
“Тил билмоқ – эл билмоқ”, “Тил – дил кўзгуси”, “Яхши сўз жон озиғи, ёмон сўз бош қозиғи”, “Узун тилимни тиймадим ўлнинг уйига сиғмадим, қизил тилимни тиймадим –қизнинг уйига сиғмадим”, “Сиз ҳам, сен ҳам бир оғиздан чиқади” деган иборалар сўз хусусида ўйнаб эмас, ўйлаб айтилган ҳикматли дурдоналар ҳисобланади.
Демакки, сўз сизу биз тасаввур қила олмайдиган, таърифлаб билмайдиган даражада қудратга эга экан, ўйлашимча, ҳар бир каломимизни “чексиз ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйлаб” ўз ўрнида қўллашга мажбурмиз…
Буни мендан кўра ижод оламига ошно одамлар жуда яхши билишади…
Шу ўринда сўз олами билан сирлашиш, айниқса, таржимонлик кишидан ниҳоятда нуқтадонликни, зийракликни талаб этади. Таржимон энг аввало нозик таъб, ўткир дид ва фаҳму фаросат соҳиби бўлмоғи керак, менимча.
Бирор бир асар, мақола ёхуд хабарни ўзга забондан ўз она тилига ўгиришдек савобли ва хайрли ишга журъат ва жазм этган киши нафақат тил қоидаларини, инсонийлик ақидаларини, шунингдек, сўзга масъулият ҳиссини юрак-юракдан ҳис этмоғи лозим.
Зеро ўзга тилдан ўгрилаётган матннинг мазмун моҳиятига путур етмасин. Таржимоннинг нўноқлиги муаллиф фикрларига дахл қилмасин, мақола ё асар соҳибининг ўйлари қандай бўлса, ўзга забонда сўзлашувчи ўқувчиларга худди шундай, асллигича етказилсин дейман. Токи ўртада тушунмовчилик келиб чиқмасин, ортиқча саволларга ўрин қолмасин.
Юқоридаги талаблардан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, очиғи «Оппозиционер поневоле» (http://www.fergananews.com/article.php?id=6341) номли мақола сарлавҳасининг таржимон томонидан ўзбек тилига «Зўраки мухолифатчи» (http://uzbek.fergananews.com/article.php?id=1410) дея ўгирилиши мени қаноатлантирмади.
Негаки, биласиз, “зўраки” сўзи ўзбек тилида аксарият ҳолларда ижобий маънода қўлланилмайди.
Назаримда менинг фаолиятимга алоқадор ушбу мақоланинг сарлавҳасини “Зўраки мухолифатчи” деб аташ орқали таржимон менинг иззат-нафсимга теккандек эди.
Эҳтимол адашаётгандирман деган истеъҳолада “Фейсбук” даги “Профессионал ва ҳаваскор таржимонлар” гуруҳи аъзоларига қуйдагича мурожаат қилгандим:
“Баходир Чориев
«Оппозиционер поневоле» таржимон томонидан «Зўраки мухолифатчи» деб таржима қилинибди. Сизнинг фикрингиз қандай?”
Шу ўринда менинг савол ва қизиқишларимни беэътибор қолдирмаган гуруҳ аъзоларига ўз миннатдорчилигимни ҳам айтиб ўтмоқчи эдим.
Энди яна таржима моҳиятига келадиган бўлсак: тўғри, “Профессионал ва ҳаваскор таржимонлар” гуруҳидаги ўртоқларимиз айтишганларидек “поневоле” сўзининг тўғридан тўғри таржимаси “ПОНЕВОЛЕ нареч. разг. ғайриихтиёрий (равишда), ноилож, иложсиз, чор-ночор, мажбуран, зўраки (равишда); поневоле придётся пойти ноилож бориш…” каби маъноларни англатади. Бунга эътирозим йўқ.
Бироқ, мақола муаллифи САНОБАР ОПА «Оппозиционер поневоле» дея сарлавҳа танлаганида «Зўраки мухолифатчи» деган мазмунни назарда тутмаган, бунга аминман.
Негаки “зўраки” сўзи бизнинг тилимизда асосан салбий маънода ишлатилишини юқорида эслатиб ўтдим.
Тан олишимиз керак, истаймизми, йўқми, ўзга тилдаги айрим сўзлар бошқа тилдаги таржимасида ўз асл моҳиятини йўқотиши, биз кутган мазмунни бермаслиги ҳам мумкин, тўғрими?
Шу ўринда қайсидир маънода ўзга тилдан тўғридан-тўғри эмас, бадиий таржима қилиш талаб этилишини моҳир таржимонларимиз нафақат яхши билишади, балки таржиманинг ушбу қонун-қоидасига қатъий амал ҳам қилишади….
Иоганн Вольфганг фон Гёте, Уильям Шекспир, Ги де Мопассан, Оноре де Бальзак, Джордж Ноэл Гордон Байрон, Рабиндранат Тагор, Антон Павлович Чехов, Александр Сергеевич Пушкин каби буюк адабиёт намоёндаларининг асарлари ўзбек тилига айнан таржима қилинган деб ўйлайсизми? Агар шундай деб ўйласангиз, адашасиз.
Негаки, ўзбек тили ниҳоятда бой: бир сўзнинг минг бир синоними бор.
Тўғри, айнан менинг фаолиятимга алоқадор мақолани таржима қилишга қўл урганлиги, эътибори учун энг аввало, таржимонга ташаккур айтишим керак, албатта. Бироқ, шу билан бирга демоқчи бўлганим, таржимон «Оппозиционер поневоле» мақоласининг сарлавҳаси таржимасидаёқ таржиманинг ўша оддий талабларига риоя этмаганлигидан, очиғи, ранжидим.
Бу борада таржимонга ўз эътирозларимни билдирганимда эса улар:
Улар “Профессионал ва ҳаваскор таржимонлар” гуруҳига “Farghona Axborot: «Зўраки мухолифатчи»ни мен таржима қилганман. ўшанда «оппозиционер поневоле» иборасини таржима қилаётганимда мактабда ўқиб юрган кезимда «Зўраки муттаҳам» деган китобни ўқиганим ёдимга тушди. Китобнинг русча номи «Мошенник поневоле» бўлгани учун ўша иборага ўхшатиб қўя қолганман. Ҳозир ўша китобни ким таржима қилганини эслай олмайман. Китобнинг муаллифи эса адашмасам турк ёзувчиси Азиз Несин бўлса керак…” деган мазмунда изоҳ қолдирибдилар.
Юқорида ўзбек тилида “зўраки” сўзи асосан салбий маънода қўлланилади демабмидим? Ҳақ эканманми? Буни таржимонимизнинг ўзлари ҳам тасдиқлаб турибдилар: «Зўраки муттаҳам» деган асарда “зўраки” сўзи “муттаҳам” – яъни салбий маъно берувчи сўзга нисбатан қўлланилган-ку?
Тўғри, мен мазкур асарни ўқимаганман. Эҳтимол, асардаги шахс аслида муттаҳам бўлмаслиги мумкин, бироқ шароит тақозоси туфайли муттаҳамлик қилишга мажбур бўлар. «Зўраки муттаҳм» эҳтимол асарда ижобий образ сифатида гавдалангандир? У зўрма-зўраки, яъни иложсизликдан муттаҳамлик қилар, бу ёғи менга қоронғу.
Қарабсизки, «Зўраки мухолифатчи» сарлавҳаси ўз-ўзидан «Зўраки муттаҳам» каби салбий маъно касб этиб турибди-да.
Одатда, асар тақдирини сарлавҳанинг ўзиёқ ҳал қилиб қўяди дейишади… Яъни бутун бошли асар фалсафаси унинг номида мужассам этилган бўлади.
Таржимонимиз эса «Зўраки мухолифатчи» дея тўғридан-тўғри таржима қилиш орқали ўқувчи онгида сарлавҳанинг ўзидаёқ салбий фикрни шакллантиришга муваффақ бўлгандек, назаримда.
Рости, лоақал “чорасиз” синонимини қўллаганларида ҳам бунчалар ўкинмаган бўлардим….
Ҳали “Профессионал ва ҳаваскор таржимонлар” гуруҳида изоҳ қолдирган Шокир Долимов “Зўраки эмас иложсиз мухолиф, деган бўлар эдим, гарчи сўзлар маънодош бўлса-да” деган хулосага келган. Ҳақиқатдан ҳам “зўраки” сўзига қараганда “иложсиз” синоними мулойим оҳанг касб этиши ҳеч кимга сир эмас…
Шунингдек, мазкур гуруҳда “Энг катта хато (!) – таржимонлар сўзма-сўз таржима орқали иборанинг ўзбекча аналогини қидирмоқда ва 2 та сўз б–н ифодалашга уринишаяпти. Мен «чорасизликдан мухолифатчи бўлганлар» деб ўгирган бўлар эдим” дея изоҳ қолдирганида Хатам Умаралиев ҳам адолатли фикрга келган.
Табиийки, таржимоннинг менга алоқадор мақола таржимасига бу каби совуққон муносабатига, айтиш мумкин бўлса, атайинликдан ҳоли бўлмаган беписандлигига бефарқ қараб тура олмас эдим.
Шу боис “Профессионал ва ҳаваскор таржимонлар” гуруҳида фикрларим жамланган ушбу изоҳни қолдиришга қарор қилдим:
“Баҳодир Чориев: Наҳотки бир хатони тўғрилаб қўйиш шунчалик қийин бўлса? Таржимон мени жуда яхши танийди, мен ҳам таржимоннинг кимлигини жуда яхши биламан. Бу ерда исмларини келтиришни истамаётган эдим. Хуллас, қирғизистонлик таржимон ака, инсоф ва виждон билан иш тутишингизни сўрайман”
Афсуски, менинг ушбу ҳақли талаб ва илтимосимни ўзларини “Farghona Axborot” деб атаган аноним фейсбук таржимонимиз ҳазм қила олмадилар чоғи ўзларига қарашли бўлган “Профессионал ва ҳаваскор таржимонлар” гуруҳидан мени четлаштириш орқали юзага келган муаммони ҳал қилишга қарор қилиб қўя қолибдилар:
“Farghona Axborot
Баҳодир Чориевнинг статуси остидаги баҳслар қўйилган мавзудан четга чиқиб кетиб, таржимоннинг шахсини муҳокама қилишга ўтиб кетгани учун статус ҳам иштирокчи ҳам гуруҳдан четлатилди”
Бошқаларни билмадиму, шахсан мен таржимоннинг меҳнат маҳсулига билдирилган танқидий муносабатни “шахсни муҳокама қилишга ўтиб кетиш…” дея даъво қилиш ва шу йўл билан ўз камчилигини ҳаспўшлаш истагида бир фуқарони гуруҳдан “улоқтириб” ташлаш таржимон – Farghona Axborotнинг ожизлигидан далолат деб биламан.
Адашмасам, мазкур гуруҳдаги таржимонимиз “Farghona Axborot”нинг иддаоси тагида изоҳ қолдирган Юсуф Расул ва Мираҳмат Мўминов каби дўстларимизнинг фикрлари ҳам менинг айни хулосаларим билан ҳамоҳанг деган хулосадаман:
«Yusuf Rasul: Бургага аччиқ қилиб кўрпани ҳам куйдириб юборибсиз-да. Ўзингиз амалга оширган «гўзал таржима» ҳақидаги холис фикрлар бу ердан ўчирилгани билан, сизга хайрихоҳ бўлмаган бошқа инсонлар қалбида ўчмай тураверади.
“Шерзод Турдиев: Жуда «толерант», «холис» ва “адолатпеша»лигингиз кўриниб турибди.”
Ўйлайманки, оддий бир мақола таржимасига оид гуруҳда бўлиб ўтган ушбу баҳс-мунозара “Farghona Axborot” деб аталмиш таржимонимизнинг маънавий қиёфасини, таржима санъати ва инсонийлик бобидаги серқирра “иқтидор”ини тўлалигича намоён қилди.
Шу ўринда савол туғилиши мумкин: хўш, нега шундай бўлди? “Farghona Axborot” нега энди Баҳодир Чориевнинг фаолиятига оид мақола сарлавҳасини бунчалар ғализ таржима қилди? Бу таржимоннинг таржима соҳасидаги нўноқлигидан далолатмикин?
Менимча, бундай эмас. Айтишим мумкинки, “Farghona Axborot” ношуд таржимонлардан эмас. Таржима соҳасида анчайин тажриба соҳиби.
Шу маънода у “Зўраки мухолифат” деган иборани эмас, минг йиллик тарихга эга бой тилимиздан ўзга бир муносиб сарлавҳа топиши ҳам мумкин эди. Агар истаганида.
Ҳамма гап ана шунда – ҳоҳиш-истакда.
Кўп йиллик кузатувларимдан шундай хулосага келдимки, қирғизистонлик таржимон менинг етакчилигимда фаолият олиб бораётган “Бирдамлик” ХДҲга ҳолис муносабатда эмас.
Таржимондаги ана шу ноҳолислик ҳисси унинг таржима соҳасидаги хизматига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаган.
Қарғизистонлик таржимонимизнинг “Бирдамлик” халқ Демократик ҳаракатига нисбатан носамимийлиги нималарда кўринади дейсизми?
Энди бу алоҳида мулоҳаза ва мунозарага муҳтож бўлган катта мавзу.
Ҳали келажакда “Farghona Axborot”нинг шахси, асл қиёфаси, бизнинг ҳаракатимизга бўлган муносабати хусусида батафсил ва кенгроқ тўхталишга имкон бўлади деган умиддаман.
Хотима сўз ўрнида шуни айтишим мумкинки, дунёда тузиш қийин, бузишдан осони йўқ. Гоҳо ўзимиз билиб-билмай, истаб-истамай ноўрин қўллаган сўзимиз кўмагида кимнингдир кўнгил уйини вайрон қилишимиз, ҳаётини тикиб қурган ишонч иморатини бузиб, барбод қилиб қўйишимиз ҳеч гап эмас…
Мени тўғри тушининг, пашшадан фил ясамоқчи, таржимоннинг биргина ноўрин таржимаси мавзусига такрор қайтиб, меъдангизга тегмоқчи, таъбингизни хира қилмоқчи эмасдим…
Зеро ушбу мавзуга қайта мурожаат этишдан муддаом таржимонларимиз сўзга ниҳоятда талабчан бўлишса, етти ўлчаб, бир кесишса, келгусида яна қайсидир миллатдошимизнинг, кимнингдир кўнгли ўксиб қолмаса дейман…
Баҳодир ЧОРИЕВ
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси



