Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: «Harlem Shake» – шайтон ўйини

Ривоят қилишларича, Худо етти юз йил деганда Одам зуваласини қориб, унга руҳ ато этиш илинжида Жонга инсон танасига жо бўлишни амр этган экан.

Кенг оламда озод юрган Жон эса одамнинг кичик жуссасига сингишга рўйхуш бермаганмиш.

Шунда Яратганинг амри билан бир куй чалинибди, ўша инсон танасига жо бўлишдан бўйин товлаган  Жон рақс туша-туша, усул қила-қила қандай қилиб Одам вужудига сингиб кетганини билмай қолган эмиш…

Айтишларича, инсон танасига Жонни жо айлаган бу куй лазги куйи бўлармиш… Шу-шу куй, наво янграса одамнинг “жони кирармиш”… Куй эшитган киши беихтиёр рақсга мойил бўлармиш…

Бу гаплар ҳақиқатга нечоғлик яқин ёки йўқ, билмадиму, бироқ мусиқа, ашулла  навоси эшитилса “жони киради кишининг”, куй-қўшиқни “жон қулоғи билан” тинглайди одам,  деган гаплар айнан ана шу ривоятдан келиб чиққандир, эҳтимол, дея ўйга толаман баъзан.

Шунинг ўзигина эмас. Ҳеч эътибор берганмисиз: бу оқсоч оламда миллати, элати, ирқи, жинси, тили, динидан қатъий назар дунё офкор оммаси тилмочсиз, тилу забонсиз, сўзсиз тушуна оладиган, юракдан ҳис этадиган  саноқлигина воситалар бор. Шулардан бири мусиқа, қўшиқ, куй.Айнан куй таржимонга муҳтож эмас, ёзувчи Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, худди она алласи каби дунёнинг бу бурчида янграган куйни, қўшиқни дунёнинг ҳов нарги чеккасидаги ажнабий жон қулоғи билан сел бўлиб тинглаши сир эмас. Нега шундай? Нега айнан куй замон ва макон, миллату элат танламайди?

Куй деганлари инсон зоти борки, барчасига бирдек сўзсиз таъсир эта олиш қудрати  эга.

Нега? Балки бу “нега?”ларнинг илдизи ҳали юқорида айтиб ўтганимиз ўша ривоятга бориб тақалар? Аллоҳ Одамнинг танасига Жонни куй орқали жойлагани учун ҳам тили, ирқи, жинси,  миллатидан қатъий назар мусиқа оҳанги одам боласига бегона эмасдир балки? Мусиқанинг миллат, элат, тилу дин танламаслигининг боиси худди ана шундадир, эҳтимол? Билмадим…

Ким билсин, балки шунинг учундир, бошқа мафкура ва ғоялар, панд-насиҳатлар, тамойилу маърузаларга қараганда айнан мусиқа, куй қўшиқ қисқа фурсат ичида, гоҳида эса жадаллик билан  оммалашади.

Гоҳида куй, қўшиқ ортиқча тарғиботга ҳам ҳожат қолодирмайди,  ўз-ўзидан яшин тезлигида тарқаб кетади. Нега шундай?

Бошқасини билмадиму, инсон руҳияти айнан куйдан катта озуқа олиши аниқ. Куй тинглаган кишининг тафаккури тиниқлашади, тетиклашади. Шу маънода қарағай ёхуд ёғочнинг бағрини ўйиб  олиш асносида инсониятнинг ўз қўли билан бунёд этган созлардан таралган куйга одамзоднинг ўзи асрлар оша асир бўлиб келмоқда… Бу бор гап…

Истаймизми, йўқми, куй катта куч. Бироқ, замонлар ўтган сайин, инсон онги, тафаккури кенг қулоч ёйгани сари атом қуролининг кучи бир ёқда қолиб, одам боласи  айнан куйнинг қудрати билан оламни ишғол этишга азму қарор қилган бўлса, не ажаб?

Орамизда куйни буйсундириш, қандайдир мақсадларни кўзлаб  куйдан фойдаланиш, қўшиқни ўз истаги йўлида қурбон қилишга жазм этган одамлар бўлса не тонг?

Тўғри, дунё дунё бўлибдики, куй, қўшиқ инсон тафакурини чархлашга, маънавиятини бойитиш, руҳиятни аллалаш, жонимизга ором бериш каби эзгу мақсадга хизмат қилиб келади.

Бироқ бугунга келиб куйга ҳам шайтон қасд  қилишини, сингиб киришини ким билибди дейсиз?

Одам Ато ва Момо Ҳаво давридаёқ қўйнига ҳасад ва кибр ин қурган шайтон одамни ақлдан оздириш, йўлдан тойдириш илинжида инсон қонига даҳл қилганидан хабарингиз бор.

Минг ажабки, бугун янграётган айрим “мусиқа”ларда худди ўшандайин шайтоний сас бор, садо бор. Баъзи “куйлар”га монанд “рақс” ҳаракатларида онгсиз кўланка, шайтоний қиёфа зоҳир, назаримда. Баъзи оҳангларга шайтоний ҳаром ҳислар қоришгандек гуё…

Менга қолса, Ўзбекистонда ҳам урф бўлганлиги иддао қилинаётган  «Harlem Shake»  деб аталувчи мусиқани шайтон нағмаси, «Harlem Shake»  рақсини шайтон усули деб атаган бўлардим…

Нега?

Эҳтимол, ёшим эллик билан бўйлашиб қолганлиги сабаблидир, очиғи, бундай куйлар, бу куй асносидаги нағмаларга кўзим тушмаган экан. Беэътиборлигим боисидир бу балки…

“Озодлик” радиосининг “Қурултой” эшиттиришида “Тошкентни силкитган «Harlem Shake»   мавзуси кўтарилгачгина, бунингдек, айтиш мумкин бўлса, демоналикдан воқиф бўлганим рост.

Муаллифи Абдулла Искандар эшитириш давомида    “Интернетда “Harlem Shake”ка тақлидан ўзбекистонлик ёшлар томонидан суратга олинган 50 дан ортиқ ролик тарқалган. «Harlem Shake» номи билан mover.uz да 220 дан ортиқ, mytube.uz да 50 та роликни кўришимиз мумкин.

Ўзнетдаги энг машҳур ролик “Тошкентча Harlem Shake” ҳамда Корзинка супермаркетида тасвирга олинган ролик бўлиб, mover.uz да икки роликни 30000 дан ортиқ, mytube.uz да 4000 дан ортиқ киши томоша қилган. Биргина mover.uz даги “Harlem Shake” билан боғлиқ роликларни 250 000 киши кўрганлиги қайд этилган”, дея мавзуга оид қатор фактларни келтириб ўтган эди.

Мазкур эшиттириш туртки бўлиб интернет оламидан Абдулла Искандар санаб ўтган «Harlem Shake»га оид ўша “машҳур” роликларни, нафақат Ўзбекистонга оид, балки бошқа мамлакталар томонидан қўйилган ведиотасвирларни ҳам кузатишга муваффақ бўлдим.

Аввало, мазкур “рақс”дан, агар шуни рақс деб аташ жоиз бўлса, олган таассуротларим билан ўртоқлашсам:

Қарасам, ажнабий куй остида мазмун ва моҳиятини ижрочиларнинг ўзлари ҳам англаб етмайдиган, ифодалаб бера олмайдиган қандайдир қўшиқ янграяпти… Бир гуруҳ ёш яланг эса такадек сакраб – шайтонлаб ётишибди! Рости, бу телбанамо ҳаракталарни рақс деб аташ увол, менимча.

Тутқаноғи тутиб қолган, халқ тили билан айтганда, шайтонлаб қолган беморни ҳеч кўрганмисиз? Кўзи тепасига битиб, жон таслим қилаётгандек қаттиқ силкиниб, тилини тишлаб қолади, оғзидан кўпик сачраб. Кейинги эпизодни қўшмаганда шайтонлаб қолган беморнинг худди ўзгинаси эди улар. Бемаъни сакрашлар, такадек ирғишлашлар, беҳаё ҳаракатлар…

«Harlem Shake» дея  ирғишлаётганлар тамомила хушларини йўқотгандек. Гавдалари ҳам онгларига бўйсунмаётгандек… Мувозанатни ҳам сақлай олишга қурби етмаётган бу “раққослар”ни иккиланмасдан телба деб аташ мумкин эди, адашмасам…

Такалар ирғашлаши-ю телбалар “ўйини”ни эслатувчи бу ҳаракатларни кузатарканман беихтиёр ёқа тутганим ҳақиқат: Ё Раб, бир пайтлар одам боласи ўзи истамаган ҳолда ақлдан озарди. Бунинг ортидан нафақат ўзи, барча яқинлари чексиз изтиробга тушарди. Наҳотки, эндигилик кунга келиб ёшларимиз ўз ҳоҳишлари билан телбаликни ихтиёр этишган бўлса?! Ва энг аянчлиси, бу телбаликларидан ўзлари масур, андуҳ чекиш ўрнига  қувонч ҳиссидан мамнун – ҳузур қилишса? Бу не синоат бўлди?

Қайдам, балки ушбу фикрларим учун мени замондан орда қолган дерсиз. Маданиятдан оқсаб қолган ҳисобларсиз? Майлингиз.

Бироқ шу такадек телбанома ирғишлашлар “замонавийлик” белгиси бўладиган бўлса, бундай замонавийлик “нишон”идан минг марта кечган, минг бир марта юз ўгирган бўлардим.

«Harlem Shake»   деб аталмиш шу шайтоний ўйин маданиятлилик ҳисобланса, майли, менингдек аёл маданиятсиз деган тамғани ортмоқлашга ҳам розиман…

Ва яна бир гап: “Қурултой”  эшиттириши давомида “»Harlem Shake» рақсини “хориждаги баъзи манфаатдор доиралар тарафидан  ҳали оқ-қоранинг фарқини англаб улгурмаган  ўзбек ёшларини чалғитиш учун яратилган аксилмаънавий технология”, деб атайди”, дея собиқ маданият вазири Турсунали Қўзиевнинг бир мақолада келтирган фикрларидан иқтибос келтирилади.

«Harlem Shake»   бу – шайтоний ўйин эканлиги борасида собиқ маданият вазири билан ҳамфикрлигим рост. Бироқ, уларнинг “хориждаги баъзи манфаатдор доиралар тарафидан” ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган бир ҳуруж деган иддаосига қўшила олмайман.

Назаримда, ҳатто ҳорижий давлат зиёлилари ҳам   «Harlem Shake» каби  муккасидан кетган ўз мамлакатларидаги  “раққос” ёшларни   бу телбаликдан қандай қилиб қайтариш ҳақида бош қашиб қолишган бўлса, ажаб эмас.

Чунки, қай бир замон ва макон, миллат ва элат, тил ва динидан қатъий назар, ҳар бир юртда телбаликнинг ягона бир изоҳи мавжуд: телбалик бу – тентаклик. Ақлдан озмоқлик.

Қай бир мамлакат ўз болаларининг телбанамо ҳаракатларига бефарқ қараб турарди дейсиз?

Энг ёмони, бизнинг ёшлар, ўзбекистонлик ўспиринларимизнинг фан ва техника соҳасида ҳорижий мамлакатлар эришаётган илғор ютуқларидан андоза олиш ўринга, айнан телбаномо ҳаракатларига тақлид қилиб ўтиришлари ачинарли, албатта…

Шунингдек, Абдулла Искандар “Ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳ – хайратланарли ҳодиса бўлмай қолаётганлиги назарда тутилса, «оммавий маданият» тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганлигини тасаввур этиш қийин эмас”¸ деб  мақола давомида таъкидлаган Жалолиддин Ҳамроқулов  глобал ахборот тармоқлари зарурми, дея савол қўяди”, дея Тошкет Ислом институти “Таҳфиз ул-Қуръон” кафедраси мудири, Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби Ж.Ҳамроқуловнинг фикрларига ҳам  урғу беради.

Биз ўзбекмиз. Ўзбекнинг миллий урф одатлари, қадриятлари минг йилларга бориб тақалади. Керак бўлса, ўзбекнинг одоби, хулқи, ибосига мана-ман деган ажнабийлар тан беради, ҳавас қилади.

Шу маънода «Harlem Shake» “ўйини” биз учун, ўзбек учун эмас. Бу рост гап. Бундай телбанамо ҳаракатларни ориятли ўзбек ҳазм қила олмайди, қабул қилмайди ҳам.

Бироқ, бу каби “ақлдан озишлар”га Жалолиддин Ҳамроқулов каби “глобал ахборот тармоқлари зарурми?” деган саволни кўндаланг қўйиш орқали барҳам бериб бўлмайди. Ёшларни оламдан узиб қўйиш фикрига мутлақо қаршиман.

Негаки, инсон табиати қизиқ. Ниманики таъқиқ этсанг, ўшани қилишга уринади, билишга интилади. Худди шунингдек, ёшларга «Harlem Shake»га ирғишлашни ман этиб кўрингчи? Аксини қилса қиладики, амал қилмайди, бу аниқ. Ёшларни интернет тармоқларидан узоқлаштириш муаммони кескинлаштирса кескинлаштирадики, бирор бир наф бермайди….

Шундай экан, биринчидан, эртамиз эгаларини эркин қўйишимиз зарур. Бироқ, уларга оддийгина қилиб айтганда  ҳавас ва ҳасад, эзгулик ва ёвузлик, бир сўз билан айтганда, яхши ва ёмон амаллар ўртасидаги масофани кўрсатиб, эслатиб туришдан чарчамаслигимиз керакдек, назаримда.

Иккинчидан, халқимизда “Тубдан ақл бўлмаса, туртган ақл не қилур?” деган иборалар бежиз айтилмаган. Миллий ғурур, миллийликка меҳр-ифтихор ҳар бир банданинг баданида бўлиши керак аслида.

Бу кўнгилсизликлардан қутилишнинг таъқиқ қўйиш, ман этишдан ҳам ўзга бир самаралироқ усули бўлиши керак-ку, ахир?

Дарвоқе, “Mytube.uz тармоғига жойлашитирилган тасвирда оддий  тошкентлик оила хонадони акс этган. Хонадон аҳли турғун бир вазиятда. Бу турғунликни «Harlem Shake» рақсига тушган оиланинг кенжаси бузади. Жажжи болакай рақси бутун оилага юқади. Оиланинг табиатан оғир-босиқ катта ëшдаги аъзолари «Harlem Shake» оҳангларида ирғишлашади”, дея маълумот келтирилади “Қурултой”да.

Мен айнан мана шу ибораларга ўзгача урғу беришни истардим. Ушбу гапдан кейин “You Tube.com”дан “оилавий ирғишлашган” ўша ўзбек оиласига алоқадор роликни бир эмас, бир неча маротаба диққат билан кўздан кечирдим.

Очиғини айтганда, бу ролик «Harlem Shake» Ўзбекистонда урф бўлаётганига мисол бўла олмайди. Негаки, у шунчаки сохта бир “кўргазма”, холос. Бунингдек “оилавий такадек сакраш”ни  ташкил этиш ва интернетга жойлаш кимга ва нима учун керак бўлган? Бу ҳақда аниқ бир гап айта олмайману, бироқ, мазкур “оила томоша”сининг турган битгани соҳтакорликдан иборат эканлигига кафолат беришим мумкин.

Мен телевидение соҳасида кўп йиллик тажрибага эга тележурналистман. Ўзбекистонда йўқни бор қилиб кўрсатиш, сувдан ҳолва ясаб, йўқни йўндириб  тасвирга олиш маҳорати нима эканлигини жуда яхши биламан…  Бу жуда кенг ва чуқур мавзу…

Ишонмасангиз, ирғишлаш бўйича оилавий пойга ўйнаган ўша оила “раққос”ларининг ҳаракталарига ўзингиз ҳам эътибор қаратишингиз мумкин.

Ушбу роликни кўздан кечирган киши уй соҳиби – болаларнинг отаси ўзбекнинг Майкл Жексони эканлигига гувоҳ бўлади. Эътибор қилинг-а, у яхшигина ўйинчи экан. Рақсга суяги йўқлиги шундоққина кўриниб турибди. Демоқчи бўлганим, бу йигит  афтидан тунги клубларнинг бирида тирикчилик қилади. Оила бошлиғининг ажабтовур “раққос” эканлигини биргина мен сезган эмасман, адашмасам. Буни мазкур ролик тагида қолдирилган изоҳлардан ҳам ўқиб олиш мумкин.

Шу маънода нонини бутун қилиш мақсадида “оилавий ирғишлаш удуми”ни оила отасининг ўзи “иҳтиро” қилган бўлса ҳам ажаб эмас.

Шу маънода мазкур ролик Ўзбекистондаги ўзбек оилаларида бу телбанамо “ўйин” – «Harlem Shake» “рақси” оммавийлашганидан далолат беради, дейиш хато бўлар эди.  Бунга аминман.

Инсон қай бир миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар бир умр комилликка интилиб яшайди, телбаликка эмас.

Илгари ҳам айтгандим, такрорлайман: ҳар бир нарсада чегаранинг бўлгани яхши.

Ибо, ҳаё, одоб-ахлоқ, бир сўз билан айтганда инсонийлик ҳудудидан ҳатлаб ўтмаслик тарафдориман.

Шундай экан, иссиғининг борида телбаликка тақлид қилишдан тийилишимиз керак, деган фикрдаман.

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares