Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: ҚАРҒИШ УРГАН ОДАМ…

Қишлоққа кираверишда томи тунука билан ёпилмаган, олди айвонсиз ғарибгина кулба бор. Мактабдан қайтишда биз болалар сомон сувоқ қилинган шу кулба ҳовлисидаги кафтдеккина боққа ўғирликка тушамиз. Боғдаги бир туп қари анжир, икки туп эгри шафтоли бир аломат бўлиб пишадики!.. Ўғирлик қилиш осон эмас. Бунинг учун биримиз, албатта, боғ эгасини чалғитб туришимиз керак, Мозарат момони. Йўқса, у бақириб-чақириб, қишлоқни бошига кўтаради…

Ҳар галгидай момони авраб туришни менга топширишди.

– Митти, Мозаратни гапга соб тур, – буюрди Ғани қора.

– Ҳо-о-о, фақат менакан-да, – норози бўлдим, –    Ана, Облакалга айт, -бошида ажабтовур сочи бўлса ҳам нима учундир кал лақабини олган Облабердига ишора қилдим. Бу нимжонгина болани нима учун кал дейишларига   ҳалигача ақлим етмайди.

– Сен Мозаратларнинг қариндошисан, бу би-р, -деди Ғани қора жимжилоғини буклаб. – Кейин… аял тилини аял тушинади-и, ик-ки-и, – у яна номсиз бармоғрини буклади.

– Нима?! Э, ўл! Мен сенга аял бўп қолдимма,  қора бузов! Ғани қорачадан келгани учун исмига қора сўзини қўшиб гапирамиз. Агар жахлимни чиқарса, аяб ўтирмайман. Қўрқмасдан қора бузов, деб қўя қоламан. Ғани бошқа бировдан қора бу¬зов, деган сўзни эшитса,«и-я» деб каратэ қилиш учун шайланиши тайин. Аммо менга «ғинг» дея олмайди. Бунинг учта сабаби бор. Биринчидан, қиз боламан. Иккинчидан, уй вазифаларини кўчиртирмай қўйишимдан қўрқади. Учинчидан, молларимизни боқадиган қўриққа фақатгина уйимиз ёнидаги тупроқ кўча олиб боради, холос. Мени йиғлатгудек бўлса, энамнинг енг шимариб, йўлини тўсишидан ҳайиқади. Шу томонларини ўйладими ёки шафтолисиз қолиб кетишидан чўчидими, ҳар қалай Ғани қора оғирлик қилди.

– Қизиқсан-а,  ким сени шундай деяпти? Мансур ака тунов куни хотини билан ёқалашиб қолганида, Рузвон момонинг, «аял тилини аял тушунади,
келинни ўзим би-ир   чилёсин    қип қўяман»,  деганини эшитиб қолувдим. Шуни айтдим, қўйдим-да, шунга шунчами, вой-боёв-в-в, -деди
йўлимни тусиб.

– Нима, сен Рузвон момомисан-ки…

– Ғани,   овозингга қараб гапирда-яй, ошна, – Облаберди гапимни бўлиб жўрасига дағдаға қилди. – Ўйлаброқ гапир, -кейин        менга қараб: – Жур, бир анжирхўрлик қилайлик, Мозаратни авраб тургин, – деди ялингансимон. Ғани қорага қарадим. Энаси уришган    болага ўхшаб мўлтираб туриб-ди.
– Майли,-бир оз юмшадим. – Манови тутнинг орқасига яшириниб  туринглар – дедим-да, момонинг уйига яқинлашдим.

– Мома, ҳув-в-в, мома, – чақирдим овозимни баландлатиб. Жавоб бўлмади.

Ҳо-о-о-о Мозарат мома-ю-юв-в-в – энамнинг овозига тақлид қилиб такрорладим.

– Ҳув-в-в, – овоз келди узумзордан. Зум ўтмай томоғидан танғиган рўмолчасининг бир учи билан доим оғзини ёпиб юрадиган момо кўринди. Эгнида ранги ўчиб кетган кўкрак бурмали ўша чит кўйлак. Рўмолчасининг бир учи¬ни доим оғзига ёпиб, ҳиёл чайқалиб юрганида ўнг қўли силтаниб силтаниб кетадиган озғин момо мен томон юрди. Тўхтади. Кафтини пешанасига соябон қилиб тикилди. Таниди ёки ҳеч кимса қадам босмайдиган уйига йўқлаб келадиган топилганидан шодландими, кулди, қадамини тезлатди.

– Айнанай-да, ўзингиздан. Момонгизни кўргани келдингизма? Вой, бўйларидан… – у лаби-лабига тегмай кўп гапирди. Қишлоғимизнинг ёш болалари қўрқишади бу кампирдан. Сағал анақароқ. Бир қарасанг, ўзига ўзи гапиради, бир қарасанг, кулади, бирида йиғлайди, қарғанади, бир қарасанг, эсли-ҳушли бўлади-қолади. Унинг зурриёди йўқ. ёлғиз овунчоғи – қари эри бор. Турдиқул бобо. Қулоғи оғирроқ бу одам тўрт молини олдига солиб эскилигидан қийилиб кетган этикларини судраб, кун бўйи биз билан мол боқади. Момонинг бир камлиги рост-у, Турдиқул бобонинг кулоғи сағал оғирроқ, демаса, тўрт мучаси соғ, ақли расо одам. Буни кечрок, бир-икки ёш улғайгач билдим. Болалигимда уни ҳам кампирига ўхшаб эси кирди-чиқди, деб ўйлардим. Тенгқурларим билан жўр бўлиб:

Турдиқул, Турдиқул,

Бери келма, нари тур.

Миянгамас тўла-тўкис,

Бир камсан – тўқсон тўққиз,

дердиг-у, ўзимизни ушлатмай қочардик. Бобо биз – болаларга дағдаға қилмас, дўқ урмасди. Тут шоҳидан йўнилган эгрироқ ҳассасига таяниб, нурсиз кўзлари билан узо-оқ тикилиб қоларди…

Мозарат момо мени қучориға олди. Пешанамдан «чўлп, чўлп» овоз чиқариб қайта-қайта ўпди. Ёрилиб кетган лаблари қаттиқ ботиб, ғашимни келтирди. У эса бағридан қўйгиси келмасди.

– Мозарат момам, дейсиз-да-а? – жилмайди. – Тилингиздан! Мени Мозарат деманг, энам қўйган отим бор, айланайин, – дея тайинлади ўпкалангансимон.

– Э-э, эсимдан чиқипти-да, – ёлғонладим.Тўғриси, эсимда. Исми Оймума.

Айтишларича, илгари ойдеккина келин бўлган экан. Бурунлари эри ичиб келиб, кўп дўппосларкан. Маст эридан қўрққан шўрлик кечалари қабристонда жон сақлай-сақлай, охири мозор тутиб олган эмиш. Шу-шу, қишлоқ аҳли Мозарат деб атайдиган бўлганмиш! Тилим Мозарат, деб ўрганиб қолган бўлса, нима қилай?!

– Бундан кейин эсингиздан чиқмасин, майлима,ўргилай сиздан, –      қоқсуяк қўли билан елкамга қоқди. – Ҳўпма?

– Хўп-хўп, – дедим шошилиб. Ҳаёлим эса ўғри жўраларимда. Анжиру шафтолини ўмариб улгуришдимикан? Боққа ўтиб қолгудек бўлса, Худо урди, деяверинг. Хавотир ола бошладим. Пастки лабини тишлаган момо менга бош-оёқ обдон разм солди. Унинг кичик кўзлари кулиб турарди. Бир неча сукутдан ке¬йин у бошини силкитиб-силкитиб сўраша бошлади.

– Апамлар, акамлар, жамаатлар… яхшима?..

Кетаётганимда, сўрашса ҳам бўларди. «Тентакнинг ақли пешиндан ке¬йин
киради», деганлари шудир-да, деган ўй ўрмалади кўнглимдан. Жилмайиб қўйдим.

У бир зум ранги ўчиб кетган кенг этагига термулди. Кейин лаблари пирпиради:

– Менамас, бовангиз касал, ўргилай. Апамга айтинг, эскичасигаям қаратишга кўмаклашворсин. Менгинанинг аҳволи бу бўса, – рўмоли учи билан кўз ёшларини артиб, яна жилмайди. Бу хонадондан хабар олиб турадиган ёлғиз энам. Опамга деганида энамга ишора қилаётганлигини тушунаман. Бироқ Турдиқул бобонинг касаллигига ишонмайман. Касал бўлганида кун узоғи мол кетидан юришга ҳоли етармиди? “Тентакка тушунтириб нимаям қиламан? – ўз кўнглимга ўзимча изоҳ берган бўлдим. – соғ бўлганида, тетик одамни касал дермиди?»

– Майли, айтиб қўяман,- минғирладим.

– Биласми, ай қиз, – у қизлардек қимтиниб, бармоқлари учига тикилди. Кап катта аёлнинг мендек қизалоқни сизлаши, рости, энсамни қотиради. Мен мома дейман-у, у ёғидан-бу ёғи яқин қолганидан хабари йўқ кампиршоҳ, «ай қиз», дейди-я ҳафталик келинга ўхшаб.

– Мома, нимага мени сиз дейсиз-а? – гарангга гап уқтираётгандек шанғиллайман. – Ёшман-ку,сен дейберинг. Момо кўрсатгич бармоғини «уят» деган дек юзига босди, лабларини тишлаб, бошини чайқади:

– Ундай деманг, -деди шивирлаб, – айб бўлади-я! Мен шу қишлоққа келинман. Бовангиз шу қишлоқнинг боласи. Сиз қайнсингил ўрнида-да! Сен деб бўларканма? Қари момонинг келинман, дейиши ғалати туюларкан. Номимини тутмагани-чи! Нуқул, ай қиз,  дегани-деган. Ажабланаман, тентак бўлса ҳам шуларгача ақли етаркан-а?

– Тушимда-чи, – гапини давом эттирди у ёш келинчакдек қизариб, – гули бешигим бормиш. Бешикда болам. Алла айтаётганмишман. Айтайми? Жавобимни кутмасдан бошлаб юборди. Момо алла айтар, лекин унинг ҳиргойиси қулоғимга кирай демасди. Нафсим ўлгур хаёлимни қўлидан тутиб қочди. Қуруқ қолдим-ов! Ўл-а, кетиш керак. Момога айтсам, ўзи ҳам келтирардику, берганига бундоқ тўймайсан, киши. Олиб қочиб есак, бошқачароқми-ей!

Қарасам, қуёш уриб қорайтирган серажин юзли момо ёшли кўзларини юмиб, қўлини бешик тебратаётгандек ҳаволатиб алла айтяпти. Қўллари билан бутун гавдаси оҳангга монанд тебранади. Қўшиқми бу ё йиғи? Алла қулоғимга гоҳ қўшиқдек, гоҳ азада айтиладиган айтувдек туюла бошлади.

Кўзим нури, тишим дури,

Сенсан боғим, суянч тоғим,

Тан мадорим, ўчмас чироғим,

Ширин болам, алла-ё, алла,

Асал тойим, алла-ё, алла…

Бир–бирини шошиб қуваётган кўз ёшлари ажинлари ясаган саноқсиз ирмоқчалардан тинимсиз сизар, бўртиб чиққан елкалари оғир–оғир силкинарди. Титраб кетдим. Очиғи, қўрқдим. Ҳали замон менга ташланиб қоладигандек ўтакам ёрилди. Тутқаноғи  тутди-ёв! Қочиш керак. Оёқ кийимимни қўлимга олиб, момодан узоқлаша бошладим. Хув нарига бориб орқамга қарадим, у ҳали ҳам сел бўлиб куйлаяпти. Тебранаётган бошидаги рўмол елкасига тушган. Қораси қолмаган қордек сочлари тўзғиган. Қутулганимга шукур қилиб ура қочдим. Анча  жойга боргунимча момонинг дилни ўртовчи хаста овози эшитилиб қолди…

– Ҳей, Қақа? –    Ғани қоранинг шивирлаган овозини эшитиб, халлослаб кетаётган жойимда тўхтадим. Қўрққанимдан шафтолиям эсимдан чиққан экан. Дафъатан овоз келган томонни англамай, алангладим.

– Бақа ке!-  Қатор балх тутларнинг нариги томонидаги бўйимиз тенги пахтазор орасидан Ғани  қоранинг сочи чала олинган боши кўринди.

Борсам, пахтазор жўяги ичида ўғри жўраларим минг қўйли бойга ўхшаб чў-зи-ли-иб ётишибти. Бир томонда анжиру шафтоли уюми, иккинчи томонда данагию пўстлоғи.

– Хайрият-эй, қолдирибсизлар, – нафасимни ростлар-ростламас гапирганим шу бўлди.

– Ҳа, Мозарат билан чиқишиб қолдингма, кегинг кемайди?

– Э, бор-э, – Облаберди калнинг гапини бўлдим. – Олдин нима  бўлди, деб сўра!

– Вой-бо-ёв-в, нима бўп қопти? Энтикмай гапир! – жеркиди Ғани қора.

– Тутиб қолди-да!

Жўраларим туриб ўтирди, қулоқларини динг қилди:

– Нима?

– Йўғ-э?

– Э, йўқ, – шафтоли шираси юқидан бир-бирига ёпишаётган бармоқларимни силтадим. – Бир вақтнинг ўзида ҳам кулди, ҳам йиғлади, ҳам қўшиқ айтди. Қалай? Зўрми? Жуфтакни ростладим…

Ваҳимали гурунгимиз анчагача чўзилди. Гап–гап  билан ўғирланган ўлжаларниям ютиб қўйибмиз. Уйга келсам, энам тандирдан нон узяпти. Оёқ товушимни эшитиб ўгирилди.

– Қайда юрибсан? Нима қилдинг уст- бошингни? – кўзи билан кўйлагимга ишора қилди. –Пахтанинг  қичаловида билагимни қайраб ўтирипманми, кир юваман деб?!

Боя билмагин эканман. Шафтоли шираси тегиб, кўйлагимнинг олд этаги доғ-дуғ бўлган экан.

–         Қиз бўлмадинг сен, қизил кўзли бало бўлдинг, – шанғиллади энам.

Койиганда доим шу гапини қўшмаса, уришгандай бўлмайди, шекилли?
Қизиқ, қизил кўзли бало, дегани нима экан-а? Қизил кўзли бало ҳақида ўйлаб кетаман. Қиёфасини кўз ўнгимда гавдалантирамоқчи бўламан. Қанчалик уринмай, унинг ўрнида ўзимни кўравераман-да! Ниҳоят, ўзимча хулоса қилиб қўяман: “у ҳам энасининг кўнглидан чиқмайдиган
дардисардир-да!”

– Мозарат момоникига кирувдим, -давомини айтишга қўрқиб, кўзим пирпиради.

Энам гапимни эшитиб юмшади.

–  Яхшимикан?

–  Сўраворди!

–  Худой сўрасин.

–  Бовангиз касал, энангизга айтинг, эскичасигаям қаратишга ёрдам берсин, деди.

–  Ётиптима бованг?

–  Йўқ, мол  боқиб кетибти…

– Ҳа – а, –  энам бир нарсани  уққандек қошларини чимириб. Пастки лабини тишлади. – Шўрлик. Яна  нима деди?

– Кейин бирдан “тутиб” қолди, – дедим бидирлаб. – Кулди, алла айтди, йиғлади.

Энам ола қаради.

–  Ўзингдан катталар ҳақида ундай дема! – деди силтаб. – Бор, овқатингни еб, молни боқ.

– Эна, – дедим сувга ботирилган иссиқ нондан оғзимни тўлдириб чайнарканман, – Мозарат мома бизарни қариндошма-а? Анови… Ғани уруғларинг, дейди-ку, ростми-а?

Саволни бердим-у, иссиқдан бўғилиб нон ёпаётган энамнинг оғзини
пойладим. Эҳ, йўқ, дея қолсайди. Шунда Мозарат уруғларинг, деган тенгқурларимга кўрсатиб қўярдим. Кир – чир бўлиб юрадиган эси кирди чиқди кампиру чолни қариндош дейишга ор қиламан-да! Энамам қизиқ. Ҳамма улардан узоқроқ юришга тиришади, энам бўлса ош-нон қилиб уларни кўргани боргани-борган.

–  Ҳа, қариндошимиз, – навбатдаги нонни узиб олаётган энам жавоб қайтарди.

– Қанақа? – алам билан сўрадим.

– Шунақа. Бу дунёда ҳамма бир-бирига қариндош. Одамнинг одамга бегонаси йўқ. У бечораларниям Худо бир томондан қисган-да! – Энам ўйчан гапирди. “қариндошимиз” деган гапидан тумтайиб, икки сигир, бир бузоғимни олдимга  солиб Қўриққа жўнадим…

 

Кейинги шафтоли пишиғи келганида, учинчи синфга қатнай бошладик: мен, Ғани, Облаберди. Ғани иккаламиз тузикмиз-у,  шу Облабердининг ўқишга тоби йўқроқ-да! Ҳарфни зўрға танийди. Дангаса чиқди. Йўқ, ўзи қобилгина. Холмурод гайдукка ўхшаб қизларнинг сочидан тортиб чирқиратмайди-ю, барибир ўқимайди. Ўқимаса шўри-да! Мол боқади. Биз номигагина борамиз Қўриққа. Молларимиз пахта томонга қараб юрдими, тамом. Ғани иккаламиз галма-гал қичқирамиз: “ Обла, тарғилга қара!” “Облакал, олани қайтар!”.

Бўш – бўёвгина Облаберди эса ўзидан катта говронни олиб, кун бўйи бебош моллар кетидан ҳаллослаб юргани-юрган. Кап – катта бўлса-да, бурни доим булоқдай қайнаб туради. Кўйлагининг енги дастрўмол вазифасини ситқидилдан адо этавериб, ярақлаб кетган. Аммо иш буюрганимиздан хечам ўксимайди.  Қайтага мушкулимизни осон қилиб, молимизга қараганидан хурсанд. Ҳатто, ғурурланади ҳам.

Мактабдан қайтаётиб уч оғайни яна боққа ўғирликка тушишни маслаҳатини қилаётувдик, кулбасидан тугун кўтарган момонинг ўзи чиқиб қолди.

– Ай қиз, бақа кенг, – у қўлини силтаб, чайқалиб – чайқалиб кела бошлади.

– Менма?  – сўрадим кўрсатгич бармоғим билан ўзимни кўрсатиб.

– Ҳа-да, айланайин. Бовангиз тушда чайга келмади. Қўриққа ошини обаринг, майлима?  – у ялинчоқ кўзлари билан тикилди. Ажаб, унинг қарашлари қизиқ! Хеч кимникига ўхшамайди. Момонинг нигоҳларида бир вақтнинг ўзида ҳам қизиқсиниш, ҳам қувонч, ҳам мунг кўриш мумкин.

– Ўзингиз – чи? – нигоҳларидан кўз узмай сўрадим.

– Пахтага боришим керак-да! – деди ялинчоқ овозда.

– Шафтоли берасизма? – кемшик тишларимни кўрсатиб тиржайдим.

– Бўйингиздан, майли-да, майли, – момо эгнидаги кўйлагидек қирқ ямоқ дастурхон тугунини узатди. – Ушланг.

 

Ўзи эса боладек боғига чопқиллади. Кўп ўтмай, кенг, кир этакларини қайириб шафтоли, анжир солб келтирди. Улушимизни олиб, жўнадик. Момо орқамдан олқади: “Барака топинг. Рисқингиз пароғ бўлсин” Қишлоққа қарама-қарши пахта даласи томон кетаркан, бирдан овози баландлади: “Бораман, ҳум мозаратга бораман-да! Энамни сиз танийсизма? Вой, танимайсизма? Йўқма?.. Менмас, чолим касал… ” “Бечора тентак. Қандай қилиб пахта тераркан-а? Биргад бова шу бояқишга индамаса, нима қиларкан?”

Уйга келсам, энам йўқ. Аллақачон пахтага жўнаган экан. Шафтоли қорнимни шиширган. Овқатланмадим. Кун тиғи баланд бўлса ҳам акам армиядан келтирган матросча костюмни эгнимга илдим. Бўйим пастлигидан этаги ерга тегай, дейди. Яхши-да, қалингина. Яйловда тўшаб ўтириш, устида бемалол ётиш ҳам мумкин. “Ола” билан “Қашқа” сигирларимни олдимга солдим. Момо берган тугун дастурхонни кўтариб, Қўриққа жўнадим. Ғани билан Облаберди ҳали келишмабди. Моллари кўринмайди. Турди бобонинг тарғиллари ана. Эгаси кўринмайди. “Бова”лаб уч-тўкт чақирдим. Қулоғи оғир-да, эшитмаган, овоз бермади. Қўриқ ўртасидаги букри жийда томон юрдим.

Мўлжалим хато чиқмади. Жийданинг қуюқ соясида Турдиқул бобо чап қўлини тирсагидан буклаб  болиш қилган. Ёнбошлаб ётибди. Кўзлари юмуқ. Оғир-оғир нафас олади. Эгнида тугмалари бўшотиғлик пахтали камзул. Остида нимтача, кийилавериб ёқалари қирилиб кетган кирчимак кўйлак. Этик, пайтавасини яқинда ечган шекилли, оёқларидан қўланса ҳид билан ҳовур кўтарилади. Ажриқ устига костюмни ташлаб ўтирдим. Чолнинг ёнига дастурхон ёздим.

– Бова, момам овқат берворди, – турткиладим. – Туринг.

Чол киприксиз кўзларини хиёл очди. Жилмайди. Рахмат, деганида бу. Оғир

қўзғалиб, туриб ўтирди. Сув қайнатилавериб олов қоракуя қилган туника

чойнагидан кафтларини коса қилиб сув олди. Ғадир – будир қўлларини ювди. Белбоғини ечиб, бир учига артинди. Хиёл суви қочган нонни узоқ чайнади.
– Ол, – у қўли билан дастурхонга ишора қилди, – ўзингам же.

Чолнинг гапини қайтармай бир дон шафтоли олдим. Шу чол ҳам қизиқ. Куннинг иссиғида қалин кийимлага бало борми? Ёниб кетмаганини!
– Бова, иссиқ-ку, камзулингизни ечиб, бошинизгақўйиб ётсангиз бўлмайдими? – эшитсин учун шанғиллаб ўргатган бўлдим.

– Ота ули, ақллисан-да! – у кулди. Ёши саксонниг тагига борса ҳам на
соқоли бор, на мўйлаби. Ўғил болача кийинганим учун танимаяпти-ёв, деган ўйда яна додлаб эътироз билдирдим.

–  Мен ўғил бола эмасман. Қиз боламан-ку…

У тишсиз оғзини очиб кулди. Ўнғайсизланиб китобимга тикилдим.

–  Мўлла болам, нима ўқияпсан? Қизиқма?

Чолнинг доим ёшланиб турадиган кўзлари қизиқсиниб боқди.

–  Эртакма? Қаттиқроқ ўқи.

– Баланд овозда ўқий бошладим. Қулоғи оғир одамнинг кошки эшитиши осон бўлса! Бир маҳал у қоқсуяк қўлини кўтариб, “тўхта” ишорасини қилди.

– Бунча ҳижжалайсан, ота ули, ҳеч бало тушунмадим-ку! Ким жозипти, нима депти? Гапир-чи!

Саводсиз чолнинг китоб муаллифига қизиқишига куяйми энди? Қулоғи оғир одамга гап уқтиришни ўзи бўларканми? Томоғинг йиртилгудек бақирмасанг, эшитмаса!

– Худойберди Тўхтабоев деган ёзувчи ёзибди. Ҳошим деган боланинг сеҳрли қалпоқчаси боракан. Кийган киши кўзга кўринмас бўп қолармиш. Нимаики хоҳласа, шуни муҳайё  қилиб қўяркан… – билганимча қўшиб-чатиб гапира бошладим.

– Ростмикан-а? – дастурхонга овмин қилаётган бобо гапимни бўлди.

– Нима? – савол бердим тушунмай.

– Саҳрли калавашнинг борлиги-да!

Ўйланиб қолдим.

– Билмасам, – елка қисдим.

– Бор гапни жозғандир-да, – бобо ўйланиб қолди. – Жозувчи дегани ростини жозади, дейишади-ку!

– Қайдам, – елка учирдим.

– Ота ули, катта бўсанг, ким бўласан?

– Шоир, – дедим бурнимни тортиб.

– У нима дегани?

– Фақат шеър ёзади дегани, – билағонлик қилдим. – Ёзувчи  узун-узун

қаторли қилиб ёзади, шоир бўлса, фақат калта-калта қаторли қилиб ёзади. Менам шундай ёзаман. Узун қаторли қилиб ёзсам, одамлар ўқишга эринади-да! Кейин уни куйга солибам бўлмайди. Қайтага қўлни овритиб ёзгани қолади одамнинг. Калта қаторли, қофияли қилиб ёзсам, кейин уни Шерали қўшиқ қип айтади.

– Шералинг ким?

– Акам кастасини кунига минг марта қўйиб эшитадиган артис. “Биринчи

муҳаббатим” ни айтади.

– Ҳа-ааа, Мамуржонга ўхшаган хопизма? – чол синиқ жилмайди. – Сенам “Биринчи муҳаббатим” деб жозасанма?

–        Э-э, йўқ, – бурнимни жийирдим. – Мен Облаберди ҳақида ёзаман. Қилич тоғанинг кичик улини. Яхши ўқимайди. Тозалигиям ёмон. Синфимизни орқага тортгани-тортган. Ҳозирданоқ унга атаб шеър тўқиганман, айтайми? – мақтандим-у, бошлавордим:

 

Облаберди кал,

Тоза юр-да сал,

Тоза юрмасанг,

Бўласан касал.

 

Яхшима?

Бобо боши билан тасдиқ ишорасини қилди.

– Шўйтиб, жозувчиямас, бахши бўламан, дегин, – у ўйчан гапирди.

– Йўқ шоир бўламан.

– Эсиз, – бош чайқади у, – жозувчи бўғанингда, шу китопни жозганни
топиб, сеҳрли калавашни сўрардинг. Бораканма-жўғаканма? Билиб
келардинг-да! Бор бўса, менам бир тилагимни айтардим.
– Шоирман  деганиям, ёзувчиман, деганиям битта жойда ишлайди. Газит
чиқаради, – билағонлик қилдим. – Шоир бўп кетсам, ёзувчиман деганининг
ҳаммасини танишим, шу китобни ёзган одамни кўришим тайин. – уни
ишонтиришга уриндим.

– Шундай қил, ота ули. Уни топ. Жозувчи бўмай, шоир бўсангам майли, лекин топ. Унга айт, Хошимбойдан калавашини бир кунга  сўраб берсин. Айтки, қишлоқда менинг Турдиқул деган бовам бор. Унга бола керак. Улми – қизми, овунчоқ, ортидан қоладиган чироқ керак дегин. Қалпоқчадан тилагини тиламоқчи. Кампириям куя-куя кул бўп кетди, дегин, – деди бобо дардчил хаста овозда.

 

“У сеҳирли калавашни кийган одам кўзга кўринмас бўп қолади, холос.
Лекин у қалпоқ “очил дастурхон” эмас, сизга истаганингизни муҳайё
қилиб берадиган” дегим келди-ю, қариянинг мунгли юзидан ўта олмадим, ҳаддим сиғмади. Чолнинг гапи ҳазилмиди ёки чин, англолмасам-да, розилик билдириб қўя қолдим. Бобо пахтали шимининг кенг кистасини кавлаб, сарғимтир дори шишаси- носкадисини олди. Кафтига бир дамлагудек қуруқ чойдек тўкти-да, кўтарилган тилининг тагига ташлади. Нос юқи кафтини камзулининг этакларига суртиб, тозалади. Тирсагидан букланган қўлининг кафтига бош қўйди-да кўзларини юмди. Узоқ жим қолди. Рости, унга раҳмим келди. Жуда ҳам. Эсимни танибмаки, оғир этикларини судраб мол боқади. Саксон йил яшаб, ярми нураб қолган уйи, эси оғиб қолган кампири, чиркин камзулидан  бошқа ҳеч нарса топмаган. Шу чакалакзорлардан бошқа ҳеч ерни кўрмагандир-ов! Эҳ, шу қалпоқча менда бўлиб қолса борми!…

 

Пинакка кетган чолнинг оёқ бармоқларини талаётган чивинлардан бири
бориб қулоғига қўнди. Ундан иягига ўтди. Уларнинг сони кўпая бошлади. Уч… беш… етти… Лабларини тимдалаб ташлади, чамаси чол оғзига шаппатлади. Ўз ҳаракатидан чўчиб кўзларини очди. Орқасига чўзилиб носини туфлади-да, тупроқ билан чала кўмди. Сув билан “ғар-ғар” қилиб оғзини ювди.

– Бахши улим, – у қўлимдаги қалингина китобга кўзи билан имо қилди. –
Мениям шундай ка-атта китоб қилиб жозасанма?

– Майли, – минғирладим. “Нимаям деб ёзардим?” энсам қотди.

– Нималар жозасан? – хаёлимни уққандек сўраганди, қизардим.

– Яхши бовам бориди, бирга мол боқайдик, деб ёзаман-да!

– Майли, жоз. Жозувчиғa ўхшаб узун қаторли қип жозмасангам майли. Калта қаторли қиб бусаям жозағай… пақат… – у уҳ тортди. – Мақтаб жозмағин. Қapғаб жоз, қоралаб жоз. – Эски калавашини олиб сочи
устарада қирилган бошини силади. – Кўп бўмасаям оз қилиб, кам бўсаям соз қилип жоз. Худоямас, жин-ажинаямас, эна қарғиши ўрған бир шўрпешана бор эйди, деб жозғин. Борини, айтганимни, қўшмай-чатмай жозавур. Душманларим суюниб, дўстларим куйиниб қосаям майлига, – секин-секин гапирадиган бобо гоҳ сонига уриб, гоҳ қўлларини силтаб-силтаб тез-тез гапирарди. – Ота-онамнинг ўн аккита боласидан ўлмай қолган жолғизийдим. Тилаб-тусаб олған якка эйдим, ягона эйдим. Сенингдайин шўх-шанийдим. Эрта  жесир коған энамнинг топганини кийдим, тутганини жийдим. Жўраларимнинг боши, ҳар ишнинг қошийдим. У пайтлар қизиқ ўйинлар буғувчийди. Жерга чўғдай қизил олма қўйилар эйди. Бўй йигитлар давра олиб, «ким олади-ё, шугина-ни-ё» деб қўшиқ айтар, айтган қўшиқларига монанд қарсак чолиб, тебраниб туришар эйди. Шундай ўйинларда мендан олдин олма олишга ошиғадиған олғир топилмасийди. Мендан хайиқишар эйди. – бобонинг қуриб қолган, кичкина гавдаси сарак-сарак бўлаётган бошига монанд тебранарди. – Гўштдор кўксимни кериб, желкаларимни учириб, минг бир муқом минан бир-бир босиб, «мен оламано-о-о, шугинани-ё-ё», деб ўртага чиқар эйдим. Даврага чиқан одам қўлларини икки жониға чўзиб, оёғини желка кенглигида қўйиб, тиззаларини букмасдан энгашиб жердан олмани тиши билан тишлаб олмоғи керак. Бу ишни ҳаммаям қилай билиши душвор. Мен чиранганимга яраша олибам билар эйдим, – у менга ҳасратли тикилди. – Ҳа-а, Турдиқул бованг шунақа олғир одам эди бир пайтлар. Жигитларни олди, жўраларининг сардори эйди. Очарчилик жиллари… Қиш чилласи… Отамдан қоған бор меросни қуморга бой бериб уйга кесам, хотин жилаб ўтирибди. Ҳа, деярга мадори жўқ. «Не бўлди?» дедим. «Очман», дейди. Эрталабки битта кунжара нон қани, деб сўрасам, «Ярмини энангиз эрталаб уйига киритиб кетувди, қоғанини мен жедим. Биз икковга яримта, жолғиз энангизгаям яримтайкан-да? Инсопиям йўқ!» дейди. Танамга ўйладим. Хотинни гапида жон бор. Энамнинг уйчасига кирдим. Сандал четида бир туюр бўп жо-типти. Сандал устидаги дастурхон уроғлиқ. Оёқ шарпасини эшитган энам эшикка қаради.
– Келдингма, бо¬лам? – деди.

– Келдим, – дедим.

– Эрталаптан бағига мазам жўқ безгак ишини қиляпти-ёв. Келинга айт, иссиқ-совуримдан хабар обтурсин, сен-ку кўчанинг одами, – дея нола қилди.

Дастурхонни очдим. Яримта кунжара нон. «Ўзи жемагани-жемаган, келинига бермагани-чи!» ғазабландим.

– Жемасангиз нимага Санамга бермадингиз? – ўдағайладим. – Уни бегана, деб, ўзингиз босиб жеяпсизма?

– Ундай дема. Жейман дебидим. Бир қултим чайсиз ўтмади. Очакан, кириб жесин эди, – эмранди энам. – Чиқаришга мадорим жўқ бўса…

 

Жўқчилик жонимдан ўтган, очлик силламни қуритган. Кўзларим қонга
тўлган, хотиннинг минғир-минғирлари кекирдагимга келганди.
Аламимдан чиқиш учун нимадир қилишим керакдай эйди.

– Бекитишга мадар бор, чиқаришга жўғакан-да! Яна иссиғимдан боҳабар бўсин, дейсан-а, қитмир кампир! – дея ўшқирдим. Камига энамнинг титраб турган қоқсуяк желкасига куёвлик этигим билан бир тепдим. У «вой» деб жайига қайта жиғилди. Яримта нонни қўлтиғимра уриб эшикка жўналдим. Биринчи марта энамни сенсираб уришим эйди. Хотинни жонида жотиппан-у, ҳозир энам бостириб келиб, жердан об жерга солади. Қишлоқди бошимга тўплайди, деб ваҳимам ошди. Энамни бўса овозиям чиқмади. Ўқтин-ўқтин ўксигани эшитилиб турди. Оқшоми билан қаттиқ жилаб чиқди, чамамда. Бир марта хато қилған одам, такрорламоққа иккиланмаскан-а, бахши ўлим, қайтмас, қўрқмаскан. Шу-шу, аламим ошиб, ғазабим тошиб кетган кезларида энага қўл кўтариш одат бўлди. Хотинимам қатордан қуруқ қолмас эйди. Бурунғу машойиқлар “ота-онанг бўса-бўсин, оғзи бурни бўмасин”, дегувчийкан-да?”дерди энам ҳар турткилаб олганимда изиллаб. Эй, энамнинг тилаб олган тиловбердиси эйдим, – чолнинг нурсиз кўзлари хасратли термулди, – яккаси, ягонаси эйдим-а? Энамнинг эркасиман, қанча қитмирлик қилсам кўтаради, кечиради, бола тош-у, эна қум, барибир эрийди, деб эдим-а! Э, аттанг, – бобо ажинли пешанасига тап этиб шапатлади. – Аммо охирги бор қўл кўгарганимда чидамади. Шу кун оппоқ сочларини жойиб, сути қуриб қолган, кўксига уриб-уриб, жерни муштлаб-муштлаб, бўғилиб-бўғилиб қарғади: “У дунёю бу дунё берган сутимга розимасман. Худоё Худованда дунё тургунча тургин. Кўп жашагин-у, тирноққа зор бў, хору-зор бў,
унмагин-ўсмагин, парзанд қувончи кўрмагин, бола суймагин, лекин ўлмагин, минг жашагин, бисёр жаша”,  деб қоқсуяк қўлларини юзига тортган, овмин қилган эйди, бахши ўлим! Қахр билан эшикдан чиқдим-у, қайтиб бош суқмадим. Энам эса жозилғаниям чиқмай қўйди. Хапта ўтгач, хотинимға буюрдим: «Хабар ол-чи!» Малол келиб, хужрага кирган хотин даҳшатдан чинқириб чиқди. Ховлиқиб ўзимни эшикка урдим. Энам, оппоқ чачлари тўзғиган энам қўллари билан чангаллаган юзларини жерга босганча қотиб қолған! Ўлик қорая бошлаған, омонатини топширғаниға икки-уч кун бўған, чамаси, хиёл сасиған ҳам. Ўликни ювиш чоғи мурдашовлар харчанд уринмасин, бояқиш энамнинг қўлиям қимирламади, дуо тортаётгандек юзида қотди-қолди. Мук тушган қоматиям тик бўмади. Одамнинг жони қай ҳолатда узилса, тезда, баданнинг иссиғлиғида тўғриланмаса, шўйтиб қоп кетаракан, бахши улим. Шу алпозда жерга берганман энамни, шу ал¬позда, – бобо мушт бўлиб тугилган икки қўли би¬лан галма-гал кўксига муштлади. Чўкиб кетган кўзларидан ёш қуйилди. Овози хириллаб чиқа бошлади. – Шундан бери бола жўқ бахши улим, бола жўқ- Урдим, сўкдим, тўрт хотиннинг жавобини бердим. Пойда жўқ. Духтириям қомади, табиб, муллосиям. Эна қарғиши ypғaн жоман, жудаям жоман бўлайкан, болам-м-м-м!

Ёшларимни артиб қарасам, Турдиқул бобо юзларини чангаллаганича ажриқ
устида ихраб-ихраб йиғлаяпти. Гоҳ калласини муштлайди, гоҳ кўксини тимдалайди, гоҳ ер тирмалайди.

– Худоямас, жин-ажи¬наямас, қарғиш, эна қарғиши ypған мени, бахши улим, қарғиш урған! Шўйтиб жоз, қарғаб-қарғаб, қоралаб-қоралаб жозавур, болам-м-м-м!

У ўкириб-ўкириб йиғлади. Секин-секин овози тинди. Кучли йиғидан орғиқ
кирди, шекилли бошини чангаллади-да, юзтубан ётиб қолди. Ерга тикилганимча оғир судралиб катта анҳор томон кетдим. Сокин оқаётган сувга ёшли юзларимни ювдим. Бу дардли қисмат қиссаси мурғак кўнглимга ҳам оғриқ берганди, ҳам оғирлик қилиб кетганди: Йўқ, мен шоир ҳам, ёзувчиям бўлмайман. Бахши бола бўлишниям истамайман. Энасига қўл кўтарган тошмеҳр ҳақида ёзмайман. Боласи бўла туриб жони узилар маҳал қултум сувга ташна кетган онаизорнинг ўкинчли умрини тасвирлолмайман, саксонга кириб ҳам бола суёлмаган чолнинг армонли кўз ёшларини ифодалаш илинжида қўлга қалам олмайман, аянчли қисматларни қисса қилишни истамайман, йўқ!  Эна қарғиши урган бобойнинг афсус-надоматлар, қалб изтиробларини ёзмайман, ёзолмайман…

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мақола “Даракчи”  газетасининг 2004 йил 2 сентябрь сонидан олинди

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares