Чеккан заҳматларингизнинг охири шу бўлсин!

Бугун сафдошимиз, “Бирдамлик”  Халқ Демократик Ҳаракати Андижон вилоят бўлими етакчиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ҳаётида қувонч, оиласида тантана. Ниҳоят, қамоқ жафоларини ортда қолдирган дилбанди Илҳомжон уйга қайтди.

Мухолифат жонкурларидан бири, етакчи инсон ҳуқуқлари номоёндаси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг бир эмас, икки нафар норғул ўғли 2006 йилда Андижон фожеалари айбдорлари сифатида озодликдан маҳрум қилинган эди.

– Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 176, 228 – моддалари билан айбдор,  деб топилган суд тўнғич  ўғлим  Зайнобиддинов Илҳомжон Саиджаҳоновични 2006 йилда суд 11 йилу 6 ойга қамоқ жазосига маҳкум этган эди.

Қамоқ муддати 2005  йилнинг 23 майидан то 2015 йилнинг  4  майига қадар муддатни ўз ичига оларди. Жазони ўташ жараёнида маҳкум ўғлимнинг қамоқ муддати амнистия актига мувофиқ қисқартириб борилган. Бугун уйда катта шодёна, – дейди “Бирдамлик” ХДҲ  етакчиси.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида жойлашган УЯ64/51-  колониясидан жазо муддатини ўтаган Илҳомжоннинг 7 йиллик гул умри панжара ортида хайф  кетганига ачинади киши, албатта.

Бугун айрилиқ азоби-ю соғинч қиноқлари ортда қолди.  Шу йилнинг 4 май куни Илҳомжонга туғилиб ўсган уйи, хонадонига қайтиш бахти насиб этди.Айни дамда собиқ маҳбуснинг саломатлиги жойида.

“Бирдамлик” ХДҲ фаоллари Ҳаракатнинг Андижон вилоят бўлими етакчиси Саиджаҳон  Зайнобиддиновни 7 йиллик аччиқ айрилиқдан сўнгги ширин дийдор билан самимий қутлайди.

Саиджаҳон ака,  қувончингизга  шерикмиз.

Фарзандларингиз камолини кўриш, бахтидан қувониб юриш ҳамиша насиб этсин!

Озодлик  муборак!

Кўрган қаро кунларингизнинг ортда қолгани рост бўлсин!

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares