Дўстдан бўлдими, душмандан бўлдими, жорий йилнинг март ойи велосипед ишлаб чиқарувчи заводлар учун ноҳуш воқеаларга бой бўлди десак, муболаға бўлмас-ов.
Март ойининг охирига бориб, кутилмаганда Ўзбекистон кўчаларида велосипед “ови” бошланиб кетди. Йўл патрул хизмати ходимлари велосипед етаклаган борми, минган борми, ким ўзарга сурган борми, барчасини “териш” борасида ким ўзарга пойгага тушиб кетишди.
Бизда, Ўзбекистонда шунақа-ю, биласиз: салла деса, бира йўла каллани келтиришади.
Айниқса, милиция ходимларига Худо берди. “Дабро” қўларига теккан шаввозлар велосипедларни каратэ қилиб пачақлашда жаҳон чимпонлигини қўлга киритишмоқда.
Шунингдек, ҳукумат велосипед етаклаган фуқароларни жаримага тортиш эвазига бўшаб қолган далват ғазнасини тўлдирмоқни кўзлаган бўлсаям ажаб эмас.
У эмас, бу эмас, аҳвол шу зайилда давом этадиган бўлса, шу йилнинг 1 февралидан аҳолиси 30 миллон нафарга етганлиги айтилаётган Ўзбекистонимизда 30 дона велосипед ҳам сотилиши даргумон. Қарабсизки, велосипед бозори “банкрот”-да!
Бозорлари барқарор бўлишни истаган велосипед заводларининг ҳоқонларига битта текин маслаҳат: афтидан улар Ўзбекистон ҳукумати билан жиддий мозокоралар олиб бориши лозим деган таклифдамиз.Дарвоқе, бу каби “ур-йиқит”лар – мамлактада айнан велосипедларга нисбатан кечаётган хуружлар ушбу икки оёқли улов воситасининг касофати билан содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари кўлами кенгайиб кетаётганлиги важи билан изоҳланмоқда.
Бу-ку тушунарли. Бироқ битта лекини бор-да: машиналар тўқнашуви оқибатида рўй бераётган кўнглисиз воқеалар ҳам кам эмас. Маълумки, велосипеддан фарқли ўлароқ, автоҳалокатлар оқибати аксарият ҳолларда янада аянчлироқ фожеа билан тугаши ҳеч кимга сир эмас.
Шу маънода бизни ўйлантирган нарса шуки: Ўзбекистонда авж олган велосипед “ови”дан кейин навбат кимга ва ё нимага? Автомашиналаргами? Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, автоҳалокатлар сони тош босади-ку? Содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисанинг олдини олиш мақсадида автомашиналар ҳаракатига ҳам чек қўямизу, яна 20 аср бошларидагидек эшак-арава хизматига ўтамизми?
Йўл фалокатини олдини олиш чораси шуми? Бундан бошқа бирорта бир йўли, самарали усули йўқми?
Йўғ-э, нима бўлган тақдирда ҳам ҳукуматнинг навбатдаги хуружи машиналарга қаратилмаса кераг-ов. Негаки, у ҳолда Ўзбекистон иқтисодиётининг қон томирига чак-чак томаётган Асакадаги автомабил заводи касод бўлади-ку?
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли