
Тожикистоннинг Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси, ҳозиргача дараксиз қолаётган Салим Шамсиддиновнинг муовини Равшан Муталибов наркотиклар контрабандасида айбланиб, 30 апрел куни Краснодар аэропортида ҳибсга олинди.
Бу борада Тожикистон Социал-демократлар партияси раиси Раҳматулло Зоиров Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали баёнот берди.
“Равшан Муталибов бу иш олдиндан режалаштирилган, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, краснодарлик милиционерлар уни аэропортда кутиб турган бўлган. Аксарияти меҳнат муҳожирини ташкил қилган 160 йўловчи орасидан Равшан Муталибов микрофон билан чақиртириб олинган. Бир неча сониядан кейин унинг багажи текширувдан ўтказилган ва чемоданидан 400 грам героин топилиб, мусодара қилинган. Равшаннинг айтишича, чемоданининг қулфи синдирилган бўлган. У бу иш Душанбе аэропортида ташкиллаштирилганига шубҳа қилмайди”, дейди кеча Фейсбук саҳифасида нашр қилган баёнотида мухолифатдаги партия раиси Раҳматулло Зоиров.
Зоировнинг билдиришича, жорий йилнинг февраль ойида Социал-демократлар сафига бириккан Равшан Муталибов Россияга сафари олдидан Қўрғонтепа шаҳар ички ишлар бошқармаси масъулларидан бири Сафар Сафаров томонидан сўроққа тутилган.“Равшан Муталибов ўзига нисбатан уюштирилган бу ишда айнан Сафаровнинг қўли борлигини айтаяпти. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини Сафаров Равшан Муталибовга телефон қилиб уни чақириб олган ва уч соат давомида сўроқ қилган. Суҳбат давомида у Равшан Муталибовдан нима сабабдан Россияга кетаётгани, рейси соат нечада экани ҳақида ҳам сўраб олган. Равшан Муталибов Краснодар шаҳрига 24 март куни жўнаб кетиши керак эди. Лекин ўшандан сал аввалроқ йўқолган Салиим Шамсиддиновни қидириш тадбирида бевосита иштирок этгани боис Россияга сафарини бир ойга кечиктирди”, дейди Социал-демократлар лидери Зоиров.
Тожикистон Ўзбеклар жамиятининг Хатлон вилояти раиси Салим Шамсиддинов шу йилнинг 15 март куни эрталаб уйидан чиқиб, қайтиб келмаган ва ҳозиргача унинг дараги чиқмади.
Социал-демократик партияси ўша куни баёнот тарқатган ва “Салимбой Шамсиддинов тожик хавфсизлик хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлиги” ни иддао қилганди.
Зеро, дейди Социал-демократлар масъуллари, Хатлон вилояти ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари Салим Шамсиддиновни Раҳматулло Зоиров билан ҳамкорлик қилмасликка чақирган, акс ҳолда бу ҳамкорлик ёмон оқибатлар билан тугаши мумкинлигидан огоҳлантирган.
2004 йилдан бери хатлонлик ўзбекларга раҳбарлик қилиб келган Салим Шамсиддинов 2012 йилнинг баҳорида номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган эди.
Шамсиддинов ўша ҳужумни ўз фаолияти билан боғлаб “Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати ҳамда иккала мамлакат президентлари юрғизаётган мантиқсиз сиёсатга нисбатан билдирилган танқидий фикрларим сабаб бўлганига шубҳам йўқ”, деган эди.
Март ойи охирларида Amnesty International халқаро ташкилоти Салим Шамсиддиновнинг йўқолишидан ташвиш билдириб, Тожикистон ҳукуматини унингбедарак йўқолиши бўйича зудлик билан текширув бошлашга чақирганди.
Ўз баёнотида бу нуфузли ташкилот вакиллари Салим Шамсиддиновнинг йўқолишисиёсий сабабларга эга ўғирлик бўлиши мумкинлигини уқтирган эди.
Ўз навбатида Хатлон вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари Amnesty International ташкилотининг Шамсиддиновнинг ўғирланиши сиёсий мақсадларга асосланган, деган баёнотини рад қилган эди.
“Шу кунларда Салим Шамсиддиновни қидириш билан боғлиқ ишлар ҳеч қандай натижа бермаётган бир пайтда унинг муовини Равшан Муталибовнинг кутилмаганда Россия ҳудудида ҳибсга олиниши тожикистонлик ўзбекларда хавотир уйғотаётир”, дейди тожикистонлик мустақил кузатувчи Гуландом Ашурова.
Социал-демократлар мазкур партия аъзоси, ўзбеклар жамияти фаоли Равшан Муталибовнинг тез кунларда оқланиб, озодликка чиқишига умид қилмоқдалар.
“Равшан Муталибовнинг ҳимояси учун адвокат Никита Карпович жалб қилинди. Партиямиз ҳақиқат учун курашади”, дея таъкидлаган кечаги баёнотида Раҳматулло Зоиров.
jarayon.com