Тошкентда кўпхонали квартиралар арзонлади

Пойтахтда март ойига келиб кўпқаватли “дом”лар  баҳосида сезиларли ўзгариш – нарх тушиши кузатилди.

Бугунга келиб марказдаги 2 хонали уйлар таъмирталаблик даражаси ва қаватлар сонига қараб  ўртача 50 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда. Квартира пастки қаватда жойлашган бўлса қимматроқ, юқори қаватдаги жойлашувига қараб, арзонроқ баҳоланиши ҳаммага маълум.

Тошкентнинг Чилонзор, Қора Қамиш, Сирғали каби “камбағалбоп” туманларидаги кўпқаватли уйларнинг 2 хоналисини айни дамда 28 – 30 минг АҚШ долларига харид қилиш мумкин.

Уй-олди соттиси ҳақида гап кетганда, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, пойтахтда кўп хонали, яъни тўрт ва ундан ортиқ хонага эга бўлган квартираларнинг баҳоси кескин тушиб кетган. Айтиш мумкники, бугунги кунда кўп хонали квартиралар сони 3 хонали уйлар нархи билан тенглашмоққа бошлаган.

–   Тўрт хонали квартирам бор. Фарзандларим оилали бўлишгач, катта квартирага эҳтиёжимиз қолмади. Сотувга қўйдик. Лекин, мана тўрт ойдирки, харидор йўқ, сота олмай азобдамиз, – дейди Сирғали туманидан уй бозорига чиққан Фазлиддин ака, – Сотмасак ҳам бўларди-ю, лекин “квартплата”лар жуда қимматлашиб кетган. Мен ҳам, аёлим ҳам нафақада. Иккимизнинг нафақа пулимизни қўшгандаям 4 хонали квартиранинг бир ойлик мажбурий тўловларини қопламайди… Телефондан, электрдан, сув, газ ҳисоблагичларни тежаб ишлатиш эвазига зўрға эплаб ётибмиз. Уйни сотмасак, яқинда очликдан ўламиз.

Ҳамшаҳаримизнинг оғринганларича бор. Дарҳақиқат, кейинги пайтларда мажбурий тўловларнинг соат сайин ўсиб бориши кўпқаватли квартирада яшовчи хонадон соҳибларини қийнаб қўйди.

Мажбурий тўловлар муаммоси сабаб 4 ва ундан ортиқ хонали квартираларга харидор кам. Пули борлар ҳам кейинги “тўла-тўла”ларни “кўтара” олмасликларидан ҳадиксираб, харид қилишмайди.

Худди мана шу ҳолат Тошкент шаҳрида кўп қаватли, айниқса, кўпхонали уйлар нархининг пасайишига олиб келмоқда.

Мақсуда ҚИЛИЧЕВА

“Бирдамик” Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими фаоли

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares