Ўзбекистон Республикаси Президенти
И.А.Каримов номига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Мустафоевга.
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси давлат маслаҳатчиси Қўқонбоевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисҚонунчилик палатаси сенати раиси
Навоий шаҳри, Навоий кўчаси 35 А уй, 1-бино,
4-хонадонда яшовчи Боймуродова Дилдора томонидан
А Р И З А
Муҳтарам Президент!
Аввало бугун мен вилоятдаги менга ва оддий халққа нисбатан ноҳақ зулм ва адолатсизликлардан тўйиб кетганлигимдан Нега юртда адолат қолмади? Қора халқ ноҳақ зулмларга қачонгача сабр қилсин? Қонун бизнинг қўлимиздаги қўғирчоқ деб билиб, инсонлар тақдирини ўйин қилаётган ҳокиму тўраларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини ким қўллаб-қувватлаб турибди? Юртда қачон адолат қарор топади? деган саволлар билан мурожаат қилмоқчиман. Сабаби, мен ҳам шу юртнинг фуқаросиман. 20 йилдан ортиқ вақт журналистик фаолият юритяпман шу юртда. 9 йилдирки, ногирон ҳолимда 2 нафар фарзандимни ёлғиз тарбиялаб келяпман. Мени айбим нима? Адолат учун курашганимми? Худди шу каби аламзадаликдан интернет орқали жар солишга ҳам мажбур бўлгандим. “Ўзбекистонда мансабдорга жазо йўқ. Қонун амалдорни четлаб ўтади” мавдуида.
Муҳтарам Президент! Хўш, бу фикримнинг нимаси хато? Мана яна бир далил сизга! Умри далада хўжаликда меҳнат қилиб ўтган оддий деҳқон Сувон Исломовнинг ношуд келини Қадрия Исломова ва ноқобил ўғли Баҳодир Исломовлар томонидан ўз уйидан ҳайдаб чиқарилиб, кексайиб, белдан қувват кетиб, кўзи хасталаниб, ётоқхонада яшаб келаётганлиги ва айни пайтда тўнғич ўғил ва келин томонидан унинг оиласи фарзандлари тарқаб кетганлиги, ота ўз уйига ўзи эгалик ҳуқуқи олиши қонун билан ҳимояланганлигини англаб етган ҳолда ота билан эшикма-эшик саргардон юриб, Кармана туман ҳокимлиги масъул ходими Маҳмуд Бобоқуловга дуч келдик. Барча ҳужждатлар қонун доирасида тайёрлигига қарамай, М.Бобоқулов кекса отани “ўғил саники-ку ман нима қилай? Вақтида тарбиялаб ол эди. Бор эндиям келишиб олавер, бошимни қотирмай мени” деб кекса ёшли отани сенсираб қўполлик билан хонасидан чиқарди. Бу маънавиятсизлик бўлмай нима? Раҳбар ходимнинг касб этикасини бузиши маънавиятсизлик бўлмай нима бўлсин? Қолаверса, кадасрт ҳужжатига 12 та масъул шахс имзо ва муҳр босиб берган, уларнинг ҳар бирига қонуний тўлов тўланган. М.Бобоқулов эса “Отанинг келини норози бўлганлиги учун ҳам ўз уйига эгалик ҳуқуқи бермайман” дейиши чаласаводлик бўлмай нима ахир!
Муҳтарам Президент! Мен худди шу каби ҳолатларга асосланиб, Сизнинг номингизга ёзган шикоят аризамга М.Бобоқуловга нисбатан ҳақиқатан ҳам наҳот шу қадар маънавиятсиз ва чаласавод бўлса?! деган асосли фикрни келтириб ўтганман. Хўш, бунинг нимаси ҳақорат ё туҳмат? Қачондан бери ҳақиқатни ҳақорат деб номлай бошладик?
Уялмай-нетмай мени шу фикрим учун қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида иш тутиб, судга беришибди. Мен дастлаб судга участка милицияси чақирганида икки маротаба бордим. Бирида суд қолдирилди. Бирида судья номаълум сабабга кўра келмаган. Учинчи сафарида М.Бобоқуловнинг келмаганини бекорга мени оввора қилаётганлигини билиб бормадим. Қолаверса уйимда 78 ёшли онам ётоқли касалим бор эди. Мен борганимда суд ўтказилмай, ортимдан иш кўриб, жаноб судья менга нисбатан ўзича жазо қўллаган. Ваҳоланки, участка милицияси судгача мендан юқоридаги ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёздириб олганида юқоридаги фикрларни келтириб асослаб берган эдим маънавиятсиз ва чаласавод деган қарашларимни. Қолаверса, М.Бобьоқуловнинг қўполлигини ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини фуқаро Сувон Исломов ҳам тасдиқлайди.Суд қарорида келтирилган Қадрия Исломованинг 15 йил давомида солиқ тўлаб яшаган деган далили ҳам асоссиз. Қ.Исломова 4 йил давомида оиласи билан бошқа жойга кўчиб кетиб ҳам яшаган. 20 нафардан зиёд қўшнилари Қ.Исломовага қарши фикрлар билдирган шикоят ариза қўлимда. Бундан барча мутасаддилар ҳам хабардор. Лекин негадир кўпчилик аҳолининг мурожаати инобатга олинмай, аллақандай маҳалла котибасининг сўзи қонун мутасаддилар учун! Хўш, Қ.Исломова кимнинг эркатойи? Ортида бу қадар қонунларимизни оёқости қилиш даражасидаги қандай катта куч турибди?
Муҳтарам Президент! Юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан қонуний текширувлар олиб борилиб, менга нисбатан қўйилган ноҳақ айблов олиб ташланиб, М.Бобоқуловнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари қонуний ўрганилган ҳолда, тегишли жазо қўлланилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
Таъкидлаш жоиз, 15 апрель куни ўтказилган суд қарори почта орқали менга 28 апрел кеч соат 18.00да почта ходими (Аваз исмли) томонидан яшаб турган уйимда 16 ёшли ўғлимнинг қўлига келтириб берилган.
Мамуд Бобоқуловнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини тасдиқловчи далилларим ҳам мавжуд.
С. Исломов. / /
Боймуродова Д. / / 29.04.2013 йил.



