Миллат Қаҳрамони – Мамадали Маҳмудов хонадонида (фото)

Мамадали Маҳмудов Г.Нуриллаева ва М.Эшонқуловалар билан бирга
Мамадали Маҳмудов Г.Нуриллаева ва М.Эшонқуловалар билан бирга

Одамлар бор – тириклигидаёқ ўз қўллари билан ўзларига ҳайкал қўядилар.

Одамлар бор – матонатга тимсол бўла оладилар.

Ва яна орамизда шундай кишилар борки,  ҳеч бир унвону  амаллари,  мақтов ёрлиқлари-ю,  кўкрак нишонлари йўқ. Берилмаган,  берилмайди ҳам. Шу ортиқча дахмазаларсиз ҳам УЛАР нишонсиз қаҳрамонлар….

Элсевар,  эрксевар ёзувчи Мамадали Маҳмудов худди ана шундай инсонлар сарасидан.

Бугун “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоллари миллат қахрамони, ўхшатиш жоиз бўлса, нақд ажалнинг оғзидан қайтган ғурур ва ифтихор, матонат ва ор тимсоли, миллатпарвар ижодкор Мамадали Маҳмудовни зиёрат қилдилар.

– Мамадали эркпарвар, элпарвар, миллатпарвар, қўйингчи, инсонпарвар шахс. Ундаги ўзбекка, ўзликка, халққа бўлган меҳрни,  юртга бўлган буюк  муҳаббатни кўриб ҳамиша лол қолганман, – дейди  шоира Гулчеҳра Нуриллаева.

Бир сўз билан айтганда, Мамадали Маҳмудов шахси, унинг ибратли умри, 14 йил давомида жаҳаннам қаъридаги кўргуликлари ҳақида тунни тонга улаб узоқ гапириш мумкин.

Зеро, бугун биз миллатпарвар ижодкор, мухолифат оқсоқоли ҳақида, унинг эл эрки, миллат равнақи йўлида  азобларни ортмоқлаган машаққатли  ҳаёт йўли ҳусусида тўлиб-тошиб гапиришни кейинроққа қолдирамиз-да, ёзувчимизнинг энг муҳим жиҳатига – соғлиғига урғу берамиз.Шукурки, Мамадали Маҳмудов сиҳат-саломат, кайфияти кўтаринки, руҳияти тетик,  ҳар доимгидек мутойибага мойил.

Учрашув давомида собиқ маҳбуснинг кўнгил ярасини янгиламаслик учун ўтган куннинг аламли армонлари ҳақида сўз очишни эп кўрмадик.

Ўз-ўзидан суҳбат мавзуси асосан фарзандлар камоли, набиралар қувончи, шукуҳли кунлар – тўйлар, яхши дамлар, унитилмас онлар каби яхши хотиралар хусусида кечди.

Суҳбатимиз тугай демасди, яна узоқ давом этиши мумкин эди-ю, суҳбатдошимизни аядик. Миллатимиз қаҳрамонини толиқтириб қўймаслик учун тезгина хайрлашдик, – дейди “Бардимлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси М.Эшонқулова.

Дийдор сўнгида “Бирдамлик”чилар   ижод оламидаги кейинги кескин курашлар жараёнида куч берсин учун  Мамадали Маҳмудовнинг белига  рамзий маънода “пўлат”дан мустаҳкам “камар” – миллий белбоғ  боғлаб қайтдилар.

Демак, билингки, сафимиз яна қайта тўлди, қаторимиз яна биттага кўпайди. Миллатпарвар ижодкор яна биз билан, адолатпарвар одамлар билан бирга.

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Матбуот Хизмати

Фото:


 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares