“ЭЗГУЛИК” ФАОЛИ ИСРОИЛ РИЗАЕВ 2800 АҚШ ДОЛЛАРИ МИҚДОРИДА ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ!

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судья Ҳусниддин Дўстназаров раислик қилган маҳкамаси 22 апрель куни сиртдан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаевга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишни кўриб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши)да назарда тутилган қонунбузарликни содир этганликда айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм – 2800 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима билан жазоланди.

Судья Дўстназаровнинг таъкидича, фуқаро Исроил Ризаевга маҳкама олдидан икки марта судга чақирув қоғози ва телеграмма берилган, аммо судланувчи сабабсиз тарзда суд мажлисига келмаган. Шу боисдан ҳам суд ишни Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодекси талаблари асосида сиртдан кўрган. Бироқ судья ҳуқуқ ҳимоячисига ишдаги на даъвогар, на суриштирувчи орган ва на манфаатдор тараф борасида маълумот бермади. Аксинча, суд қарорини яна бир ҳафтадан сўнг олишини айтиб, гапни қисқа қилди.

Ҳолбуки, Исроил Ризаев Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлимини қайта ҳисоб рзўйхатидан ўтказиш учун сўнгги 2 йилда 11 марта вилоят Адлия бошқармасига мурожаат қилган. Аммо бутун мамлакат бўйлаб рўйхатга олинган ташкилот негадир Сирдарё вилоятида монъеликлар мавжуд эмаслигига қарамай рўйхатга олинмади. Айни пайтда Адлия бошқармаси Исроил Ризаевга фаолиятни таъқиқлаш тўғрисида огоҳлантириш ҳам бермаган, ҳуқуқ ҳимоячиси юқорида тилга олинган суд мажлисига чақирув ҳам, телеграмма ҳам олган эмас.

Эслатиб ўтиш лозим, Исроид Ризаев Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг энг фаол вакилларидан бири ўлароқ иносн ҳуқуқлари борасида ўнлаб ҳисоботлар, баёнот ва ахборотлар муаллифи. У кейинги 3 йил давомида Сирдарё вилояти судининг сохта айбловлари билан бир неча марта жавобгарликка тортилди. Турли ёлланма шахслар орқали унинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланиб келди!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Исроил Ризаевга нисбатан айрича муносабатни жамиятга нисбатан муносабат, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурани бу ҳодиса юзасидан изоҳ беришга чақиради. Юқори инстанция судларини қуйи суднинг адолатсиз қарорини бекор қилишга ундайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares