Худди шундай! Узоқ давом этган сирли касалликдан сўнг 76 ёшида вафот этган филология фанлари доктори, профессор Норбой Худойберганов ўтган асрнинг 60-90 йилларида ТошДУнинг филология ва журналистика бўлимларида ўқиган талабалар қалбидаги адабиётга ва ҳақиқатга меҳрни мустаҳкамланишига ҳисса қўшган, ўзбек танқидчилигига янги руҳ, ўзгача танқидий тафаккур олиб келган ва шу билан адабий муҳитни тозартиришга унутилмас ҳисса қўшган устоз адабиётшунослардан бири эди.
Биз, ТошДУнинг филология факультетида ўқиган собиқ талабалар устозимиз Норбой акани, кўнгли очиқ, дангалчи, ҳур фикрли инсон сифатида танигандик. 60 йилларнинг ўрталарида Москва давлат аспирантурасини битириб, эндигина номзодлик диссертациясини ёқлаб келган Норбой Худойберганов бизларга ўзбек адабиётидан дарс ўтаркан, бошқа домлалардан мутлақо ажралиб турар, ҳаётга ва адиблар ижодига ўзига хос муносабатда бўларди. Бу, бир қолипдаги гапларни ўқиб ўрганган баъзи талабаларда ажабланиш ҳиссини уйғотса, айримларимизнинг кўнглимизда хайриҳоҳлик туйғуларини пайдо этарди…
“Ҳаёт ва адабиёт ҳақида ҳар бир кишининг ўз фикри бўлиши керак. Стандарт гаплардан қочинглар. Ҳар бир асар ҳақида ўзларингизнинг фикрларингиз бўлсин, шундагина ҳақиқатга етамиз…” деган гаплари ҳозиргача қулоғимиз остида жаранглаб турибди.
Норбой ака дарсларда: “ижод шундай мураккаб, шундай нозик жараёнки, уни на бир умумий қолип, на бир қатъий қоидага солиб бўлади”. “Ғоявий ниятнинг қандай қилиб бадиий асарга айланишини билиш учун адибнинг ижод лобараториясини ўрганиш керак”, “муҳаббат каби нозик туйғуларга ҳам замон ўз тамғасини босади”… сингари (кейинчалик китобларидан ҳам жой олган) фикрларини эшитганда, биз ўша замоннинг содда талабалари унга ичимиздан қойил қолардик. Кейинчалик ҳам биз – Иброҳим Ҳаққулов, Дониёр Бегимқулов Аҳмад Аъзам сингари ўша пайтдаги ёш мунаққидлар Норбой аканинг ҳамда у кишининг устозлари ҳисобланмиш Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов сингари олимларнинг ўткир, баҳсли мақолалари, китобларини ўқиб улғайдик. Адабий жараёнга кириб келар эканмиз, назаримда бошқа катта ёшдаги устозлардан ҳам кўра, Норбой аканинг ижодга ёндашиш принциплари бўйича мақолалар ёза бошладик ва бизларнинг бу эътиқодимиз ўзини оқлаб чиқди. Ҳозирда адабиётнинг турли жабҳаларида қалам сураётган, кимларгадир ўзлари ҳам устозлик қилаётган Абдулла Улуғов, Марғуба Мирқосимова, Дониёр Бегимқулов, Сулаймон Раҳмон, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммад сингари адабиётшунос ва адиблар унинг йўлидан боришди ва назаримда, Норбой Худойбергановнинг шогирди бўлганларидан фахрланиб юришади.
Дарвоқе, Норбой ака университетда дарс ўтар экан, ўзини содда тутар, талабалар билан “уларнинг тилида” гаплашар, бизни ҳамиша баҳсга чорлаб турарди. У баҳсларга йўл бергани учун баъзан унга астойдил “ташланиб” қолар, айтган фикрларини инкор қилишга ҳам интилардик.
Бир гал камина унинг аруз вазни ва Эркин Воҳидов ижоди ҳақида айтган фикрларига, хусусан “Воҳидов замон мавзуларини кўтариб чиқишдан қочаётгани учун ўзини арузга урди”, деган сўзларига қарши гапирдим ва гўё танқидчидан шоирни ҳимоя қилгандай бўлдим… Кейинроқ ҳеч шубҳасиз истеъдод эгаси бўлган Эркин Воҳидовнинг ўз ижодий принципларга ҳамиша ҳам содиқ қолмаётганини кўриб. Норбой аканинг ҳақлигига амин бўлдик…
Норбой Худойберганов кўпчилик ҳолларда адабиёт оламидаги ҳамма ижодкорларга бир хил меъзон билан ёндашар, униси устозим, буниси шогирдим экан, пистончи газета ёки журнал муҳаррири ку, деб “скидка” қилмасди. Бир гал ўзининг ҳам устози бўлган Матёқуб Қўшжоновнинг “Сайланмаси”га сўзбоши ёзгани, унинг ижодидаги баъзи камчиликлар ҳақида ҳам гапиргани эсимда. Мен китоб чиқишдан олдин, “Матёқуб ака устозингиз бўлса, ҳеч бўлмаса сўзбошида танқид у кишини аясангиз бўлмайдими?!”, деб сўрадим. У киши эса: “Устоз отадай улуғ. Аммо ҳақиқат устоздан улуғроқдир. Мен у киши ижодидаги салбий жиҳатлар ҳақида ҳам озгина гапирмасам, танқид қилиб юрганим бошқа мунаққидлар, мсалан, Ҳафиз Абдусаматов нима дейди?!” деган саолни ўртага ташлаганди. Мен нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Чунки, Норбой ака ҳақ эди…
Худди шу эътиқоддан келиб чиқиб Мирмуҳсиннинг “Илдизлар ва япроқлар”, Асқал Мухторнинг “Чинор” романларини, Эркин Воҳид ва Абдулла Орифнинг ўртача шеърларини танқид остига олгани ўша давр китобхонларига маълум…
Норбой Худойберганов мақолалари ва китобларида ҳақиқий асар билан сохта (у киши тили бўйича “хашаки”) асарни фарқлар, сўзбозликка қарши жон жаҳди билан курашар, таҳлил жараёнида қаламкашлардан олган кўчирмаларни сўроқлару ундовларга кўмид ташлар, буни ҳамма ҳам ҳазм қилаолмасди. Ўзини нозик дидли деб биладиган юмшоқкўнгил танқидчи Иброҳим Ғафуров кабилар ҳам Н. Худойбергановга қарши ҳамлалар қилиб туришарди.
Бир гал Иброҳим Ғафуров “Шарқ юлдузи” журналида “Сўроқлар оқилона бўлса…” деган мақоласида Н. Худойбергановнинг Азиз Абдураззоқ, Сайёр ва Тўлқин каби қаламкашларни ҳимоя қилиб чиққани Норбой Худойберганов ҳам “Тоғлар қаҳқаҳа урадию, аммо…” номли мақола билан унга асосли жавоблар бергани эсимизда… Ҳаёт ва адабиёт илгарилаб борар экан. (Тўлқин, Сайёр каби шоирларнинг) И. Ғафуров ҳимоя қилган “асар”лари бир пулга қимматлиги, Норбой аканинг эса ҳақлиги маълум бўлди.
Норбой Худойбергановнинг шўро даврида ёзилган “Эҳтирос тўлқинлари”, “Кашфиётлар йўлида”, “Сўз курашга чорлайди”,”Ҳақиқат ёғдулари” сингари (жами 5дан ошиқ) китоблари замонавий адабий танқидчиликка қўшилган ноёб ҳиссадир.
Норбой Худойберганов истеъдодсиз ёзилган асарларни танқид қилиш билан бирга, талантли адибларни ноҳақ ҳужумлардан ҳам ҳимоя қила оларди. Бир пайтлар ҳаётни ҳаққоний ифодалаган (ҳозирда сарой шоирига айланган) Абдулла Орипов компартиявий танқидга, ҳозирда қамоқ азобларидан озод бўлган Мамадали Маҳмудов (“Ўлмас қоялар” романи учун) О. Шарафиддиновнинг ғаразли танқидига дуч келганида, уларни марказий матбуотларда ҳимоя қилган ҳам Норбой Худойберганов эди…
Норбой ака тўғрисўз ва қайтмас мунаққидгина эмас, бир муддат (90 йилларда) халқ ва ҳақиқат учун курашаётганларга хайриҳоҳ ҳам бўлган, митингларда нутқлар сўзлаб ҳақиқатни ва демократияни ҳимоя қилган, “Эрк” газетасида мақолалари билан чиқиб турган эди.
Асосан шу “хизматлари” ( янаям тўғрироғи, талабаларнинг онгини ҳаққоний фикрлар билан бойитмасин учун) Университетда дарс беришдан четлатилди.
Афсуски, истеъдоди кучли аммо халққа ва ҳақиқатга эътиқоди сустлашган Абдулла Ориф ўзи маънавий қарздор бўлган Н. Худойбергановни керак пайтида ҳимоя қилмади, ҳеч бўлмаса, ёзувчилар уюшмаси раиси ўлароқ 60, 70 йиллик юбилейларига келмади. Касал ётганида аҳвол сўрашга ярамади..
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг фақат ўз асарларини бостириш билан машғул бўлган Жамол Камол, Абдулла Ориф сингари раҳбарлари етук мунаққиднинг 60, 70 йиллик юбилейлари арафасида “Сайланма”си ёки “Танланган асарлари”ни чоп этишни йўлга қўйишмади.
Ўзбекистонда ҳам эзгуликнинг бардавом бўлишини, адабиётга сидқидилдан хизмат қилган ижодкорларнинг хотираси ҳам абадийлаштирилишини, устозимиз Норбой Худойбергановнинг охирати обод бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
Ботир Норбоев,
Филология фанлари доктори



