Фарғона вилояти, Учкўприк туманида жойлашган Кичиккина газ қишлоғида яшовчи 1956 йилда туғилган Қўшақов Ваҳобжон Исмоилович 1975 йилда армия сафида хизмат қилиш натижасида бош миясидан оғир жароҳат олиб, оқибатда умрбод ногиронга айланган эди.
Дардманд бўлиб қолган йигит ҳарбийдан қайтгач, батамом соғайиб кетиш илинжида касалхонама-касалхона кўп юрди. Бироқ, путур етган соғлиғини қайта тиклашнинг имкони бўлмади. Натижада меҳнат тиббиёт экспертиза комиссияси томонидан Ваҳобжон Қўшақов меҳнатга лаёқатсиз, ногирон деб топилди ва унга ногиронлик гуруҳи белгиланди.
– Охирги марта мени 1992 йилда меҳнат тиббиёт экспертиза комиссияси кўригидан ўтказишган ва шифокорлар томонидан умрбод 2-гуруҳ ногиронлигига мансублигим белгилаб қўйилган эди. Бироқ 2013 йилга қадар Қўшкўпир туман бюжетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими томонидан менга 2- гуруҳга эмас, балки 3- гуруҳ ногиронларига ажратилган нафақа пули тўлаб келинаётган экан. Мен бу ҳақда яқингинада хабар топиб қолдим, – дейди умурбод 2-гуруҳ ногиронлигига мансуб, деб топилган Ваҳобжон Қўшақов.
Йиллар давомида пенсия таъминотига оид фирибгарликка чек қўйиш ва давлат томонидан 2- гуруҳ ногиронларига ажратилган ўз улиши – нафақа пулини талаб қилиш мақсадида Қўшкўпир туман бюжетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими мудири А.Умарбековнинг қабулига кирган Ваҳобжон Қўшақовнинг думоғи чоғ бўлиб чиқди. Сабаби, бўлим мудири шу йиллар давомидаги пенсия пулларининг зиёнини қоплаш, тўлаб бериш ҳақидаги қуруқ гаплар, ёлғон ваъдалар билан ногироннинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юборганди.
– А.Умарбеков менга йиллар давомидаги зарарни қоплаш ҳақида сўз берган бўлса-да, сўзининг устидан чиқмади. Натижада мен шу йилнинг 14 февраль куни туман бюжетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими мудирига ўз ҳуқуқларимни талаб қилиб ёзма равишда ариза ёзишга мажбур бўлдим. Энди эса А.Умарбеков номардлик қилиб, қаллоблик кўчасига кириб ўтирибди. У меҳнат тиббиёт экспертиза комиссиясидагилар билан тил бириктирган, уларга илтимос билан чиққан чамаси, энди маҳаллий поликлиника шифокорлари менга қайта меҳнат тиббиёт экспертизаси комиссияси кўригидан ўтиш ҳақида йўлланма беришди. Бундан мақсад, мени қайта тиббиёт экспертизаси комиссияси кўригидан ўтказиш орқали, менга умрбод берилган 2-гуруҳ ногирони мақомини олиб ташлаш. Афтидан, туман бюжетдан ташқари пенсия жамғармаси мудири А.Умарбеков шу йўл билан менга тўланадиган тавон пули – зиённи қоплашдан қутилиб қолмоқчи, – дейди 2- гуруҳ ногирони Ваҳобжон Қўшақов.
Бир сўз билан айтганда умрбод 2-гуруҳ ногирони “ташҳез”ини олган В.Қўшақов орадан 20 йил ўтгач, меҳнат тиббиёт экспертиза комиссияси кўригидан қайта ўтишга мажбур этилмоқда. Нега? Сабаби жуда оддий: 20 йил давомида Қўшақовга 2-гуруҳ ногиронларига белгиланган нафақа миқдори тўланиши керак эди. Бироқ, йиллар давомида 2-гуруҳ ногирони 3-гуруҳ ногиронларига ажратилган миқдордаги нафақа пулини олиб келган. Ана энди 2- ва 3- гуруҳ ногиронларига тўланиши керак бўлган нафақа пули ўртасидаги тафоввутининг 20 йиллигини чўтга солиб кўрингчи? Ҳисоб-китоблар натижаси анча бунча одамни чўчитадиган сумма миқдорини ҳосил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, 20 йил ногироннинг нонини туя қилиб келаётган бюжетдан ташқари пенсия жамғармасининг мутасаддиларини ўз ҳамёнлари ҳисобидан Ваҳобжон Қўшоқовга тавон пули тўлаш ташвишга солмайди деб ўйлайсизми? Ўйлантиради, малол келади-да, албатта. Бир ногирон учун сармоя сарфлагандан кўра, унинг 2-гуруҳ ногиронлик мақомини бекор қилиш осонроқ-да мутасаддиларга! Шундай эмасми?!
Лекин 2-гуруҳ ногирони Қўшақов ҳам қўл қовуштириб ўтирадиган анойилардан эмас. У айни фирибгарлик юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қўшкўпир туманлараро судига мурожаат қилишга ҳозирлик кўрмоқда.
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



