Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ўзининг фаол аъзоси бўлган Гулшан Қораева атрофида кечаётган жараёнлардан ташвишланиш изҳор этади
Ўзбекистонда инсон ҳақлари курашчиларига қарши турли амалиётган давом этаяпти. Мамлакатда мавжуд ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, Республика ҳукумати очиқ фикрга ва инсон ҳуқуқлари масалаларига жуда зид позицияда, ҳамда ўрта асрлардаги каби бошқариладиган давлат системасини сақлаб қолишни истайди.
Айниқса, 2015 йилда ўтказилиниши кутилаётган Президент сайловлари олдидан Ўзбекистонда мухолиф фикр, ошкоралик каби ҳукуматнинг жиғига тегадиган “унсурлар” бартараф этилиши лозимдек. Шундан бўлса керак, жойларда инсон ҳуқуқлари курашчиларини дунёдан узиб қўйиш ҳолатлари тез-тез учрайди.Қарши шаҳри ва Қашқадарё вилоятида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораева айни шу тахлит, ҳукумат раҳбарларининг назарига тушиб қолганлардан.Шу йилнинг 9 апрель кунидан бери Гулшаннинг 00 998 752250625 рақамлик уй телефони ишламай қолган. Ўнлаб марта у телефон станцияларига хабар бериши ортидан ҳам телефони тузалмаганидан, ҳозир хорижда яшаётган унинг акаси Тўлқин Қораевнинг номига расмийлаштирилган 00 998 752211896 рақамлик телефонни қўшиб олди. Аммо, 16 апрель кунида бу телефон ҳам “миқ” этмай қолганини маълум қилмоқда Гулшан Қораева.
“Ҳукумат менга қарши нимадир бошламоқчи ва шундан олдин мени алоқасиз қолдиришга уринаяпти.” – дейди Гулшан Қораева, шунингдек, ҳуқуқбоннинг айтишича, унинг электрон почтаси ҳам номаълум кишилар томонидан блокировка қилинган экан. – “Шу бугун уни очишга муваффақ бўлдим”.- таъкидлайди у.
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ўзининг фаол аъзоси бўлган Гулшан Қораева атрофида кечаётган жараёнлардан ташвишланиш изҳор этади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда ҳам Гулшан Қораеванинг устидан жиноят иши очиш, уни судга тортиш каби амалиётлар бўлиб ўтганди.
“Мен Қашқадарё вилоят алоқа бошқармасининг телефон хизматлари бўйича бўлимининг бошлиғи Қурбоновга қўнғироқ қилиб (00 998 752212051), эртага плакат кўтариб чиқишимни маълум қилганимдан сўнг, АТС монтёрлари етиб келишди ва телефонимни тузатишди”. – дейди Г.Қораева.
Улар 16 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 15:15 да Гулшаннинг уйига келишган ва ҳар икки телефон симлари ҳам атайлабдан узиб қўйилганлигини кўрсатишганлигини айтади ҳуқуқбон. Бироқ буни ким қилган бўлиши мумкинлиги фақат тахмин қилиш мумкин холос.
Ҳуқуқбонни дунёдан узиш кимга зарурлигини тушуниб олиш қийин эмас ва бу ҳолдан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг хавотир билдириши учун етарлик асослар бор.
ЎИҲЖ ахборот маркази
14-апрель, 2013-йил



