АҚШ мулозими Майк Хаммернинг Ўзбекистонда сўзлаган нутқи

Майк ХАММЕР

АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси

(АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Майк Хаммернинг Ўзбекистонда шаффофлик ва матбуот эркинлиги мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи)

Катта раҳмат. Ассалому алайкум!

“Ҳукумат муассасалари фаолиятининг шаффофлиги” мавзусига бағишланган ушбу анжуманда бўлиш мен учун катта шараф ва қувончдир. Ҳукумат шаффофлиги ва оммавий ахборот воситаларининг ҳукумат муассасалари фаолиятидан бохабар бўлиши мавзулари Америка ҳукумати учун, Америка халқи учун, қолаверса, касбий ва шахсий нуқтаи назардан камина учун жуда муҳимдир. Дарҳақиқат, Ўзбекистонга илк ташрифимни режалаштирарканман, элчихонамиз орқали ушбу анжуман ҳақида хабар топдим ва унда иштирок этишни истадим. Шу ўринда анжуман ташкилотчилари, яъни Миллий демократия институти, ҳамкасбим Оскарс Кастенс жаноблари ҳамда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига менинг ташриф жадвалимни инобатга олиб, сизлар билан фикр алмашиш, сизлардан ўрганишга имкон берганлари учун ғоят миннатдор эканимни билдирмоқчиман.

Шунингдек, элчихонамиз жамоаси аъзолари билан биргаликда ташриф буюрган элчимиз Жорж Кролни, ушбу дастурни ташкил қилишда кўмак берган элчининг жамоат ишлари бўйича маслаҳатчиси Брайан Пенн ва бошқаларни алоҳида қайд этмоқчиман.

Кўриб турганимдек, сиз кеча ва бугун жуда кўп нотиқларни тингладингиз. Бу ерда франциялик ҳамкасбларимизни тинглаб ғоят қувондим, шунингдек, Финляндия байроғини кўриб турибман, германияликлар ва словенияликлар ҳам бор, деб айтишмоқда. Бу одамларни матбуот эркинлиги ҳақида сўзлаб беришлари учун анжуманга таклиф қилганингиз демократик жамият учун бундай эркинлик қанчалик катта аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда, шу билан бирга, ифода эркинлиги ҳуқуқи дунё узра барчага тааллуқли эканини билдирмоқда.

Демак, даставвал мендан нима кутмоқ кераклиги борасида фикрингизни тўғри йўналишга солсам, дегандим. АҚШ Давлат департаментида, яъни бизнинг Ташқи ишлар вазирлигида, котиб ёрдамчиси бўлиб ишлаш ўз-ўзидан сизнинг буюк шоирингиз Алишер Навоийдек нотиқ ёки Хўжа Насриддиндек сўзга уста бўлиш дегани эмас. Нима бўлганда ҳам, мен ҳукумат амалдориман. Бироқ, шаффофлик ва матбуот эркинлигининг муҳим масалаларини кўриб чиқар экансиз, бугун сизларга қизиқарли ва фойдали бўладиган ахборот улаша оламан, деб умид қиламан.

Ўзбекистон бўйича мутахассис эмасман, шунинг учун ҳам, сизлардаги тизим ҳақида гапириб бериш ўрнига, ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда сўз юритмоқчиман. Сизлар билан Гондурасдан Угандагача, Мўғулистон ва Хитойгача қилган сафарларимда айтиб келган фикрларимни ўртоқлашмоқчиман. Аминманки, муштарак мақсадларимиз, манфаатларимиз ва тамойилларимизни қамраб олган ушбу соҳалар ҳақида гапира оламан. Негаки улар жаҳон узра ягона бўлган ният ва қадриятларни акс эттиргани учун ҳам, дунё фуқаролари сифатида уларни биргаликда баҳам кўрамиз. Америкада биз демократиямиздан ва уни эркин ҳамда ваколатга асосланган ҳолатда сақлаб турадиган қонунларимиздан ниҳоятда фахрланамиз. Бироқ, маълумингизким, Президент Обама ёки Давлат котиби Керри жаноблари айтганларидек, биз ёш демократиямизни такомиллаштириш ва кучайтириш йўлларини излашда давом этамиз. Шубҳасиз, сиз ҳам Ўзбекистонни янада яхшилаш йўлларини изламоқдасиз, бугунгига ўхшаган тадбирлар эса бунга далилдир.

Жамоат ишлари бўйича раҳбар сифатида, ўз қўлим остидаги Бюронинг, жамоамнинг олий мақсадини доимо ёдда тутаман, яъни бу Америка ташқи сиёсатини самарали, аниқ ва барвақт етказиш орқали Америка манфаатларини олға суришдан иборатдир. Ушбу олий мақсадни муваффақиятли амалга ошириш чет элдаги жамоатчиликка ўз сиёсатимизни тушунтиришдан иборат бўлибгина қолмай, ўзимизнинг америкаликларга ҳам уларни етказа олиш ва фикрларини ўрганиш демакдир. Шу билан бирга, бу Америка ташқи сиёсати ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истаган матбуот ва фуқаролар билан очиқ мулоқотда бўлиш деганидир.

Мамлакатимизнинг олий қонуни, биздаги энг муҳим хужжат бўлмиш Қўшма Штатлар Конституциясига илк бор киритилган “Биринчи Тузатиш”да айтилишича, Америкага “асос солган оталар” сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишган. Фуқароларнинг ҳар қандай масала бўйича ҳукумат аралашувисиз ҳар томонлама ахборотга эга бўлишдек асосий ҳуқуқи унда ўз тасдиғини топган. Шуни қайтариб айтаман: ҳукумат аралашувисиз. Ҳукумат назоратидан озод бўлган матбуот устуворлиги Америка тарихи давомида сақланиб келган. Демократиямиз учун ҳам у муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу сабабли ҳам, Қўшма Штатларда журналистлар фаолиятини тартибга солувчи ахборот вазирлиги йўқ; журналистларни рўйхатга олиш ҳақида талаб йўқ; уларнинг касаба уюшмасига аъзо бўлишлиги борасида ҳам ҳеч бир талаб йўқдир. Дарҳақиқат, бугунги Америкага назар ташласангиз, ҳар қандай одам блог юритиб, ўз фикрини билдириши мумкин. Улар ҳақиқий журналист бўлмаса-да, ўз фикрини ифода эта оладилар,  ҳукуматимиз ва бошқа сиёсатларни танқид қилишга имкониятлари бор.

Қўшма Штатларда жамоатчилик фикрини қадрлаш анъанаси ҳам мавжуддир. АҚШ ҳукумат тизими фуқаролик ишларида фаол ва ундан тўла хабардор бўлган фуқароларга асослангандир. Шунинг учун ҳам, АҚШ фуқаролари ўз ҳукумати нима билан шуғулланаётгани, жамоатчилик фикрига эътиборли ва хозиржавоб эканини билишлари зарурдир. АҚШда жамоатчилик фикри АҚШ сиёсатини ўзгартира олади, ўзгартиради ҳам, баъзан бу жуда шиддатли равишда амалга ошади. Халқ сиёсатга таъсир ўтказа олади, биз демократик тизимда бўлганимиз учун ҳам, сиёсатни ўзгартира олиши зарурдир.

Президент Обама бошчилигидаги Оқ уй маъмурияти тадбиқ қилган қоидалардан бирига биноан, ҳар қандай шахс ёки ташкилот исталган масала бўйича WhiteHouse.gov сайти орқали ҳукуматга илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин, айни пайтнинг ўзида WhiteHouse.gov сайтига кириб, тақдим этилган баъзи илтимосномаларни кўришингиз мумкин. Ушбу илтимосномалар орқали 100 000 та имзога эга бўлган ҳар қандай таклиф ёки сўровномага ўз вақтида жавоб берилишини Оқ уй маъмурияти кафолатлайди. Интернет воситасида ушбу илтимосномалар қисқа муддат ичида оммавий тус олади. Дарҳақиқат, шу йилнинг январь ойидан бери Оқ уй кенг кўламдаги илтимосномаларга жавоб берди: бюджетга тааллуқли таклифлар, почта хизматига харажатни тежаш имконини берувчи чоралар, лобби фаолиятини ислоҳ қилиш, ҳатто Оқ уйнинг асалдан тайёрланадиган “Раҳбарга тортиладиган эль” ичимлигининг рецепти сирини очиш талаби (бу талабга биноан, ичимлик рецепти ошкор қилинди ҳам!) шулар жумласидандир.

Қўшма Штатлар Конгресси ҳам жамоатчилик фикрининг таъсирига анча мойилдир. Негаки, Конгресс аъзолари ва сенаторлар ўз округи ёки штати вакиллари томонидан сайланган бўлиб, уларнинг давлат аҳамиятидаги лавозимда ишлашда давом этиши ўз сайловчиларини ташвишлантирувчи масалаларга нечоғли эътибор қаратишларига боғлиқ бўлади. Мисол учун, 2002 йилда корпоратив ҳисоб-бухгалтерия борасидаги бир қатор можаролар сабаб бўлган оммавий норозилик ва ранжишларга жавобан, Конгресс “Ҳиссадорлик компаниялари молиявий ҳисоби ислоҳоти ва инвестор ҳимояси тўғрисидаги қонун”ни қабул қилган. Ўтган бир неча ҳафта ва ой мобайнида мамлакатни ларзага солиб, ўқотар қурол воситасида ёш ва бегуноҳ америкаликларнинг ҳаётига зомин бўлган бир қатор мудҳиш жиноятлар туфайли, жамоатчилик шу масала билан Конгресс шуғулланишини талаб қилганлиги учун, айни пайтда Конгрессда қурол-яроққа тааллуқли бир нечта қонун лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

Жамоатчилик фикри муҳимлигини бизнинг омма фикрини ўрганиш бўйича сўровлар ўтказишни канда қилмаслигимиздан ҳам кўрса бўлади; бизда турли-туман мавзуларда оммавий сўровлар ўтказилади; ҳар қандай гуруҳ ўртасида оммавий сўров ўтказилиши мумкин ва ўтказилади ҳам. Жамоатчилик фикрини йиғиш орқали ҳукумат ўз фуқароларининг ҳақиқий вакили бўлиб фаолият юритишга интилади.

Оммавий фикрни инобатга олишдан ташқари, ҳукуматимиз шаффоф бўлишга ҳам ҳаракат қилади. Президент Обама жаноблари яқинда тақдим этган баённомасида қуйидаги сўзларни таъкидлаб айтди: “Маъмуриятим ҳукуматда мисли кўрилмаган шаффофлик даражасини яратишга астойдил бел боғлаган. Биз жамоатчилик ишончини қозониш ва шаффофлик тизимини яратиш, жамоатчилик иштирокини ва ҳамкорлигини кенгайтириш борасида биргаликда иш олиб борамиз”. Бу сўзлар Президент Обама шаффофликни ўз маъмурияти учун устувор этиб белгилаганидан дарак бермоқда.

Бироқ, биз ҳукумат шаффофлигига эришиш осон иш эмаслигини, матбуот эса аксарият ҳолда ҳукумат ва фуқароларимиз ўртасидаги ахборот алмашувининг асосий воситачиси бўлиб хизмат қилишини яхши англаймиз. Шу сабабли ҳам, қонун чиқарувчи, суд ва ижроия тармоқларига қўшимча равишда, кўпинча матбуотни ҳукуматнинг норасмий “тўртинчи тармоғи” деб атаймиз. Матбуот шаффофлигимизга ҳисса қўшишини билган ҳолда, оммавий ахборот воситаларини аввалдан хабардор қилиб, ҳамкорликка чорлашга интиламиз.

Давлат департаменти ҳам, худди Оқ уй сингари, маҳаллий ва халқаро мухбирлар иштирок этиши мумкин бўлган кундалик матбуот анжуманларини ўтказади. Ишонтириб айтаманки, улар анча қийин саволлар беради. Ҳар куни бизнинг жамоатчилик билан ишлаш бўйича расмий вакилимиз минбарга чиқиб, бир қатор ташқи ишларга тааллуқли масалалар бўйича бизнинг сиёсатимизни тақдим этиб, тушунтиради, америкалик ва халқаро матбуот вакилларига Қўшма Штатлар нима билан машғул экани ҳақида энг сўнгги хабарларни етказиш билан бирга, ушбу фаолият билан нима мақсадда шуғулланаётганимиз тўғрисида ҳам маълумот беради. Айтилганларни инобатга олган ҳолда, ҳукумат ичидаги баъзи инсонларда шаффофликка қарши бўлишга табиий интилиш сақланиб қолади, негаки, уларнинг фикрича, бунинг оқибатида муаммолар пайдо бўлади, ёки ҳукуматимиз ишини тушунмайдиган одамлар томонидан кераксиз танқидни келтириб чиқаради. Давлат сиёсатини танқид қилган – ёки бундан ҳам баттарроғи, можароларни ошкор қилган – лавҳалардан сўнг мухбирларга ёв сифатида қарай бошлаш осондир, лекин аслида, шаффофлик билан иш олиб бориш ортидан келадиган ютуқлар албатта ютқазилганидан зиёд бўлишини ҳамкасбларимга эслатиб туриш менинг иш вазифамга киради. Аслида, Вашингтондаги тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда шуни айта оламанки, одатда муаммони яшириш ёки у тўғрисида ҳақиқатни гапиришни истамаслик хатонинг ўзидан кўра ёки вазиятни тўғрилаш кераклигини тан олишдан кўра каттароқ муаммони келтириб чиқаради. Оммавий ахборот воситаларида пайдо бўладиган хабарлардан доим ҳам мамнун бўлмасак-да, вақт ўтиши билан шуни англаб етдимки, оммавий ахборот воситаларини хабардор қилсангиз, уларга ўз касбининг устаси сифатида муносабатда бўлсангиз, ўз ишингиз, унинг бажарилиш тартиби ва мақсадлари ҳақида бохабар ва тушунчага эга бўлишлари учун меҳнатингизни аямасангиз, улар яхшироқ ва ҳақиқатга яқинроқ лавҳалар тайёрлашади, ҳатто қалтис лавҳалар ҳам муаммони очиб бериш ва унга ёндашувимизни қайта кўриб чиқиш ёки ечим излашга ундаш орқали бажараётган ишимизни такомиллаштиришга ёрдам бера олади.

Мисол учун, бир неча йил аввал, Қўшма Штатлардаги энг нуфузли рўзномалардан бири бўлмиш “Вашингтон Пост” АҚШ ҳарбий госпиталида АҚШ ҳарбий ходимлари яхши даво топмаётганлиги тўғрисида бир қатор мақолалар чоп этган. Дастлаб ушбу материал ҳукуматни ранжитадиган хилидан саналиб, америкаликларнинг ҳарбийларимизга бўлган ишончига вақтинча путур етказса-да, ҳукумат бу фош қилувчи мақолани дастуруламал сифатида қабул қилди. Мақолани чоп этганларни жазолаш ўрнига, Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимдаги раҳбарлари, шу жумладан, Мудофаа вазири жаноб Гейтс ҳам, мақолаларда келтирилган даъволар юзасидан тергов ўтказдилар. Яраланган аскарларга керакли эътибор берилмагани ва госпиталдаги шароит мавжуд талабларга жавоб бермаслиги тасдиқланганидан сўнг, улар госпиталь маъмуриятини алмаштиришди, госпиталдаги шароитни яхшилашди ва бутунлайича ветеранлар соғлигини сақлаш тизимини синчковлик билан таҳлил қилишни бошлаб юборишди. Шундай бўлгани яхши ва шундай бўлиши зарурдир ҳам.

Демократик ҳукуматлар бенуқсон эмас, улар ҳам ўз халқи олдида ҳисобот бериши зарур эканини яхши биламиз. Матбуот ҳукуматимизни назорат қилишнинг муҳим омилидир, негаки ҳукумат ўз ички жараёнларини доим ҳам самарали равишда тартибли сақлаб туролмаслиги мумкин. Порахўрликни фош қилишда ёки ҳукумат йўл қўйган хатоларни ёритишда кўпинча айнан мухбирлар биринчи бўладилар. Такрорлаб айтаманки, бу яхши ва ижобий хусусиятдир. Соғлом ва ўсиб бораётган демократия учун бу зарур деса ҳам бўлади.

Биз учун матбуот билан ишлаш ҳеч нарсани яширмаётганимизни кўрсатиш учун яна бир имкониятдир. АҚШда ва дунёнинг кўплаб бошқа жойларида матбуот журналистик текширувлар орқали қизғин мунозараларни рағбатлантиради, хусусан, жамият четига чиқиб қолган қатламлар учун турли нуқтаи назарларни ифода қилишда майдон сифатида хизмат қилади. Америкаликлар учун ҳукуматнинг мухбирлар ва матбуотга нисбатан тазйиқ ўтказиши ҳимоясизлик ва суиистеъмол белгисидир, асло ишонч белгиси эмас.

Матбуот синчковлиги билан ўзим ҳам яқиндан танишман. Оқ уйда Миллий Хавфсизлик Кенгаши расмий вакили сифатида ишлаган пайтимда матбуот вакиллари билан учрашувларимиз олдидан ўзимни қўлга олиб, яқинда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида қалтис саволлар беришга шай турган мухбирлар қаршисида бўлганим саноқсиз ҳолатларни ёдга олишим мумкин. Қани эди ўшанда столим остига яширина олсам ва гапиришга мажбур бўлмасайдим, бироқ аслида  шундай учрашувлар орқалигина мулоқот қилишни ўрганамиз ва юргизаётган сиёсатимиз асосли ва шаффоф эканини таъминлаймиз.

Матбуот ва жамоатчилик олдида шаффофликни таъминлаш бизнинг асосий бурчимиз бўлганидек, оммавий ахборот воситалари ходими ҳам ўз навбатида мақолалар ёзишда аниқ, вазмин ва холис бўлишга масъулдир. Американинг мухбирлар олдига қўйган талаблари жуда юқори, биз бундан фахрланамиз. Мухбирлар ҳақиқат тўғрисида ёзишга интиладилар ва ўз номининг тилга олинишини истамаган манбалар шахсини сир тутиш қоидасига амал қиладилар. Айнан шу ҳалоллик туфайли ҳам мен сингари ҳукумат ходимлари матбуот билан ишончга асосланиб, берган маълумотлари тўғри етказилишига ва матбуот ҳам, қонун чиқарувчилар ҳам Америка халқининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш олиб боришига ишониб, мулоқот қила оладилар.

Ҳукуматнинг жамоатчилик билан ишлаш борасида расмий вакиллари сифатида биз энг катта бойлигимиз бу ҳақиқат эканини доимо эътироф этишимиз зарур. Фуқароларимизга хеч қачон ёлғон гапирмаслигимиз керак, чунки бундай қилсак, бизга бўлган ишончга, қолаверса, бошқарувни самарали тарзда амалга ошириш қобилиятимизга путур етади. АҚШ ҳукумати ахборотни алоҳида фуқароларга етказишга мўлжалланган тизимларга ҳам эгадир. Ҳар бир муассасанинг ўз вебсайти мавжуд, унда одамлар ҳукумат вакиллари томонидан айтилган фикрлар, тадбирлар ва сиёсий ёндашувлар ҳақида ўқий олишади. Ушбу тақдимотнинг ўзи ҳам кўп вақт ўтмай бизнинг элчихонамиз вебсайтига ва бизнинг бош вебсайтимизга қўйилади. Бундан ташқари, одамлар қонунчиликни Конгрессда кўриб чиқилиши жараёнини ҳам кузата оладилар. Сайловчилар қонун чиқарувчи орган вакилининг маълум бир қонун қабул қилиниши бўйича қандай овоз берганини кўра оладилар, бунинг натижасида келгусида ушбу вакилга овоз бериш тўғрисидаги ўз қарорларини қабул қиладилар.

Бундан ташқари, АҚШ қонунларига биноан, фуқаролар ахборот сўраб мурожаат қилганларида ҳукумат ўз вақтида жавоб бериши талаб қилинади. Қўшма Штатларда федерал ҳукумат даражасида шаффофликка тааллуқли устувор қонун 1996 йилда қабул қилинган “Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун”дир. Ушбу “Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун”га биноан, ҳукумат ихтиёрида бўлган ҳужжатларга эга бўлиш учун фуқаро талабнома билан мурожаат қилса ва бундай маълумот миллий хавфсизликка таҳдид солмаса, ҳукумат ушбу талабга жавоб беришга мажбурдир. Президент Обама федерал муассасалардан “Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун” асосида сўралган маълумотлар борасида имкон қадар очиқ бўлишликни алоҳида талаб қилган. Ҳатто шаффофликнинг ашаддий тарафдори бўлинмаса ҳам, воқелик шундайки, технология ривожи туфайли ёпиқ эшиклар ортида иш олиб бориш қийин бўлмоқда. Хабар топишимча, ҳукуматингиз яқинда фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари янада кўпроқ ахборотга эга бўлиши учун имкон берадиган ҳукумат муассасаларининг шаффофлиги тўғрисидаги қабул қилинажак қонунини амалда синаб кўриш учун тажриба ўтказишга қарор қилган.

Замонавий ҳукуматлар шуни эътироф этишлари керакки, ҳатто улар ўз фаолиятини яширмоқчи бўлганида ҳам, электрон тармоқлар ва алоқа ўрнатиш дунёсида шаффофлик ғалаба қозонади; барча нарса бутун дунёга кўринадиган бўлади. Воқелик шундайки, хеч қандай сир абадий сирлигича қолиб кетмайди, ҳеч қандай муаммо ошкор бўлмай қолмайди. Шунинг учун ҳам, ҳукуматлар ўз хатти-ҳаракатларини жамоатчилик олдида тушунтириб беришга тайёр бўлишлари зарур. Шаффофликка тайёр бўлиш орқали янада яхшироқ қарор қабул қилиш ва яхшироқ сиёсат юритишга имкон яратилади. Шунингдек, агар ҳукумат нима қилаётганини тушунтириб бермаса, қарорларини изоҳламаса, унинг ўрнига бу ишни бошқалар қилади. Буни хоҳ ёқтирайлик, хоҳ ёқтирмайлик, бу иш албатта содир бўлади, шунинг учун бундай муҳокамаларда иштироқ этган афзалдир.

Жамоатчилик ишлари бюросидаги ҳамкасбларимдан фақат биргина сабаб туфайли технологик инновациянинг сўнгги ҳолатидан хабардор бўлишларини талаб қилиб келаман: биз доим мулоқотда иштирок этишни истаймиз. АҚШ сиёсати ҳақидаги муҳокамалар ақл илғай олган ҳар бир майдонда ўрин олмоқда: Фейсбук, Твиттер, Ютюб; истаганингизни айтинг; биз иштирок этишни истаймиз. Овозимиз, АҚШ ҳукумати овозини эшитилишини истаймиз, токи бошқа инсонлар, эҳтимол, ғаразли ниятда ёки нотўғри маълумотга асосланган ҳолда бизнинг номимиздан гапирмасин.

Айниқса, ёш мухлислар барча ташкилотлардан – шу жумладан ҳукумат муассасаларидан – замонавий техникадан хабардор ва рақамли воситалар орқали мулоқот ўрнатишга қодир бўлишини кутадилар, айни дамда элчи жаноблари менга Ўзбекистон аҳолисининг каттагина қисми ёшлардан ташкил топганини маълум қилди ва айнан шу ёш авлод билан барчамиз бутун дунёда шуғулланиб келмоқдамиз. Жуда ҳам ёш аҳоли. Биз доимо янги мухлислар билан алоқа ўрнатиш ва улар сафини кенгайтиришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Фейсбукда постлар ёзамиз, твиттер, блоглар ва ҳоказоларда ёзувлар яратамиз, хуллас у ерда мавжудмиз! Аслида, элчихонамизнинг ҳам Фейсбукда саҳифаси бўлиб, у жуда ҳам машхур, уни 30 мингдан ортиқ аъзоси мавжуд. Бу янги мулоқот майдонлари бутун мамлакат ва бутун дунёдаги одамларга юқори лавозимдаги ҳукумат раҳбарлари билан бевосита мулоқот ўрнатишга имкон берди. Гугл+, Фейсбук, Твиттерларнинг бир зумда жавоб беришга имкон берувчи дастурлари орқали оммани қизиқтирган саволларга жавоб беришга ўзим ҳам вақт ажратдим. Тахминан бир соатлардан кейин Ўзбекистон фуқаролари билан Фейсбук орқали мулоқот ўтказамиз. Дарҳақиқат, Вашингтонда бўлганимда, Тожикистондан бир ёш йигит визага суҳбат учун ҳужжатларни қандай тўплаши мумкинлигини сўради. Демак, бемалол алоқа ўрнатишимиз мумкин. Суриялик бир Фейсбук фойдаланувчисига эса Сурияга нисбатан АҚШ сиёсати ва Асаддан кейинги Сурияга бўлган умид ва ниятларимиз ҳақида, шунингдек, Қўшма Штатлар Суриядаги майда миллатларни ҳимоя қиладиган кўп миллатли демократияни қўллаб-қувватлаши ҳақида сўзлаб беришга имкониятим бўлди. Венесуэлалик талаба билан унинг мамлакати ва минтақасига нисбатан АҚШ сиёсати ҳақида бевосита гаплаша олдик.

Матбуот эркинлиги ва шаффофлик тамойилларидан ташқари, америкаликлар умумийроқ бўлган ифода эркинлигини ҳам қадрлайдилар. АҚШ қонунига биноан, ифода эркинлигини жуда ҳам кам ва чекланган ҳолатларда таъқиқлаш мумкин. Ўз-ўзини ифода қилиш ҳаракати бевосита зўравонликка чақириш даражасига етган ҳолатда бундай истиснога йўл қўйилади.

Ушбу талаб ҳатто энг бемаза ифодаларни ҳимоялайди, токи улар бевосита зўравонликка чақирмаса. Бундай хатти-ҳаракатни жирканч ҳисобласак-да, АҚШ ҳукумати алоҳида шахсни уни амалга оширишдан тўхтатиб қололмайди.

Президент Обама жаноблари БМТ Бош Ассамблеясида таъкидлаганидек, “Бундай қилишимизга сабаб… нафрат сўзларига қарши энг зўр қурол бу тазйиқ эмас, балки янада кўпроқ сўзлар – мунофиқлик ва таҳқирга қарши бирлашган, ўзаро англашув ва ҳурмат қадриятларини юқори кўтарган бағрикенглик овозларидир”. Ифода ҳуқуқини ҳимоя қилмоқ бу одамлар айтадиган ҳар бир сўзни маъқулламоқ дегани эмас. Ер юзида миллиардлаб одам мавжуд, кимдир даҳшатли нарсаларни айтса, қолганимиз ўз ифода эркимиздан фойдаланиб, нафратга тўла ёки ғараз ниятида айтилган таҳқиромуз сўзларни шубҳа остига олишимиз, рад этишимиз ва танбеҳ беришимиз зарур.

Бироқ, ҳеч қачон зўравонлик нутққа нисбатан мақбул жавоб бўла олмайди.

Президент Обама жаноблари Қўшма Штатларда ифода эркинлиги ва шаффофликни ҳимоя қилиш борасида олган мажбуриятлари ҳақида яқинда қуйидагиларни сўзлади: “Бизнинг конституциямиз сўз эркинлигидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилади. Бу ерда, Қўшма Штатларда, таъна ва ҳақоратлар қўзғатишга мўлжалланган нашрлар сон-саноқсиз… Мамлакатимиз Президенти ва ҳарбий қўшинимизнинг Бош Қўмондони сифатида одамлар кундалик равишда ўзимга нисбатан нафратомуз сўзларни қўллашларини қабул қиламан – ва ҳар қачон уларнинг шундай қилишга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаман”.

Яна бир бор таъкидлайманки, шаффофликка эришиш осон эмас, лекин ишончимиз комил, шаффофликни таъминлаш орқали ютқазишдан кўра кўпроқ ютамиз. Шундай қилиб, халқимизга нисбатан имкон қадар очиқ муносабатда бўлишга интилишда давом этамиз ҳамда матбуотнинг эркинлиги учун доимо тегишли замин ҳозирлаймиз.

Сўзимнинг якунида бугунги “Ҳукумат муассасалари фаолиятининг шаффофлиги” мавзусига бағишланган анжуманда нутқ сўзлашга таклиф этганингиз учун яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Сизнинг ёш миллатингиз ва кўҳна заминингизга ташриф буюриш имкониятидан ғоят мамнунман. Афсуски, Ўзбекистон халқи ёки кўҳна тарихингиз ва анъаналарингиз ҳақида жуда ҳам кам америкаликлар билади. Келаси бир неча кун давомида мамлакатингиз ҳақида кўпроқ билимга эга бўламан, деб умид қиламан, ўрганганларимни Қўшма Штатларда қолган дўстларим ва ҳамкасбларимга етказмоқчиман. Тошкентга ташриф буюриб, унда сайр қилишдан ташқари, Самарқанд ва Бухорога ташриф буюришга ҳам имкониятим бўлади. Қўшма Штатларга қайтганимда эса Ўзбекистоннинг “Буюк Ипак Йўли”даги шаҳарларида кўрган ажойиботлар хусусида пухта билимга асосланиб гапириб бера оламан. Умид қиламанки, сизлар ҳам, Қўшма Штатларга ташриф буюриш, гўзал табиатимизни кўриш, халқимиз билан танишиш, бизнинг маданиятимиз ва серқирра демократиямиздан баҳра олишга имкониятингиз бўлади. Нутқимни тинглаганингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик изҳор қиламан, мабодо саволларингиз, мулоҳазаларингиз ва эҳтимол, танқидингиз бўлса, марҳамат, бемалол уларни эшитишга тайёрман. Сизлардан ҳам америкаликлар билан алоқа ўрнатиб, мамлакатингиз ҳақида хабардор этишингизни, бу ерга таклиф қилишингизни сўраб қоламан.

Катта раҳмат!

АҚШ элчихонаси Матбуот хизмати

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares