ЎЗБЕКИСТОН: ҚАЛОВИНИ ТОПСАНГИЗ ҚАМОҚДАН ҚУТИЛИБ ҚОЛАСИЗ

Ҳалол ва меҳнаткаш Комилжон акани кичик шаҳарчамизда ҳамма танирди. Узоқ йиллардан бери  «КВАРЦ»  ОАЖда ишлаб, эл орасида ҳурмат ортирган эдилар.  У инсоннинг хизматларини ҳукумат ҳам эътироф этиб, «Ўзбекистон Мустақиллигининг 15-йиллиги кўкрак белгиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» ва бир қанча фахрий ёрлиқлар билан мукофотлади.

Ўтган  йили «КВАРЦ» ОАЖ жамоаси томонидан  «Эл юрт ҳурмати» орденига ҳам тавсия этилганди. Аммо содир бўлган фожеа туфайли катта  корхона малакали  ишчисидан, бир оила эса меҳрибон отадан айрилиб фарзандлар чирқираб қолди.

2012 йил 3 октябрь куни,  чамаси кундузги 10.00 лар атрофида  «Фарғона Асака Транс» МЧЖга тегишли «ISUZU» русумли  йўловчи ташиш учун мўлжалланган  автотранспорт воситаси Фарғона – Қувасой йўлининг 11 километрида велосипед ҳайдаб кетаётган фуқорони уриб юборади. Автобус ҳайдовчиси Имамов Қахрамон  бир йўла йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равищда бузган эди.Натижада оғир тан жароҳати олган Саляхов Комилжон Асхатович шифохонада вафот этади.Суд  тиббий экспертизасининг  2012 йил 12 октябрдаги 503-сонли  хулосасига кўра, жабрланувчи К.Саляховни ўлимига бош мия ва чап чакка тепа ва энса бўлакларининг мажақланиши, мия қоринчаларига қон қўйилиши, бош юмшоқ тўқималари остига қон қуйилиши, чап чакка тепа суякларининг парчаланиб синиши сабаб бўлган.

Суд тиббий экспертизаси берган хулосанинг ўзиёқ автобуснинг  велосипед ҳайдовчисини қанчалик кучли зарб билан ўрганини англаб олиш қийин эмас.

Бахтсиз ҳодиса-да, бундай воқеалар кун ора содир бўлади, дерсиз. Аммо томошанинг зўри марҳумнинг тупроғи совумасдан олдин бошланди.

Аслида, Комилжон ака оғир аҳволда касалхонага келтирилганида, вилоят марказидан нейрожарроҳ чақиртирилиб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Унинг яқинлари – хотини ва болаларига йўл транспорт ҳодисаси хақидаги хабар кечга яқин етказилган. Улар етиб келганида  автобус ҳайдовчиси, «мен яқинда  ўғлимни сўнг хотинимини кўмдим, сизларага ҳеч қандай моддий ёрдам бера олмайман», деб қутулгани етмагандай, на у,  на  у ишлайдиган «Асака ТРАНС» МЧЖ жабрланувчи вафот этганидан сўнг бирор марта ҳол сўраб келишмаган.

Бу ҳам холва экан. Дастлабки тергов органи томонидан Имамов Қахрамон Турсуналиевичнинг жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266- моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этиш билан малакаланиб, иш судга оширилганди.

Суд мажлисида Қ.Имамов судга ариза билан мурожаат этиб, ўзига нисбатан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрь кунги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги»  қарорни қўллаб, жазодан озод қилишни сўради.

Суд, жиноят иши  материаллари  ва судланувчининг аризасини ўрганиб, прокурорнинг фикрини тинглаб, қуйидагиларга асосан  Қ.Имамовнинг жиноят ишини  Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенатининг  2012 йил 5 декабрь кунги «Амнистия тўғрисида»ги қарорнинг 6-бандига асосан тугатишни лозим топди.

Мазкур қарорнинг 2-бандида «Эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган шахслар,  шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган  ёки унчалик оғир бўлмаган жиноят содир этиб биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинсин», ушбу қарорнинг  6-бандида эса, «ушбу қарорнинг 1- ва 2- бандларида қайд этилган шахслар томонидан  содир этилган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган барча ишлар тугатилсин», деб кўрсатилган. Бу одилона қарор яхши, аммо  жиноятнинг оғири, енгили деганда ҳуқуқбонларимиз нимани назарда тутиб  судланувчини суд  залидан озод қилганларини ҳеч ҳам тушуна олмайман.

Келинг, судланувчи Қахрамон Имомов ҳақида ҳам икки оғиз эшитинг. «Амнистия тўғрисидаги» қарор билан озодликка чиққан  судланувчининг ўғлини бир йил аввал енгил автомашина уриб кетиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Ўша йўл-транспорт ҳодисасида айбдор деб топилган ҳайдовчига нисбатан Имомов томонидан анча вақтгача тазйиқлар ўтказилган. Унинг бор йўғи тортиб олингани етмагандай, ҳайдовчини урса боласи тирилиб келадигандай,  қонунга зид ҳаракатларни ҳам амалга оширган. Фарзандининг доғига чидамаган Имомовнинг рафиқаси ҳам вафот этгач у чуқур стресс ҳолатида бўлган. Ана энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, чуқур руҳий зўриқишни бошидан кечираётган инсонга йўловчи ташувчи автотранспорт воситасини ишониб топшириб бўладими?

Бу ҳодисада бир инсон вафот этибди. Агарда автобус жарликка қулаб, ёки бошқа бир йўловчи ташувчи транспорт воситаси билан тўқнашганида фожеа кўлами қандай бўларди? Ахир, ДАН хулосасига кўра, Қ.Имомов «йўл-транспорт қоидалари»ни бир йўла уч бандини бузганди.

«Йўл ҳаракати қоидалари»нинг  3.5- бандидаги  (ҳаракатланиш  жараёнида пиёдалар, айниқса,  болалалар, ногиронлар, қариялар ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини  кўриш кераклиги), 11.5- бандидаги, (тўрт ва ундан ортиқ бўлакли, ҳаракат икки томонлама бўлган йўлларда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган  бўлакларга чиқиш таъкиқланади), 12.1- бандидаги (ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ва ҳолатини, йўл ва об- ҳаво широитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситасини белгиланган тезликдан оширмасдан бошқариш  керак, ҳамда ҳаракатланишда, ҳайдовчи  аниқлай олиши имкониятида  бўлган хавф ёки тўсиқ  пайдо бўлса,  у транспорт воситасини  тезлигини тўла тўхтатишни  таъминлайдиган даражада  камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз айланиб ўтиш  чораларини  кўриши керак) талабларни қўпол  равишда  бузганиданоқ, К.Имомалиев қанчалик юкори тезликда келаётгани  ва ўзи бошқараётган  автоуловни бошқара олмай қолгани маълум. Хўш, бундан қандай хулоса келиб чиқади. Балки йўл-транспорт ҳодисаси туфайли вафот этган ўғлининг фожеали ўлими  кўз ўнгида яна намоён бўлгандир? Чунки марҳумнинг оила аъзолари билан бўлган ўзаро суҳбатда, «мен ўғлимни уриб юборган ҳайдовчига нисбатан кўп зулмлар ўтказгандим. Мана, Худо менга кўрсатди. Ҳар доим юрсам ҳам, турсам ҳам ўғлимнинг сиймоси, унинг жонсиз танаси ва нурсиз кўзларини унута олмайман» деган экан.

Ахир, йўловчи ташишга маъсул бўлган ҳайдовчилар  ҳар куни  тиббий  кўрикдан ўтказилиб, сўнг  йўналишга чиқарилмайдими?  30- 40 одамнинг ҳаётини  кучли руҳий зўриқишдаги инсон қўлига ишониб топширган «Асака ТРАНС» МЧЖ раҳбарияти  амалдаги қонунларни қўпол равишда бузганлиги етмагандай, марҳумнинг оила аъзоларидан бирор марта хабар олишмаган! Ўша йўл транспортига сабаб бўлган автоулов воситасида йўловчи  ташиш орқали қанча даромад олишган экан. Фарғонага бориб қолсангиз, гувоҳи бўласиз: автобуслар томигагина йўловчи олмайди холос, лиқ тўлмагунча жойидан қўзғолишмайди. Шу жумладан, «Асака ТРАНС» МЧЖга тегишли автобуслар ҳам. Мен кунимнинг ярмини кетказиб, шу жамиятга тегишли автоуловлар ва уларнинг ҳайдовчиларини кузатдим. Боя айтганимдек, автобусларнинг лиқ тўлиши майли, ҳайдовчиларнинг куракда турмайдиган гаплари, ҳаракатлари ҳақидаг гапиргудек бўлсангиз,  алоҳида достон бўлади.

Халқимиз жуда меҳрибон, жонкуяр деймиз. Наҳотки, бешта панжасини баробар оғзига тиқаётган «АсакаТРАНС» раҳбарларида  прокуратура ва бошқа орган ходимларига узатиш учун порага пул топилган-у, марҳумнинг оиласига ҳамдардликка бориш учун озгина одамгарчилиг-у, йўлкира топилмаган бўлса?!

Суд-ҳуқуқ идораларини порахўрликда айблаётганимга ажабланманг! Чунки воқеа октябр ойида содир бўлган бўлса,  январда бўлиб ўтган суд қарориинг нусҳаси марҳумнинг оила аъзоларига март ойида тутқазилган! Судда жабрланувчи томондан ҳеч ким иштирок этмаган. Бу  Ватан олдида, эл – юрт олдида муносиб хизмат қилган бир инсон хотирасига нисбатан ўта қабихлик, деб биламан.

Майли, ўлган ўлди. Маҳала-куй ёрдами билан маросимлар ҳам ўтди. Аммо «Ўзбекистон Республикаси 20 йиллиги муносабати билан чиққан Амнистия қарори» туфайли озодликка чиққан Қ.Имомов  – одам ўлдирган кишидан одамгарчилик ҳам кетаркан чоғи,  етим қолган болалардан кечирим сўрашга ҳам ярамаган, қолаверса, яна бемалол автоулов бошқариб  юрибди!  Навбатдаги қурбон ким бўлади! Юрагингизни ушлаб кутаверинг!

Муаттар Имомова

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Тошкент шаҳар фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares