Мен баҳоли қудрат қалам тебратиб юрган бир одамман. Шу ёшгача сиёсат билан умуман ишим бўлмаган. Қизиқмаганман ҳам. Мабодо, ЎзМТРКда адолатсизликка учраб, ҳукумат идораларининг остонасида ойлаб бош уриб юрмаганимда, ҳалиям нонимни нана деб юрган бўлардим…
Ҳечдан кўра кечи ҳам яхшироқ-да. Тақдир экан, сиёсат оламининг одамлари орасига кириб қолдим. Очиғи, сиёсатнинг “С” ҳарфини билсам, тушунсам, ўлай агар. Инсон боласи маълум вақт билим олади, бироқ бир умр тарбияланиб яшайди, деган мазмунда бир ибора ўқигандим қайдадир. Аввал бошда мен ҳам бу гапларга қўшилгандим, кейинчалик эса фикрим ўзгариб қолди. Менга қолса мазкур жумлани “Инсон зоти бир умр илим олишга интилиб, умр бўйи тарбияга муҳтож бўлиб умргузорлик қилади”, дея ўзгартириш киритган бўлардим. Негаки, мана, фалакнинг гардиши билан куну тун сиёсатдан сабоқ олишга уриниб ётибман. Биламан, сиёсатни ҳали унга, ҳали бунга ўхшатишаркан. Ҳатто уни енгилтабиат аёлга ҳам қиёс қилишганларига кўзим тушгандек бўлувди…. Мен сиёсат борасида бирор бир гап айтишга ожизман, чунки, айтганимдек, бу борадаги билимим ҳаминқадар… Шундай бўлса-да, сиёсат соҳасида чор-атрофимда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўзимча таҳлил қилишга уринаман, баҳо бераман, танқидий ўрганаман… Ишқилиб, бефарқ қараб ўтиролмайман…
Рости мен шу пайтгача мухолифатнинг орасига МХХ (кейинги сартларда оммавийлашиб кетган “ҚУДА ТОМОН” калимаси келтирилади) ходимлари суқилиб кирганмиш, мухолиф ташкилотлар орасига МХХчилар (кейинги жумлаларда ўша ўзингиз билган “қулоқлар” атамаси қўлланилади) “ташланганмиш”, деган гапларни эшитсам, тушунмасдим. Яқин-яқингача ҳам ортимдан қандайдир сирли одамларнинг соядек эргашиб юришларига кўзим тушса, энсам қотарди: “Ҳар бир ҳуқуқбон, мухолифат фаолининг ортидан одам қўйиб, ҳукумат “қуда томон”нинг шунча нонхўрларини бекордан-бекорга боқиб нима қиларкин-а? Ахир бизнинг ҳеч кимдан яширадиган сиримиз йўқ-ку? Қандайин мақсадимиз, режамиз бўлса, элдан бурун интернет сайтларида овоза қиламиз, нафақат ҳукуматни, оламни огоҳ этамиз-ку? Шу Ўзбекистонинг “қудалар”ига иш қоптими”, деб калта ўйлардим.
Бир куни кекса мухолифат вакиласи, шоира Гулчеҳра Нуриллаева билан суҳбатлашиб қолдим:
– Опа, ортимдан одам қўйилган. Булар нимага овчининг тозисидек ортимдан эргашганларига ҳеч ҳам ақлим етмайди. Ҳукумат дегани шуларга берадиган сармоясини ўзимга тўласа-ку, ўзимоқ уларни ҳар бир қадамимдан огоҳ этиб турган бўлардим. Ахир, шусиз ҳам қиладиган ишларим, режаларим хусусида ҳар куни матбуотда ёзиб ётибман-ку? “Қуда томон”га ҳеч бир юмуш қолдирмайман-у? – дедим ҳайронлигим ошиб ҳазиломуз.
– Ҳали ёшсиз-да, сингилжоним, ғўрсиз. Улар жудаям хавфли одамлар тоифасидан бўлишади. Уларга иш қоптими, дея беписанд бўлманг. Ҳамма ишни ўшалар қилсин-да. Уларнинг гарданига юкланган энг асосий юмуш бор, бу – мухолифат ўртасига нифоқ солиш, – деб қолдилар Гулчеҳра опам андуҳ билан.
Бу гапни эшитганимгаям бир йилча бўлиб қолди. Очиғи, ўша пайтда у қадар Гулчеҳра опамларнинг гаплари мағзини чақмаган эканман, эътибор ҳам қилмабман, қаранг…. Ҳаётнинг ўзи мударрис дейишганлариям бор гап…
Орадан бир йиллик фурсат ўтиб, Гулчеҳра Нуриллаеванинг гаплари моҳиятини тушуниб етгандекман….
Бу “қуда томон”нинг “қулоқ”лари мухолифатни барбод қилиш, фаоллар ўртасида адоват уруғини ундириш, мухолифат аъзоларини эл назарида обрўсизлантириш ишқида эрта-ю кеч ўртанаркан, қаранг.
Гапнинг очиғи, мободо, “Замондош” сайти ва ЎҲҲ ўртасидаги “айтишув”лар, ёҳуд Юсуф Расулнинг “велосипед” ҳангомаси бўлмаганида ҳали бери бу мавзудан гап очмаган бўлардим. Турли тоифадаги кишиларнинг айрим сайтларлда бир-бирларига отаётган маломат тошларини ўқиб, рости, гангиб қолдим. Сиртдан қараганда, “айб ошдами, мошдами?”, фарқлай билиш машаққат…
Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари томонидан махсус тайёргарликларда тобланган, пихини ёрган, тенгсиз тажрибага эга бўлган кишилар аллақачонлар мухолиф ташкилотлар орасига суқилиб кирганлигига ишончим комил бўлди. Бироқ, афсуски, уларни таниш душвор. Чунки бундай тоифадаги одамларнинг юзларига ниқоб тортилган: бугун улар мухолифатчи қиёфасга кириб олишган. Эрта-ю кеч мухолиф ташкилотларни бир-бирларига қарши қўйиш, қайраш, ўртада уруш оловини алангалатиш, таниқли мухолифат вакиллари обрусига путур етказиш, мухолифат фаоллари ўртасида адоват уйғотиш касби-кори, яшашдан асосий мақсади бўлган бундай тоифадаги одамларнинг вазифаси, юмуши, гарданига олган махсус топшириғи худди ана шундай бўларкан. Ва яна ундайларнинг энг асосий муддаоси, мухолифатни асл мақсадидан, кўзлаган маслагидан чалғитиш.
Мудомки, бу тоифадаги “қулоқ”лар учун мухолифат фаоллари Ўзбекистонда рўй бераётган сиёсий, иқтисодий-ижтимоий воқеликни кузатиш, муносабат билдириш, демократик давлат қуриш йўлида курашиш ўрнига умрларини башараларига парда тортган қиёфасиз кишилар билан “баҳру байт айтиш”га сарфласалар, бас. Табиийки, бундай нохолис “тортишув”лар – ядросиз урушлар натижаси мухолифат аъзоларига наф келтириши душвор. Чунки истаймизми-йўқми, тан олишимиз керак, одамларимиз анчайин ғайбатталаб халқ. Айни дамда тирикчилик йўлида саргардон элни сиёсатдан кўра майда-чуйда миш-мишлар, фисқу фасодлар кўпроқ эътиборини тортадиган бўлиб қолган. “Қуда томон”нинг малакали “қулоқ”лари эса элнинг айнан ана шу қизиқувчанлик хусусиятидан фойдаланиб отган “ўқ”ларини нишонга теккизишга зўр берадилар, омманинг мухолифатга бўлган энг охирги илинжи, умидинини ҳам сўндиришга уринадилар. Кишиларни зимдан мухолифатдан “қўлини ювиб, қўлтиғига суришга” устамонлик билан ундайдилар.
Баъзи бир сайтларда мухолифат вакилларига қора чаплаш йўлида уюштирилган “ади-бади” театр томошалридан кейин бечора ўзбегим кимга ишонишини билмай, саросимага тушиб қолганига аминман. Яна бир гап: интернет сайтлари ҳам оммавий ахборот воситаси. ОАВнинг эса ўз қонун-қоидаси бор. Бироқ, энг чинарлиси шундаки, мухолифат жонкуярларини жаҳаннам азобига гирифтор қилиш ўтида ёнаётган “қуда томон”нинг “қулоқ” баччалари “ на ўзбекона одоб-ахлоққа, на этикага риоя этадилар, аксинча, оғизларидан боди кириб-шоди чиқади. Зеро, одам оммага мўлжжалаб қўлига қалам олар экан, хоҳ журналист бўлсин, хоҳ жаллод, ким бўлишидан қатъий назар, кўпнинг ҳурматини қилиши, иззатини билиши керак эмасмикин? Йў-ўўўқ, уларга бунақанги қонун-қоидалар кор қилмайди, бор билганлари “рақиб” деб мўлжаллаганлари – мухолифатчиларни мағлуб этиш, шу режалари амалга ошса, бўлгани!
Йўқ, мен бир нарсага тушунмайман: чекка чеккалардан “Мухолифат сиёсий кучга айланолмайди, ўзбек мухолифати тарқоқ, “айрилганни – айиқ ер, бўлинганни – бўри ер”, ўзбек мухолифати навбатдаги сайловларда ўз номзодларини илгари суриш қудрати, имкониятига эга эмас”, деган иддаоларни эшитиб қоламиз, гоҳида. Кези келганда Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати ҳам мухолифатни мирламайди, назарига илмайди – “бир ҳовуч ғаламислар” атамасини қўллайди. Модомики, ҳукумат писанд этмас экан, “сиёсий кучга айлана олмаган” мухолифатдан на мунча қўрқмаса, қаршисида тиззалари бунчалар қалт-қалт қилмаса? Ўзбекистон ҳукуматининг еру кўкка сиғмайдиган беҳисоб сармояси бормидики, асосий қисми ватандан олисда, ҳорижда яшашга маҳкум этилган ўша “бир ҳовуч ғаламис” мухолифатни барбод қилиш учун бор кучини сафарбар қилса?
Ҳукуматнинг давлати ошиб-тошиб ётганмидики, ёлланма “мухолифатчи”лари, “қуда”лари-ю “қулоқ”лари учун миллиард-миллиард маблағ сарфласа? Мен шуни ҳечам тушунмайман? Нима бу? Амалдаги ҳукуматнинг мухолифатни катта куч эканлигини тан олиш тасдиғимасмикин мабодо? Бундан чиқдики, ҳукумат мухолифатдан ҳайиқади, шундайми? Ҳа, энди-иии, шундайдирки, мухолифтани барбод қилиш, вакилларини бадном этиш учун катта куч – “қуда томон”нинг минглаб “қулоқ”лари ташлангандир-да! Сайтлардаги “сану ман” каби кўргуликлардан кейин бундан ўзга яна қандай хулоса чиқариш мумкин? Энамнинг қўполгина бир мақоли эсимга тушиб кетди шу тобда: “Иштони йиртиқнинг чўпдан ҳадиги бо-ооор” дердилар нуқул салмоқлаб. Ҳа, яна, энам айтганларидек, “Оқ товуқ самон сочар, ўз кетин ўзи очар” деганлари шудир-да, деб қўяман кейин ўзимга-ўзим…. Акс ҳолда, ҳукуматнинг ҳадиги нимада? Қовушаолмаётган, топишаолмаётган тарқоқ мухолифтага беписанд қўл силтаб, “Келажаги куйик, йўғ-э, БУЮК давлат қуриш” йўлидаги урунишларини ўйласа бўлмайдими? Ўзбекистон раҳбарларини билмадиму, лекин негадир мен нуқул ана шулар ҳақида хаёл сурганим-сурган…
Дейдиларки, ҳамма нарсанинг давоси вақт, олий ҳакам ҳам – вақтнинг ўзи. Шундай экан, хуфялар, кару кўр “қулоқ”лар нима дейишидан, кимни “ўйиб”, кимни “сўйиши”дан қатъий назар, халқ ўз қахрамонларини таниб олади ҳали. Шундай кунлар келади, албат. Бугун айрим сайтларга ин қуриб олган юзсиз, қиёфасиз кимсалар эса гунг титган қари товуқдек, чала сўйилган даканг хўроздек оёқ қоқиб, жон талвасасида “қи-ии-қи”лаб қоладилар, бу аниқ-ку, аммо мен шусиз ҳам йўқчилик бўғзидан олган юртдошларимга ачинаман.
Махсус хизматнинг қўли билан барпо бўлаётган бу каби “ур-йиқит”лардан довдираб, кимга ишонишларини билмай мен каби бир зум гангиб қолди ўзбек шўрлик. Махсус хизматнинг кар “қулоқ”ларига – айғоқчиларига эса нима ғам? Уларда на милат, на эътиқод, на ғурур, на номус ва на ор бор! Юраксиз, қалбсиз кимсалар-да – номсиз, қиёфасиз! Инсонийлик фазилатлари бўлганида ўз халқини боши берк кўчага бошлашармиди?!
Такрор айтаман, сиёсатдан лоақал бир шингил тушунсам кошки… Шундай бўлса-да ақлим етмас нарсалар ҳақида ўйлаганим-ўйлаган, сўйлаганим-сўйлаган. Бефарқ бўлолмасам нима қилай, ахир!
Донишмандлардан бири: “Душманлардан қўрқма – нари борса улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади” деган эди. Ҳақиқатдан ҳам бу дунёда лоқайдликдан ёмони йўқ….
Халқим, халқ, миллат сифатида яшаб қолишимиз учун ҳам лоқайдликни йиғиштиришимиз, бепарволикдан воз кечишимиз, сергак бўлишимиз керак.
Сиз фикримга қўшиласизми, қўллайсизми мени?
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими етакчиси



