ЎЗБЕКИСТОН: УШОВИГА ҚАРАБ ТУШОВИ ЭКАН-ДА-А?…

Ўзбекистоннинг қози калонлари “ҳотамтойлик”, “сахийу саховатпешалик” бобида мамлакат раҳбари Ислом Каримовни ҳам 0/5 ҳисобида ортда қолдирадиган “инсонпарвар”лардан чиқиб қолди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон раҳбари гоҳо Мустақиллик қабул қилинган сана, баъзида  Конститутция куни муносабати билан  хибсхоналардаги маҳбусларга ҳиммат кўрсатиб туради.

Юрт отасининг бундай ҳимматидан илҳомланган Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судьялари ҳотамтой бўлиб кетишган кўринади.

Гап шундаки, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Тузел қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Абай кўчаси, 4-уйда истиқомат қилувчи 70 ёшли қария Фарида Айтматовани ўз келини – марҳум ўғлининг рафиқаси Акмарал Жуманбоева чув тушуриб келаётган эди. Янаям аниқроғи,  Тошкент филиалининг  Қибрай  почта алоқа тармоғига қарашли Тузел алоқа бўлими бошлиғи лавозимида ишлашлаётган  А. Жуманбоева  ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб  2008 йилдан то 2011 йилнинг июль ойига қадар марҳум эрининг онаси – қайнонасининг давлат томонидан берилаётган пенция пулларини турли ноқонуний усуллар, жумладан, сохта имзо қўйиш йўли билан ўзлаштириб келган.Тузел почта алоқа бўлимининг бошлиғи Акмарал Жуманбоева ўзга ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган амалдан фойдаланиб шу 4 йил давомида қайнонаси  Ф. Айтматованинг 4.553.332 сўм маблағни ғайриқонуний йўллар билан ўмаришга улгурган.

Провардида, жабрнаувчи қайнонанинг даъвосига асосан жавобгар Акмарал Жуманбоева Ўзбекистон жиноят кодексининг  167-моддаси 1- қисми билан жазога тортилди.

Бироқ, таассуфки, почта алоқа бўлими бошлиғи ўмарган даромадининг маълум фоизини тортиқ қилганми, ё бу ерда биз билмайдиган бошқа бирор бир сиру синоат борми, ҳарҳолда, аминистия қўллаш муддати тугаганлигига қарамасдан Жиноят ишлар бўйича Қибрай туман суди қонунга хилоф равишда  А. Жуманбоевага нисбатан аминистия қўллаб, жавобгарни  жазодан азод қилиш ҳақида ажрим чиқарди.

Мана энди маҳкама қозиларининг сурбетларча чиқарган мажрими устидан 70 ёшли нафақахўр юқори маҳкама идораларининг эшигида ойлаб сарғайишга мажбур бўлмоқда.

Шаҳноза САМАНДАРОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Тошкент вилоят бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares