
Ҳаётнинг азалий бир қонуни бор: ой қуёшга, тун кунга, қари ёшга вақт-соати билан ўрнини бўшатиб беришга маҳкум. Худди шунингдек, бирор бир амал эгаси ҳам.
Ўзбекистон президенти ҳам ҳаётнинг бу қонунига итоат этишдан мустасно эмас.
Одатда, биз, тележурналист ҳамкасблар дийдорлашиб қолганимизда ҳар гал истаймизми-йўқми, мана шу масала суҳбатимизнинг бош мавзусига айланади.
Яқинда ТВдаги ўртоқлар билан бир “Гап”да ўтиришга тўғри келди. Ўзи-ку, хотинлар йиғинини у қадар хуш кўрмайман. Шу сабаб, чаллар, бешик, суннат, никоҳ тўй деганларига кўпам боравермайман… Аммо бу “Гап” бўлакча. Унга бормайдиган бўлсам, ТВ ҳаётидан, ҳамкасбларимнинг дунёқараши, фикр-ўйларидан бебаҳра қоламан. Шу сабаб ҳам мен учун бироз зерикарли бўлса-да, бундай давраларда иштирок этишга мажбурман. Зеро касбим шуни тақозо этади. Бизнинг ишимизда жамоатчилик фикрини ўрганиш жуда муҳим. Айниқса зиёли қатламнинг…
Бугун ана шундай “Гап”лардан бирида ҳамкасбларимнинг гапи жон-жонимдан ўтиб кетди. Бу ҳақда ёзишим керакми, йўқми, кўп ўйладим. Охийри, Ўзбекистондаги етук тележурналистларининг дунёқарашидан ҳамма бохабар бўлиши керак, деган хулосага келдим….– Мен президент узоқ умр кўришини, Ўзбекистонни яна 100 йил бошқаришини истайман, – деб қолди ҳамкасбларимдан бири.
– Сабаб? – сўрадим қизиқсиниб.
– Сабаби, 23 йилдан буён Каримовнинг қорниям, кўзиям тўйиб бўлди. Энди бундан буёғига қорнини эмас, халқини ўйлайди. Хў-ўўш, Каримов кетадиган бўлса, унинг ўрнига ким бўлади? Бирорта нафси, назари очи келадими ҳукумат тепасига? Бекорга ота боболаримиз “Оч баччағар, оч баччағардан қоч баччағар” дейишмаган, – деди ўз фикрларини қувватларкан гапларининг каштасини келиштириб.
Асл мутахассислигим журналист эмас, филолог бўлганлиги сабаблими, ё болалагимдаги тарки одатим эканлиги учунми, билмадиму, мен азал-азалдан сўзларнинг мазмун-моҳиятини, мағзини таҳлил қилишга ўрганиб қолганман. Ҳозир ҳам суҳбатдошим гапираяпти-ю, мен уни “баччағар” деган сўзининг асл таржимасини таҳлил қилиш билан овораман. ““Бачча” сўзи тожик тилидаги “бола” маъносини берадиган сўз эмасмиди? “Ғар” дегани энди бу ўзингизга маълум-ку, бузиқи, қўпол қилиб айтганда фоҳиша дегани-да. Соф ўзбек тилига ўгирадиган бўлсак, “бузиқи бола” ва ё “енгилтабиат бола” бўладими? Э-ээ, тўхтанг, бир жойда ўқигандек бўлувдим, ўзи сиёсатни ҳам енгилоёқ аёлга қиёслашмаганмиди мабодо?” дея ўз хаёлларим уммонида сузиб, “тилмоч”лик қилиб ўтиргандим, навбатдаги ҳамкасбимнинг сўзлари хушёр тортдирди:
– Тўғри айтасиз, ўрто-оооқ, мен ҳам шуни айтмоқчийдим. Ислом Каримовнинг бор йўғи иккита қизи бор. Яхшиям ўғли йўқ. Шу икки қизиям йиғарини йиғиб, терарини териб олди. Басдур-да. Биргина Гулнорасининг аёл боши нималар қилганидан ҳабаримиз бор. Худо кўрсатмасин, президентнинг ўрнига тўртта ўғли бор одам ўтириб қоладиган бўлса борми, ота-ўғилларнинг кўзини тўйдириш учун ўзбек яна олтмиш йил емай-ичмай тер тўкишига тўғри келади, – “гап”чи дугонасининг сўзларини тасдиқлади даврада ўтирган тележурналистлардан бири.
– Менам шуни айтаман-да! Бизга Отадан бошқаси бекор. Мана, масалан, сиз, Каримовнинг ўрнига тахтга тайинли, тутуриқли бир одам ўтиришига ишонасизми? Ўзбекнинг орасида нафсига қул бўлмаган ордамнинг ўзи бормикан, топилармикан?
– Бу нима деганингиз? Ўғри мен ўғри, ҳаётда ҳамма ўғри деб ўйларакан. Сизни тушунолмай қолдим. Ноумид шайтон дейишади… Албатта, ҳалол, имонли одамлар йўқ эмас, бунинг унинг учун ишонч керак…, – дедиму, гапимни тугатаолмасдан қолдим.
– Э, қўйсангизчи? Бунақасини етти ухлаб тушингиздаям кўрмайсиз. Йўқ, нима бўлгандаям биз Каримовнинг ўзи лавозимида қолишини истаймиз, – сўзимни бўлди ҳамкасбларимдан яна бири.
– Минг истаганингиз билан умр ўтаяпти. Вақт ўз ишини бажармасдан қўймайди. Ота ўлмас Кашшей эмас-ку, минг йил яшайдиган. Нима бўлгандаям, эртага бўлмаса, индин тахтга бошқа биров келиши тайин, – дедим энсам қотиб.
– Унда Гулнорадан тузукроқ номзод йўқ, – деди дастурхон атрофидаги дўстларимдан бири бидирлаб.
– Фикрингизни асосламайсизми? – сўрадим ажабланиб.
– Ҳали Диля айтдику, у оларини олиб, йиғарини йиғиб бўлган. Энг муҳими қорни тўқ.
– Одамзоднинг кўзи тўпроққа тўймагунча дунёга тўймайди, деган гапни эшитмаганмисиз? Терадиганини териб бўлди, қорни тўқ дегани бу, нафси йўқ, кўзи тўқ дегани эмас-ку? Хато фикрламаяпсизми мабодо? Мамлакатни бошқариш салоҳияти ҳам бўлиши керак эмасми кишида? – саволларга кўмдим уни.
– Ким айтди сизга юртни подшо бошқаради деб? Мамлакатни амирнинг вазиру уломалари бошқаради. Президент тайёр фармонга муҳр босиб, имзо қўйиб беришга яраб турса бўлгани!
Даврада кулгу кўтарилди…. Дастурхон атрофида менга қарши дугоналарим сони бисёр – беш киши. Мен эса якка, ёлғизман…. Юрагим сиқилди.
Ўзбекистон телевидениесида тер тўкаётган олий маълумотли журналистларнинг “фалсафа”си эди булар! Қолганлардан нима умид?… Кўнглимдан кечаётган ўйларни охирига етказа олмадим. Даврадагилардан бири хаёлларимни тўзғитишга шошилди:
– Тан олишингиз керак, бирингиз у дедингиз, бошқангиз бу дедингиз, бироқ, нимаики деманг, нимаики қилманг, орзулар, истакларга қарамай, Ислом Кариморвни 23 йилдирки курсисидан қимирлата олмадингиз. Нега? Сабабини ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? Майли мен эмас, ана дин пешволаридан сўраб кўринг? Нима бу? Яратганнинг Ислом отага ато қилган иноятими? Баски, шундай бўладиган бўлса, сиз, ердаги ожиз бандалар Аллоҳнинг ҳукмига қарши бормаяпсизмикин? Худонинг ҳукмига қарши чиқиб нима қиласизлар?! – дея қироат қилиб қолди ЎзМТРКда ишлайдиган ҳамкасбларимдан яна бири.
Ўзбекистонинг олий маълумотли журналистидан, зиёли кишилардан шунақанги фикир чиқишига ишонасизми? “Во, дариғ!”, дея бошимни чангаллаб тургандим, ҳамкасбим шоир табиат эмасми, бир маҳал шеър ўқишга тушиб кетди:
– Ёмонлама, – деди у менга қарата, – ёмонлама, дўстим, ёмонлама. Замондан нолима!
Жа яхшисан ўзинг ҳам,
Ёмонни ёмонлама.
Менга қара эй одам,
Замонни ёмонлама.
Порлаб турар илми ғайб,
Чорлаб турар илми ғайб,
Учолмасанг кимда айб?
Осмонни ёмонлама.
Муздирсан ё чўғдирсан,
Балки билган йўқдирсан.
Отанг отган ўқдирсан,
Камонни ёмонлама.
Ўз-ўзингдан битдингми,
Бирдан кўкка етдингми,
Бошоқ бўлиб кетдингми?
Сомонни ёмонлама.
Илик қоқиб еб бугун
Илигим тўқ деб бугун,
Чўнтаги йўқ деб бугун
Чопонни ёмонлама.
Эй одамзод зурёди,
Тасодифнинг бунёди.
Замон – худонинг оти,
Замонни ёмонлама!
Ҳамкасбим мароқ билан шеърни тугатаркан:
– Биласизми, бу сатрлар кимга тегишли?, – сўради мендан қош қоқиб.
– Қайдам…, – елка қисдим.
– Бу Иқбол Мирзо қаламига мансуб, билдингиз! – керилиб деди у менга, – Так что, биз “Ассалому Ўзбекистон”нинг бош муҳаррири, Халқ шоири Иқбол Мирзо билан ҳамфикирмиз! Минг қилсаям бош муҳаррир-да, ақлига балли!
Очиғи, Иқбол Мирзо юқоридаги сатрларини қай бир мақсадда ёзган, нима демоқчи бўлган, айнан нимани изоҳлашга уринган, аниғини билмайман, буниси менга қоронғу, аммо шу нарса наиқки, Иқбол ҳам ЎзМТРК ходими. “Ўзбекистон” телеканалининг бош муҳаррирларидан бири, билганим шу, холос….
– Йўғ-э, Иқбол Мирзо Халқ шоири бўлганми? Эшитмаган эканман, – ҳайратим ошди, – Халқ шоири унвонини олиши мумкиндир, лекин Ҳақ шоири бўлса яхшироқмиди… Ҳаҳ, нимаям дерди-а, халқимиз? “Ушовига қараб тушови” дермиди? Ҳозир аниқ эсимда йўқ….
Гапларим суҳбатдошларимнинг энсасини қотирди, бу аниқ…
Айтингчи, ҳамкасбларингиз, журналистлар сизга ана шундай тақлидда “фалсафа” ўқишганларида сиз нима деб жавоб қилган бўлардингиз?
Билмадим. Очиғи, ҳамкасбларимга нисбатан дабтурустдан кескин бир гап айтаолмадим…. Лекин суҳбатдан кейин ҳам даврада бўлган гаплар хаёлимдан нари кетмади. Узоқ ўйладим…. Каримовнинг 23 йил тахтда ўтириши Худонинг ҳоҳиш иродасимиди ҳали? Халқнинг эзилиши, минг бир балога гирифтор бўлишичи? Булар ҳам Яратганнинг амри экан-да-а? У ҳолда…. Худонинг ҳукми шу экан, дея қўл қовуштириб ўтиравериш керакми? Азобини берган Худо ороминиям беради бир куни, деб осмонга қараб “Ҳақ” деб ётавериш тўғри бўлармикин? Бу ҳолат беихтиёр бир ривоятни эсимга солди. Худо, Обло дейдиган хўп тақовдор бир кимса бўлган экан. Эрта-ю кеч Яратганга сажда қиларакан. Нима бўлибди-ю, у ўтирган кема эди, адашмасам, сувга ғарқ бўлибди. Художўй эса , “Эй, Эгам, мени қутқар! Ўзинг мадад бер! Фалокатимни арит!” деб нуқул илтижо қилармиш. Шунда унинг олдига қайиқда бир киши сузиб келибди-да, “Қўлингизни беринг, қутқараман!” дебди, тақводор эса, “Менга Худонинг ўзи кўмакка келади!” дея жавоб қилибди, унамабди. Иккинчи, учинчи бор қаршисига келган қайиқларни ҳам худди шу тақлидда ортига қайтарибди: “Яратганнинг ўзи мени ярлақайди” дебди-ю, бироқ, у кутгандек бўлиб чиқмабди. Сувга ғарқ бўлиб, оламдан ўтибди. У дунёда Эгам билан савол-жавоб чоғида, “Худойим, мен эрта-ю кеч сени дедим, сенга сажда қилдим. Харом емадим, ножўя сўз демадим. Сенгагина таваккал қилдим, ишондим, сендан кармоат кутдим. Лекин шунча илтижоларимга қарамай, менга кўмак қўлини чўзмадинг, чўкиб ўлишимга қўйиб бердинг” дебди тақводор марҳум Яратгандан ўпкалаб. Шунда Худо “Мен сенга бир эмас, уч бор имконият бердим – қайиқ жўнатдим. Кўмагимни ўзинг қабул қилмадинг!” дея жавоб қилган экан. Албатта, бу шунчаки бир ривоят. Бироқ, бунинг замирида жуда катта ҳақиқат бор, шундай эмасми? Каримовнинг 23 йил тахтда елимланиб ўтириши Худонинг инояти, дейиш сувга ғарқ бўлаётган одамнинг йўлини тутиш билан баробар эмасми? Жабр-зулумни енгиш, диктаторнинг яккаҳокимлигига барҳам бериш бу энди ёлғиз Аллоҳгагина боғлиқ дейишлик ахмоқликдан бошқа нарса эмасми? “Сендан ҳаракат – мендан баракат” дейишмаганмиди? Инсон сидқидилдан истаса, уринса, интилса, ўз тақдирини ўзгартиришга қодир эмасми?
Ҳамкасбларимнинг боғча болалари каби фикрлашлари асабимни эговларди. Нима эмиш, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти-ю, эркатой қизларининг жиғилдони тўлганмиш! Бундан кейин емхўрлик қилмасмиш! Элни энди эркалаб бошқарармиш! Ҳой, биродар, кўзингизни очинг! Элимиз эртасига, боларимиз тақдирига бунчалар бефарқ бўлманг. Эртага “аттанг!” деманг! Сермулоҳаза, сермушоҳада бўлайлик, етти ўлчаб бир кесайлик!
“Тўқи кетиб, очи келадими?”, деманг, калта ўйламанг, тушингизни сувга сўйламанг. “Тўйган қиз тахтга ўтиради” деган ўйдан узоқроқ юринг. Еру осмон туташиши мумкин, мурдага забон битиб, тиллашиши мумкин, бироқ, сизнинг айтганингиз, сизнинг кутганингиз бўлмайди! Еб тўймаган ялаб тўймайди. Уларнинг ҳар иккиласидан ҳам икки дунёдаям халқимиз мурувват кўрмайди! Ҳеч қачон! Мабодо, шундай бўлгудек бўлса, мен отимни бошқа қўяман. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни Малоҳат эмас, Маломат дея ўзгартириб қўяман. Сўз бераман! Ишонаверинг!
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоли



