ЎЗБЕКИСТОНДА КОЛЛЕЖ ВА ЛЕТЦИЙ ЎҚУВЧИЛАРИ “ЧИЛЁСИН” ҚИЛИНМОҚДА

 

Ўзбекистон ҳукумати бир хавфнинг ҳидини сезган кўринади. Нега дейсизми? Аниқ манбаанинг хабар беришича, айни кунларда мамлакатдаги барча коллеж ва летцийларга “маънавият ва маърифат”дан сабоқ берувчи педагог ва психологлардан иборат ташвиқотчилар гуруҳи ташланган.

Ушбу “армия”нинг асосий вазифаси  “Мамлакат етакчиси Ислом Каримовнинг бебаҳо раҳнамо эканлигини” ёшлар онгига сингдириш ва “Ўзбекистоннинг озод ва обод диёр”лигига ўқувчиларни ишонтира олишдан иборат.

Айни мақсадда пойтахт Тошкентнинг Чилонзор туман коллежларидан бирида 5 апрель куни “ҳукумат манфаатларининг мафкураси билан қуролланган ана шундай армия лашкарлар”и билан ўқувчилар ўртасида ўзоро “тўқнашув” бўлиб ўтди.

– Сиз азиз ёшларимизни мамлакатимиз президенти ниҳоятда севади. Сизларни ўз болам дея ардоқлайди. Бироқ, таассуфки, юртимиз ривожини кўра олмаётган айрим ғаламислар чекка-чеккадан пусиб муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевичга маломат ва туҳмат тошларини отиш билан андармон. Шуни унутмангки, бунингдек қора кучларнинг ўз раҳнамолари бор. Ва улар ўз ватани ва унинг йўлбошчисига қарши айтган ҳар бир ғайир ва ғийбат сўзлари, чиқишлари учун ана шу раҳнамолари томонидан молиявий рағбатлантириб турилади. Демакки, улар ўз киндик қони тўкилган заминни, она юртини сариқ чақага пуллайдиган хоинлар тоифаси саналади. Айниқса, бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматини обрусизлантиришни мақсад қилган турли сайтлар ана шу хилдаги ватан хоинларининг, лўттибозларнинг ғийбатларига тўлиб-тошиб кетган. Сиз ёшлар олдида эса оқни қорадан ажрата билишдек улкан вазифа турибди. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, Ислом Абдуғаниевичнинг 23 й         илдан бери озмунча меҳнати сингиганми Ўзбекистонимизга? Каримовдек муҳтарам кишининг меҳнатларини эътироф этмаслик кўрнамаклик эмасми? Сизнинг юмушингиз ватанни севиш, унинг йўлбошчиси – президенти Ислом Каримовга содиқ ва садоқатли бўлиш, турфа нағмаларга учмасдан ўз юртбошимизга сидқидилдан хизмат қилишдир!, – дея Ўзбекистон ҳукуматининг мафкурасидан оташин маруза қилди ташвиқотчилар сардори. Табиийки, мажлислар залини мазкур коллеж устозлари бошчилигидаги ўқувчиларнинг  гулдурос қарсаклари тутиб кетди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўрингчи, Ҳукуматнинг мамлакат ёшларини   президентни севишга ундашларига, Ислом Каримовга содиқ қолиш чақириғи билан чиқишларига  сабаб нима, қандай эҳтиёж?

Нима бу? Сайловолди дастурнинг бир қисмимикин? Ёки Каримов ҳукуматининг то сайловларга қадар эсон-омон ета олмаслиги ҳақидаги ҳадикмиди?   Назаримизда, иккинчи вариант ҳақиқатга яқинроқдек туюлди бизга.

Боз устига Ислом Каримовнинг Тошкент вилоят ҳокимини алмаштиришга аталган томошасида қилган қироатидан ўзингиз ҳам яхшигина хабардорсиз. Бир эслаб кўринг-а: “Ливияда нима бўлди? Сурияда-чи?… Шуни миянгизга ўйлаб кўринг (Сингдириб олинг демоқчи-да! Муаллиф). Интернетни тўсиб бўлмайди… Ўйлайсизки, болаларимизнинг барчаси бирдек ўйлашадими?…” деган қабилдаги ҳавотирли луқмалари замирида қандай сир, қандайин синоат яширин? Афтидан, Ислом ота “Араб баҳори”дан қўрқувга тушиб қолган кўринади.  Бу борада Ўзбекистон раҳбарини, айниқса, интернет олами ваҳимага солмоқда-ёв. Инсон кексарган сайин донишмандлашиб боради чоғи. Ислом Каримов бугунги келиб ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини англаган чамаси. Тушуниб етгани сайин Ўзбекистон Отасини сайловга қадар курсиси омон қолмаслиги ҳақидаги ҳақиқат исканжаси дахшатга солмоқда. Каримовни кўкларга кўтариш, давр қахрамонига айлантириш масқадида Ҳукумат томонидан тарғибот ва ташвиқотчилар гуруҳини ўқув масканларига сафарбар этилишининг асл моҳияти ҳам  ана шунда аслида. Каримов салтанатининг сайловгача қулаб қолишидан қўрққан унинг ворис ва ҳамтавоқлари  вақтдан унумли фойдаланишга, темирни қизиғида босишга, сувдан ҳолва ясашга, аниқроғи,  Каримовдек диктатордан ДОҲИЙ қўғирчоқ ясашга зўр бериб  ўринмоқда. Таълим масканларида ўқувчиларни Каримов руҳида “чилёсин” қилишга шошиб қолишлари қусурининг  асл моҳиятини биз хиёл бўлса-да тушунгандекмиз… Ҳарҳолда бизнингча шундай. Сизнингча-чи?

 

Дилбар САИДОВА

Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати Тошкент вилояти бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares