«ХОТИНИМНИНГ АҚЛИ ЗАИФ»…

 

Саҳар чоғи телефон қўнғироғи уйғотиб юборди. Малол келиб, гўшакни кўтардим. Узоқ вилоятлардан бирида истиқомат қилаётган қадирдоним экан. Опамдек бўлиб қолган аёлнинг овозини эшитиб, хурснад бўлиб кетдим. Қисқа ҳол-аҳвол сўрашишдан сўнг суҳбатдошим мақсадга кўчди: “Бир жабрдийда аёлни ёнингга юбораяпман. Қўлингдан келса, мушкулини осон қилишга кўмаклаш. Борганида, бор гапни ўзидан эшитарсан. Аҳволи оғир. У излаётган ҳақиқатнинг қарор топиши қийин бўлаяпти. Сенга ишонаман-а, ҳеч кимга, ҳеч нарсага сотилмайсан-а?…”

Очиғи, опанинг гапларини кўнглимга оғир олганим йўқ. Чунки кўпни кўриб, қаллоблардан кўнгли қолган, ишончи ўлган бир аёлнинг юрагида бори эди у…. Кўп куттирмай оёғида калиш, бошида дурра – узоқ тоғ қишлоғидан опа айтган аёл         йўқлаб келди. Унинг қўлидаги қалин китобдек қоғозларни кўздан кечирдим. Ҳақиқатдан ҳам муаммо жиддий, масала ўта чигал эди. Сабаби, қаршимда турган аёлнинг руҳий касаллигини исботлайдиган қоғозлар мавжуд. Шунга асосланиб, она ўз ҳатти-ҳаракатига жавоб бера олмайди, дейилган. У бола тарбиясидан четлаштирилган. Аниқроғи, икки ўғил ота қарамоғида қолган.

Уч йилдирки, аёл дилбандларининг дийдорига зор, юрагида кўп дарди бор экан.  Кўриниб турибди – иш бориб судга тақалган. Аммо мен кимман? Ҳал қилув қарори ёки  ажриму ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган оддий бир журналист.  Қўлимдан нима ҳам келарди, ёзишдан бошқа? Рости, қаршимда турган аёлнинг руҳий касаллигини исботловчи  ҳужжатларни кўриб, “балки у ҳақиқатдан ҳам хастадир?” деган шум ўй ўрмалади кўнглимдан. Ҳар бир ҳаракати, ҳар бир гапига шубҳа билан қарайман, денг. Руҳий носоғлом эканлигининг далилини ҳатти-ҳаракатларидан излайман. Негадир исботини топгим келади. Чунки бунга асос –  қоғоз бор. Тўғри, бу қоғозни одам тўлдирган. Одам боласи қандай ҳоҳласа, шундай қоралайди қоғоз деганини. Шундай экан, биз бир парча қоғозга эмас, кўпроқ қаршимизда турган тирик жонга ишонмоғимиз керак аслида. Аммо қандай қилиб?…

Уст-бошининг юпунлигидан ночорлиги шундоққина кўриниб турган аёлга пойтахт меҳмонхоналарида тунаш тўғри келмаслиги аён эди. Шу сабабдан, уни ўз уйимда қўним топишга кўндирдим. Очиғи, бундай такаллуфимнинг замирида ҳам касбий манфаат ётарди. Беш-ўн кун битта том остида бирга истиқомат қилган одамнинг кимлиги, қанақалигини оз бўлса-да, англаб олиш учун имкон туғилади-да!

Муножот. Кўзларида Муножот  куйидек маҳзун мунгнинг акси бор эди. Бир-икки кун эмас, нақд уч ой ўргандим унинг ҳаётини. Қўлимдаги ҳужжат – қоғозларга қаноат қила олмадим, йўқ.  Унинг болалиги, ёшлиги ўтган қишлоғига қатнадим. У ўқиган мактабларда бўлдим. Синфдошлари, сирдошлари, устозларига учрашдим. Ота-она, қайнота-қайнона, маҳалла-куй, ҳатто турмушга чиққунига қадар руҳий касаллик аломатлари туфайли рўйхатда турганми-йўқми, туман шифохоналарини, қишлоқ врачлик пунктларини ҳам текширдим. Охири кўринай демайдиган суд мажлисларида иштирок этишни ҳам канда қилмадим.  Аёл эса соппа-соғ эканлигини исботлаш мақсадида тиббиёт экспертизасига, руҳий шифохоналарга қатнарди.

Шундай кунларнинг бирида Муножотнинг эри Мансурни учратдим:

–                Опа, нима керак ўзи сизга?

–                Менгамас, хотинингизга керак. Болалари!

–                Мен олий маълумотли шифокорман. Бекорга аралашаяпсиз. У ўзининг юриш-туришига жавоб бера олмайди. Болаларга зиён етказиб қўйиши мумкин.

–                Ишончим комил, хотинингиз хаста эмас, – дедим қатъий оҳангда.- Ҳеч бўлмаса болаларнинг биттасини беринг, овунсин бечора. У шунгаям рози…

–                Давлатнинг дўхтирларига, тиббиёт экспертизасига шубҳа кўзи билан қараяпсизми? У ҳолда ўзингиз хусусий экспертиза очиб ола қолинг. Ана шунда ҳоҳлаган одамингизни ҳимоя қиласиз.

–                Керак бўлса, қайта тиббиёт экспертизасидан ҳам ўтадилар. Аммо аёлни овора қилмасдан, муроса қилиш мумкин-ку!

–                Қўйсангиз-чи, нима қиласиз ҳиссиётга берилиб, ахир у дорининг кучи билан қаршингизда одам қиёфасида турибди-ку! Яна эси оғиб қолган аёлга, бола бер, дейсиз-а? Майли, телба бўлса-да, раҳм қилиб болалардан бирини берардим-у, лекин тушунинг, болаларнинг биттасини берсам, кейин мендан ҳақ талаб қилади, уй сўрайди. Алимент тўлашим, шарт-шароитини яратиб беришим керак. Менга буниси тўғри келмайди. Э, йўқ… – бош чайқади у.

Бундай каломдан сўнг эрнинг ҳақиқий ҳоҳиш-истаги сизга ҳам аён бўлгандир?  Уч йиллаб суд орқали фарзанд талашувининг замирида норасталарнинг тақдирига куйиш эмас, мол-дунё дардида ёниш истаги ётгандек туюлди менга. Шундан сўнг на қонуний, на шаръий никоҳига олмаган бўлса-да, Мансур билан уч йилдирки, бирга истиқомат қилаётган аёли судга чақиртирилди:

– Мен Мансур акам билан бирга яшашга розилик берганимда, кичик ўғли ўттиз кунлик чақалоқ эди. Ўша пайтларда собиқ (!) хотинининг касали қўзғагани учун қишлоғига жўнатишган экан. Ўзим ўн йил уй қурганман, фарзандим бўлмаган. Шунинг учун онаси йўқлигини билдирмай, ўгайлик қилмай, уч йилдан буён ўз жигарларимдек болаларнинг бошини силайман. Улар менга жуда ўрганиб қолган. Мени ўз онаси, деб билишади. Болаларни менда қолдиришингизни сўрайман.

Ҳаёт дегани бунча шафқатсиз-а?! Эр бермоқ – жон бермоқ, дейишади. Эридан айрилгани етмагандай, камига болаларидан ҳам тириклай жудо бўлсинми, аёл шўрлик? Даҳшат-ку бу!

Муножотга қарайман, у ўкириб юбормаслик учун бошидаги рўмолининг учларини тишлайди. Кўнглим ачишиб кетди, лекин ҳар бандага Раҳмоннинг ўзи раҳм қилмаса қийин экан-да!

–       Кўп куйинманг, ютиб чиқасиз, мана, кўрасиз.  Сизни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишмаган.  Гўдакларингизни кўриб туришингиз мумкин. Юринг, бир дийдорига тўйдириб келай, – дедим.

У қувончдан терисига сиғмади. Икковлон катта Тошкентнинг қоқ ўртасидаги болалар боғчасига борсак, гўдаклар йўқ.

– Ота-онаси тоққа, “маёвка”га олиб кетган болаларини, – деди боғча опа.

Ё тавба, шундай паллада тоғ сайлига бало борми?! Ёки бу болаларни ўз онасига кўрсатмаслик учун ўйлаб топилган бекинмачоқ ўйинимиди, ўйлаб ўйимга етолмадим.

– Биласиз,  мен ота-онамнинг Тошкентдан 600 км. Узоқдаги уйида яшайман. Болаларим эса бу ерда. Уларни кўриш учун шунча йўл босиб келиш осон эмас менга. Турмуш оғир. Тошкентда бошпанам йўқ. Бир илож қилиб гўдакларимни кўргани келсам, ҳар сафар аҳвол шу. Излаб, изини тополмайман. Уч йил ичида туққан болаларимни уч бор кўрдим, ёки йўқ, – Муножот оловли оҳ тортди.

Аёлнинг кўнглидан кечаётганларини ҳис қилиш, дардини туйиш учун бир зум бўлса-да, она бўлиши керак одам. Ана шунда болаларидан тириклай ажралишнинг дарду аламини ич-ичидан ҳис қилади киши, назаримда.

Муножотга қарайман-у, ўйлайман: юрай десанг, йўл калта, чўзай десанг, қўл калта бўлсаям қийин экан-да! Бу оқсоч оламда одам боласини минг бир жазога маҳкум қилиш мумкиндир, эҳтимол. Аммо соппа-соғ она бағридан боласини тортиб олиб бўладими?!

Асарларда ўқигандим: қахратон қишнинг 40 даражали аёзида фашистлар одамларни яланғоч қилиб музлаб қолаёзган дарёга ташлашган. Совуқда кишининг қанча сонияда жон беришини тажриба қилишмоқчи бўлишган. Девқомат эркакларнинг вужуди музга айланса-да, бир аёлнинг жони ҳеч узилай демасмиш. Умидли нигоҳларини қирғоқдан узмасмиш. Сабабини аниқлашса, қирғоқда унинг гўдаги қолган экан… Боласининг тақдиридан ташвишланган аёл ўлим билан олишгани аниқ.

– Ҳамма айб ўзимда, мен ўлгурда, – хаёлимни ҳамроҳимнинг йиғи аралаш айтган сўзлари тўзғитди. – Ахмоқлик қилмаганимда,  эримнинг алдовларига кўнмаганимда ўзим бунчалар хор, болаларим она меҳрига зор бўлмасди, хато қилмай ўлай мен… –  бораману болаларимни бағримга босаман, деган минг бир ширин ўйда келган аёл умидлари саробга айланганининг аламига чидай олмай йиғларди, ўксиб оҳ урарди. – Бу кам, бу кунлар ҳам кам менга!!!

Ниҳоят, у “ёрилди”, ўз айбини тан олди, бор гапни тўкиб солди…

… Муножот олис тоғ қишлоқларининг бирида осмонўпар орзулар билан бўйлашмоқ истарди. Аммо 10-синфда ўқиб юрган кезларидаёқ совчилар остонасидан узилмади.  Кўп ўтмай, тўй бўлди. Кимга – пойтахт шаҳарда ўқийдиган, салкам катта дўхтир бўлиб қолган  болага! Йигитча бегона эмас.  Куёв бўлмиш қишлоғида ўсган. Қиз боланинг бахти кулгани шу-да! Тез кунда куёвбола – Мансур Тошкент шифохоналарининг бирига ишга жойлашди. Оиласини ҳам олис тоғ қишлоғидан кўчириб келди. Бу пайтда улар ўзларидан биттага кўпайишганди. Ҳаёт дегани бинойидек ўтаётганди. Аммо қўлида ишлайдиган ҳамшира Мансурнинг ҳаловатини бузиб, хаёлларини тўзғитиб қўйди. Ҳа, нима, кўнгли кетса кетибди-да!  Уйида ёри, ишда хуштори бўлса ёмонми?!

Ҳаммаси ана шу ҳавасдан бошланди. Бора-бора Мансур қандай қилиб  Манзурага боғланиб қолганини билмай қолди. Тўғриси, маъшуқасини уйда ўтирган оми бир аёлга мутлақо қиёслаб бўлмайди. Аслида, барига қўл силтаб, ҳаммасини бошидан бошласа,  Манзурага шартта уйланиб олса бўлмасмиди, бўларди. Лекин… Ана шу лекин Мансурнинг оёғига тушов, ошиқ жонига эгов бўларди. Негаки, у шифокор сифатида бир нарсани – маликасига она бўлиш бахти насиб этмаслигини аниқ биларди. Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битади, деганларидек, Мансур бир қарорга келгунига қадар, ҳеч нарсадан бехабар хотини шартта яна битта ўғилни туғиб берди… Мансур-ку, хотинидан осонгина кечиб кетиши ҳеч гап эмас, аммо арслондек икки ўғлидан-чи, кеча оладими?! Асло! Устига-устак, танлагани туғмас бўлса.

Хатодан хато туғилганидек, гуноҳ гуноҳнинг қўлларидан тутиб келаркан. Маъшуқасининг васлига етиш дардида ўт бўлиб ёнаётган Мансур бу дардманд дунёнинг бор шумлигини ўйлар, тубсиз дарё бўйларди. Мақсади битта: бошидан қатиқ ҳиди анқийдиган хотинидан осонгина халос бўлса-ю, суймахони қўйнида, болалари бағрида қолса!

Мансур орзуларини амалга ошириш учун ҳамма ишга тайёр эди. Шундай қилди ҳам:

– Муножотжон, қўлингда ҳунаринг, бирор-бир дипломинг йўқки, ишга жойласам, – деди у хотинига одатдагидан  кўра мулойим ва меҳрибон оҳангда, – Яшашни ўзинг кўриб турибсан. Ҳаш-паш дегунча нафақага чиқиш фурсатиям келиб қолади. Сенда эса иш стажи бўлмайди. Биласанми, ишламасдан давлатнинг мўмай пулини олиб, еб ётиш йўллари ҳам бор. Таниш-билишларни ишга солиб, сени нафақага чиқармоқчиман. Ногиронлик нафақасига. Бунинг учун сени олдин номигагина руҳий касаллар шифохонасига ётқизиш керак бўлади.  Қўрқма, ақли заифликнинг ҳам мингдан бир тури бор тиббиётда. Сени бирозгина руҳий хасталикка чалинган, деган қоғоз тўғрилаш учун керак бу даҳмазалар.

–                Шу… шартмикан-а? –  итоаткорона овозда сўради Муножот.

–                Агар билсанг, ақли заифга давлат анча-мунча пул тўлайди. Сен ниманиям билардинг, ўқимаган! Қолаверса, сенинг соппа-соғ эканлигингни мен – эринг билсам бўлди-да, ўзингни қайта бозорга солармидинг?

–                Ўзингиз биласиз, – минғирлади хотини.

–                Тушунган аёлсан-да! –  мақтаган бўлди Мансур. – Ҳа, яна, эртага “тез ёрдам” чақиртираман, шунда ишонарли бўлади. Сен эса ақлан заиф одам ўзини қандай тутиши кераклигини ўрган. Ҳўп машқини олгин. Қарабсанки, нафақани оли-иии-ииб ётибсан-да!

–                Чақалоғим нима бўлади? Ҳали чилласи ҳам чиқмаган-ку?

–                Айни муддао-да!  Одатда, янги туққан аёлларда кучли зўриқиш туфайли руҳий ўзгариш содир бўлиш эҳтимоли кўп кузатилган. Боладан хавотир олма, қайнонанг келиб, қараб туради.

–                Сиз нима десангиз  шу, – розилик билдирди аёли.

Эртаси куни, ярим тунда ваҳимали қичқирган “тез ёрдам” машинаси Муножотни шиддат билан шифохонага етказишга шошилди.

“Беш-ўн кунда уйга қайтаман”, деган ўйда юрган аёл бир йўла уч ой шифохонада қолиб кетди. Иши кўплигини рўкач қилган эр ҳафтада бир қорасини кўрсатар, хотинининг “болаларимни соғиндим, уйга олиб кетинг”, деб қақшашларига қарамас, парво қилай демасди. Вақт-соати етиб келди чоғи, кунлардан бир куни Мансур Муножотни олиб шифохонадан тўғри узоқ тоғ қишлоғига – қизлик уйига олиб борди.

– Энди касаллик қоғозлари тўғри бўлгунига қадар бир неча кун шу ерда тура-тур, – дея тайинлади-да, ортига қайтди.

Мана келар, ана келар, деб Муножот эрини кўп кутди. Бироқ кутган кишисининг қораси кўринай демасди. Тоқати тоқ бўлган аёл отасини олиб, Тошкентга отланди. Аммо улгурмади. Чунки у интиқлик билан кутаётган киши ўрнига бир парча қораланган қоғоз –  фуқаролик судига чақирув варақаси келган эди.  Уни ўқиб, гап нимада эканлигини тушуниб етмаган ота-бола 600 км. йўл босиб, Тошкентга шошишди. Етиб келса, бегона бир аёл Муножотга ўз уйига киришга изн бермаяпти. Иложсиз қолган Муножот отаси билан излай-излай суд идорасини топди. Билишсаки,  куёв бола – Мансур даъвогар. У суддан руҳий хаста хотини билан қонуний никоҳни бекор қилиб, ақли заиф онани бола тарбиясидан четлаштиришларини, фарзандларини ўзининг қарамоғида қолдиришларини сўраган. Оқ-қорани танимаган, йўл-йўриқни билмаган аёлнинг жони азобларда қолди. Ҳақлиги, соғлигини исботлаш, болаларини бағрига босиш учун бормаган ери, кирмаган гўри қолмади, ҳисоби. Аммо барча уринишлари зое кетар, унинг ақлан носоғлом эканлигини далилловчи дўхтир қоғози ҳар гал ёнаётган юрагига олов қаларди. Вақт эса шафқатсиз. Оловли олишувлар остида умрнинг уч йили ҳам ўтиб кетибди…

… – Эримнинг алдовларига учмаганимда, бу қадар азобларда қолмасдим, дилбандларим дийдоридан бенасиб бўлмасдим, – эмранди аёл, – Аммо эримга алданганимни оламга ёя олмайман. Айбимни ҳеч кимга айтолмайман-да!

Очиғи, унга қандай тасалли беришни билмайман. У эрига ишонди, самимий суйди, эвазига эри уни бепичоқ сўйди.  Бир энанг дўст, бир тананг дўст, деганлари шу экан-да! Нима қилсин энди?! Осмон узоқ, ер қаттиқ. Ўзим қилдим, ўзим қилган ишимга ҳузур қилдим, деб бўтадек бўзлайди-да, бечора…

… Бор билганларим, эшитганларим, гувоҳи бўлганларимни элга ошкор этгим, алданган аёл қисматини қисса қилгим келарди.  Аммо суднинг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори бўлмасдан туриб, журналист ўз текширувлари, шахсий мулоҳазаларини чоп эттириши мумкин эмас  дейишади.  Қонун тили билан айтганда,  суд ишига халақит бериш саналаркан бу. Бир фуқаро сифатида қонунга итоат қилгим келади, албатта, бироқ, нима қилай, билганларим ҳечам тинчлик бермасди, кўрганларим ҳаловатимни ўғирлаб қўйганди….

Сиз айтингчи, мана шундай ҳолатда нима қилиш керак? Суднинг навбатдаги ноқонуний қарори чиқишини жимгина кузатиш, кутиш, мум тишлаб туриш керакми? Асл ҳақиқатни билиб, кўриб туриб-а?  Йўқ, бошқа ҳамкасбларимни билмадиму, аммо мен бундай қилмадим, қилолмасдим ҳам. Нима бўлса бўлар, дедиму,  бор билганларимни қоғозга тушириб, эълон қилишга жазм этдим… Қўлимдан келадигани шу, ўзгасига қурбим етмасди ҳам….

Муножотга сўзларим билан таскин, тасалли бериб турсам-да, аммо унинг судда ғалаба қилишига ишона олмасдим ҳам. Кўнглимда қандайдир ҳадик бор. Такрор ютқазиб қўйишидан қўрқардим.  Мабодо яна бой бериб қўйгудек бўлса, тутдай тўкилишидан чўчирдим.  Аммо қувончни қарангки, қайта ўтказилган суд тиббиёт экспертизаси хулосасига асосланган юқори суд  кутилмаганда Муножотнинг манфаатини кўзлаб қарор чиқариб қолди. Ниҳоят, ҳақ қарор топди. Кўз ёшлар, аччиқ алам, изтироблар ортда қолди.

–                Олганингиз олтин бўлсин, – алқади у мени.

Бирор бир ишни уддалашга  қурбим етгани йўқ-ку! Ана, судьяларни дуо қилинг. Оҳларингиз Аллоҳга етди, мушкулингизни осон этди, – дедим чиндан суюниб.

Ҳаммадан, ҳатто дўхтирлардан ҳам олдин менинг телба эмаслигимга сиз ишондингиз, менга ҳайриҳоҳ бўлдингиз. Мен сизнинг ишончингиздан куч олиб қимирладим, ғалабага умидвор бўлдим, ўзимгаям, эртанги кунгаям ишондим. Дунё тургунча туринг, илоҳим….

Юракдан айтилган миннатдорчиликнинг таъмини ҳеч туйганмисиз? Йўқми? Нақадар тотли у!

Тўғри, бир қараганда ола-ғовур оламнинг тошу тарозисига қўйилмайдиган нарсанинг ўзи йўқдек… Аммо ишонч, меҳр, оқибат отлиғ туйғулар ҳам борки, уларни растага қўйиш, тарозига тортиш увол. Бунингдек инсоний туйғуларнинг баҳоси, нарх-навоси йўқ, қиёси бўлмайди…

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Даракчи” газетасининг  2004 йил 28 октябрь сонидан олинди.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares