ХОРАЗМДА ЁШЛАРНИНГ ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШИ КАМАЙМАЯПТИ

 

Ўзим Урганч шаҳрида яшайман. Лекин туғилган жойим Хива туманидаги Ўзбекистон қишлоғи. Шу боис яқинларимни бир кўрай деб яқинда қишлоғимга боргандим. Акамларнинг уйига бориб ўтириб, гапдан гап чиқиб, суҳбатимиз ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига бориб тақалди. “Ҳозир болларга бир гап айтиб бўлмайди, дарров қаттиқ хафа бўлиб, ўзини бир нима қилмоқчи бўлади, ё кўп дозада дори, ё уксус ва бошқа ўювчи кислоталарни ичишга, ўзни осишга, хуллас, ўз жонига қасд қилишга уринади. Шунинг учун тарбия масасласи ҳам анча қийин бўлиб қолди” дейишди қишлоқдошларим.

Бу гапнинг чиқишига сабаб бир неча кун олдин шу қишлоқда яшовчи Аннамуродов Полвон оғанинг ўғли Қувондиқ ўзини осиб ўлдиргани эди. Айтишларича, у йигит 30 ёшлар атрофида бўлиб,  оила қурган, отасиникидан алоҳида уйга чиққан. Аммо отаси уни доим худди ёш боладай тергаб,  ҳатто дўстлари билан зиёфат қуришига ҳам қаршилик кўрсатар экан.  Балки касалига шу сабаб бўлгандир, дейишди. Бироқ бу бир таҳмин. Эл ичида инсонни ўзини осишга ундайдиган руҳий касаллик ҳам тарқалган, деган гаплар юрибди.

 

Айтишига кўра, акамнинг  ўғли, менинг жиянларимдан бири бири ҳам бундан бир неча йиллар аввал,  энди балоғатга етаётган пайтида ўзини осишига сал қолган экан. Севган қизи турмуш чиқиб кетганида акам кўнгли бир нимани сезиб, ўғли ётган жойга борса, у узун арқонни қучоқлаб, ҳамма ухлаганда ўзини осишга шайланиб ётган экан. Акам ундан арқонни тортиб олиб, тергаб, жўяли гаплар билан ақлини жойга келтириб, ўғлини ўлимдан сақлаб қолибди.

 

Авваллари, кўпинча оилалардаги иқтисодий танглик ўз жонига суиқасдни келтириб чиқарарди. Лекин ҳозир муаммолар тури кўпаймоқда. Масалан, ёш қизларни аксарият ҳолларда номусига тажовуз қилинганлигини айтолмаслиги, эрта жинсий алоқа оқибатлари, ўзи истаганча кийиниш, юриш-туриш, безаниш, бирор жойга бориш истагига оила аъзолари томонидан тўсқинлик қилиниши, айби учун юзига шапалоқ тортилиши кабилар ўз жонига қасд қилишга ундайди.

 

Шунингдек, ёшлар уйда ва кўчада куну тун бетиним телевизор, радио, телефон ва бошқалардан турли ахборотларни оладилар. Компьютер ўйинлари ва ёзувлари, интернет тармоғининг сўнгсиз ахборотлари уларнинг миясини қамраб олади. Буёқда мактаб, коллеж “ўқи” деб турибди. Уйдагилар ишлаб пул топишни ўрган, шунда ҳаётда қийналмайсан, дейдилар. Хуллас, миялари, турли ахборотлар, режалар, фикрлар билан тўлиб кетган. Шундай ҳолда уларга биттагина танбеҳ ҳам ортиқчалик қилади.

 

Менимча, ўз жонига қасд қилишларнинг кўпайиш сабабларидан бири – бизда ҳақиқий психологлар етишмаслигидир. Тўғри, ўзига хос менталитетимиз бор, кекса момоларимиз, боболаримиз, уларнинг тарбиясини олган ота-оналаримиз айрим ҳолатларда ҳар қандай руҳшуносдан ҳам кучли таъсир доирасига эга. Лекин барибир хорижий мамлакатлардаги каби профессионал руҳшунослар бизда анқонинг уруғи эканлиги муаммога муаммо қўшади.

 

Ахир киноларда кўрамиз, кўрсатувларда томоша қиламиз, хорижий мамлакатларнинг фуқаролари қандайдир руҳий ҳолат муаммосига учрасалар, дарҳол руҳшуносга мурожаат қиладилар. Бизда эса, баъзан шундай бўладики, руҳшуносга муҳтож одам дардини изҳор этса, уни руҳий касаллар шифохонасига юбориш кераклигини маслаҳат берадилар. Яъни, психолог билан психиатрнинг фарқига борилмай қолинади.

 

Ўқув юртларида психологлар ишламоқда-ю, бироқ уларнинг бирлари ўз касбини чала тушунади, бирлари вазифасига панжа орасидан қарайди, фақат айримларигина ёшлар билан ҳақиқий руҳшуносларча мулоқот олиб боради. Бунинг устига, уларнинг кўп вақти ўқувчилар билан мулоқот, уларнинг дардини тинглаб, соғлом ҳаётга йўналтиришга эмас, қилинаётган ишлар тўғрисида юқорига ҳужжат тайёрлашга сарфланади. Улар тайёрлаб жўнатадиган ҳужжатлар шу қадар кўпки, бошқа ишга вақтлари қолмайди ҳисоб.

 

Вилоятнинг шахар ва қишлоқлардаги оғир иқтисодий аҳвол, йукчилик ва етишмовчилик, оилавий можаролар туфайли хотин-кизларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда. Маҳалладошлари ва яқинлари ўз жонига қасд қилганларнинг руҳий соғлом бўлганликларини тасдиқлайдилар. Ўзбекистондаги расмий матбуот бу каби воқеалар ҳақида хабар ва лавхалар чоп этмаяпти. Вилоятдаги ҳокимликларга қарашли ҳеч бир ташкилот йиғилишлари ва анжуманларида ўз жонига қасд ҳолатлари тилга олинмайди.

Лочин САМАНДАРОВ.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares