ЎЗБЕКИСТОН: ҚЎРКАМ БЎЛИШ ЙЎЛИДАГИ ҚУРБОНЛИКЛАР…

 

Маълумки, Ўбекистон шаҳарларини обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Аммо минг афсуски, бу кўркамлик кишиларга қимматга тушмоқда.

Даставвал, пойтахт кўчаларини кенгайтириш иштиёқи айрим тошкентликларни ўй-жойлари, манзил маконларидан мосуво қилганди. Гап шундаки, Ҳукумат томонидан бузилиши шарт  деб топилган хонадон соҳиблари қўлига  арзимас чойчақа тутқазиб, кўчага қувишганди. Айниқса, пойтахтнинг Самарқанд дарвоза маҳалласида истиқомат қилувчи   аҳоли анчайин азият чеккани аниқ.

“Тегирмон навбати билан” деганларидек, “Буз, текистла, қур, тикла” операцияси кўхна Хоразмда авж олдирилди. Натижада, йўлларни кенгайтириш ва шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиш баҳонасида беминнат бошпанасидан айрилиб қолган фуқароларнинг сон-саноғи йўқ. Айни пайтда улар арз-додларини кимга айтишни билмай, диллари хун. Ҳукуматга арз қилай деса, уй-жойларини инсоф даражасида баҳоламасдан бузиб ташлашга фатво бераётган, одамларни ўз уйидан мосуво қилаётган айнан мана шу ҳукуматнинг ўзи-ку?

Ҳукуматнинг  кенг-қамровли “ур-йиқит” ишлари Буюк Темур таваллуд топган юрт Шаҳрисабзни ҳам четлаб ўтган эмас.

Энг ёмони “буз-а-буз”лар бугунги кунда Бухороликларнинг бошига битган бало бўлмоқда.

Гап шундаки, Бухоро вилоят ҳокими уйлар олдида қўшимча равишда қурилган хоналар, гараж ва панжара тўсиқларни тезлик билан “текистлаб” ташлаш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳукаматнинг ҳожатбарорлари эса мазкур қарор ижросига бутун вужудлари билан шунғиб кетишганларини айтмайсизми?

Вилоят ҳокимининг “фармони олий”ига мувофиқ, энг аввало, ўй-жойларини панжара билан ўраган,  қўшимча бино тиклаган, гараж қурган фуқароларга бунёд қилган “ихтиро”ларини ўз қўллари билан бузиб ташлашлари учун маълум муддат вақт инъом этилди. Берилган имкониятдан фойдалана олмаган одамларнинг “кошона”лари Ҳукумат томонидан мажбурий тарзда бузиб ташланиши ва  бинони бузиш оқибатида ҳосил бўлган қурилиш моллари –  анжомларини давлат фойдасига мусодара қилиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, мабодо белгиланган вақтда талаб қилинган юмуш бажарилмагудек бўлса,  “вайрона” этишлик учун махсус ишчи гуруҳ(отряд)лари “ташланади”.  Айни ана шу мақсадда вилоят ҳокимлиги қошида “Бузувчилар” деб номланган махсус ишчи отрядлари ташкил этилган.

Янаям қизиғи, аксарият ватандошларимиз ишсизлик сабаб тирикчилик илинжида ўзга элларга кетишга мажбур бўлганини биласиз. Улар ўз уй-жойлари, бошпаналарини орқалаб кетишолмайди-ку?   Шу ерда – ватанда қолган-да, албатта. Икки-уч йилдирки эшикларига каттакон қулф осиғлиқ. Ўзбекистонимиз қонунларида эса фуқаронинг хусусий мулкига дахл қилмаслик деган  гап фақат қоғозлардагина бор, холос. Негаки, бу “бузиш-қуриш” исканжасидан хорижий мамлакатларда юрган ҳамюртларимизнинг бошпаналари ҳам  омон қолган эмас.

 

 

Шаҳруз САИДИ

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати  Бухоро вилояти бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares