Навоий вилояти МХХ раиси номига

 

«Навоийазот» ОАЖ 311-цех ҳайдовчиси

Шарипов Қамбар томонидан

 

А  Р  И  З  А

Мен 2001 йилдан буён “Навоийазот” ОАЖида фаолият юритиб келаман. 311-цехда эса фаолият бошлаганимга уч йил тўлди.  Заводда меҳнат қилган 12 йиллик давр ва то унгача бўлган Навоий ГРЭСидаги 26 йиллик, жэами 38 йиллик  умумий меҳнат фаолиятим давомида бирор марта ҳам хайфсан ва ёки оғзаки огоҳлантириш ҳам олмаганман. Чунки доимо меҳнат интизомига қаттиқ риоя этаман.  Ёшим 58 га етяпти, 5 нафар фарзандимни ана шундай ҳалол меҳнатим эвазига тарбиялаб, эл хизматига қўшдим.

Мени цехда асосий вазифам цехдан менга эрта тонгда юклаб берилган маҳсулотларни маъмурият томонидан айтилган жойга етказиб беришдан иборат. 2012 йилнинг октябрь ойида  “Навоийазот” ОАЖнинг хавфсизлик бўлими бошлиғи ўринбосари Дилшод Худойбердиев менга қўққисдан “Ака, Хавфсизлик бўлимини бошлиғининг уйига 12та ўрама сетка маҳсулотини етказиб берасиз, бу бошлиғимизнинг  буйруғи” деди. Мен “Йўқ, нафақага чиқишимга оз фурсат қолди ўзи. Шунча йил ҳалол меҳнат қилдим, буёғига ҳам ноқонуний иш қилиш ниятим йўқ” десам, Дилшод мени “Агар шу буйруқни бажарамасангиз, нафақага ҳам чиқолмай кетасиз ишдан” деб пўписа қилди. Мен мажбур бўлиб у машинамга юклатган ўша  юкни Дилшоднинг бошлиғининг хонасини олдига олиб бориб бердим. Улар юкни яъни олти дона ўрама сеткани ўша жойдан “Нексия” русумли кумушрангли 775 рақамли хизмат автомашинасига юклаб олиб кетишди. Қолган олтитасини эса ўша жойнинг ошхонасига киритиб қўйишди.  Орадан икки кун ўтгач, Дилшод менга яна олти дона ўрама сетка келтириб берасан дея буйруқ қилди. Мен унга “Ука, энди бошқа менга бунақанги юмушингни айтма” дедим. Шунда у  бошлиғининг “Нексия” русумли автомашинасида ўша юкини олиб кетди. Юк оз бўлганлиги учунми, бу сафар менга пўписа ҳам қилиб ўтирмади.

Орадан тахминан бир ойлар ўтиб цехнинг Имом исмли  механики мени ёнига чақириб: “Ака, 8-цехдан металл олиб келишингиз керак. Сизга у ердан юклаб бериб юборишади” деди. Мен механикни буйруғини бажардим. Менинг Зил 131 русумли машинамга маҳсулот тўлдириб юкланди. Мен эса ҳайдовчилик ўрнимдан ҳам қўзғалганим йўқ. Мен 8-цехни дарвозасидан чиқишим билан дарвозадан Дилшод Худойбердиев пайдо бўлиб, машинамга ўтириб олди-да, “Бу юк мен билан бошлиғим Жамшидга тегишли. Тўғри шахсий иссиқхонамизга олиб борамиз” деди. Мен эса “Йўқ, менга цехга олиб бориш буюрилган. Раҳбариятдан гап эшитаман.” десам. Дилшод менга: “Раҳбариятингизни бундан хабари бор. Сиз ҳеч ҳам хавотирланманг” деди. Мен эса қулоқ солмай, уни машинадан тушириб юбориб, ўзим меҳнат қилаётган цехга олиб келдим юкни. Орқамдан ҳеч вақт ўтмай Дилшод ортимдан бошқа бир юк машинаси билан етиб келиб, менинг машинамдаги юкни ўша машинага юклатиб олиб кетди. Машинадан тушаётган пайтда Дилшод мени ҳам ҳақоратлади ҳам “Машинангга наша ташлаб ушлатаман. Биз МХХининг ходимларимиз. Йўқотиб юбориш ҳам қўлимдан келади керак бўлса” деб ҳам пўписа қилган эди. Мен эса эътибор қилмай кетдим. Мен унинг ноқонуний буйруқларига буйсунмаганимдан сўнг, у мен билан  бир цехда меҳнат қилаётган жияним Мирзо Эшмуродовга нисбатан пўписаларини бошлади. Ўтган йилнинг охири ноябрь ойларида Имом исмли механик цехдан Мирзонинг УВАЗ русумли автомашинасига янги чўян иситиш қувурларини юклатди-да, “Бу юкларни заводнинг марказий кириш жойига олиб боринг, Дилшод билан бирга айтилган жойга олиб бориб ташлайсизлар”деди. Мирзо эса механикни буйруғига кўра иш бажарган. Дилшод катта дарвозадан Мирзонинг машинасига ўтириб, у билан бирга юкни  Қосим Шайх мажмуасининг рўпарасидаги кўчада Дилшоднинг отасини ҳовлисига олиб бориб ташлаган.Юкни тушириб бўлиб, Мирзо билан яна заводга қайтаётган пайтда, Дилшод Мирзога“Ака,  заводда узоқ ишлашни истасангиз, юкни бу ерга олиб келганингизни унутинг. Йўқса, ўзингизга қийин бўлади” деб пўписа қилган.

Куни кеча 7-март куни Дилшод Худойбердиев менга яна 2та 2 метрли жами 4 метрли чўян иситиш қувурларини цехдан олиб чиқиб, иссиқхонамга олиб бориб ташлайсиз, деди. Мен эса унамадим. У эса Юсуф исмли илгариги ҳайдовчисини олиб келиб унинг машинасида юклаб олиб кетди.

Юқоридаги каби ҳолатлардан сўнг 13 март куни Дилшод менга яна:”Ака, шу пайтгача бирорта буйруғимни бажармадингиз, ҳеч бўлмаса, иссиқхонамнинг олдида сизни бир ҳайдовчи  кутиб туради. Машинангиздан газ ўтказиб берасиз унга” деди. Мен эса унинг “МХХининг ходимимиз, истасак сени ўзингни йўқотиб юборамиз” каби пўписаларидан нафақа кетишим олдидан кўнгилқорачилик бўлишини истамай рози бўлиб у менга тушунтириб берган жойига бордим. Дамас русумли автомашинанинг ҳайдовчиси мени кутиб олди. Мен унга газ бериб юборишганини айтдим. У эса машинамдан газ олди. Шу жараёнда Дилшод Худойбердиев мени изма-из кузатиб келаётган экан, жараённи видеотасвирга тушириб олди-ю, дарҳол машинасини буриб кетиб қолди.  Мен унинг буйруғини бажариб цехга қайтгач, Дилшод кулимсираб олдимга келдию, “ Ака, сизга нима деган эдим мен. Мана қайсарлигингизни оқибати. Тушунгтириш хати ёзиб беринг энди.”деди. Мен бўлган воқеани яъни Дилшоднинг ўзи буюрганини тушунтириш хатимда ёзиб бердим. У эса ёзган хатимни олиб йиртиб ташлади-да, “Ака, ҳозир мени айтганларим бўйича тушунтириш хатини ёзинг-да, буёғига айтганимга кўнинг. Бугунги шунчаки тадбир эди. Мени сўзим билан ёзсангиз тушунтириш хатини сизга ҳеч қандай гап тегмайди. Аммо буёғига яна гапга кўнмасангиз қаранг кўзингизга” деди. Мен эса унинг гапи бўйича тушунтириш хатини ёзиб бердим.  У эса “Навоийазот” ОАЖнинг директори Нусрат Солиевга видео тасма билан тушунтириш хатини топшириб, мени ишдан бўшатишларини сўраб мурожаат қилибди.

Сиздан юқоридаги ҳолатлар юзасидан қонун доирасида текширувлар олиб борилиб, қонунга зид ҳатти-ҳаракатларни амалга ошираётган Дилшод Худойбердиев ва унинг шерикларини жиноий жавобгарликка тортилишида ҳамдамен каби оддий ходимларнинг хотиржам фаолият юритишларини таъминланишида амалий ёрдам беришингизни ва бизнинг ҳуқуқий манфаатларимизни ҳимоялашингизни сўрайман.

Шарипов Қ.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares