Эсингизда бўлса, бир неча кун олдин “Бирдамлик” сайти саҳифасида “Қайси ёғни афзал кўрасиз?” сарловҳали мақола эълон қилинган эди.
Мазкур хабар чоп этилгач, Бухоро бозорларига солиқ идоралари-ю санитария-эпидемология маркази ходимлари “ҳужум уюштиришган”.
Ана шундай рейдларнинг бири Республика бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан Бухоро вилоятининг Гиждувон бозорида ўтказилди. Бунингдек қатор тафтишлар ўтказилишига бозорларда қалбаки маҳсулотларнинг кўпайиб кетганлиги важ қилиб келтирилмоқда.
Текшир-текширлар давомида Рашид Мирзаев исм-шарифли ҳуқуқбузар тадбиркорлардан бири сифат-сертификатисиз, назорат талабларига жавоб бермайдиган “сода” маҳсулотларни ноқонуний қадоқлаганлик ва тарқатилганликда айбланган. Унинг уйидан 2 тона сода ва 7500 дона қоп топилган.
Санитария эпидемология маркази ходиминг таьбирича, содалар аллергик касалликларни келтириб чиқарувчи ингредиентларга бой бўлган.
Хабарингиз бор, кейинги кунларда матбуот саҳифаларида «Кока-кола» ва «Фанта» ичимликлари дўкон пештахталарида камёб бўлиб бораётганлиги хусусидаги хабарлар оқими тезлик билан тарқала бошлади.
Бухоролик «тадбиркор» Шоҳида Ёдгорова эса ана шу яхна ичимликлар танқислигидан мўмайгина даромад орттиришга бел боғлади. Шоҳидахон айни мақсадда ўз уйида яхна ичимликларни қадоқлашни йўлга қўйишга муваффақ бўлган.
Тафтиш жараёнида Ёдгорованинг хонадонидан 3 миллион сўмга яқин ҳеч қандай сифат-сертификатига эга бўлмаган товар моддий бойликлари топилган ва далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Шаҳрўз САИДИ
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Бухоро вилояти бўлими фаоли



