Айни кунда экологик муаммолар дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётгани рост. Инсониятнинг шиддат билан ўсиб бораётган эҳтиёжи туфайли янги-янги ихтиролар пайдо бўляптики, буларнинг натижасида экологик мувозанат бузиляпти. Ўз навбатида бу ўзгаришлар инсониятнинг бошига катта кулфатларни ёғдиряпти. Биргина Орол денгизининг қуриши натижаларини кўз олдимизга келтиришимиз кифоя.
Тан олиш керак, бугун табиатни, тоза об-ҳавони, тупроғу, сувини авайлаб-асрашда етарлича иш олиб бормаяпмиз. Сувимиз ифлосланишига бефарқ қараяпмиз. Ер юзидан 800 миллион киши доимий сув танқислидан қийналиб яшаётганини билганимизда, кўз ўнгимизга келтирганимизда эди, бу бебаҳо неьматни ҳар қатрасини исроф қилмай, ифлослантирмай ишлатган бўлардик. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, аҳоли томонидан сув меьёри 34 мартадан 27 мартагача ортиқча ишлатилмоқда.
Бу борада Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти лойиҳаси асосида катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, атроф муҳитни муҳофаза қилиш миллий ҳаракат режасига асосан халқаро конференциялар ўтказилди.
Халқаро конференцияда жамоат ташкилотлари, элчихоналар ва халқаро ташкилотлар, Қиргизистон республикасининг Майли-Суу шаҳрининг мэрияси вакиллар, Бутун жаҳон Банки миссияси, шунингдек, Осиё тараққиёт банкининг раҳбарлари ҳам иштирок этишган. Тожигистон ва Қирғизистон томонидан сувларнинг ифлосланиши, алюмин заводининг чиқиндиларини сувни, тупроқни, ҳавони зарарлаши ҳақида муаммолар кўтарилган бўлиб, бу борада ҳар икки мумлакатда етарли ҳаракат олиб борилмаган. Натижада экологик нуқтаи назаридан жуда катта ташвиш туғдираётган уч устувор соҳа мавжуд. Булар: сув ресурслари ва шу билан боғлиқ ҳолда суғорма ерлар шўрланиши ҳамда сувнинг минераллашуви, сифатли ичимлик сув етишмовчилигига олиб келиши, иккинчиси эса ерларнинг даштга айланиб бориши, учинчи муомма эса экологик тизимларнинг бузилишидир. Бу масалалар бевосита барча аҳолига хавф солиши билан тааллуқлидир.
Албатта бу муаммоларнинг юзага келишига Тожикистон, Қирғизистон ҳукуматларининг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалаларидаги қонунчилик ва экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантиришга кам эьтибор берилиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Тирик мавжудод борки унга мусаффо ҳаво, тоза сув, тупроқ керак. Бу неьматларни яратганнинг ўзи бандаларига ином этиб қўйган. Фақат биздан уларни асраб-авайлаш, инсон билан табиатнинг ўзаро муносабатларидаги мувозанатга барҳам бериш кутиляпти, холос. Бу бизнинг қўлимиздан келади. Буни уддаласак, биринчи навбатда соғлигимизни асраган бўламиз, эртамизни, келажагимизни асраган бўламиз.
Ойша РАҲМОН қизи
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот котиби



