ОРЗУГА АЙБ ЙЎҚ…

 

Радио, телевидениенинг кашф этилиши инсоният яратган ихтироларнинг энг мукаммали ва энг кераклиларидан биттаси десак, бумолаға бўлмайди. Бугунги кунги ҳаётимизни радио, телевидениесиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, асримизнинг ўзи техника, ахборот асридир. Бутун дунё шундай шиддат билан ривожланиш жараёнини ўз бошидан кечирмоқда, жумладан, Ўзбекистон ҳам. Ўзбекистонда бунингдек ривожланиш бошқа мамлакатларга қараганда бирмунча орқада қолган. Аниқроғи, юз йилларга оқсаб қолган, десак, адашмаган бўламиз. Сўзларимизни исботи сифатида фактларга мурожаат қилсак: Ўзбекистон телевидениесининг кундалик дастурларини кузатадиган бўлсак, энг аввало, Ўзбекистонда атиги  етита канал ишлайди, холос. Ушбу каналлардаги барча кўрсатувлар, асосан, Ўзбекистон телевидениеси ходимлари томонидан тайёрланган. Энг ачинарлиси, аввалдан ёзиб олинган дастурлар намойиш қилинади. Бунисиям майли-я, бироқ бор кўрсатувлар ҳам мақтанчоқликдан, сохтакорлик, йўқни бор деб кўз-кўз қилишдан иборат бўлиб қолган.  Бу каби сохтакорлик билан йўргакланган кўрсатувлар кишининг бадига уриб кетган, оқибатда, телевизорга ҳам қарагиси келмайди кишининг. Гоҳида Ўзбекистон телевидениеси каналларида эфирга берилаётган уйдирма ва бўрттирма кўрсатувларни кўриб, ёқа ушлаб қоласан киши. Ахир биз ўзга сайёрадан тушмаганмиз, Ўзбекистон фуқаросимиз. Демакки, мамлакатимизда, чор-атрофимизда рўй бераётган воқе-ҳодисаларнинг баъзида билвосита, гоҳида бевосита иштирокчиси, кузатувчисига айланамиз. Бор гапдан хабаримиз бор. Шундай экан, Ўзбекистон телевидениясидаги бу каби ёлғон ва сохтакорликдан иборат кўрсатув ва эшиттиришларининг кимга керакги бор экан-а? Кўриб, эшитиб энсангиз қотади. Шу каби мақтончоқлик, ёлғонлар билан мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий аҳвол ўзгариб қолармиди? Аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланармиди?

Бироқ, яна бир ачинарли томони шундаки, Ўзбекистон телевидениесидаги ёлғонларга юғрилган кўрсатувларни кўриб, юртдошларимизнинг нечоғлик кўнгли ўксимасин, минг афсуски, ўзга мамлакатда истиқомат қилаётган томошабинлар бизнинг маҳаллий журналистларимиз томонидан тўқиб чиқарилаётган чўпчакларга чиппа-чин ишонишади-да! Аслида, биз, Ўзбекистон аҳолиси ҳам мамлакатимиз ривожланган эллар қаторига қўшилишини, илғор мамлакатларнинг теледастурларини мириқиб томоша қилишни  жудаям ҳоҳлаймиз. Бунинг учун энг аввало юртда матбуот эркин, ҳолис ва ҳақиқатгўй бўлиши керак эмасми? Биз нафақат Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларнинг телевизордаги сайқалланган, сохта аксини кўришни, балки ўзга юрт журналистлари томонидан тайёрланган кўрсатув, янгиликлардан ҳам огоҳ бўлишни истаймиз. Бунинг учун бугунги Ўзбекистон телевидениеси ўз қобиғидан чиқиши керак эмасми?

Нега Ўзбекистон аҳолиси дунёда бўлаётган ўсиш, ўзгариш, янгиланишлардан бебаҳра. Бу ҳам, назаримизда, халқимизни итоаткорликда, қулликда ушлаб туришнинг ўзига хос бир усули бўлса керак. Демак, Ҳукумат одамларнинг онги, дунёқараши ўсишини, ўзгаришини истамайди.

Ўзбекистон телевиденисидаги каналларда эфирга узатилаётган қай бир кўрсатувга қарама, савияси саёз. Масалан, актёр Мурод Ражабов олиб бораётган “Ошга марҳамат!” кўрсатувини олайлик. Айтингчи, қайси ўзбек ош пиширишни билмайди? Ва умуман, 75-80 фоиз аҳолиси ишсиз бўлган мамлакатда қозони ойлаб гўшт кўрмаган аҳолига қандай қилиб тансиқ таом пиширишни ургатишга  ҳожат бормикин? Ёки бўлмаса, “Ёшлар” телеканалидаги “Ош бўлсин!” кўрсатувида ҳар доим турли тансиқ тамолар тайёрланадики, бу ҳол уйида бир сиқим уни бўлмаган ўзбекнинг устидан очиқ-ойдин кулиш эмасми? Ёки, яна битта кўрсатув ҳам мавжуд. Ҳозир номи эсимда йўқ. Тўртта санъаткор чиқиволиб нуқул овқат пишириш билан андармон бўлишади. Эҳтимол, артистларнинг қимматбаҳо масаллиқларни харид қилишга, тансиқ таом тайёрлашга қурблари етар. Бироқ, кўрсатув тайёрлаётган шаввозлар аҳолининг умумий аҳволини ҳисобга олишмайдими? Ахир, халқимизнинг қарйиб 80 фоизи ниҳоятда ночор кун кечириши ҳаммага маълумку?

Биз истардикки, Ўзбекистон телевидениеси ҳам ҳаётий ҳақиқатларни кўрсатса, одамларни алдамаса, аврамаса. Ҳорижий теледастурлар бизга ҳам тўғридан-тўғри олиб берилса, улардаги ривожланишни кўриб қувонсак, биз ҳам олдинга интилсак дегандик… Хуллас, телевидениедан умидларимиз анчагина, орзулар ҳам бисёр. Зеро, орзуга айб йўқ дейишади…

Дилбар САИДОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Тошкент вилояти бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares