ЎЗБЕКИСТОН: НАҚД ПУЛ МУАММОСИ БУХОРОДА

 

Ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари, 2-16 ёшгача бўлган болалар  пули, шунингдек,   қариялар ва ногиронлар нафақасини ойма-ой ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиб бориш учун, албатта, нақд пул керак бўлади.

Айни дамда Ўзбекистонни қамраб олган нақд пул танқислиги Бухоро вилояти раҳбарларининг ҳам буғзидан олмоқда.

Нақт пул етишмовчилиги натижасида ўқитувчилар, шифокорлар, нафақахўрлар ўз маошларини ойлаб ололмасдан, ранглари сомон бўлмоқда. Табиийки, бу ҳолат омма ўртасида ўринли норозиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Нақд пул билан боғлиқ муаммолар мамлакат Каттасининг қулоғига етиб бормаслиги ва ўтирган амалидан айрилиб қолмаслиги учун айни дамда Бухоро вилоят ҳокими мавжуд масала юзасидан кескин чоралар қўллашга мажбур.

Айни дамларда вилоят ҳокимлигининг топшириғи билан Бухородаги барча банк мутасаддилари, шунингдек, давлат солиқ идораси ходамлари нақд пул йиғимига сафарбар этилди. Гуёки пахта йиғим-терими мавсумидаги каби! Қизиқ-а? Пахтаку, бободеҳқоннинг шарофати билан пайкалда қийғос очилганди-я, аммо ўзбек сўми кузги баргхазон эмаски, супириб олишса, кўкламги майса эмаски, ўришса, ё олма-ўрикдек териб олишса?!

У ҳолда нақд пул йиғим-терим компанияси қерда, қандай кечади, дерсиз?

Бу борада Бухоро бозорлари нақд пул йиғим-терими мавсуми учун нишон бўлди. Айни дамда банк ва солиқ идоралари ходимлари “Бозор бор-да, бахтингни кўр” деган ақидага амал қилиб, ким ўзарга салмоқлироқ сўм йиғиш амалиётига енг шимариб киришиб кетдилар.

Бугунги кунда бозорлардаги ҳар бир дўкондорнинг гарданига маълум миқдорда кунлик нақд пул “улпон”и солинган. Бирор бир дўкондору  тадбиркор ҳукумат томонидан белгиланган кундалик нақд пул “солиғи”ни тўламаса, ёхуд зиммасига юклатилган нақд пул “план”ини уддалай олмаса, ундайларни муқаррар инқироз кутади. Кунлик нақд пул режасини удддалай билмаслик дегани бу – бор будидан айрилиш, дўконидан мосуво бўлиш демакдир. Ўз ўрнида бунингдек “сийлов”лардан банк ходимлари ва соликчилар ҳам бебаҳра қолмайдилар. Токи ҳар бир банк ва солиқ идораси ходими қош қорайди дегунча “норма”даги килограмм пахтани, э, йўғ-э, сўммани, нақд пул – соққани териб келолмаса, “Алвидо, идорам” дейишга мажбур.

Бизнинг Ўзбекистонимизга нима бўлаяпти-я, ўзи?! Бир қарасанг электр энергияси тақчиллиги, бир қарасанг табиий газ танқислиги, бир қарасанг иш ўринлари  камёблиги, маҳаллий маҳсулотлар сифатсизлиги… Санайверсангиз, адоғи кўринай демайди-я?! Бир ками энди нақд пул муаммоси қолганмиди, барака топгурлар?!

 

Шаҳруз САИДИ

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Бухоро вилояти бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares