ЎЗБЕКИСТОНДА ПОРА БЕРМАСАНГ, УЙИНГ БУЗИЛАДИ…

 

Навоий вилояти, Кармана туманидаги Катта мачит маҳалласида яшовчи Хўжамуродов Шокирга Янги ариқ ҚФЙнинг қарорига биноан 2006 йилда шу ҳудуддан оиласи Хўжамуродова Дилафруз ва фарзандлари билан яшаш мақсадида уй-жой қуриш учун 0,8 сотих ер участкаси берилди. У ҳам бўлса, ишсизлик сабаб, 2004 йилдан то 2009 йилгача Эгамов Мирзо фермер хўжалиги ҳисобидаги  ипак қурти парваришлаш юмушларини бажариш шарти билан. Оила бекаси Дилафрузнинг айтишича,  бу ер участкасини олиш унинг учун жуда қимматга тушган. Чунки у шу даврларда иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган ва оғир меҳнат жараёнларида ҳарсанг тошни устига йиқилиб тушган. Бу ҳолатдан унинг қорнидаги ҳомиласининг қорин қисмида суюқлик йиғилиб, киста билан дунёга келган. Бегуноҳ бу гўдак туғилгач, бор-йўғи бир ярим ёшгача яшаган, жарроҳлик усулида даволаниш жараёнида нобуд бўлган.  Хуллас, тўнғич фарзанди ҳам ногирон туғилган жабрдийда онанинг мазкур ер участкасида бор йўғи бир хоналигина лойсувоқ бошпана кўриб яшаши учун йўқотишлари ва азоблари кўз ёшини бир зум тўхташига йўл бермаяпти. Чунки айни пайтда унинг не азобда қурган бошпанаси мажбурий тартибда бузилиб, ер жойи тортиб олиб қўйилиш арафасида.

2012 йилнинг 12 мартидаги Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг қарорига кўра камбағалнинг лойсувоқ бошпанаси бузилиши керак. Сабаби эса оддий: Бу оилани 6 йил давомида ипак қурти парваришлашга мажбур қилиб келган фермер энди ўз ўрнини бошқа бировга, аниқроғи,  Кармана Бўриёвон ф/хга бўшатиб берган. Мазкур хўжалик бошлиғи эса Шокир Хужамуродовдан «бу ерлар менга қарашли энди, пулини тўласанг бераман, бўлмаса уйингни буздириб еримни тортиб оламан» дея талаб килади. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган ёш оила эгалари камбағаллик сабаб сўралган пулни ҳам топиб бериша олмагач, хўжалик раиси уларни судга бериб, уйни бузиш ҳақида қарор чиқишига эришди. Орадан бир йил ўтяпти ҳамки, оила эгалари 2 нафар гўдак болалари билан саросимада яшашмоқда. Аслида қурилган бир хонали бошпананинг на том қисми мустаҳкам, на яшаш шароити мавжуд. Шифтидан қамишлар осилиб турган бир уй.
Дилафрузнинг айтишича, айнан унинг уй жойи атрофида илгари ширкат хўжалигида бригадир бўлиб ишлаган Ҳаким Худойбердиев (айни пайтда Каттамачит маҳалласи раиси)нинг хизмат лавомини суистеъмол қилган ҳолда ноқонуний эгаллаб олган 0,8 сотихдан иккита ер участкаси сотувга қўйилиб, харидор изланмоқда. Бу ёғига изоҳнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. Аянчли томони шундаки, бор-йўғи ўрта маълумотли маҳалла раисининг бугун прокуратура ва суд органлари ходимлари томонидан ноқонуний қилмишлари инобатга олинмай келинмоқда. Аммо меҳнатни қилиб, ҳақиқий пешона тери эвазига олинган ер эгалари бугун саросимада яшаб келишмоқда. Бахтга қарши уларнинг дардини бугун ҳеч ким тинглашни ва ёрдам беришни исташмаяпти.

 

Бекзод БЕК

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Навоий вилояти  бўлими фаоли

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares