ЎЗБЕКИСТОН: ҲУКУМАТНИНГ НАВРЎЗ ТАНТАНАСИГА ТАЙЁРГАРЛИГИ КИМГА АЗА, КИМГА ТЎЙ КЕЛТИРАР….

 

Юртимизда Наврўз тантаналари бошланиди. Афсус, ана шундай қувончли кунларда ҳам дилларни хира қиладиган воқеалар содир бўлиб туради.

Кеча, 15 март куни тунги соат 23.00 да Алишер Навоий номидаги Миллий боғда кўрилаётган Наврўз тантаналари тайёргарлигидан қайтаётган Ўзбекистон Жаҳон тиллари Француз филологияси 1 – босқич талабасини (исми шарифи баъзи сабабларга кўра сир тутилмокда) ката тезликда келаётган енгил автомобил ўриб юборди. Қиз воқеа жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмди.
Марҳум қизгина Бухоро вилоятидан келиб, не- не орзулар билан ўқишга кирганди… «Аъло баҳолар олсам, талабалик нафаҳам ҳам ошади. Ота-онамга ҳам унчалик оғирим тушмасди» деган ўйлар оғушидаги талаба атиги биринчи босқичнинг ярмигагина ета олди, холос. Фарзандим ўқиб, олий маълумот билан қайтади дея ширин хаёллар оғушида юрган ота-она қон қақшаб қолди…  Уйдан ўз оёғи билан чиқиб кетган жигарпорасининг совуқ мурдасини кўриш қанчалар дахшат… Бу мусибат ҳеч бир бандасининг бошига тушмасин!

Эҳтимол, “Ҳа, энди… фалокат оёқ остида дейишади… Ҳар куни минглаб содир бўлаётган навбатдаги  бахтсиз ҳодисанинг бири-да”, дерсиз?… Бундай аянчли воқеа дунёнинг исталган ерида рўй бериши мумкин, пашшадан фил ясаманг дейдиганлар ҳам топилиши мумкин. Аммо инсон сифатида ҳали йигирмага ҳам кирмаган бир мурғак қизининг фожеали ўлимига сабаб бўлган омилларни чуқурроқ таҳлил қилиб чиқимасак инсофдан  бўлмайди…
Ҳар йили Мустақиллик ва Наврўз байрамаларнинг юксак савияда ташкил этиш учун обдон тайёргарлик кўрилади. Бу, албатта, яхши. Ойинаи жаҳон орқали бутун дунёга миллий анъаналаримизни намоён қиламиз. Саҳна безакларига, унда сакраб қўшиқ айтаётган санъаткорларга, ўринлдикларда ўтирган шодон чеҳрали томошабинларга қараб, ташкилотчиларининг қанчалик меҳнат қилганликларига яна бир бор тасаннолар айтасиз. Ахир, 30 миллион ўзбекистонлик ва хорижлик томошабинлар ҳукмига ҳавола этилаётган байрам шодиёналари ҳаммага манзур бўлиши керак эмасми?. Аммо байрам кунигача бўладиган машақатли тайёргарлик жараёнларичи?
Байрамнинг оммавий саҳналарига пойтахт олий ўқув юртларида ўқийдиган талабалар мажбурий ва номажбурий тарзда жалб қилинади. Уларнинг вазифаси томоша фонида турли байроқ ва гулларни ушлаб, мусиқаларга мос равишда ҳаракатлантириб туриш. Ўрисчасига айтганда «маршировка»да қатнашадиган талабалар маълум миқдорда маблағ ва майдонга келиб-кетиш учун ойлик автобус чиптаси билан таъминланади. Юқорида мажбурий ва номажбурий жалб қилинади деганимга ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бундай дейишимизга тадбирдан қайтаётган талаба қизлар билан бўлган суҳбатимиз сабаб бўлди:

– Тадбирга ўз ҳоҳишингиз билан қатнашяпсизми?
– Йўқ. Мажбур қилишади. Дарсларимиз кўп бўлса ҳам боришларинг шарт дейишади. Агар бормасак деканатга чакиришади. Ҳайдаласан, деб ҳам қўрқитишади. Қайси институтда ўқишимини айтмасангиз сизга бир воқеани айтиб бераман…: Тадбир тайёргарликларидан жуда кеч чиқамиз. Ўтган йили мени ўғирлаб кетишларига оз қолди. Кўча жуда қоронғи эди. Наврузда қатнашадиган раққосаларни уйларига автобус олиб бориб қўяди. Талабаларнинг қўлига ойлик чипта берилади, холос. Кеч чиқсак, автобус кутиб, анча колиб кетамиз. Бу байрамда қатнашадиган ҳама ўртоқларимнинг ошқозони оғрийди. Нега десангиз, тадбир тайёргарлиги кетаётган жойга сув ҳам олиб киритишмайди. 4-5 соатлаб оч қолиб кетамиз.

– Ҳаммани мажбурий олиб чиқишмас? Манна, биз талабалигимизда ўз ҳоҳишимиз билан қатнашардик.
– Тўғри, баъзи ўртоқларимиз ўз ҳоҳишлари билан аммо ноиложликдан чикишади. Сабаби, уйларидан ёрдам олишолмайди. Наврўз ва Мустақиллик байрамларида бир озгина пул ишлаб олишади. Қийналиб қолганлар ўзлари қатнашамиз деб деканатга мурожаат қилишади. Ишимиз унчалик қийин ҳам эмас. Аммо ўйинчиларни олиб бориб қўядиган авторбуслар бизларни ҳам ётоқхонага ташлаб қўйса бўлади-ку? Баъзан ота-онамизга нима учун тунги ўн-ўн бирларда кўчада юрганимизни тушунтириб бера олмаймиз. Аксарият ҳолларда буни яширамиз. Ўқитмай кўйишади деб қўрқамиз. Бошқа пайтларда ётоқхонага соат тўққиздан кейин келсак, ҳулкимиз деканатда муҳокама қилинади. Қариндошимизникига бориб ушланиб қолсак ҳам, навбатчи қаттик уришиши мумкин. «Кўчада ҳар хил безори, ўғрилар кўп. Шаънингни, номусингни эҳтиёт қилсангларчи! Қариндош деб Худо билади қайси йигитларинг билан юрасанлар! Санларга бир нима бўлса Олийгоҳ раҳбарлари боши билан жавоб беришади» деб пўписа қилишади. Аммо байрам тадбирларидан тунги ўн иккида қайтсангиз ҳам ҳеч ким хеч нарса демайди.

– Буни нега ота- онангиздан яширасиз? Айтсангиз балки улар бир чорасини топишармиди?
– Нима деяпсиз? Кейин институтда қандай ўқиймиз? Ўтган йили Наврўзда қатнашмайман деган талабаларни ёзги сессияда роса қийнащди. Битта ўртоғим янги Нусха кўчирувчи аппарат олиб бериб, қутилди. Деканатга музлатгич оберган курсдошимиз ҳам бор.

– Демак уларнинг ўзи ёмон ўқишади. Музлатгич олиб берган талабанинг орқаси бакувват бўлса керак? Буни байрам тадбирлари билан боғлашни нима кераги бор?

– Тўғри, сессияда қийналганларнинг ҳаммаси ҳам сиз айтгандай тадбирларда қатнашмайман деганлар эмас. Аммо устозларимизга биттагина баҳона ҳам етади. Шунинг учун индамай қатнашиб, кейин бемаҳалда автобус пойлаб турамизда! Ҳеч бўлмаса шу давр мобайнида Метрода бепул юриш учун рухсатнома қилиб беришса бўларди. Талабалар шаҳарчасига тезроқ етиб олардик. Қорнимиз ҳам улгудай оч…

Мен қизларни ортиқ саволга тутиб турмадим. Байрам ташкилотчилари билан учрашишнинг иложи бўлганида уларга бера олмаган айрим саволларни берардим.
Хизмат ҳақига ажратган 300000 ни олган талаба кимдандир олиб турган қарзини қайтарар ёки кийим- кечаги ҳаминқадар бўлса, бозорга чопар. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бу ерга тўқ қорин билан келмайдику! Ичларида ошқозон яраси билан ўлганининг кунидан гул, байроқ кўтариб турганлари ҳам бордир? Иссиқ овқат майли, чой ва бирор хил ширинлик тарқатилса давлат камбағаллашиб қоладими? Бугун не-не орзулар билан ўқиётган талаба эртага соғлом инсон бўлиб жамият учун камарбаста бўлиши керак эмасми? Талабалар оч-наҳор юриб пахта теришарди, энди худди шу тарзда бошқа ишларга жалб қилиняпти. Кети кўринмаётган шанбалик ва бошқа тадбирларда йиқилиб қолган йигит- қизларни ўз кўзим билан кўрмаганимда бундай демаган бўлардим.

Майдон қаршисидаги хонадонларнинг бирида «репетиция»ни анча пайтгача дераза оркали кузатиб турдим. Орқа фонда баҳор тароватини кўрсатишга ҳаракат қилаётган, қўлларидаги гулларга қўшилиб ўзлари ҳам тебраниб кетаётган ёшларга раҳмим келди. Якинроқ келганимда эса овоз кучайтиргичдан эшитилаётган буралоқ сўкишларни миқ этмай тинглаб турган коракўзлар хизмат кўрсатган маданият арбобларининг маданиятсиз, одобсиз асл башарасига гувоҳ бўлаётганидан, оғриндим…

Энди биринчи масала – автоҳалокат сабабли нобуд бўлган қиз масаласига яна қайтайлик. Бугун марҳума ўқиган Олий ўқув юртида «Йўл ҳаракати қоидаларига амал қиламиз» деган мазмунда талабаларга оммавий равишда қўл қўйдириб олинганидан хабарингиз борми? «Қулогига наушник тақволганди, деб айбни яна қизнинг ўзига юклаб қўйишади. Ҳайдовчи жавобгарликка тортилар, аммо байрам ташкилотчилари сувдан қуруқ чикишади. Чунки бу ҳукумат тадбири. Сизлар ҳам эҳтиёт бўлиб юринглар» деб тирикларни огоҳлантириб ҳам қўйишди.

Хўш, ташкилотчилар! Бир ойлик йўл чиптангиз гулдай қизларининг бешикаст, бехавотир манзилларига етиб олишига кафил бўла оларканми? Халқимиз сайл ва томошаларни, сиз эса шу томошалар орқали олинадиган мукофотларни яхши кўрасиз. Мамлакат раҳбари шўх яллаларга муқом қилиб ўйнаётганида, унинг ҳаракатларини, юзидаги табассумини камерага устамонлик билан қайта-қайта муҳрлайсиз. Гуёки президент хурсанд бўлса, демак, байрам тадбири  ҳам кўнгилдагидек тайёрланган. Аммо 300 000 учун ўлиб кетган бир камбағалнинг уйидаги аза на сизнинг ва на сизга буйруқ берганларнинг виждонини қийнайди…  Мен айрим сабабларга кўра марҳуманинг исми-шарифини ёзмадим. Аслида, унинг ота–онаси қизининг совуқ мурдасини қучоқлаб, фарёд ўрса ҳам кимлардандир қўрқишаётган эди: «Қизим бошқа жойдан қайтаётган экан» дейишларининг ўзиёқ, ёпиғлик қозонни очиш азадорга ҳам жуда қимматга тушишишни билишади.
Охирги автобуслардан бирига илашиб олган «маршировкачи» талабаларнининг орқасидан анча пайтгача кузатиб турдим. Дардларини охиригача айтолмаган, март ёмғирида ивиб, совуқдан қалтираб қолган оч-наҳор қизлар ҳам кимнингдир дилбанди ва колаверса бўлгуси оналар! Уларни эхтиёт қилайлик .

ШЎРДАНАК

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares